October 24, 2020

Лаби тиртиқ одам (ҳикоя). Артур Конан Дойл

Айза Уитни афюн чекишга ўрганиб қолди. У колледждалигидаёқ де Куинсининг[1] афюн чекувчи одамнинг тушлари ва ҳисларини тасвир қилувчи китобини ўқиб, ўша ёзувчи бошидан кечирган ҳодисаларни кечириш учун тамакисига афюн аралаштириб чека бошлаган эди. Кўплар қатори у ҳам чекишга ўрганиш ташлашдан кўра қийинроқ эканини тез орада пайқади. Узоқ йиллар чекиб юраркан, унга ҳамма дўстлари ачиниб, ваҳимлари келди. Унинг сарғиш, салқиган юзи, қорачиқлари кичрайган кўзлари, осилган қовоқлари, креслода ётган ожиз гавдаси, хуллас адойи тамом бўлган одам ҳамон кўз ўнгимда турибди.

1889 йилнинг июнида бир куни кечқурун айни одамни эсноқ босиб ўқтин-ўқтин соатга қарай бошлайдиган вақтда квартирамнинг қўнғироғи чалиниб қолди. Мен креслодан қаддимни кўтардим, хотиним эса тикаётган ишини тиззасига қўйиб, норозилик билан ижирғанди.

— Бирор мижоз келди! — деди у. — Касал кўргани борадиган бўлдинг-да яна. Мен хўрсиниб қўйдим, чунки кун-узун кун оғир ишдан ҳориб-чарчаб яқингинада келган эдим.

Биз эшик очилиб, йўлакдан кимнингдир шошганча юриб келаётганини эшитдик. Хонамизнинг эшиги очилиб, қора кўйлак кийган, юзига қора тўр тутган хоним кириб келди.

— Бемаҳалда кириб келганим учун кечиринглар, — деб гап бошлади-ю, ўзини тутолмай, бирдан хотинимга ташланди-да, уни қучоқлаб елкасига бош қўйганча ҳўнграб йиғлаб юборди — Бошимга катта кулфат тушди! — деб хитоб қилди у. — Жуда ёрдамга муҳтожман!

— Ия, бу Кэт Уитни-ку, — деди хотиним, унинг тўрини кўтариб. — Ўтакамни ёриб юборай дединг-а, Кэт! Сен эканлигинг хаёлимга ҳам келмабди.

— Сенга арз қилгани келдим. Бошимни қаёққа уришни билмай қолдим.

Бу одат ҳукмидаги нарса эди. Бошларига кулфат тушган одамлар нажот истаб маякка қараб учган қушлардек ғизиллаб хотинимнинг олдига келишарди.

— Ажаб қилибсан! Жойлашиброқ ўтир, вино билан сувдан ичиб, нима бўлганини гапириб бер. Ё Жеймсга айтайми, кириб ётсинми?

— Вой, йўқ, йўқ! Доктордан ҳам маслаҳат ва ёрдам олмоқчиман. Айзани айтмоқчиман… Уйдан чиқиб кетганига роппа-роса икки кун бўлди. Ундан жуда хавотир оляпман.

У биз билан бахтсиз эри ҳақида энди суҳбатлашаётгани йўқ — мен билан доктор сифатида, хотиним билан эса ўзининг қадрдон мактабдош дугонаси сифатида суҳбатлашарди. Биз унга имконимиз борича тасалли берардик. Эри қаердалигини биладими? Уни бориб уйига олиб келса бўлармикин?

Шундай қилиш мумкин экан. У эрининг сўнгги вақтларда одатда афюнни Ситининг шарҳида жойлашган кўчалардан биридаги бузуқхонада чекиб юришини биларкан. Шу вақтгача у эртадан кечгача ишрат қиларкан, бутунлай ҳолдан тойиб, тинка-мадори қуриб кечқуран уйига қайтиб келаркан, бу гал эса қирқ саккиз соатдан бери дараги йўқ эмиш, албатта ҳозир ўша ерда турли-туман шубҳали кимсалар орасида заҳар ютиб, ёки ухлаб ётган бўлиши мумкинмиш. Хотин эрининг Эппер-Суондемлендаги худди ўша «Олтин ёмби»да эканлигига амин эди. У нима қила олиши мумкин? Тортинчоқ, журъатсиз, ёшгина жувон қандай қилиб шундай жойга кириб боради ва эрини безориларнинг орасидан юлиб олиб чиқа олади? У мен билан бирга борса бўлмасмикин? Дарвоқе, бориб нима қилади? Мен Айза Уитнини даволаганман, доктор сифатида унга сўзим ўтиши мумкин. Хотинининг иштирокисиз ишни осон ҳал қилишимга амин эдим. Унга, агар эрингиз дарҳақиқат «Олтин ёмби»да бўлса, икки соат ичида уни кэбга ўтқазиб уйингизга жўнатаман, деб ваъда бердим.

Ўн минутдан сўнг шинамгина меҳмонхонамизни тарк этиб, экипажда шарққа қараб ғизиллаб кетмоқда эдим. Олдинда одатдан ташқари ғалати бир иш турганини билардим, аслида эса у мен кутгандан кўра ҳам ғалатироқ бўлиб чиқди.

Аввал бошда ҳаммаси ажабтовургина эди. Эппер-Суондемлен — дарёнинг чап қирғоғи бўйлаб то Лондон кўпригигача бориб туташган баланд-баланд кемасозлик корхоналари орқасида жойлашган ифлосгина тор кўча эди. Мен қидириб юрган бузуқхона ифлос дўкон билан қовоқхона ўртасидаги ертўлада эди; бу ғордек қоронғи ковакка тик зинапоя олиб тушарди. Зинапоя босқичларининг ўртаси едирилиб, чуқур тушиб қолган — ундан шуқадар кўпдан-кўп мастоёқлар тушиб-чиққан эди.

Кэб ҳайдовчига кутиб туришни буюриб, пастга тушдим. Эшик тепасида осилиб турган милт-милт ёнастган керосин чироқ ёруғида эшик зулфинини қоқдим-да, қуюқ қўнғир дуд билан тўлган узун пастак хонага кириб бордим; девор бўйлаб муҳожирлар кемасидагига ўхшаб, ёғоч сўрилар чўзилиб кетган эди.

Қоронғилик орасидан ғалати ақл бовар қилмайдиган ҳолатда ётган ҳаракатсиз гавдаларни аранг илғадим: елкалари букчайган, тиззалари кўтарилган, энгаклари қаққайиб, бошлари орқаларига ташланган. Гоҳ у ер, гоҳ бу ерда менга тикилаётган хира маст кўзларни кўрардим. Зулмат орасидан нуқтадеккина қизил чўғлар ланғиллаб қолар, улар кичкина металл найчалардаги заҳарнинг миқдори камайган сари ўчиб борар эди. Кўплари индамай ётар, баъзилари нималардир деб димоғида минғиллар, баъзилар эса гоҳ шавқ-завқ билан шошила-шошила, гоҳ бирдан жим бўлиб қолиб аломат бир тарзда гўнғиллаганча суҳбатлашишар, аммо ҳеч ким суҳбатдошининг гапига қулоқ солмас — ҳар ким ўз ўйлари билангина банд эди. Йўлакнинг нариги бурчагидаги кўрада лахча чўғлар лангиллаб турибди, унинг олдидаги уч оёқли курсида новча бир чол тирсагини тиззаларига тираб, энгагини муштларига қўйганча қимир этмай чўққа тикилиб ўтирар эди.

Кириб боришим билан олдимга малайялик қора тўриқ бир одам югуриб келиб, менга найча билан бир улуш афюн узатди-да, сўридаги бўш жойни кўрсатди.

— Раҳмат, мен бу ерда қололмайман, — дедим. — Дўстим мистер Айза Уитни шу ерда экан. Мен у билан гаплашишим керак.

Ўнг томонимда нимадир ғимирлагандек бўлди, кимнингдир хитобини эшитдим, қоронғиликка разм солиб менга тикилиб туртан рангсиз, маъюс ва аллақандай ҳурпайган Уитнини кўрдим.

— Ё раббий, бу Уотсон-ку! — деб қўйди у.

У мастлик оқибатида юз берадиган энг аянчли аҳволда эди.

— Ҳозир соат неча, Уотсон?

— Ўн бирга яқинлашиб қолди.

— Бугун нима кун?

— Жума, ўн тўққизинчи июнь.

— Наҳоткиқ Мен бўлсам, чоршанбадир, деб ўйлабман. Йўқ, бугун чоршанба, ҳазиллашдим денг. Одамнинг ўтакасини ёриб нима қиласиз-а!

У юзини кафтлари билан тўсиб, ўкраб юборди.

— Бугун жума деяпман-ку сизга. Сизни хотинингиз икки кундан бери кутяпти. Уялмайсизми шундай қилгани!

— Ҳали ҳам уяляпман. Назаримда янглишаётганга ўхшайсиз, Уотсон. Бу ерга келганимга атиги бир неча соатгина бўлди. Учта трубка… тўртта трубка… қанчалигини унутдим! Сиз билан бирга уйга кетаман. Шўрликкинам Кэтнинг ташвиш тортишини истамайман . Менга қўлингизни беринг. Кэбингиз борми?

— Бор. Эшикда кутиб турибди.

— Ундай бўлса, ҳозироқ жўнайман. Аммо мен улардан қарздорман. Билинг-чи, қанча қарз эканман, Уотсон. Жуда ҳам бўшашиб, тинка-мадорим қуриб кетди. Пул тўлашга ҳам чоғим келмайди.

Қатор ётиб ухлаётган одамларнинг орасидаги энсизгина оралиқдан заҳарли бангнинг элитувчи ҳидларини ҳидламаслик учун нафасимни ичимга ютганча бузуқхона эгасини қидиргани йўл олдим. Қўра қаршисида ўтирган новча чолнинг олдига етганимда кимнингдир пиджагимдан тортаётганини сездим, шивирлаб айтилган шу сўзларни эшитдим:

— Менинг ёнимдан ўтиб кетиб, кейин ўгирилиб қаранг.

Бу сўзларини аниқ эшитдим. Уларни ёнимдаги чолгина айтган бўлиши мумкин эди. Бироқ у ҳамон шундай бир вазиятда ўтирардики, гўё ўз ўйлари билангина банддек, атрофидаги ҳеч нарсани сезмаётгандек эди. Ёши анчага бориб қолган озғин, бужмайган бу одам букчайиб ўтирар; афюнли трубка мажолсиз бармоқларидан сирғалиб тушиб кетгандек тиззалари орасида турар эди. Олдинга икки қадам юриб, орқамга ўгирилдим. Ҳайратдан қичқириб юбормаслик учун бор матонатимни ишлатишга тўғри келди. У шундай бурилдики, юзини мендан бошқа ҳеч ким кўра олиши мумкин эмасди. Унинг елкаси ростланиб, ажинлари ёзилиб, хира кўзлари одатдагидек чақнай бошлади. Қўра олдида менинг ҳайратланганимдан кулганча Шерлок Холмснинг ўзгинаси ўтирарди. У ўғринча имо қилиб, мени олдига чақирди-да, яна лаби-лунжи осилган қалтироқ чолга айланди-қўйди.

— Холмс! деб шивирладим мен. — Бу бузуқхонада нима қилиб ўтирибсиз?

— Мумкин қадар секинроқ гапиринг, — деб шивирлади у, — қулоғим жуда яхши эшитади. Агар сиз эси оғиб қолган дўстингиздан халос бўлсангиз, сиз билан бир озгина суҳбатлашишга мушарраф бўлардим.

— Мени ташқарида кэб кутиб турибди.

— Бўлмаса ошнангизни ўша кэбда уйига жўната қолинг. Ундан хавотир олмасангиз ҳам бўлади, чунки биронта можаро чиқаришга чоғи келадиган кучи йўқ. Агар мени учратиб қолиб ёнимда қолганингизни ёзиб кучердан хотинингизга бир энликкина хат бериб юборсангиз яна яхши бўларди. Мени кўчада кутиб туринг, беш минутдан кейин чиқаман.

Шерлок Холмснинг сўзини ерда қолдириш маҳол: унинг талаблари ҳамиша шу қадар муайян, аниқ ва амирона оҳангда бўлади. Бундан ташқари мен, Уитнини кэбга ўтқазиб жўнатиб юборсам унинг олдидаги бурчимни адо этган бўламан, машҳур дўстимнинг кундалик фаолиятини ташкил этган ажойиб саргузаштлардан бирида иштирок этишимга ҳеч қандай монелик қолмайди, деб ўйладим.

Шерлок Холмсга унинг тадқиқотларида ёрдам бериш мен учун энг олий бахт эди. Шу сабабли хотинимга бир энликкина хат ёзиб, Уитнининг қарзини тўлаб, уни кэбга ўтқазиб жўнатдим-да, яқин жойда сабр билан кута бошладим. Кэб бирпасда зулмат қўйнида ғойиб бўлди. Бир неча минутдан сўнг такядан чол чиқиб келди, мен кўча бўйлаб у билан ёнма-ён кета бошладим. Икки кварталча жойга у мадорсиз оёқларини сургаб босганча мункиллаб борди. Кейин шоша-пиша у ёқ-бу ёққа аланглаганча қаддини ростлади-да, қаҳқаҳлаб кулиб юборди. Қаршимда Шерлок Холмс турарди.

— Ҳойнаҳой сиз, Уотсон, — деди у, — мени афюн чекишга ружу қилиб қолган, деб ўйлаган бўлсангиз керак.

— Ростини айтсам, мен сизни бу ковакда кўриб дарҳақиқат таажжубланган эдим.

— Аслида бу ковакда сизни кўргач мен сиздан кўра ҳам кўпроқ ҳайратландим.

— Дўстимни қидириб юрган эдим.

— Мен бўлсам душманимни.

— Душманимни?

— Ҳа. Хулласи калом, Уотсон, ҳозир ғоятда қизиқ бир иш билан бандман, эси кирарли-чиқарли бўлиб қолган таряккашларнинг тутуриқсиз вайсашларидан бирор нарса билиб олишга умидвор эдим… Илгари бунга баъзан муяссар бўлардим. Агар ўша ковакда таниб қолишса, менинг ҳаётим сариқ чақага ҳам арзимас эди, чунки у ерда бир марта эмас, бир неча марта бўлганман, бузуқхона эгаси ярамас ласкар мендан ўч олишга қасам ичган. Авлиё Павел кемасозлик корхоналарининг муюши яқинидаги бу уйнинг орқасида шундай бир хуфия эшик борки, ойдинсиз қоронғи кўчаларда ундан нималарни олиб чиқиб ташлашлари ҳақида кўпгина аломат воқеаларни айтиб бериши мумкин эди.

— Ўлик олиб чиқиб ташлашади денг?

— Ҳа, Уотсон, ўлик олиб чиқиб ташлашади. Агар сиз билан биз бу бузуқхонада ўлдирилган ҳар бир бахтсиз киши учун минг фунтдан пул олсак борми, аллақачон миллионер бўлиб кетардик. Бу дарс соҳилидаги энг мудҳиш тузоқ, бу тузоққа илинган Невилл Сент-Клер энди уйига қайтиб келмайди, деб қўрқаман. Аммо биз ҳам тузоқ қурамиз.

Шерлок Холмс икки бармоғини оғзига тиқиб қаттқ ҳуштак чалди. Шу заҳотиёқ узоқдан шунга ўхшаган ҳуштак эшитилди, шундан сўнг эса биз ғилдиракларнинг гумбурлаши билан туёқ товушларини эшитдик.

— Хўш, Уотсон, — деди Холмс, қоронғиликдан икки фонари ёрқин шуъла сочиб турган бир отли аравача чиқиб келаркан, — мен билан борасизми?

— Агар сизга фойдам тегса…

— Содиқ ўртоқнинг ҳамиша фойдаси тегади. Менинг «Кедр»даги хонамда иккита каравот бор.

— «Кедр» дейсизми?

— Ҳа. Мистер Сент-Клернинг уйини шундай деб атайдилар. Бу чигални ечмагунимча унинг уйида яшайман.

— У қаерда?

— Ли яқинидаги Кент деган жойда. Етти миля йўл юришимиз керак.

— Ҳеч нарсага тушунмаяпман.

— Мутлақо табиий. Ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман, ўтиринг… Майли, Жон, сизга рухсат. Мана сизга ярим крон. Мени эртага соат ўн бирларда кутинг. Тизгинни менга беринг. Яхши қолинг.

У отга қамчи урди, биз қоронғи, бўм-бўш, поёнсиз кўчалардан аравани елдириб кетдик ва ниҳоят қандайдир кенг кўприкка етиб бордик, унинг остидан лойқа дарё аста-секин оқар эди. Кўприкнинг нарёғида ҳам ғиштин уйли шундай кўчалар; бу кўчаларнинг сукунатини полициячиларнинг бир маромдаги вазмин қадамлари ва бемаҳал дайдиб юрган ўйинқароқларнинг қўшиқ ҳамда қичқириқларигина бузиб турар эди.

Осмон бўйлаб қора булутлар аста-секин сузар, уларнинг ораларидан гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда хира юлдузлар милтиллаб кўринар эди. Холмс бошини қуйи солганча чуқур ўй суриб, индамай отни ҳайдаб борар, мен эса ёнида ўтирганимча унинг фикри нима билан банд эканлигини пайқашга тиришиб, ўйларини бўлишга журъат қилолмай борар адим. Бир неча миля йўл босиб, шаҳар атрофи боғлари доирасидан ўтаётганимизда у ниҳоят ҳушига келиб, тирпинди-да, трубкасини тутатди.

— Сиз жуда юраги кенг одамсиз, Уотсон, — деди у. — Шу салоҳиятингиз туфайли тенги йўқ ўртоқсиз. Бироқ менга ҳозир шундай одам керакки, токи хунук хаёллардан қутулиш учун у билан гаплашиб кетишим керак. Бу ёқимтойгина жажжи аёл мени остонада қарши олганида унга нима деб жавоб беришимга гарангман.

— Сиз менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқлигини унутиб қўясиз.

— Биз то Лига етиб боргунимизча сизга бор гапни айтиб беришга вақтим етади. Иш жўнгинадек кўринади-ю, ҳолбуки мен унга қандай қилиб қўл уришни билмай турибман. Калаванинг учи кўп, аммо улардан биронтасини қатъият билан ушлаёлмаётибман. Мен сизга ҳаммасини гапириб бераман, Уотсон, балки сиз атрофимизни чулғаб турган бу зулматда йилт этган зиё шуъласини учратиб қоларсиз.

