ССВ Хитойдан олиб келинган фуқаролар учун тайёрланган муассасалардаги ҳолат ҳақида фоторепортаж эълон қилди

Хитойдан учта чартер рейс орқали юртимизга олиб келинган фуқаролар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, 14 кун давоми (касалликнинг яширин даври)да тиббий кузатувга олиш мақсадида махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди. 

Бўстон” санаторийсига жорий йил 4 февраль куни Хитойнинг Пекин шаҳридан олиб келинган 250 нафар фуқаро жойлаштирилди. Мазкур тадбирларга тегишли тартибда касбий тайёргарликдан ўтказилган соҳанинг етакчи ва тажрибали мутахассислари жалб этилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айни пайтда коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келишининг олдини олиш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар вақтинча тўхтатилган.

Коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатлардан келаётган йўловчилар 12 та аэропорт, 5 та темир йўл ҳамда давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларидаги 53 та Санитария карантин пунктларида тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, йўловчиларнинг вақтинча турар жой марказлари юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг бош офисига +998 (71) 276-49-66 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.

Бундан ташқари, Тошкент давлат стоматология институти маъмурияти биносида (эски ТошМИ) call – марказ ташкил этилиб, унда Хитойдан олиб келинган ватандошларимиз ўз оила аъзолари, яқинлари билан 30 га яқин видео конференция алоқалари ёрдамида тўғридан – тўғри мулоқот қилишлари мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.