Конституциямиз халқимизнинг сиёсий тафаккури

Конституциямиз халқимизнинг сиёсий тафаккури, маънавияти ва маданияти, бебаҳо қадриятлари билан йўғрилган Асосий Қонунимиздир. Инсон қадр-қиммати, ор-номуси, ғурури, эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқлари, фаровон турмуши ва келажаги ифодаланган қомусий ҳужжатдир. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “...халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда”.

Конституциямизда шахс, жамият ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маърифий, умуман барча соҳадаги асослари мустаҳкамлаб қўйилган. У, жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича давлат-ҳуқуқий механизмини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам Конституцияда белгиланган нормалар орқали жисмоний ва юридик шахслар экологик ҳуқуқ, бурчлари ва эркинликларини ифода этадилар.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Асосий Қонунимизда табиат — жамият тизимидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи махсус нормалар ҳам белгиланган бўлиб, улар экологик ҳуқуқий муносабатлар пойдеворини ташкил этади. Конституциямизнинг бир нечта моддасида табиатни муҳофаза қилиш, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ экологик-ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланган. Жумладан, 50-моддада фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур экани қайд этилгани фуқароларнинг экологик мажбуриятлари Конституция даражасида мустаҳкамланганини англатади. 54-моддада эса, мулкдор ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши таъкидланган. Шу билан бирга, мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги белгилаб қўйилган. Ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида экани белгиланган 55-модда эса давлат экологик сиёсатининг асосий тамойилларини қамраб олган.

Ушбу конституциявий норманинг аҳамияти шундаки, у мустақиллигимизнинг моддий асосини ташкил этувчи табиий бойликларнинг халқимиз мулки экани, табиий ресурслардан факат оқилона фойдаланиш зарурлиги, республикамиз табиати давлат муҳофазасига олинганини, яъни экологик-ҳуқуқий муносабатлар давлат томонидан кафолатланиши каби муҳим тамойилларни мустаҳкамлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари ва тамойиллари асосида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фақат оқилона фойдаланиш соҳасида илғор халқаро талабларга жавоб берадиган фундаментал норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди. Мазкур соҳада 30 га яқин қонун қабул қилинди ва 200 дан ортиқ норматив ҳужжат тасдиқланди.

Президентимиз ташаббуслари билан, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси юзасидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги конституциявий ислоҳотлар амалга оширилдики у мамлакатимиз экологик хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим стратегик кафолати бўлди. Бу юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлашга устувор вазифалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиш баробарида, мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштиришда, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни тартибга солувчи қонунларнинг ижросини изчил таъминлашда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Биласизки, Бош қомусимизда давлат экологик сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланса, ушбу конституциявий нормаларга мос равишда қабул килинадиган қонунларга атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг талаблари, механизми мустаҳкамланади. Шу маънода, мамлакатимизда атроф муҳитни ҳолатини яхшилаш ва экологик муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, экология ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш, мамлакатда “яшил” иқтисодиётга ўтишга кўмаклашиш, атроф муҳит ва фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш масалаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш партия дастурининг муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Ўзбекистон Экологик партиясининг таклифи асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863 «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони билан 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий эълон қилинди

Жорий йилда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида эълон қилинган 2020 йилни – «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган, шунингдек экология соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, Ўзбекистон томонидан қабул қилинган халқаро норма ва қоидаларга оғишмай риоя этилишини таъминлаш ҳамда мажмуавий ва тўғридан-тўғри амал қиладиган Ўзбекистон Республикасининг «Экологик кодекси», «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги (янги таҳрирда), «Тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги (янги таҳрирда) Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш устида фаол ишлар олиб бормоқдалар.

Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамаси ҳамда 28 та мутасадди вазирлик, қўмита ва ташкилотлардан мутахассисларни жалб этган ҳолда Идоралараро ишчи гуруҳи тузилди. Кодекс лойиҳаси бўйича Идоралараро ишчи гуруҳи томонидан жорий йил 15 мартга қадар 3 маротаба йиғилиш, карантин даврида 1 маротаба онлайн видеомулоқот ҳамда 5 маротаба электрон ахборот алмашинув орқали Кодекснинг дастлабки лойиҳаси муҳокама қилинди.

Шунингдек, Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қўшилган 15 та халқаро конвенция, битимлар ва улар доирасидаги 7 та кўп томонлама халқаро шартнома нормалари инобатга олинди.

