“ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА”ги Қонун муҳокамаси

Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент вилояти партия ташкилоти томонидан “ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА”ги Қонун (1992 йил 9 декабрь куни) қабул қилинганлиги ҳамда 28 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент вилояти партия ташкилоти раиси ва ходимлари, туман ва шаҳар партия ташкилоти раислари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирок этишди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий кўзланган мақсад, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг моҳияти, табиий муҳит шароитларини сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳуқуқий иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб беради. Қонуннинг мақсади инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар уйғун мувозанатда ривожланишини, экология тизимлари, табиат мажмуалари ва айрим объектлар муҳофаза қилинишини таъминлашдан, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлашдан иборатдир.

Тадбирда Табиатни муҳофаза қилиш объектлари (ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси) ифлосланишдан, бузилишдан, зарарланишдан, вайрон бўлишдан, йўқ бўлиб кетишдан, нооқилона фойдаланишдан муҳофаза этилиши лозимлиги таъкидланди.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар жумласига давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари, давлат табиат ёдгорликлари, айрим табиий объектлар ҳамда мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар, муҳофаза этиладиган ландшафтлар, айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар, давлат биосфера резерватлари, миллий боғлар, давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар киради дея таъкидланди.

Тадбир якунида табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилганлиги, мақсадли давлат дастурлари, миллий ҳаракат режалари ҳаётга татбиқ этилаётганлиги айтиб ўтилди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган ушбу хайрли ишларда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этишлари таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон Экологик партияси

Тошкент вилояти партия ташкилоти