Генерал-полковник Зокиржон Алматов Наманганлик ёшлар билан учрашди

Сўнгги пайтларда содир бўлаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик иллатларини бартараф этишда ёшларнинг ўрни ва уларнинг олдига қўйилган вазифаларни белгилаб берган учрашув дастлаб Наманган вилояти ИИБ биносида ташкил этилди. Унда ёшлар Зокиржон Алматов билан самимий суҳбат қуриш баробарида бошқарма фаолияти билан танишишга ҳам муяссар бўлдилар. Шундан сўнг, Наманган шаҳридаги Маданият саройида Олий ва ўрта махсус таълим масканлари талаба, ўқувчилари ҳамда фахрийлар иштирокида давра сухбати ташкил этилди.

Мулоқот аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ва ёш авлодга билдирган мурожаатлари жамланган видеоролик намойиш этилди.

Фото: Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Видеороликдан сўнг, Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Генерал-полковник Зокиржон Алматов мустақилликнинг дастлабки йилларидаги қийинчиликлар хақида ёш авлод вакилларига сўзлаб, бугунги тинч ва ҳотиржам кунларимиз уйқусиз тунлар ҳамда захматли меҳнатларнинг самараси эканлигини таъкидлаб ўтди.

Фото: Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Вазир маслаҳатчиси мулоқот давомида бугунги кунда ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам кузатилаётгани, ичкилик ва гиёҳвандлик каби иллатларга ружу қўйиш эса жиноятчиликнинг биринчи босқичи эканини ёшларга ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунтирди. Барча ёшларни тинчлигимизни кўролмаётган, турли ниқоб остида ўзбек ёшларини Ватанга қарши қўяётган гуруҳлар ҳали ҳам мавжудлиги хақида огохлантириб, уларга қарши тура олиш, мамлакат ривожи учун ўқиш, меҳнат қилиш Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи деб билиб, яшамоқ зарурлигини қатъий такидлади.

Фото: Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган учрашув давомида ёшлар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, давра сухбатида кўтарилган масалалар, берилган ўгит ва маслаҳатлар келгусида ўқиш ва иш фаолиятида муҳим аҳамият касб этишини айтиб, бу ерда айтилган фикр ва таклифларни амалда ижро этишга ваъда беришди.

Фото: Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Шунингдек, Ички ишлар органларида узоқ йиллар мехнат қилиб, ҳозирда истеъфода бўлган фахрийлар ҳам сўз олиб, ёшларга ўзларининг тавсия ва маслахатларини бериб ўтдилар.

Қизғин ва самимий руҳда бўлиб ўтган мулоқотдан сўнг, Генерал-полковник томонидан Ички ишлар органларининг бир гуруҳ фахрийлари тақдирланишди. 10 нафар 16 ёшга тўлган йигит қизларга илк фуқаролик паспортлари топширилди. Иқтидорли ўқувчиларга эса чолғу асбоблари ва китоблар тақдим этилди.

Фото: Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Тақдирлаш маросимидан сўнг ўзининг ўлмас санъат асарлари билан ўзбек халқи қалбидан чуқур жой олган санъаткор Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев томонидан ижро этилган куй қўшиқлар даврага янада кўтаринкилик бахш этди.

Фото: Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Қўшиқларда акс этган Ватанга мухаббат ва садоқат туйғулари хар бир йигит қизда она юртга бўлган мехр, эътибор хиссини янада жонлантирди десак муболаға бўлмайди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати.