Бутунжаҳон тозалик куни

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни “Бутунжаҳон тозалик куни” муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Хоразм вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда #WorldCleanUpDayUzb акцияси ташкил этилди.

Мазкур акцияда вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари, партия фаоллари, партиямиздан сайланган Ҳалқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, шунингдек, бу эзгу саъй-ҳаракатларга, атроф-муҳит тозалилигига бефарқ бўлмаган жамоатчи фаоллар қатнашдилар.

Акция Урганч шаҳри Машъал МФЙда бошланиб, Амударё дарёсининг Урганч тумани ва Янгибозор туманида жойлашган Хоразм “Миллий табиат боғи” ҳудудини кесиб ўтувчи ўзанини чиқиндилардан тозалаш ишлари амалга оширилди. Акцияни кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида тадбир ташкилотчилари томонидан акцияда иштирок этган кўнгиллилар футболка, қўлқоп, кепка ҳамда чиқиндиларни солиш учун целлофан пакетлар билан таъминланди. Тўпланган чиқиндиларни Хоразм вилоят “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан ажратилган автомашиналарда марказий чиқиндихоналарга олиб чиқиб кетилди ва зарарсизлантирилди.

Худди шундай акция вилоят бўйлаб барча шаҳар ва туманларда ташкил этилиб маҳаллаларда кенг кўламдаги тозалик ва озодалик юмушлари бажарилди ҳамда йиғилган чиқиндилар “Тоза ҳудуд” унитар корхонаси томонидан сараланиб, қайта ишлаш корхоналарига йўналтирилди, қолганлари марказий чиқиндихоналарга олиб чиқиб кетилди. Ушбу #WorldCleanUpDayUzb акциясида Хоразм вилояти бўйлаб 450 дан ортиқ кўнгиллилар фаол иштирок этишдилар.

Ўзбекистон Экологик партияси

Хоразм вилоят партия ташкилоти