Ҳозирги кунда ишлаб чиқилган 10 та бўлим, 63 та боб, 567 та моддадан иборат Ўзбекистон Республикаси Экологик кодексининг дастлабки лойиҳаси халқаро ташкилотларнинг (жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили, ЕХҲТ, ЖБ, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Конрад Аденауэр фонди, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази) хулосаларини олиш ҳамда 28 та вазирлик, идоралар билан келишиш учун тақдим этилди.

Мазкур кодекс лойиҳаси белгиланган муддатда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритиш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, мазкур қонуннинг мажмуавийлиги ва миллий экологик қонунчилигимизда муҳимлигини инобатга олиб ҳамда жаҳон ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистонда экология ва атроф муҳит соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларга қаратиш ва хабардор қилиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида жорий йил ноябрь ойида нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари ва хорижий етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодекси лойиҳаси мукҳокамасига бағишланган видеоконференция тарзидаги халқаро анжуманлар ўтказилди.

Халқаро анжумандан асосий мақсад, биринчидан кодекс лойиҳасининг юқорида таъкидланган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларига мослиги юзасидан экспертлар фикрини ўрганиш ҳамда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни қонунчиликни такомиллаштиришда фойдаланишдан иборат бўлди.

2020 йил 16-21 февраль кунлари Ўзбекистон Экологик артиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари томонидан “Оролга мадад” акцияси акцияси ташкил этилиб, саксовул уруғларини йиғиш ишлари амалга оширилди. Партиянинг барча ҳудудий ташкилотлари томонидан 3000 кг яқин саксовул уруғлари тўпланиб, Орол бўйига етказиб берилди.

Ўзбекистон Экологик партияси қошида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш экологик тадқиқотлар ўтказадиган илмий-текшириш ва ўқув-ишлаб чиқариш бирлашмаси - ЭКОТЕХНОПАРК ташкил қилинди.

Мазкур ЭКОТЕХНОПАРК таркибига бир вақтнинг ўзида, экология соҳасида кадрларни малакасини ошириш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, унинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш ва маҳсулот олишга мўлжалланган илмий-текшириш, лойиҳа конструкторлик, технологик ташкилотлар, тажриба ишлаб чиқариш корхоналари киради. Ушбу марказ назариядан амалиётга тамойили асосида фаолият олиб боради.

Мазкур ЭКОТЕХНОПАРКнинг 6 та йўналиш бўйича инновацион НОУ-ХАУ технологиялари асосида хорижий инвестицияни жалб қилишга қаратилган 125 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳалар мавжуд.

Мазкур лойиҳалар асосида, сувни тозалаш, зарарсизлантириш, чучуклаштириш технологияси - ифлосланган, шўр сувларни суғориш, техник ҳамда ичимлик суви тайёрлашда қўлланилади (лойиҳа қиймати 10 млн. АҚШ доллари, 50 та иш ўрни яратилади); маъданларни майдалаш, ажратиш ва бойитиш технологияси каолин, фосфогипс, оҳактош ва бошқа минералларни майдалайди, ажратади ва бойитади. Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришида қўлланилади (лойиҳа қиймати 15 млн. АҚШ доллари, 80 та иш ўрни яратилади); биологик чирийдиган пакетлар тайёрлаш технологияси (чириш муддати 8 ой) (лойиҳа қиймати 1 млн. АҚШ доллари, 20 та иш ўрни яратилади). Бу борада шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Экологик партияси томонидан атроф-табиий муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдиган биологик парчаланадиган муқобил пакетларнинг намуналари ишлаб чиқилди. Ушбу пакет намуналарини текшириш учун Буюк Британиянинг «Wellas Plastics Limited» лабораториясининг сертификатини олди. Оддий шароитда пакетнинг биологик парчаланиши даври 8 ойга тенг. Бундан ташқари, парчаланиш жараёни ҳаво, қуёш нури ва табиий муҳит таъсирида бошланади. Парчаланишнинг якуний натижаси - бу ўсимлик учун ўғитга айланадиган биомассага айланади. Мазкур биологик парчаланадиган пакетларни амалиётга тадбиқ этиш юзасидан партия томонидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилди; саноат, қурилиш ва маиший чиқиндиларни утилизация қилиш, чуқур қайта ишлаш ва иккиламчи маҳсулот олиш (5000 ккал/кг иссиқлик берувчи экобрикет) (лойиҳа қиймати 70 млн. АҚШ доллари, 200 та иш ўрни яратилади). Бунда лойиҳада назарда тутилган Ўзбекистон Экологик партияси томонидан қаттиқ маиший чиқиндилардан экологик тоза ва юқори иссиқлик қувватига эга қаттиқ ёқилғи брикетларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган KORESCO компаниясининг илғор самарали инновацион технологияси фаолияти атрофлича ўрганилди ва таҳлил қилинди.

