November 2, 2020

Келажак–ёшлар қўлида

Куни кеча Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Ушбу навбатдаги ташқи сессияда Ўзбекистон Экологик партияси Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутатлари Фаррух Махмудходжаев ва Алишер Мубараковлар фаол иштирок этдилар. Унда «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент фармон лойиҳаси муҳокама қилинди. Яшнобод туман ҳокими ўринбосари Шерзод Зуфаров депутатларни фармон лойиҳаси билан таништирди.

Фармон лойиҳасига мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномасидаги мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи киритилади ва ушбу кўрсаткич олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олинади.

Шунингдек, фармон лойиҳасига асосан туман кенгаши депутатлари 2021 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим муассасалари директорларини лавозимга тайинлаш, уларга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳамда лавозимидан озод этишда бевосита иштирок этишади. Сессияда депутатлар ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.

Туман Кенгаши депутатлари Ф.Махмудходжаев ва А.Мубараковлар келажак айнан, ҳозирги ёшларнинг қай даражада билимли ва заковатли бўлишига боғлиқлигини таъкидлашди. Ўқувчиларнинг мактабда мустаҳкам билим олиши,уларнинг олий ўқув юртларига киришлари учун пойдевор булиши аниқ эканлиги ҳақида ҳам ўз фикр мулохозаларини билдиришди.

Ўзбекистон Экологик партияси
Тошкент шаҳар партия ташкилоти