October 30, 2020

Ҳазонни ёқиш келтирар зарар, аммо ўғити барака берар!

Ҳар бир бошланаётган кун ўзининг нурафшон тонги билан дилларни завққа тўлдиради. Тоза ҳаво, мусаффо осмон қушларнинг чуғур чуғури, ариқлардан оқаётган тиниқ сувга боқиб кайфиятинг кўтарилади. Ана шу юқори кайфиятда кўчага чиқаман. Ҳар кунгидек эрталабдан кимдир ишга, кимдир ўқишга, кичик қақажон болажонлар боғчага, ўқувчилар сумка, папкаларини илиб мактаб томон йўл олишади. Мен ҳам одатдагидек ишга йўл оламан. Маҳалладошлар билан салом алик қилиб кўча бўйи кетиб бораман. Эрталабдан кайфиятим яхши, кўп эзгу ишларни режалаштирдим. Йўлда ана шу кайфият билан кетиб борар эканман, ногоҳ димоғимга бир хид урилди. У ҳид шунчалар ўткир эдики томоғимга тиқилиб бир икки йўтални келтириб чиқарди.

Атрофга тарқалаётган тутунни кўриб кўзларим ачишди. Кўча бўйида қўшни аёл Муқаддас опа кўчани супуриб ҳазон ва чиқиндиларни ёқаётган эди. Ёқилган ҳазондан ҳосил бўлган тутун атрофни, йўл бўйини эгаллаб, осмонга қараб кўтарилаётган эди. Шу йўлдан ўтаётган йўловчилар тутунга чидолмай гох кўзларини, гоҳ оғзиларини кафтлари билан ёпиб ўтиб кетишга ҳаракат қилишар, лекин барибир тутун уларнинг димоғига кириб ноқулайлик олиб келарди. Бу ҳолатни кўриб энди тек туролмадим.

-Опа бу нима ҳол яна шу ишни такрорлаяпсизми. Бу ишингиз билан она табиатимизга, экологиямизга, атмосферага, қолаверса қўшниларингиз ҳаётига хавф солиб, саломатликларига зиён келтиряпсизку. Кўча ва ҳовлиларни тозалаб, супур сидир қилганингиз яхши. Орасталик, саришталикда барака бор, аммо бу чиқиндиларни тўплаб ёқишиншиз мутлақо нотўғри. Сиз бепарволарча ёққан бу ҳазонлардан тарқалган тутун, инсонларни нафас йўли орқали ўпкага ўтади, у ердан бошқа тана аъзоларини шикастлайди. Қарабсизки шу тутун бир инсонни оғир хасталиккача олиб боради. Энди тушунгандирсиз.

Муқаддас опа бироз уялгандек ерга қаради. Кечиринг укажон шу ерларни тозалаб чиқиндиларни тезроқ йўқотай дегандим. -Опа бу ҳазонларни ёқиш эмас ерга ўғит сифатида кўмилса томорқангизда мўл ва баракали ҳосил олишингизда жуда фойдали бўлади, дея опага тушунтириб йўлимда давом этдим. Кечки пайт ишларимни тамомлаб уйга қайтар эканман онам сўз бошлади. Ўғлим қўшнимиз Муқаддас опангга бирор нарса деганмидинг, дея сўраб қолдилар. Эрталабки бўлган воқеа кўз олдимга келдида тинчлики онажон дедим. Ҳа нимасини айтасан Муқаддас опанг сен ишга кетганингдан кейин ўғли билан қаердандир чиқинди ташийдиган аравача топиб келиб барча чиқиндиларни ташиб уйига олиб кириб кетди. Муқаддасхонни ёнига бориб -Ҳай қўшни нима қиляпсиз десам опажон бир ажойиб яхши касб корли ўғлингиз борда. Бу ҳазонларни қаерга йўқотсам деб охири ёқаётганимда бу ишимни кўриб опа уларни ерга ўғит қилиб солинг деб қолди. Биладида, ўқиган, шу соҳани ичида. Қани шунча ҳазонни токларим, дараҳтларимни тагига кўмайчи. Ҳосил кўп олсам, барака кириб кетса яхши бўлади.

Онам сўзини тугатаркан, яхши қилибсан болам деб ҳурсанд бўлдилар.

Мен ҳам бундан шодман. Энди келаси йили Муқаддас опа томорқасидан мўл ҳосил олса сизга, албатта хабарини бераман.

Шокиржон Турғунов,
Ўзбекистон Экологик партияси
Тошлоқ туман кенгаши раиси