АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИНГ ГЕНДЕР ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ АҲАМИЯТИ

Маълумки, бундан беш йил аввал Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини қабул қилган эди. БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Хукуматимиз томонидан Барқарор ривожланиш соҳасидаги 16 та Миллий мақсад ва шу мақсадлар билан боғлиқ 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган 127 та вазифа белгиланган “Йўл харитаси” қабул қилинган бўлиб,Бешинчи мақсад - “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”ни амалга ошириш доирасида 9 та аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан,Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини, шу жумладан, одам савдоси, жинсий эксплуатация ҳамда эксплуатациянинг бошқа шаклларини тугатиш, уларрепродуктив саломатлигини асраш ва фаолиятини рағбатлантириш ва бошқалар шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсади (Гендер тенглик)ни амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оидтегишли вазифаларни ишлаб чиқди.

Бешинчи мақсаднинг вазифаларига мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.
Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича парламент қўйи палатасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Авваломбор, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази каби янги тузилмалар ташкил топди. Парламент қуйи палатаси ҳузурида Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида гендер сиёсат борасида фаолият қуйидаги йўналишларда олиб борилмоқда:
- аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;
- аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини жойларда парламент назорати тартибида ўрганиш;
- аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш.
Ўзбекистонда бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Хусусан, бу борадаЎзбекистон Республикасининг 2 та Қонуни,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 та Фармон ва Қарорлари, Ҳукуматнинг 10 та Қарор ва Фармойиши қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунларишулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоиз, қабул қилинган норматив-меъёрий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги муҳим қадамидир ва у қонунчилик ҳамда амалиётнинг халқаро меъёр ва стандартларига тўлиқ мос келади.
Мазкур норматив-хуқуқий хужжатларни бажарилишини таъминлаш учун “Йўл хариталари” қабул қилинди. Депутатлар томонидан сайлов округларида аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида қабул қилинган норматив-хуқуий хужжатлар билан хабардорлигини ошириш мақсадида тегишли тадбирлар ташкил этилмоқда.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси фракция ва қўмиталари томонидан мазкур йўналишдаги норматив-хуқуқий хужжатлар ва дастурлар ижросининг жойлардаги ижроси юзасидан парламент назорати тадбирлари соҳа самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг “БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” ги Қўмита эшитувида давлат органининг мазкур соҳадаги фаолияти ўрганиб чиқилди.
Тадбирда Ахборот коммуникациялари ва технологияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.А.Пекоснинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 841-сонли қарорнинг ижроси бўйича ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, бугун ахборот технологиялари кириб бормаган соҳа қолмади. Қайси биржабҳани олмайлик қулайлик, ошкоралик ва тезкорлик бобида замонавий ахборот технологиялари янгиланишларнинг муҳим омилига айланиб бормоқда. Шу боис юртимизда иқтисодий барқарорлик, ижтимоий фаровонликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш учун барча жабҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида юқори самарали технологиялар, хусусан, ахборот-коммуникация технологияларидан фаол фойдаланиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, ўз навбатидаIT-парклар фаолиятига хотин-қизларни кенг жалб этишбилан бир қаторда, аёлларни ушбу йўналишдаги таълим ва фан соҳасида рағбатлантириш, шунингдек, STEM (фан, технология, муҳандислик, математика) лабораториялар яратиш орқали уларни табиий ва техник фанлар соҳасига жалб қилиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Бу ўз навбатида, аёлларнинг бандлигини, замонавий меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.
Тадбир якунида чора-тадбирлар режасининг 5-мақсадини тўлақонли ижросини таъминлаш мақсадида инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари қўмитаси ва Ахборот коммуникациялари ва технологияларини ривожлантириш вазирлигининг қўшма режаси ишлаб чиқилиши келишиб олинди ва бу борада тегишли қарор қабул қилинди.
Зеро, ушбу ташаббусларни ривожлантиришда, шунингдек мамлакатимизда оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолиятида Қонунчилик палатаси сиёсий партиялар фракцияларининг ҳамда қўмиталарининг ўрни катта.

Моҳира ХОДЖАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати,
Инновацион ривожланиш,
ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари
масалалари қўмитаси аъзоси