ДЕПУТАТ АҲОЛИ МУАММОЛАРИНИ ЎРГАНДИ

Ҳар бир депутат ўз сайловчилари билан мулоқот қилиб, уларнинг дарди, муаммолари билан таниш бўлса, ҳукумат вакиллари олдига ўша муаммоларни қўйган ҳолда, ечимини қилиб беришларини талаб қилиши осон кечади.

Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Қурбонов Абдураҳим Эшонқулович ҳам ўз сайлов округи аҳолисининг муаммоларини ўрганди.

Учрашув жараёнида мамлакатимизда юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар ва уларнинг ижроси масалаларига тўхталиб ўтилди.

Пандемия даврида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган 20 дан ортиқ фармон ва қарорлари халқимизнинг соғлигини сақлашга, яшаш шароитларини яхшилашга, ижтимоий фаравонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Аҳоли саломатлигини сақлаш, ишсиз қолган фуқароларга ёрдам беришга, тадбиркорларга биринчи даражали эътибор қаратилиб, 10 триллион сўм фондга эга бўлган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, унинг маблағлари соғлиқни сақлаш, ижтимоий инфратузилмалар, аҳоли ва корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилганлиги, йил давомида 500 мингдан ортиқ тадбиркор ва 8 миллиондан зиёд фуқаро учун 34 триллион сўмга яқин имтиёзлар берилганлиги, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва бандликни оширишга 2,6 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилганлиги таъкидланди.

“Тинчлик” маҳалласидаги 23-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган учрашувда депутат билан ҳамкорликда 2-сектор раҳбари, туман прокурори Ж.Рахимов, 3-сектор раҳбари, ИИБ бошлиғи Ғ.Хужамқулов ҳамда тумандаги корхона ва ташкилотлар мутасаддилари ҳам иштирок этишди.

Аҳолининг мурожаатлари бирма бир тингланиб, ечими бўйича тегишли мутасадди вакилларига топшириқлар берилди ҳамда ижроси бўйича муддатлар белгиланди.

Ўзбекистон Экологик партияси

Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси

матбуот хизмати