Биринчи босқичда тўғридан-тўғри киритиладиган инвестиция миқдори 70 миллион АҚШ доллар бўлган йиллик қуввати 400 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни кайта ишлаш корхонасини қуриш режалаштирилган. Ушбу компания технологияси асосида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва экологик тоза брикет ишлаб чиқариш орқали Ўзбекистондаги чиқинди полигонларига тўғридан-тўғри кўмиб ташланаётган қаттиқ маиший чиқиндилар хажмини 85-90 % гача қисқартириш имконияти яратилади. Ҳозирги кунда инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда; фосфогипс чиқиндиси муаммосининг ечими сифатида Ўзбекистон Экологик партияси ҳузурида ташкил этилган “ЭКОТЕХНОПАРК” мутахассислари томонидан чорвачиликда ҳосил бўлган органик чиқинди (гўнг)га фосфогипс чиқиндисини аралаштирилган ҳолда органоминерал компост тайёрлаш масаласи тўлиқ ўрганиб чиқилди ва компост тайёрлаш технологияси ишлаб чиқилди.

Партия томонидан мамалакатимизга короновирус пандемиясини кириб келишини олдини олиш бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан барча ҳудудларда жамоатчилик эшитувлари ташкил этилди. Жамоатчилик эшитувлари доирасида 14 та аэропортлар, 8 та темир йўл вокзаллари, 6 та шаҳарлараро автошохбекатлар ҳамда 3 та қўшни давлатлар билан чегара постларида коронавирус инфекциясини юртимизга кириб келиши олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Мазкур ўрганишлар якунида ваколатли давлат органларининг мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича ахборотлари юзасидан 15 та жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Жумладан, “Биз сиз учун жамоатчилик назоратини ўрнатамиз, “Сиз уйда қолинг”, “Шифокорлар тавсиясига амал қилинг, уйда қолинг”, “Биз сиз учун ишда қолдик, сиз биз учун уйда қолинг” номли 10 дан ортиқ турдаги “хэштег”лар ва мурожаатлар тайёрланиб ижтимой тармоқлардаги саҳифаларга жойлаштирилди.

Партия томонидан таниқли инсонлар иштирокида коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган тезкор чора-тадбирлар, карантин талабларига риоя қилиш, ваҳимага берилмаслик, шифокорлар тавсиясига амал қилишга чорловчи қисқа метражли 9 та махсус видеоролик тайёрланди ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.

Карантин даврида бозорларда нарх-навонинг сунъий ошиб кетишини олдини олиш мақсадида партия ва унинг депутатлари ҳамкорлигида деҳқон бозорлар ва йирик савдо марказларида 300 дан жамоатчилик назорати ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди.

Партия сайтида ва ижтимоий тармоқларда, маҳаллий ОАВ да “Қатъий тартиб ва интизом билан касалликни енгамиз”, “Касаллик бизни енголмайди”, “Соғлом турмуш-соғлом ҳаёт гаровидир”, “Пандемиянинг салбий оқибатларини биргаликда бартарф этамиз”, “Карантин тарихини биласизми”, “Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп” каби мавзуларда мақола ва мурожаатлар нашр этиб борилди.

Президентимизнинг пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган 20 дан ортиқ Фармон ва қарорлари қабул қилинди ва уларнинг жойларда ижроси назоратини тизимли ташкил этиши мақсадида партиядан сайланган депутатлар томонидан чора тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тизимли депутатлик назорати ишлари ташкил қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, Асосий Қонунимизда белгилаб берилган нормаларнинг ҳаётга кенг кўламда жорий этилиши атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, юртимизда экологик ҳолатни соғломлаштириш нафақат давлат ва жамият, шу билан бирга, ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришишида муҳим аҳамият касб этади.

Борий АЛИХОНОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини
ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси,

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси