Экологик рейд_Қашқадарё

Ғузор туманидаги “Батош” МФЙда жойлашган 54-умумий ўрта таълим мактабида Экологик рейд ўтказилди. Экологик рейднинг асосий мақсади, хазонрезги бўлган ҳар бир ҳудудни тоза ва озода сақлаш, хазонларни ёқишни олдини олиш, фуқароларни атроф муҳитга бўлган муносабатини шакллантиришга эришиш, ҳамда куз ойида экологик барқарорликни асраб-авайлашга эришиб боришга қаратилди.

Мутахассислар томонидан таъкидланганидек, 1 тонна хазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 килограмм углерод оксиди ташланар экан. Бундан ташқари тутун таркибида инсон соғлиги учун зарарли бўлган углеводород гази, азотли оксид каби заҳарли газлар бор. Атрофга тарқаган тутун нафас орқали инсон танасига кириб, унинг кўпгина аъзоларини шикастлайди ва сурункали касалликларни келтириб чиқаради. Бизни бир савол қийнайди: Наҳотки, хазонларни ёқаётган юртдошларимиз ўз ҳатти-ҳаракатлари оқибатларини ўйлашмаса?

Хазонларни бир жойга тўплаб ёки ҳандақда йиғиб, усти ёпиб қўйилса, ундан ҳосил бўлган биогумус ер учун мадор, энг кучли ўғитдир. Афсуски, бундан бехабар ёки билса ҳам унга амал қилмаган айрим юртдошларимиз хазонларни ортиқча санаб, уни ёқиб юборишни афзал билишади. Бу билан атроф муҳитни булғаётганликларини, ҳавони зарарли моддалар билан ифлослантираётганликларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Табиий муҳитнинг ифлосланиши эса инсон саломатлигига путар етказмай қолмайди. Ёниш жараёнида ҳавога тарқалган заҳарли газлар бир неча касалликларни, ҳаттоки сил ва саратондек оғир хасталикларни келтириб чиқаришини тиббиёт ходимлари бот-бот таъкидлашсада, бунга амал қилмаслик ҳолатларига гувоҳ бўламиз. Юртимизда айни пайтда ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллий ҳокимликлар қошидаги Ободонлаштириш бошқармалари жамоалари, фуқаролар йиғинлари фаоллари саъй-ҳаракати билан тўкилган хазонлар йиғиб олиниб, шаҳар четига чиқариб йиғилмоқда.

Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят партия ташкилоти