— Гапиринг бўлмаса.

— Бир неча йил муқаддам — аниқроғи, 1884 йилнинг майида — Лида Невилл Сент-Клер деган жентльмен пайдо бўлади, чамаси у пулдор киши эди. У катта бир виллани ижарага олиб, унинг атрофида ажойиб боғ барпо қилади-да, тўраларча айш суриб яшай бошлайди. Бора-бора у қўшнилари билан танишиб, 1887 йилда ўша ердаги пиво пиширувчининг қизига уйланади, ҳозир ундан икки боласи бор. Унинг аниқ бир касби-кори йўқ, аммо кўпгина савдо-сотиқ ишларида иштирок этади. Одатда ҳар куни эрталаб шаҳарга тушиб кетиб, у ердан 5:14 даги поезд билан қайтиб келади. Мистер Сент-Клер ҳозир ўттиз етти ёшда. У камтарона ҳаёт кечиради; бамаъни эр, меҳрибон ота, ҳамсуҳбат бўлган одамлар уни мақтайдилар. Яна шуни илова қилишим мумкинки, унинг атиги саксон саккиз фунту ўн шиллинг қарзи бор, банкдаги жорий ҳисобида эса икки юз йигирма фунт стерлинг пули бор. Бинобарин, пулдан қилинган деб тахмин қилишга ҳеч қандай асос йўқ.

Ўтган душанба куни мистер Невилл Сент-Клер шаҳарга одатдагидан кўра барвақтроқ жўнаб кетаётганида иккита муҳим иши борлигини, ўғлига бир қутича-кубик олиб келишини айтган. Тасодифан ўша душанбада у жўнаб кетиши билан салдан кейин хотини телеграмма олган, телеграммада Эберд кемачилик ширкатида унинг номига кичкина, аммо ғоятда қимматбаҳо совға олингани айтилган, хотин буни анчадан бери кутаётган экан. Агар сиз Лондонни яхши билсангиз, сизга маълумки, бу кемачилик шеркатининг идораси Фреено-стритда жойлашган бир қаноти сиз мени бугун кечқурун қидириб топган Эппер-Суондемленга келиб тақалган. Миссис Сент-Клер нонушта қилгач, шаҳарга тушган, баъзи нарсалар харид қилган, шеркат идорасига кириб совғасини олган, соат тўрту ўттиз беш минутда Суондемлен бўйлаб вокзалга йўл олган. Шу еригача яхши тушуниб келаётган бўлсангиз керак, шундай эмасми?

— Албатта, бунинг ҳеч тушунмайдиган жойи йўқ.

— Агар ёдингизда бўлса, душанбада кун жуда исиб кетган эди, миссис Сент-Клер аста-аста юриб бораркан, атрофига аланглаб кэб қидириб кета бошлаган, чунки бу район унга сира ёқмабди. Шу тариқа Суондемлен бўйлаб кетаётиб у қўққисдан бировнинг қичқирганини эшитиб қолган, аллақандай бир уйнинг иккинчи қаватидаги деразадан қараб турган ерига кўзи тушиб, аъзойи бадани музлаб кетган, назарида эри уни имо-ишоралар билан чақиргандек бўлган. Дераза очиқ экан, у эрининг юзини аниқ кўрган, эрининг юзи ғоятда ҳаяжонлангандек туюлган. Эри унга иккала қўлини чўзиб, гўё биров уни зўрлаб деразадан тортиб олиб кетгандек бирданига ғойиб бўлиб қолган. Бироқ хотиннинг ўткир кўзи эри уйдан кийиб чиқиб кетган ўша қора сюртукда бўлса-да, ёқаси билан галстуги йўқлигини пайқаган. Эрининг бошига бирор фалокат тушганини фаҳмлаб, у зинапоядан пастга югуриб тушган (бу сиз мени кечқурун топган ўша бузуқхона жойлашган уй эди), олдинги хонадан ўтиб бориб, юқори қаватларга олиб чиқадиган зинапояга чиқмоқчи бўлган. Аммо зинапоя олдида мен сизга ҳозир айтиб берган ярамас ласкарга тўқнаш келиб қолган. Ласкар ёрдамчиси кўмагида уни кўчага олиб чиқиб ташлаган. Унинг даниялик бир ёрдамчиси бор. Даҳшатдан эсхонаси чиқиб кетган хотин кўча бўйлаб югурган, бахтига, Фресно-стритда инспектор бошчилигида айланиб юрган полициячиларни учратиб қолган.

Инспектор икки констебль билан миссис Сент-Клернинг орқасидан эргашиб келган, уй эгасининг қаттиқ қаршилик кўрсатишига қарамай, улар хотин деразасидан эрини кўрган хонага кириб боришга муваффақ бўлишган. Аммо уни хонадан топишолмаган. Ўша қаватда бадбашара бир майриқдан бошқа ҳеч кимни учратишолмабди. У майриқ ўша ерда яшаса керак. У ҳам, ласкар ҳам бу ерда бошқа ҳеч ким яшамайди, деб қаттиқ туриб олишибди. Улар ҳамма нарсани шу қадар қатъий инкор қилишибдики, инспектор, миссис Сент-Клер янглишмадимикан, деб гумон қила бошлаган экан ҳамки, хотин қичқириб юбориб столда турган кичикроқ тахта қутичага ташланибди-да, жон ҳолатда унинг қопқоғини очибди. Қутичадан болалар ўйнайдиган кубиклар тўкилибди. Бу эри шаҳардан олиб келишни ваъда қилган ўйинчоқ экан.

Бу топилдиқ топилиши билан майриқнинг бирдан ҳижолат бўлишидан инспектор ишнинг жиддийлигига қаноат ҳосил қилибди. Хоналарни синчиклаб тинтишибди, тинтув натижасида қабиҳ бир жиноят очилибди.

