November 2, 2020

Экологик маданият – мустаҳкам пойдевор

Экологик маданият ҳам умумбашарий маданиятнинг узвий бир қисмидир. Экологик маданият бир нечта омиллар асосида шаклланади. Табиатга муҳаббат, табиат ҳақидаги билим ва тасаввурлар, экологик тарбия, анъана ва қадриятлар, экологик тарғибот ишлари шулар жумласидандир.

Табиатга меҳр-муҳаббат ҳар бир инсоннинг қонида мавжуд. Чунки инсон табиат фарзанди. Шунингдек, ҳар фаслга мос меҳнат анъаналари ва қадриятларимиз ҳам экологик маданиятимизни шакллантиришга хизмат қилади. Масалан, куз келиши билан дарахтларни бутаб, яъни турли хил мевали дарахтларни ва иссиқсевар ўсимликларни ўраб қўямиз. Қиш олдидан зарур мева ва сабзавотларни ғамлаймиз.

Буларнинг барчаси ҳайвонлар, ўсимликлар – бутун табиат биз мансуб бўлган тириклик оламининг бир бўлаги, улар ҳам яшашга, ўзидан зурриёт қолдиришга ҳақли эканини англашга хизмат қилади. Ана шу ҳақиқат экологик маданиятнинг моҳиятини ташкил этади. Шу ҳақиқатни англаган инсон табиатни асрашга интилади, ёвуз кимсаларнинг унинг устидан зўравонлик қилишига йўл қўймаслиги учун курашади.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари орқали, маҳалла, маънавият, табиатни ҳимоя қилиш фаоллари томонидан олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари ҳам экологик маданиятни оширишда муҳим рол ўйнамоқда.

Шунингдек, ушбу мавзу юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси номидан туман Кенгаши депутати билан биргаликда 2020-йилнинг 24-октябрь куни Оҳангарон туманида жойлашган 13–умумтаълим мактабида “Экологик маданият – мустаҳкам пойдевор” мавзусида тадбир ўтказилди.

Давра суҳбатида ёшларда она табиатга ҳурмат туйғусини шакллантириш, уларнинг экологик ва эстетик маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, узлуксиз экологик таълим тизимига кўмаклашиш, туманимизнинг озодалигини ва ободлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилиши тушунтирилди.

Тадбирда экологик таълим-тарбияни ривожлантириш, ёшларнинг экологик маданиятини ошириш борасида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Гулзира Аннаева
Ўзбекистон Экологик партияси
Тошкент вилояти Оҳангарон туман
Кенгаши раиси