ҚАТЪИЙ ТАРТИБ-ИНТИЗОМ ВА ШАХСИЙ ЖАВОБГАРЛИК СОҒЛИГИМИЗ, КЕЛАЖАГИМИЗ ВА ТАРАҚҚИЁТИМИЗ КАФОЛАТИДИР!

Афсус, бугун деярли барча давлатларда вужудга келган эпидемиологик ҳолат юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Бу борада Хитойда барқарорлашаётган эпидемиологик ҳолат бир томондан инсонлар кайфиятини кўтарсада, Италия ва бошқа Европа давлатларидаги кескин вазият барчамизни сергакликка, огоҳликка даъват этади. Ушбу воқейлик сайёрамизнинг маълум бир ҳудудида содир бўлган ҳар қандай хавф-хатар, албатта, бошқа минтақаларга ҳам салбий таъсир этишининг яққол исботидир. Шу туфайли ҳам мазкур таҳдидларни жаҳон ҳамжамияти якдиллик ва бирдамлик билан ҳал этишини тақозо этади.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳасида ўз вақтида узоқни кўзлаб амалга оширилган кенг ислоҳотлар ҳамда юртимизда дастлабки касаллик аниқлангандан сўнг кўрилган тезкор ташкилий ижтимиоий-иқтисодий чоралар мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг бошқа давлатларга нисбатан енгилроқ ўтиш имконини бермоқда.

Тезкор ҳолатда Юртбошимизнинг коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга мурожаати, шунингдек, мазкур касаллик ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий барқарорликка салбий таъсирини юмшатиш бўйича махсус Фармони, ҳукуматнинг тегишли қарорлари, ваколатли вазирлик ва идораларнинг буйруқ ва йўриқномалари қабул қилинди. Ушбу барча хуқуқий хужжатлар мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни ҳамда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини барқарорлаштиришга замин яратмоқда.

Жорий йилнинг 26 март куни короновирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган ҳукуматнинг видеоселектор йиғилишида Президентимиз халқимизга яна бир бор мурожаат билан чиқиш қилши бежиз эмас албатта. Юртбошимиз мурожаатида, короновирус менга юқмайди, деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофдагилар, қолаверса бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйишини чуқур англаб етиши кераклиги, таъкидлаб ўтилди.

Мурожаатда айрим фуқароларимиз томонидан карантин талабларини қўпол бузиш ҳолатлари учраётганлиги қатьий танқид қилинди. Шу сабаб эпидемияга қарши курашиш ва карантин қоидаларини бузганлик учун белгиланган жавобгарлик кучайтирилганлиги кўрсатиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари короновирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш ҳамда унга қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлашга доир қарорлари бу борада олиб борилаётган ишларимизни бугунги кун учун нақадар долзарблигидан ва муҳимлигидан далолатдир.

Албатта кўрилаётган қатъий чоралар одамларни ҳуқуқларини чеклаш ёки камситиш эмас, балки оиласи, фарзандлари, яқинлари, эл-юрт тинчлигини, соғлиғини энг юксак қадриятлар сифатида кўрадиган халқимизнинг саломатлигини, фаровон ҳаётини, қолаверса, келгусини ўйлаб қилинаётган заруриятдир. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “мамлакатимизда касалланганлар сони камку, деб бемалол бўлишимиз ўзимизга, халқимизга хиёнат ҳисобланади”. Бу бефарқлик нафақат ўзимизга, фарзандларимизни, ота-онамизни, қариндошларимизни, яқинларимизни дардга чалинишига олиб келишини ҳар куни, ҳар сония англаб етишимиз лозим. Бугун ҳар бир фуқаро ўз масъулитини ҳис этган ҳолда хонадонида фарзандларининг соғлиғи ва тарбияси билан машғул бўлиши коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Бироқ, ушбу мақсадларга эришиш учун ҳар биримиздан қатъий интизом ва шахсий жавобгарлик талаб этилади. Минг афсус, бугунги кунда белгиланган оддий карантин талабларига ҳамда эпидемияларга қарши кураш қоидаларига амал қилмаётган фуқароларимиз нафақат оиласи, балки бутун жамият ҳаётига хавф солмоқда.

Албатта, карантин бу – эркинликни чеклаш эмас, балки жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг зарурий чорасидир. Ўзбекистон Экологик партияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳам Юртбошимизнинг халқимизга қилган ушбу мурожаатини қўллаб-қувватлаган ҳолда бу борада кенг жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради. Фуқароларимиздан фақат тиббиёт ходимлари тавсияларини бажариш талаб этилади, холос. Ҳар биримиз давлат даражасида қабул қилинган карантин тадбирларини амалга оширишда фаол иштирокчисига айланайлик!