October 29, 2020

Бухорода “Яшил шаҳар” акцияси

Инсон ҳамиша табиат билан уйғун бўлишга интилади. Зеро, ота-боболаримиз дарахт экишни савобли иш, деб билишган. Мамлакатимизда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш учун етарлича шарт-шароит яратилган. Айни дамда Бухоро шаҳри Арк қўрғони ва Қўш Мадраса ҳудуди атрофида дарахт экиш акцияси давом этмоқда.

“Бухоро KNAUF” қўшма корхонаси томонидан ташкил этилган ушбу хайрли акцияда Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилоят партия ташкилоти ходимлари, “Ёшлар қаноти”, ”Аёллар қаноти” фаоллари вилоят Кенгаши депутати Сидиқова Садоқат Гафаровна, Либерал Демократик партияси Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Ахмедов Дилшод Исломович, Ёшлар агентлигининг волонтёрлари, кўнгилли фуқаролар иштирок этишмоқда.

Ушбу акцияда Ўзбекистон Ландшафт Санъати Ассоциацияси томонидан етиштирилган Бухоро иқлимига мос келадиган турли ҳил дарахтлар, кўчатлар экилмоқда. Бу каби акцияларда яратилган манзарали боғ ва ўрмонзорларнинг мусаффо ҳавосидан нафас олиш кўплаб касалликларни даволашда, инсон саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Ўсимлик дунёсининг беминнат хизмати фақат ис газини қабул қилиб, тоза кислородга айлантириб бериши билан эмас, ҳаво таркибидаги кўплаб касаллик тарқатувчи микробларни зарарсизлантириб берувчи фитонцид моддалар ажратиши билан ҳам аҳамиятлидир. Масалан, 100 минг кишилик шаҳар аҳолисининг фитонцид моддаларга бўлган эҳтиёжини бир гектар майдондаги игна баргли дарахтлар (арча, қарағай) ёки минг тупдан ортиқ бошқа турдаги манзарали дарахтлар қоплаши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг меъёрларига кўра бу кўрсаткич 15-20 фоизни ташкил этиши керак. Ҳавога чиқариладиган чанг-ғуборларни, саноат корхоналари, транспорт воситаларидан ажралаётган зарарли газ ва чиқиндиларни тозалаб, инсон учун қулай яшаш муҳитини вужудга келтиришда ўсимлик оламининг ўрни беқиёс. Мисол учун, бир туп терак бир кеча-кундузда 14 метр кубдан 50 метр кубгача ифлосланган ҳавони тозалаб бериш "қуввати"га эга.

Яшил шаҳар” акцияси 29-31 октябрь кунлари давом этади. Шаҳримизда кўтаринки руҳда ўтказилаётган “Яшил шаҳар” акциясида барчамиз фаол иштирок этайлик

Ўзбекистон Экологик партияси
Бухоро вилоят партия ташкилоти