Қушлар — табиатнинг ажралмас қисмидир

Халқаро қушлар куни экологик тақвимнинг энг қадимги саналаридан бири ҳисобланиб 1 апрелда нишонланади.
1906 йил 1 апрелда Қушларни муҳофаза қилиш бўйича Халқаро конвенция имзоланган. Бу дунё миқёсида қабул қилинган дастлабки экологик ҳужжатлардан бири. Шундан бери бу сана жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида экологик жамоатчилик ва аҳоли томонидан Қушлар халқаро куни сифатида нишонланади.
Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти ҳамкорлигида “Қушлар — табиатнинг ажралмас қисмидир” мавзуида Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги “Тошкент денгизи” ва унинг атрофида яшовчи қушларнинг ҳаёт тарзини ўрганиш ва кузатишга бағишланган тадбир ташкил этилди.


Халқаро конвенция, битим, меморандумлар тузилган. Бу борада махсус фондлар ташкил этилган. Бир асрдан ошиқ тарихга эга бўлган апрелнинг биринчи кунидаги қушлар кунини ўтказишдан мақсад — ёш авлодда ёввойи қушларга нисбатан меҳр ва уларга ғамхўрлик муносабатларини тарбиялашни кўзлайди.
Тадбирда сўзга чиққан ЎзРФА Зоология институти доценти Р.Кашкаровга кўра, қушларнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти хилма-хил бўлиб, ўсимликларни чанглантириш, улар уруғларини тарқатиш, зараркунанда ҳашаротлар ва кемирувчиларни қиришдан иборат. Қушларнинг табиатдаги эстетик аҳамияти айниқса катта. Уларнинг сайраши боғ ва хиёбонларни жонлантиради, инсонда завқланиш ҳиссини уйғотади. Айни пайтда “Тошкент денгизи” ҳавзасида ўнлаб қуш турлари учрайди. Улар орасида чағалай, ёввойи ўрдак, каклик, майна, турғай, зағча, каптар, мусича, чумчуқ, чуғурчиқ ҳамда бир қатор мавсумий қушлар алоҳида аҳамият касб этади.


Бугунги кунда уларнинг турлари сони тобора камайиб бормоқда. XVII аср бошларидан буён 100 га яқин қуш тури қирилиб кетган, бир қанча тур йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди. Қушларни муҳофаза қилишга қадимдан ҳаракат қилиб келинади. Ҳозирда дунёнинг барча мамлакатларида қушлар муҳофазаси бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Ноёб ва қирилиб кетиш хавфи остидаги турларни сақлаб қолиш мақсадида халқаро ва регионал “Қизил китоб”лар яратилган.


Ўз навбатида сўзга чиққан Ўзбекистон Экологик партияси Маркакзий Кенгаши девони бўлим бошлиғи А.Абдураимов ўз сўзида қушлар тинчлик ва тириклик рамзи, мусаффо осмонимиз кўрки ҳисобланишини, минг афсуски, орамизда табиатнинг бундай бебаҳо неъматлари ва табиатда ноёб учрайдиган қушлар ва бошқа хайвонот дунёсига кўз олайтириб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётган кимсалар учраб тураётгани ачинарли ҳол эканини таъкидлади.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.