October 29, 2020

Навбатдаги сессия тавсилотлари

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибидаги масалалардан биринчиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишланган бўлиб, ушбу масала бўйича вилоят Кенгаши депутати С.Сидиқова сўзга чиқиб қуйидаги таклифларни билдирди:

1. Малака ошириш ва аттестация жараёнларини уйғунлаштириш. Малака ошириш жараёни якунида аттестациядан ўтиш тизимини йўлга қўйиш.

2. Профессионал таълим тизимида аттестация жараёнида категорияларни белгилашда ишлаб чиқариш корхонларининг маълумотномаларини ҳам инобатга олиш тизимини йўлга қўйиш.

3. Профессионал таълим муассасалари махсус фан ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълим усталари малакаларини ошириш тизимини такомиллаштириш. Улар учун малака ошириш курсларини ташкил этишда ҳозирги анъанавий шаклдан воз кечиб, малака ошириш курсининг камида 70% ини ишлаб чиқаришда амалиёт тарзида ўтишларини жорий этиш. Ўқувчиларда компетенцияларни шакллантириш учун аввал махсус фан ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг ўзларида ушбу компетенцияларни шакллантириш ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этилаётган замонавий техника-технологиялардан доимий хабардор бўлишлари учун уларга маълум муддатларда стажировкалар ўташларини тизимли равишда йўлга қўйиш

4. Республикада фаолият юритаётган хорижий компанияларда кадрларига бўлган эҳтиёжни ва ушбу кадрлар учун қўйиладиган талабларни ўрганиш ва ушбу талаблар асосида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш

5. Профессионал таълим муассасасалари ўқувчиларининг касбий тайёргарликларини аниқлашга ва муносиб тақдирлашга қаратилган:

- “Энг яхши инновацион қурилма муаллифи”,

- “Энг яхши касб эгаси” касбий кўрик-танловларини соҳалар кесимида мунтазам ташкил этиш.

6. Профессионал таълим тизимида таҳсил олаётган ўқувчилар учун номдорлик стипендияларини жорий этиш

7. Профессионал таълим тизимида фаолият юритаётган ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг ўз устида ишлашларини янада такомиллаштириш, таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни самарали жорий қилишларига эришиш, ўзларининг ижодкорлик қобилиятларини намоён қилишлари орқали таълим-тарбия жараёни сифатини ошириш мақсадида

- “Йилнинг энг яхши инновацион ғоялари”,

- “Йилнинг энг яхши махсус фан ўқитувчиси”,

- “Энг моҳир уста”,

- “Пофессионал таълим тизимида энг яхши педагогик, ахборот технологиялари тарғиботчиси” каби кўрик-танловлар фаолиятини кенг йўлга қўйиш;

8. Профессионал таълим муассасаларига таълим хизматлари маркетингини юритиш имкониятларини бериш.

9. Фармоннинг 19-бандида келтирилган профессионал таълим муассасаларида Дуал таълимни амалга ошириш учун ишлаб чиқариш ва соҳа корхоналари масъулиятини ҳукумат қарори билан белгилаш.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир инсон ҳаётида ўқитувчи деган сўз муҳим аҳамият касб этади. Боиси, муаллим ёш авлодни тарбиялайдиган ва келажакда юрт фаровонлиги учун катта ҳисса қўшувчи шахсдир. Шу боис ўқитувчининг мамлакат ва жамиятда тутган ўрни ҳам беқиёс ҳисобланади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда бошқа барча соҳалар қатори таълим соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 1997 йилдан буён амал қилиб келаётган эскирган “Таълим тўғрисида” ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунларнинг ўрнига янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши, ҳамда “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳасининг қабул қилинаётанлиги ҳам мамлакатимизда янги уйғониш даврининг бошланиши учун дастурул-амал бўлади.

Ўзбекистон Экологик партияси
Бухоро вилоят партия ташкилоти