Сув келтирган элда азиз

Сув келтирган элда азиз, деган ибратли нақл бор халқимизда. Бу бежиз айтилмаган. Зеро, инсоният умрини сувсиз, об ҳаётсиз тасаввур эта олмайди. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, ҳудудларда бу борадаги муаммоларни бартараф этиш, сувдан фуқароларнинг унумли ва ўринли фойдаланиши бўйича барча қулайликлар ва шароитлар юртимизда яратилган. Бу борадаги ишларни амалга оширишда фуқароларга депутатлар ҳар томонлама кўмак беришмоқда.

Хусусан, Фарғонада ҳам бу эзгу сайъ-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Экологик партиянинг Фурқат туман ташкилотига тумандаги Жалоер, Тепа, Қўрғонча кўчаларида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан ичимлик суви чиқариб берилиши бўйича мурожат келиб тушган эди.

Ушбу мурожаат бўйича Ўзбекистон Экологик партиясининг туман Кенгаши депутати Н. Зокирова, туман эпидемиология ва санитар назорат маркази бошлиғи Т Ҳудойбердиев, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқарма бошлиғи С. Шамсутдинов, туман сув оқава корхонаси бошлиғи Воҳиджон Зокировлар томонидан ўрганилиб, ҳозирда сув чиқариш, аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш бўйича амалий ишларга ўтилди. Техник воситалар, керакли қурилиш материаллари ҳозирланди. Режа асосида туман аҳолисига ичимлик суви етказиш учун трубаларни тортиб бориш режалаштирилди.

Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилоят партия ташкилоти матбуот хизмати.