Бу квартиранинг жиҳози албатта ғарибона. Олдинги хона меҳмонхона хизматини ўтайди, унинг ёнида чоғроққина ётоқхонаси жойлашган, унинг деразаси кемасозлик корхоналаридан бирининг орқа томонига қараган. Кемасозлик корхоналари билан ётоқ деразаси ўртасида торгина канал бўлиб, у сув пасайганда қуриб қолади, сув кўтарилганда эса тўрт ярим фут баландликда сувга тўлади. Ётоқнинг деразаси сербар, пастдан очилади.

Кўздан кечириш вақтида дераза рафида қон излари топилган; шунингдек, ёғоч полда ҳам бир неча қон доғлари топилгач. Олдинги хонадаги парда орқасидан мистер Невилл Сент-Клернинг ҳамма кийимларини топиб олишган. Унинг пиджагигина топилмаган. Ботинкаси, пайпоғи, шляпаси, соати — ҳаммаси шу ерда экан.

Кийимида ҳеч қандай зўрлик асоратини кўришмаган. Аммо мистер Невилл Сент-Клернинг ўзи изсиз ғойиб бўлган. У деразадангина ғойиб бўлиши мумкин экан, дераза рафидаги машъум қонли доғлар унинг сувдан сузиб ўтиб жон сақлаб қолганига ишониш амри маҳол эканлигини яққол кўрсатиб турган, қолаверса, фожиа содир бўлган соатда сув сатҳи жуда баланд кўтарилган. Энди диққатимизни шубҳа остига олинаётган ярамасларга бурамиз. Ласкар ўтмиши қоронғи одам, аммо биз миссис Сент-Клерни хикоясидан биламизки, унинг эри деразада кўринганидан бир неча лаҳзадан сўнг ласкар пастда бўлган, бинобарин, уни жиноятнинг иштирокчисигина деб ҳисоблаш мумкин. У бу ишга даҳли борлигини мутлақо инкор этмоқда. Айтишига қараганда, у уйида истиқомат қилиб турадиган Хю Буннинг умуман нима билан шуғулланишидан мутлақо бехабармиш. Ғойиб бўлган жентльменнинг кийми бу хонада пайдо бўлиши уннг учун бир жумбоқ эмиш.

Уй эгаси ласкар тўғрисида маълум бўлган ҳамма гап шу. Энди бузуқхона тепасидаги кккинчи қаватда яшайдиган, Невилл Сент-Клерни охирги марта кўрган киши эканлиги муқаррар бўлган тунд башара майриққа келайлик. Унинг оти Хю Бун, Ситида ўқтин-ўқтин бўлиб турадиган ҳар бир кимса ҳам унинг қўрқинчли афтини яхши билади. Унинг касби тиланчилик, дарвоқе, полиция қонун-қоидаларига чап бериш учун гугурт сотаётган киши қиёфасига кириб ўтиради.

Бир эмас, бир неча бор пайқаган бўлсангиз керак, Тред-Нидл-стритнинг чап томонида токчага ўхшаган жой бор. Бу токчада бир майиб чордана қуриб, тиззаларига бир неча гугурт қути териб қўйганча ўтиради; уни кўрганларнинг раҳми келади, олдидаги тош кўчада ётган кир чарм кепкасига хайр-эҳсон ёмғир бўлиб ёғилади. Мен уни жуда кўп кузатганман, аммо бир кунмас-бир кун у билан жиноятчи сифатида танишишим мумкинлиги хаёлимга ҳам келмаган, бирпасда унинг анча-мунча пул ишлаб олишига ҳамиша таажжубланар эдим. Унинг қиёфаси шундай аломатки, олдидан ҳеч ким унга бир қарамай ўтиб кетолмайди.

Қизғиш-малла сочи, қуйи учи юқориги лабини иккига ажратиб турган мудҳиш тиртиқли, япасқи энгаги ва қора ўткир кўзлари — буларнинг ҳаммаси уни жўнгина тиланчилар тўдасидан ажратиб турарди. Олдидан ўтиб кетаётиб унга тегажаклик қилмоқчи бўлган ҳар кимсани ўша заҳотиёқ аччиқ-аччиқ ҳазил гаплар билан узиб олади.

Шубҳали такяхонанинг юқори қаватида яшайдиган бу одам шундай… Биз қидираётган жентльменни ундан кейин ҳеч ким кўрмаган.

— Аммо у майриқ-ку, ахир! — дедим мен. — Бир ўзининг шундай бақувват, яғриндор йигитга қандай кучи етиши мумкин?

— Унинг оёғигина майиб, юрганида бир оз оқсоқланади, умуман эса басаломат полвон. Сиз, Уотсон, албатта медик сифатида биласизки, кишининг бир мучаси заиф бўлса, бунинг эвазига бошқа мучалари ғоятда бақувват бўлади.

— Марҳамат, ҳикоянгизни давом эттиринг.

— Деразадаги қонни кўргач, миссис Сент-Клер ҳушидан кетаёзган, уни полициячи ҳамроҳлигида унга жўнатганлар, чунки бундан кейинги текширишда унинг иштирокига эҳтиёж бўлмаган. Бу ишни олиб боришни ўз зиммасига олган инспектор Бартон бузуқхонани бошдан-оёқ синчиклаб тинтиб чиққан, аммо ҳеч қандай янги нарса тополмаган. Хато қилиб қўйишган: Бунни дастлабки дақиқадаёқ қамоққа олишмаган, бу билан бир зум дўсти ласкар билан бир-икки оғиз сўзлашиб олиш имконини берганлар. Бироқ бу хато тез орада тузатилган: Бунни ушлаб олиб, ён-верини тинтиганлар. Лекин тинтув унга қарши ҳеч қандай далиллар бермаган. Тўғри, кўйлагининг ўнг енгида қон излари топилган, у полициячиларга жимжилоғини кўрсатган, унинг тимоққа яқин жойи кесилган экан, дераза рафидаги қон ҳам шу ярадан томган бўлса керак, чунки бармоғимдан қон оқаётганида дераза олдига борган эдим, деган. У, мистер Сент-Клерни ҳеч қачон кўрган эмасман, деб тонган, ўша жентльменнинг кийими бу хонада пайдо бўлиб қолганлиги полиция учун қандай сир бўлса, мен учун ҳам шундай сир, деб туриб олган. Унга миссис Сент-Клернинг эрини унинг хонаси деразасидан кўрганини айтганларида, у, хотинга эси чиқиб кетганидан ёки хаёлида шундай кўринган бўлса керак, деган. Бунни полиция маҳкамасига олиб боришган. У бақириб-чақириб қаршлик билдирган. Инспектор канал тагидан қандай бўлмасин янги далиллар топиш мақсадида сувнинг қайтишини кутиб қолган. Дарҳақиқат, канал тагидаги ёпишқоқ балчиқдан юраклари пўкиллаб нарсани эмас, мутлақо бошқа нарсани топишган. Сув қайтгач, улар, Невилл Сент-Клерни эмас, Невилл Сент-Клернинг пиджагини топишган. Сиз нима деб ўйлайсиз, пиджагининг чўнтагидан нималар топишган?

