Хазонни ёқманг!

Ҳар бир фаслнинг кўрки,таровати бўлганидек, олтин куз фаслининг ҳам гўзаллиги бор. Шунингдек, ҳар мавсумнинг қонун қоидаси ҳам бор. Кузда барглар ерга тўкилиб, хазонрезгилик бошланиши билан айрим одамлар уларни йиғиб ёқишади. Бир қараганда зарарсиздек кўринган бу ҳолатнинг атмосферага зарари камдан-кам хаёлимизга келади. Маълумотларга кўра, 1 тонна хазон ёқилганда, ҳосил бўлган тутун таркибидан атмосфера ҳавосига 30 кг углерод оксиди, олтингугурт-ангидрид қурум ва азод оксиди ва бошқа зарарли моддалар ажралиб чиқади. Хазон тутуни атмосфера таркибидаги кислород миқдорини камайтиради. Айниқса, чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ тарқатади, ажралаётган тутун атмосферада тўпланиб, ҳавога карбонат ангидрид газини чиқаради. Бу моддалар ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизимини шикаслантиради. Хазон тутуни зараридан, айниқса, ёш болалар ва юрак-қон томири, нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда аллергияси бор инсонларга кўпроқ таъсир қилади.

Ўрни келганда айтиб ўтиш керакки, табиат билан инсон чамбарчас боғлиқ. Экология қанча тоза бўлса инсонлар саломатлиги ҳам шунча мустаҳкам бўлиб бораверади. Бугунги кунда мутахассисларнинг айтишича, ҳавоси кўп заҳарланган ҳудудлардаги COVID-19 билан чалинган инсонларда касаллик оғир кечаётганини аниқлашган. Шу сабабдан ҳам, инсонларни ўзларининг саломатлиги учун ҳам ҳавони тоза сақлашга чақиришган.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддасида “аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга энг кам иш ҳаққининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дея алоҳида таъкидланган.

Шундай экан, жамоатчилигимиз соғлом экологик вазиятни сақлаш ишларида фаол бўлишлари ва бу ишларни ким учундир эмас, аввало, ўзлари ва яқинларининг саломатликларини ўйлаб экологик тартибга амал қилмоқликлари лозим. Сарғайиб тўкилган баргларни ёқиш эмас, уларни тўплаб кўмиш энг самарали ва тўғри усул. Бунда хазон тупроқ учун ўта фойдали чириндига айланади. Табиатни ўзига хос механизмига эътибор қаратиб иш тутсак у бизни яна ўз таровати ва неъматлари билан сийлаб бораверади.

Дилдора Мавлянова,
Ўзбекистон Экологик партияси
Бектемир туман партия ташкилоти раиси