3 декабрь - “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан “Ёдамга муҳтож ва эҳтиёжманд инсонларга бефарқ эмасмиз” шиори остида инсонпарварлик тадбирлари ўтказилди

Миллатимиз азал-азалдан меҳр-оқибатли бўлиб келган. Йиқилганни суяш кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш азалий одатларимиздан бири ҳисобланиб, халқимизга хос бағри кенглик, меҳрибонликдан беихтиёр фахр-ифтихор туясан киши.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги Қарорига асосан “3 декабр - Халқаро ногиронлар куни” деб эълон қилинган.

Ушбу санага бағишлаб Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитаси вакиллари маҳаллаларда истиқомад қилаётган имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олинди.

Мамлакатимизда мустақилликка эришилган дастлабки йиллардан бошлаб аҳолини ижтимоий муҳофазасини кучайтириш ҳамда давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди ва ушбу Қонунга 2008 йил 11 июлда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, янги таҳрирдаги Қонун қабул қилинди.

Ногиронлиги бўлган шахсларга янада кенгроқ шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси томонидан 2020 йил 22 июлда қабул қилинган ва жорий йилнинг 11 сентябрида Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2020 йил 15 октябрь куни имзоланган.

Ушбу Қонун 8 боб, 49 моддадан иборат бўлиб, Қонунда ногиронларнинг хуқуқий кафолатлари, ижтимоий ҳимояси, ногиронларнинг таълими, уларни касбга тайёрлаш, иш билан таъминлаш, меҳнат шароитларини яратиб бериш, реабилитация қилиш ва уларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 24 декабрдаги 361-сонли қарорига мувофиқ Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини санаторияларда соғломлаштиришни ташкил этиш кўзда тутилган.

Хоразм вилоятида жорий йилнинг 11 ойи давомида 1365 нафар кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф қатламларини тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги тизимидаги санаторияларида бепул соғломлаштирилди.

Бундан ташқари 11 ой давомида муҳтож шахслардан 385 нафари ногиронлар аравачалари билан, 154 нафари эшитиш мосламаси билан, 88 нафари қўлтиқтаёқ, 37 нафари кўзи ожизлар ҳассаси ва 182 нафари ҳасса билан таъминландилар.

Шу билан бирга, вилоят буйича жорий йил давомида 221 нафарига 563 та протез-ортопедия маҳсулотлари етказилди.

Бугунги кунда вилоятимиз бўйича 40304 нафар турли гуруҳга мансуб ногиронлиги бўлган фуқаролар яшамоқда. Шулардан, 6501 нафари 16 ёшгача бўлган болалар ҳисобланади.

Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳам ушбу савобли кунда бундай кўнгли ярим инсонларни ҳолидан хабар олиш ва амалий ёрдам кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Ушбу санага бағишлаб, ёшга доир, болаликдан туғма ва 1-2-гуруҳ ногиронлиги бўлган 8 нафар фуқарога беғараз ёрдам сифатида ногиронлар аравачаси туҳфа қилинди. Улар - Қўшкўпир тумани “Янгилик” МФЙ да яшовчи фуқаро Абдуллаева Авадон, “Ҳайробод” қишлоғида яшовчи Матяқубова Шарифа, Қўшкўпир туман маркази “Деҳқонобод” кўчасида яшовчи фуқаро Искандарова Зинаида, Хонқа тумани “Дўстлик” маҳалласидан Абдуллаев Саъдулла, “Маданий ер” маҳалласидан Нажмиддинов Сотимбой, “Меҳнатобод” кўчаси 9-уйда яшовчи Бабажанов Ғайрат, Урганч тумани “Ғалаба” қишлоғи “Қумравот” маҳалласидан Ахунжанов Бахтиёр, “Қароул” қишлоғи, “Бўстон” маҳалласидан Атажанова Муяссарларга беғараз ёрдам сифатида ногиролик аравачалари берилди.

Меҳр ва эътибордан қувончи чексиз Искандарова Зинаида кўзларида севинч ёшлари билан “Ҳар бир кунимиз бахт эканлигини, саломатлигимиз минг-минг шукрларга арзишини туймоқчи бўлган инсонлар бизларга боқсин”- деди ва партиямизга қолаверса, шу саховатли ишга бош бўлиб, ташаббус кўрсатган Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят партия ташкилоти Ижроия қўмитасига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Санжар РЎЗМЕТОВ

Ўзбекистон Экологик партияси

Хоразм вилоят партия ташкилоти

Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси