ТАБИАТНИ АСРАНГ

Куни кеча Миришкор туман Баркамол авлод болалар марказида “Табиатни асранг” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда тумандаги иқтидорли ёш қизлар ва Ўзбекистон Экологик партияси Миришкор туман Кенгаши ҳамда “Аёллар қаноти” фаоллари иштирок этдилар.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад болаларнинг oна ватан ва атроф-олам ҳақидаги билимларини кенгайтириш, уларни она табиатни асрашга ва севишга ўргатиш, шунингдек атроф-муҳит тозалигини сақлашга, соғлом турмуш тарзига одатлантиришдан иборат бўлди. Сўзга чиққан ЎзЭП Миришкор тумани Кенгаши раиси ўринбосари Ш.Эгамбердиев болаларнинг экологик билим ва тушунчаларини ошириш, табиатга бўлган муносабатини ўзгартириш борасидаги таълим муассасаларида ўқитувчи ва тарбиячиларнинг табиат билан таништириш методикасининг муҳим аҳамиятга эга эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

Экологик қарашлар дастлаб оилада, сўнг боғчада шаклланади. Илк тушунча ва билимлар мактаб, коллеж, лицейда бойитилиб, мустаҳкамлаб борилади. Бунинг учун ота-оналар, тарбиячи, бошланғич синф ва махсус фан ўқитувчилари болаларнинг экологик дунёқарашини кенгайтириш, тафаккурини ошириш асносида уларнинг экологик билим ва маданиятини мустаҳкамлаб борадилар. Болаларнинг она табиат ва экология мавзусидаги фикрлари ҳамда мавзуга оид шеърлари тадбирни қизиқарли ўтишини таъминлади.

Ўзбекистон Экологик партияси

Қашқадарё вилоят партия ташкилоти