Меҳр билан мурғак қалбларни асраймиз”

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиалида, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти ташаббуси билан “Эзгу амал” жамоат фонди ҳамкорлигида ҳамда Халқ депутатлари Чилонзор тумани Кенгаши депутати Улуғбек Расулов ҳомийлиги ёрдамида “Ўзбекистон Экологик партияси: Меҳр билан мурғак қалбларни асраймиз” мавзусида ҳайрия тадбири ташкил этилди.

Ушбу ҳайрия акциядан кўзланган мақсад, кириб келаётган янги йил арафасида онкологик касаллик билан ҳасталанган болажонларнинг кўнгилларини кўтариш, эртанги кунга умид бағишлаш, дардларига малҳам бўлиш, улар ва ота-оналарини қўллаб-қувватлаш, муаммоларни бироз бўлсада ёддан чиқаришларига кўмак бериш, соғайиб, соғлом ҳаётга қайтишларида ёрдам кўрсатишдан иборат.

Шунингдек, жамиятда инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва ўзаро холис ёрдам сингари эзгу ғояларни, халқимиз табиатига хос бўлган юксак одамийлик фазилатларини ўзида мужассам этган азалий урф-одат ва анъаналарнинг қарор топишига кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислохотларда кўмаклашиш ва хамкорлик қилиш, одамларнинг маиший ҳаёти ва турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган умумхалқ ҳаракатида фаол қатнашиш, ўсиб келаётган авлодни соғломлаштиришга доир ижтимоий сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини уйғунлаштиришдан тадбирнинг муҳим мақсади этиб белгиланган.

Жаҳонда ва мамлакатимизда кўплаб болалар турли хил хасталиклар, шу жумладан онкологик касалликлар билан курашишга мажбур, уларни ҳамда оила аъзоларини руҳий ва моддий тарафдан қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз ҳисобланади. БМТнинг маълумотига кўра, атроф-муҳит ифлосланиши экологик ҳолатини ёмонлашиши оқибатида дунё бўйича бир йилнинг ўзида 12 млн. инсон оламдан кўз юмади ва булардан 3 млн.дан ортиғи гўдаклар ва ёш болаларни ташкил қилади. Бундай ҳолатда алоҳида эътиборга ва меҳрга мухтож инсонларни, айниқса хасталикларга чалинган болаларни кўнглини кўтариш, уларни Она табиат инъом этган неъматларидан баҳраманд бўлишларига кўмак бериш ушбу акциянинг асосий вазифаси бўлди.

Бугунги ҳайрия тадбирида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Комилжон Тожибоев, Тошкент шаҳар партия ташкилоти раиси Севара Файзиева ва депутат Улуғбек Расуловлар биргаликда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиалининг болалар бўлимига ташриф буюришди ва бу ерга керакли бўлган тиббиёт анжомлари (штативлар), тоза ичимлик суви учун мосламалар (куллер) тақдим этилиб, болаларга иссиқ кийимлар ва янги йил совғалари улашилди.

Тадбир сўнгида ушбу аёвсиз касаллик билан курашаётган болалар учун ташкил қилинган янги йил байрам дастурида қорбобо ва қорқизларнинг чиқишлари уларнинг қувончига қувонч бағишлади.

Ўзбекистон Экологик партияси

Тошкент шаҳар партия ташкилоти