ЎЗБЕКИСТОН ЭКОЛОГИК ПАРТИЯСИ ЕВРООСИЁ ИҚТИСОДИЙ ИТТИФОҚИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА

Евроосиё иқтисодий иттифоқи

Бугунги Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан ўзаро ишончга асосланган кўп томонлама ва икки томонлама дипломатияни юритмоқда. Шубҳасиз, бу - Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва жасорати билан амалга оширилмоқда.

Маълумки, ҳозирда кўплаб давлатлар ўртасида турли иқтисодий, сиёсий, минтақавий ҳамкорлик институтлари ташкил этилган. Масалан, 27 та давлатни бирлаштирган Европа иттифоқидир.

Шундай давлатлараро ҳамкорликлардан яна бири 5 та давлатдан иборат бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқидир.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масалаларига оид муҳокамалар ҳам ҳукумат, вазирлик ва идоралар даражасида, ижтимоий тармоқларда ва кенг жамоатчилик орасида қизғин давом этмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторлар Парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган таклифларни беришлари кераклиги айтилди.

Экспертларнинг фикрича, ҳозирги шароитда Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи мақомига эга бўлиши бу мантиқий ва мақбул қадам дея таъкидланган.

Бизнингча ушбу фикр мантиқан тўғри, чунки бу ўз навбатида ҳамкорликнинг позитив ва негатив оқибатларини олдиндан чуқур таҳлил этиш ва миллий манфаатларга мос келишини аниқлашга имкон яратади.

Давлатларнинг кузатувчилик мақоми “Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақоми тўғрисида”ги низоми билан тартибга солинади.

ЕОИИ да кузатувчи давлат мақоми нима ва у нималарни беради?

ЕОИИ ташкилоти ҳали ёш ташкилот бўлиб, ҳозирда ташкилотнинг шаклланиш жараёнида қатнашиш бизга асосий савдо шерикларимиз тўғрисида муҳим маълумотларга эга бўлиш имкониятини беради. Кузатувчи мақомида биз саноатимизнинг ривожланган корхоналарини кескин рақобат муҳитида фаолият юритишга тайёрлаш учун муҳим маълумотларни олиш имкониятига эга бўламиз.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги доирасидаги иқтисодиётнинг йирик тармоқлари, жумладан, саноат ташқи савдо сиёсати, божхона-тарифларини тартибга солиш механизми, меҳнат миграцияси, стандартлаштириш ва ветеринария, санитария, фитосанитария назорати каби кўплаб масалалар бўйича экспертларнинг хулосалари ўрганилмоқда.

Яна таъкидлаб ўтиш жоизки, ЕОИИ ҳамкорлик доирасида давлат санитария-эпидемиология назорати остидаги маҳсулотлар учун ягона унитар-эпидемиологик ва гигиена талаблари ва тартиблари ва санитария, ветеринария-санитария ва карантин фитосанитария чоралари илмий асосга эга бўлган принциплар асосида инсонлар, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш заруратлари келтирилган.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда экологик муаммоларни бартараф этиш долзарб масала эканлиги барчага маълум. Ер сайёраси ва унинг ўзига хос табиати инсониятнинг умумий яшаш макони, ягона уйи ҳамда яшаш воситаси ҳисобланади. Шунинг учун юз бераётган экологик тангликларни бартараф этиш ер юзидаги барча халқлар ва давлатларнинг умуминсоний вазифасидир.

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан билдирилган таклиф ва хулосаларни ўрганиб, Ўзбекистонни ЕОИИга кузатувчи сифатида кириши дастлабки даврда мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисоблайди.

  

Муқаддас Бахрамовна ТИРКАШЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг депутати,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси