ЧИНОЗ ТУМАНИДА НИМА ГАП?

Жорий йилнинг 2-ноябрь куни Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент вилояти Чиноз туман партия ташкилоти томонидан Чиноз шаҳарчасидаги «Хўжа» маҳалла фуқаролар йиғини биносининг тантаналар залида «Экологик тадбирларни уюштиришда ёшлар ташаббускорлиги» мавзусида тадбир ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Экологик партияси Чиноз туман партия ташкилоти раиси Акмал Файзуллаев ташаббуси билан ташкил этилди. Тадбирда Чиноз шаҳар «Хўжа» маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, нуроний отахонлар ва онахонлар билан бирга ёш йигит-қизлар, 2-сонли умумтаълим мактаби директори, унинг ўринбосари ва ўқитувчилари жами бўлиб 37 нафар киши иштирок этди.

Йиғилишни шу маҳалла нуронийларидан бўлган Акмалхон ота Акрамхонов олиб борди.

Тадбирда 2- сонли умумтаълим мактаби директори Ф.Боқиева сўзга чиқиб, таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналиши ҳақида маъруза қилди. У ўз сўзида таълим Ўзбекистон Республикаси ижтимоий тараққиёти соҳасида устивор - деб, эълон қилинганлиги ва ота-оналар, маҳалла фаолларини мактаб билан ҳамкор бўлишларига чақирди.

Шунингдек, сўзга яна маҳалла фаолларидан бири Тойирхон Мансуров чиқиб, таълим-тарбия оиладан бошланишига урғу бериб, миллий оила тарбияси - тарбия тизимининг дунёвий характерга эга эканлиги ҳақида гапириб ўтди. У сўзи давомида экологик таълим олишда оиланинг ва ота-онанинг ибрат бўлишини тушунтириб берди.

Бугунги кунда телефон, телеграмнинг ҳамма учун очиқлиги;

Экологик таълим дастурларини оила, мактаб, маҳаллага таяниб уч таянч нуқтасини ташкил этиш ва ягона қоидага ёндашув;

Экологик соҳада билимли бўлишни ва уни ҳаётга татбиқ этишни рағбатлантириш;

Экологик таълим тизимида маҳалла-мактаб ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш каби таклифлари билан экология ва атроф-муҳит тозалигига эришишга чақирди.

Тадбир давомида яна бир маҳалла фаолларидан бўлган, нуроний Эргашхўжа ота сўзга чиқиб, юқоридаги эшитилган маърузалар юзасидан фикр билдирди. У ўз сўзида бугунги кунда мавжуд экологик муаммоларни олдини олиш юзасидан юқорида айтилган таклиф-мулоҳазаларни қувватлади ва ўзининг таклифларини ҳам оммага эшиттирди, ўз навбатида таклифлари муҳокама этилди. Йиғилишга бир овоздан ижобий баҳо берилди.

Шундан сўнг «Хўжа» маҳалласининг собиқ оқсоқоли яъни, маҳалла раислигига сайлов ўтказилиб, шу маҳаллада туғилиб ўсган фуқаро - Иброҳимов Содиқхўжа Асқархўжаев маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасига сайланди. Янги раис маҳалла тинчлигини, озодалигини ва албатта маҳалланинг барча фуқароларини Ўзбекистон Экологик партияси билан ҳамкорликда иш олиб боришига чақирди.

«Хўжа» маҳалласининг янги раиси Иброҳимов Содиқхўжа Асқархўжаевнинг таклифи йиғилиш қарори бўлиб қолди.

Ўзбекистон Экологик партияси
Тошкент вилояти Чиноз туман партия ташкилоти