April 20, 2020

Sog‘liqni saqlash vazirligining dori vositalari va farmatsevtika faoliyati sohasidagi vakolatlari

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситалари ва фармацевтика фаолияти соҳасида қуйидаги ваколатларга эга:

  • дори воситалари ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
  • Асосий дори воситалари рўйхатидаги дори воситаларининг, шунингдек тиббий буюмларнинг давлат буюртмасини шакллантиради ва уларнинг давлат тиббиёт муассасаларида мавжуд бўлиши устидан назоратни таъминлайди;
  • фармацевтика фаолиятини лицензиялашни (фармацевтика фаолиятининг йўналишини — дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш бундан мустасно) белгиланган тартибда амалга оширади;
  • айрим тоифадаги шахсларга дори воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда имтиёзли берилишини таъминлайди;
  • дори воситалари ва тиббий буюмлар соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тасдиқлайди;
  • Давлат фармакопеясини тасдиқлайди ва чоп этади;
  • дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ва тиббий техниканинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини, сифати назорат қилинишини, стандартлаштирилишини ва сертификатлаштирилишини амалга оширади;
  • тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни реализация қилиш, бериш, тақсимлаш, сақлаш ҳамда ҳисобга олиш тартибини, шунингдек этил спиртини реализация қилиш, бериш, сақлаш ва ҳисобга олиш тартибини белгилайди;
  • Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрини юритади ҳамда вақти-вақти билан эълон қилади;
  • дори воситалари ва тиббий буюмларнинг зарарли таъсирини тасдиқловчи фактлар мавжуд бўлган тақдирда уларнинг ишлаб чиқарилишини, тайёрланишини, импорт қилинишини, реализация қилинишини тўхтатиб туради. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўхтатиб туришга олиб келадиган дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ишлаб чиқарилишини ва тайёрланишини тўхтатиб туриш (фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий таҳдид юзага келишининг олдини олиш муносабати билан дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилишини ҳамда тайёрланишини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно) суд тартибида амалга оширилади;
  • фармакологик назоратни амалга оширади;
  • кам учрайдиган касалликларни даволаш учун мўлжалланган Орфан дори воситалари рўйхатини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
  • Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлайди;
  • Асосий дори воситалари рўйхатини икки йилда камида бир марта ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
  • Тиббий буюмлар рўйхатини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

☑️ ЎРҚ-399-сон 04.01.2016 6-модда

Каналга уланиш:👇🏻 telegram.me/farmhuquq