“16 сентябрь - Бутунжахон озон қатламини муҳофаза қилиш куни”га бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Шахрисабз шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 3-умумий ўрта таълим марказида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, “16 сентябрь - Бутунжахон озон қатламини муҳофаза қилиш куни”га бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Экологик партияси Шахрисабз шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти” аъзолари, партия фаоллари иштирок этган йиғилишни халқ депутатлари Шахрисабз шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон Экологик партияси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси Шахрисабз шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти” етакчиси Дилбар Игамбердиева олиб борди.


Тадбирда Озон қатлами нима ва унинг инсоният учун қанчалик муҳим эканлиги, озон қатламининг қандай сабабларга кўра емирилиши ҳамда унинг олдини олиш борасидаги мамлакатимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида фикр юритилди.

Озон қатлами қуёшдан келаётган радиацияни ютиш хусусиятига эга. Бу радиацияни ошиб кетиши барча тирик жонлар учун хавфлидир,-деди Дилбар Игамбердиева. Агарда миллиард йил аввал озондан иборат бўлган газ қатлами шаклланмаганда эди, бизнинг сайёрамиз ҳаётсиз, фазовий жинс бўлиб қолар эди.
Атмосфера таркибидаги озон миқдорнинг 1 фоизгагина камайиши хавфли ултрабинафша нурларининг Ер юзига етиб келишини 2 фоизга оширади.


Бу ҳолат ўз навбатида қуйидаги муаммоларни келтириб чиқаради: қатламнинг емирилиши натижасида катта миқдордаги қуёш радиацияси ер юзига етиб келади, инсониятда тери саратони билан касалланиш кескин ортиб кетади. Инсоннинг касалликларга қарши курашувчи иммун тизимида сусайиш кузатилади, одамнинг энг муҳим аъзоларидан бири — кўзлар зарарланади.


Ҳосилдорлик пасайиб кетади, дарахтлар парвариш қилинганига қарамай, қуриб қолаверади. Ўсимликларнинг барглари кичраяди. Бу ўз навбатида кислород манбаи бўлган баргларда фотосинтез жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Қаттиқ ултрабинафша нурлар дунё океанидаги жонзотлар ва ўсимликларни ҳам зарарлайди.


Ўз келажигига бефарқ бўлмаган партиянинг фаол хотин-қизлари ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларини олдилар. Тадбир қизғин руҳда ўтди.


Бу каби тадбирлар Ўзбекистон Экологик партияси Касби туман Кенгаши, Муборак туман Кенгаши қошидаги “Аёллар қаноти” етакчилари томонидан хам ташкил этилди.


Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши
“Аёллар қаноти” етакчиси Г.Рустамова