Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашида давра суҳбати ўтказилди

Жорий йилнинг 6 февраль куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев сиёсий партия раҳбарлари билан учрашувда ҳамда 2021 йил Давлат дастурида белгилаган вазифаларидан келиб чиқадиган устувор йўналишлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ташкил этилган давра суҳбатида Экологик партиядан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси девони ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда бугунги кунда мавжуд долзарб масалалар кўриб чиқилди. Шу билан бирга сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий соҳаларда ўз ўрни ва ролини оширишда улар олдида турган асосий вазифалар борасида фикр алмашилди.

Ўзбекистон Экологик партияси амалга оширган вазифалари ҳамда 2021 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга эътибор қаратилди.

Коррупцияга қарши кураш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган аҳоли қатламларига янги имтиёзларнинг берилиши, кластер усуллари бўйича ижобий тарғибот ишларини кучайтириш, ёшларни сиёсий партия фаолиятига кенг жалб этиш, уларни ижтимоий тармоқлардаги салбий ҳолатлардан ҳимоялаш масалалари муҳокама этилди.

Бугунги кунда интернет айниқса ижтимоий тармоқларда чиқаётган маълумотларнинг барчасини ҳам ижобий деб бўлмайди. Ижтимоий тармоқларда чиқаётган қўштирноқ ичидаги маълумотлар, яъни салбий ахборот хуружларидан ёшларни асраш, уларнинг онги ва қалбини эгаллашига йўл қўймаслигимиз, ижтимоий тармоқ хавфларидан асраш даркор эканлиги энг муҳим масала сифатида айтиб ўтилди.

Ҳатто турли салбий маълумотларга қараб турмаслик, унга қарши ўз фикрини билдириш, ҳар бир партия ходимлари муносабат билдириш орқали бундай хуружларга қатъий равишда чиқишлар қилишлари лозимлиги таъкидланди.

Ёшлар қаноти масъуллари томонидан бу масалалар эътиборга олиниши, ёшлар билан ишлаш механизмларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Бу борада уларнинг фикрлари ҳам тингланди.

Суҳбат давомида 5 та сиёсий партияларга муҳтарам Президентимиз томонидан устувор вазифалар белгилаб берилганлиги, шу билан бирга Экологик партия фаолияти бугунги кунда кўзга кўринмаётгани, боз устига овози чиқмаётгани айтиб ўтилди. Демак Экологик партиянинг фаолиятини кучайтириш, ижобий тарғиб этишни фаоллаштириш, интернет тармоқлари, ОАВларда муносабат билдириш, ташаббус билан чиқиш, ўз поззициясини билдириш, ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари жойларга чиқишлари аҳоли муаммоларини ўрганишлари, ечимини топишда маҳаллий Кенгаш сессияларига масала киритишлари ва бу борадаги ҳаракат натижаларини албатта ОАВларида ёритиб боришлари таъкидлаб ўтилди.

Сиёсий партиялар фаолияти бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг ишини такомиллаштириш ва самарасини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар, амалий таклифлар билдирилди.

Шу нуқтаи назардан Экологик партия томонидан қуйидаги таклифлар санаб ўтилди.

1. Давлат бошқарув академиясида сиёсий партиялар учун кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ташкил қилиш;
2. Экологик назорати жамоатчи инспекторларини ўқитишини бепул амалга оширилишини таъминлаш;
3. Экологик партия қошида ташкил этилган Экотехнопарк фаолиятини янада кучайтириш мақсадида унга имтиёзлар бериш (солиқ, кредит, ер ва бошқа масалалар юзасидан)
4. “Ўзбекистон Республикасида экологик таълимни ривожлантириш Концепция”сини амалга ошириш мақсадида Мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта таълим вазирликлари билан “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
5. Таълим тизимининг барча босқичларида экология фанини ўқув дастурларига киритиш ва “Экология” дарсликларни ишлаб чиқиш.
6. Экопартия томонидан вилоятлар ва туманлар кесимида шакллантирилган экологик муаммоларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида кўриб чиқиш ва бартараф этишга қаратилган чоралар кўриш.

Экологик партия ўз дастурий мақсадларини Парламентга фаол олиб чиқиши, ўз фракцияси орқали қонунчилик ташаббусларини илгари суриши ва қонунлар ижросини таъминлашни назоратига олиши зарур эканлиги таъкидланди ва бу борадаги фаол амалий фаолиятга киришди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек «Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади»

Ўзбекистон Экологик партияси

матбуот хизмати

НА РУССКОМ