— Тасаввур қилолмайман.

— Мен, сиз айтиб берасиз, деёлмайман ҳам. Ҳамма чўнтаклари пенни, ярим пенни пуллар билан тўла эмиш — тўрт юз йигирмата бир пеннилик, икки юз етмишта ярим пеннилик чақа чиқибди. Сув қайтаётганида пиджакни оқизиб кетмаганига таажжубланмаса ҳам бўлади. Жасад бўлса — бошқа гап эди. Уй билан кемасозлик корхоналари ўртасида сув жуда тез оқади. Сув жасадни дарёга оқизиб кетганига ишонса бўлади, айни бир вақтда эса оғир пиджак сув тагида қолиб кетган.

— Аммо, янглишмасам, қолган ҳамма кийимларини хонадан топишибди-ку. Наҳотки марҳумнинг устида пиджагигина бўлган бўлса?

— Йўқ, сэр, бунинг сабабларини топиш мумкин. Фараз қилайлик, Бун Невилл Сент-Клерни деразадан улоқтирган, буни ҳеч ким кўрмаган. Шундан кейин у нима қилиши мумкин эди? Табиийки, биринчи навбатда у ўзини фош қилиб қўйиши мумкин бўлган кийимдан қутулишга уринади. У пиджакни олиб, деразадан улоқтириб юбормоқчи бўлади-ю, аммо пиджак чўкмай сув юзида қалқиб сузиб юриши мумкинлигини эслаб қолади. У жуда шошиб қолади, чунки зинапоядаги тўполонни, Сент-Клер хотинининг, эримни оголдига кираман, деб талаб қилаётганини эшитади, қолаверса, шериги ласкар уни полиция келиб қолганидан огоҳлантирган бўлса ҳам ажаб эмас. Бир дақиқа фурсатни ҳам қўлдан бериши мумкин эмас. У тиланчиликдан топганлари яшириб қўйилган хилват бурчакка ташланади, пиджакнинг чўнтакларига қўлига тушиб қолган чақаларни жойлайди. Шундан сўнг у пиджакни улоқтириб юборади, бошқа буюмларни ҳам улоқтириб юбормоқчи бўлади-ю, аммо зннапоядан одим товушларини эшитгач, полиция кириб келмасидан деразани ёпишга аранг улгуради.

— Бунга ақл бовар қилмайди.

— Бошқа фаразимиз бўлмагани учун буни хомаки гипотеза сифатида қабул қиламиз… Ҳали айтиб ўтганимдек, Бунни маҳкамага олиб келадилар. Унинг ўтмиши асосан бенуқсон эди. Рост, кўп йиллар мобайнида касби тиланчи одам сифатидагина маълум бўлса-да, аммо тинч-осойишта яшар, бирон ножўя иш қилгани маълум эмас эди.

Айни пайтда бу иш мана шу аҳволда. Кўриб турибсизки, Невилл Сент-Клернинг бу такяхонада нима қилгани, у ерда унга нима бўлгани, ҳозир қаердалиги, ғойиб бўлишига Хю Буннинг қандай алоқаси борлиги хақидаги масалалар ҳамон ечилмай турибди. Эътироф этишим керакки, ўз фаолиятим давомида, биринчи қараганда бу қадар оддий кўриниб, аслида эса шунчалик мушкул бўлган ҳодисани эслаёлмайман.

Шерлок Холмс менга бу ажойиб воқеаларни батафсил сўзлаб бераркан, биз каттакон шаҳар қасабасидан ўтиб кетдик, охирги уйлар ортда қолди, икки томонидан қишлоқ четан деворлари чўзилиб кетган йўлдан борардик. Қишлоққа кириб борган пайтимизда унинг ҳикояси ҳам тамом бўлди. Унда-бунда деразалардан чироқлар милтиллаб кўринарди.

— Лига кириб боряпмиз, — деди ошнам. — Бу қисқагина сафаримиз давомида биз Англиянинг учта графлигида бўлдик: Миддлсексдан чиқиб, Серрининг бир четини босиб ўтиб, Кентга кириб келдик. Дарахтлар орасидаги анави шуълаларни кўряпсизми? Бу «Кедр». У ерда чироқ олдида бир хотин ўтирибди, унинг динг қулоғи отимиз туёғининг дупурини аллақачон эшитган бўлса ҳам ажаб эмас.

— Бу ишни олиб бориш учуп сиз нима сабабдан Бейкер-стритда эмас, бу ерда яшаяпсиз? — деб сўрадим мен.

— Шунинг учунки, кўп нарсаларни шу ерда текшириб аниқлашга тўғри келади… Миссис Сент-Клер илтифот билан менинг ихтиёримга икки хона ажратиб берди, амин бўлишингиз мумкинки, у менинг қидиришларимда ёрдам берадиган дўстимга бажонидил меҳмондўстлик изҳор қилади. О, у билан учрашиш менга нақадар оғир, Уотсон, ҳозирча унга эри ҳақида бирон янги хабар айтишдан ожизман! Келдик, дирр!

Биз атрофи боғ билан ўралган каттакон вилла олдига келиб тўхтадик. Отни қаршимиздан югуриб чиққан отбоқарга топшириб, Холмс икковимиз шағал тўкилган торгина йўлкадан уйга қараб кетдик. Яқинлашишимиз билан эшик очилиб, остонада пушти шифон билан жимжимадор қилиб безатилган оқ тусли шоҳи кўйлак кийган малла сочли кичкинагииа жувон пайдо бўлди, у бир қўли билан эшикни ушлаб турарди, иккинчи қўлини эса сабрсизлик билан кўтарди; олдинга энгашиб, лаблари очилиб бизга кўз узмай тикилар, бутун важоҳат билан, нима янгилик топиб келдинглар, деяётгандек эди.

— Хўш? — деб баланд овоз билан сўради у.

Икки киши эканимизни кўргач, қувончдан қичқириб юборди. Аммо ўртоғим бош чайқаб кифтини қисгач, қичқириш фарёдга айланди.

— Бирон яхши гап топиб келдингизми?

— Йўқ.

— Хунукроқ гап-чи?

— Йўқ.

— Бунисига ҳам шукур. Кирсанглар-чи. Куни бўйи машаққат чеккансиз, чарчаган бўлсангиз керак.

— Бу менинг дўстим, доктор Уотсон. Кўпгина текширишларимда кўп фойдаси теккан, омадим ёр бўлиб, уни бу ерга олиб келишга муваффақ бўлдим, қидириш ишларимизда унинг ёрдамидан фойдаланмоқчиман.

— Хуш келибсиз, — деди жувон самимият билан қўлимни сиқаркан. — Уйимиз сизга файзсиз кўринмаса деб қўрқаман. Оиламиз бошига қандай ногаҳоний кулфат тушганини биласиз-ку…

— Хоним, — дедим мен, мен йўл азобига кўникиб кетган истеъфодаги солдатман, хулласкалом, борди-ю солдат бўлмаган тақдиримда ҳам, мендан узр сўраб ўтиришингизнинг ҳеч ҳожати йўқ. Сизга ёки дўстимга бирор фойдам тегса ўзимни бахтли деб ҳисоблардим.

— Мистер Шерлок Холмс, — деди у. Яхна овқат тайёрлаб қўйилган ёп-ёруғ емакхонага олиб кираркан, — мен сизга очиқчасига бир неча савол бермоқчиман, илтимос қиламанки, сиз ҳам уларга тўғри, очиқча жавоб берсангиз.

— Марҳамат, хоним.

— Менинг ҳисларимдан андиша қилиб ўтирманг. Дод ҳам солмайман, ҳушимдан ҳам кетиб қолмайман. Фақат сизнинг ҳақиқий, чинакам фикрингизни билмоқчиман.

— Нима ҳақида?

— Невиллнинг тирик эканлигига кўнглингиз ишонадими?

Шерлок Холмс, афтидан, бу саволдан хижил бўлди.

— Очиғини айтаверинг, такрорлади жувон, гиламда турганича Холмснинг юзига тикиларкан.

— Очиғини айтсам, хоним, ишонмайман.

— Сиз уни ўлган деб ўйлайсизми?

— Ҳа, шундай деб ўйлайман.

— Ўлдирилганми?

— Мен бундай демоқчимасман.

— У қайси куни ўлган?

— Душанба куни.

— У тақдирда, мистер Холмс, менга тушунтириб берсангиз, эримдан бугун мана бу хатни қандай қилиб олишим мумкин эди?

Шерлок Холмс худди электр токи ургандек креслодан сапчиб турди.

— Нима-нима? — деб қичқириб юборди у.

— Ҳа, шу бугун.

Жувон қўлида бир варақ қоғоз ушлаганча жилмайиб турарди.

— Ўқиб кўрсам бўладими?

— Марҳамат.

У хатни жувоннинг қўлидан юлқиб олиб, столга ёзди-да, текислаб, диққат билан кўздан кечира бошлади. Мен креслодан туриб бориб, унинг елкаси оша қараб турдим. Маҳкамаларга хос оддийгина конверт, конвертга Гревзенд почтасининг штемпели; штемпелда — бугунги, ёки, тўғрироқғи кечаги кун кўрсатилган, чунки вақт ярим кечадан оғган эди.

— Қўпол дастхат, — дея минғиллаб қўйди Холмс. Аминманки, бу дастхат эрингизники эмас, хоним.

— Ҳа, конвертдаги бегона дастхат, аммо ичидагиси эримнинг дастхати.

— Конверт устидагиларни ёзган одам сизнинг адресингизни суриштиришга мажбур бўлган.

— Буни қаёқдан биласиз?

— Кўриб турибсизки, конвертдаги ном рангининг тўқлиги билан ажралиб турибди, чунки унинг сиёҳи ўзи қуриган. Адреснинг ранги эса очроқ, чунки унга босма қоғоз босилган. Борди-ю, конверт устидаги ёзув бирдан ёзилиб унинг ҳаммасига босма қоғоз босилса, у тақдирда ҳамма сўзлар ҳам оч тусда бўларди. Бу одам конвертга аввал сизнинг номингизни ёзган, бир қанча вақт ўтгандан кейин эса тагига адресингизни ёзиб қўйган, бундан шу хулосага келиш мумкинки, адрес аввал унга маълум бўлган эмас. Албатта, бу арзимайдиган нарса, аммо менинг касбимда арзимайдиган нарсалардан кўра муҳимроқ нарса бўлмайди. Хатни бир кўриб берай-чи… Ҳа! Ичига бир нарса солинган экан.

— Ҳа, узук бор экан. Унинг муҳрли узуги.

— Бу эрингизнинг дастхати эканлигига аминмисиз?

— Унинг дастхатларидан бири.

— Дастхатларидан бири?

— Шошилиб ёзадиган вақтидаги дастхати. Одатда у бутунлай бошқача ёзади, аммо унинг бу дастхати ҳам менга яхши таниш.

— «Азизим, ташвишланма. Ҳаммаси яхшилик билан тугайди. Бир хато юз берди, буни тузатиш учун бир оз вақт керак бўлади. Сабр билан кут. Невилл»… Китобдан йиртиб олинган бир варақ қоғозга қалам билан ёзилган, қоғозда ҳеч қандай шартли белгилар ҳам йўқ. Ҳм!.. Бугун Гревзенддан бошмалдоғига бир нарса теккан одам жўнатган. Ҳм!.. Агар янглишмасам, конвертни елимлаган одам тамаки шимади… Сиз бу эрингизнинг дастхати эканлигига аминмисиз, хоним?

— Аминман. Бу хатни Невилл ёзган.

— Хат шу бугун Гревзенддан жўнатилган. Нима ҳам дедик, миссис Сент-Клер, булутлар тарқалмоқда, зотан, мен хавф-хатар бартараф бўлди деб айтолмайман.

— Ҳар қалай, у тирик экан, мистер Холмс!

— Бу бизни чалғитиб нотўғри изга солиб юбориш учун ишлатилган маккорона қаллоблик бўлмаса бўлгани. Узукка ишониш амри маҳол. Узукни ундан тортиб олган бўлишлари мумкин.

— Аммо бу унинг ўз, ўз дастхати-ку!

— Дуруст. Борди-ю, хат душанба куни ёзилиб, бугунгина жўнатилган бўлса-чи?

— Шундай бўлиши ҳам эҳтимол.

— Бу муддат ичида кўп нарсалар содир бўлган бўлиши мумкин.

— О, мени қувончимдан маҳрум қилманг, мистер Холмс! Биламан, унга ҳеч нарса бўлган эмас. Биз у билан шу қадар яқинмизки, агар унинг бошига чиндан ҳам кулфат тушса, мен албатта сезган бўлардим. Ғойиб бўлишидан бир кун олдин у бехосдан бармоғини кесиб олди. Шу пайт мен емакхонада, у ётоқхонада эди, унга бир нарса бўлганини дарров сезиб олдига югуриб чиқдим. Менга шундай арзимаган бир нарса ҳам таъсир қилса-ю, наҳотки мени, унинг ўлганини билмай қолган, деб ўйласангиз!

— Мен кўпни кўрган тажрибали одамман, баъзан аёлларнинг бевосита зийрак туйғулари ҳар қандай мантиқий хулосалардан қимматлироқ бўлишини биламан. Бу хат ҳам, албатта, сизнинг ҳақ эканлигингизни тасдиқловчи муҳим шоҳид бўлиб турибди. Бироқ агар мистер Сент-Клер ҳаёт экан, агар у сизга хат ёзишга қодир экан, нима сабабдан ҳозир ёнингизда эмас.

— Билмадим. Бунга ақлим ҳам бовар қилмаяпти.

— Душанба куни жўнаб кетаётиб, сизни ҳеч нарса деб огоҳлантирганмиди?

— Йўқ.

— Сиз уни Суондем-ленда кўрганингизда жуда таажжубландингизми?

— Жуда.

— Дераза очиқмиди?

— Ҳа.

— Сизни деразадан туриб чақириши мумкинмиди?

— Ҳа.

— Ҳолбуки, пайқашимча, у алланарса деб қичқириб юборибди-ку, шундайми?

— Ҳа.

— Сиз, у мени ёрдамга чақиряпти, деб ўйладингизми?

— Ҳа, у менга қўлларини силтади.

— Балки у кутилмаган нарсани кўрганидан қичқириб юборгандир. Сизни кўриб қолганидан таажжубланиб чапак чалиб юборгандир.

— Эҳтимол.

— Назарингизда уни деразадан тортқилаб олиб келишгандай бўлдими?

— У бирданига ғойиб бўлиб қолди…

— У ўзини орқага ташлаган бўлиши мумкин. Сиз хонада ундан бошқа ҳеч киррми кўрмадингизми?

— Ҳеч кимни. Аммо ўша бадбашара тиланчи Невиллнинг ўша ерда бўлганига иқрор бўлди-ку. Ласкар бўлса пастда, зинапоянинг олдида турарди.

— Жуда тўғри. Кўрган бўлсангиз, эрингиз одатдагидай кийинганмиди?

— Ёқаси ҳам, галстуги ҳам йўқ эди. Бўйнида ҳеч нарса йўқлигини аниқ кўрдим.

— У сиз билан Суондем-лен ҳақида ҳеч гаплашганмиди?

— Ҳеч қачон…

— Сиз унинг афюн чекишини кўрсатадиган бирон белгини кўрганмидингиз сира?

— Ҳеч қачон.

— Минатдорман, миссис Сент-Клер. Бу мен тўла-тўкис билмоқчи бўлган асосий нуқталар. Энди биз овқатланиб, кириб дам оламиз. Негаки, эртага кўп елиб югурсак ажаб эмас.

Бизнинг ихтиёримизга иккита каравот қўйилган, кенг, қулай хона берилган эди, мен дарров ёта қолдим, чунки тунги оворагарчиликлар чарчатиб қўйган эди. Аммо Шерлок Холмс биронта ечилмаган масала бўлса уни ўйлаб, фактларни таққослаб, уларни турли нуқталардан кўздан кечириб то ҳал қилмагунча ёки ўзи янглиш йўлда турганига қаноат ҳосил қилмагунча бир неча кеча-кундузлаб, ҳатто ҳафталаб ухлаёлмас эди. Мен тез орада унинг туни бўйи ухламай ўтириб чиқмоқчи эканини пайқадим. У пиджаги билан нимчасини ечди-да, кенг-ковул кўк халатини кийиб, каравот, кушетка ва креслолардаги ёстиқларни бир ерга уя бошлади. Бу ёстиқлардан у ўзига шарқча диванга ўхшаган бир нарса ясади-да, унинг устига чиқиб, чордана қуриб ўтирди, олдига бир қути тамаки билан гугурт қўйиб олди. Чироқнинг хира ёруғида оғзидаги эски трубкасидан паға-паға мовий тутун таратиб шифтга фаромушгина кўз тикканча сассиз, ҳаракатсиз ўтирганини кўрдим, шула унинг бургут тақлид қиёфасини ёритиб турарди.

Мен уйқуга кетаётганимда қандай ўтирган бўлса, хонага эрталабки қуёш нури тушган пайтда унннг туйқусдан қичқириб юборишидан уйғониб кўзимни очарканман, у ҳамон ўшандай ўтирарди. Трубкаси ҳамон оғзида, тутун ҳамон буруқсаб кўтарилиб турар, хона тамаки дудига тўлган, кечқурун кўрганим бир қути тамакидан эса ҳеч нарса қолмаган.

— Уйғондингизми, Уотсон? — деб сўради у.

— Ҳа.

— Айланиб келишни хоҳлайсизми?

— Жоним билан.

— Бўлмаса кийининг. Ҳали уйдагиларнинг ҳаммаси уйқуда. Аммо отбоқарнинг қаерда ётишини биламан, ҳозир бизга коляскани қўшиб беради.

Шундай деркан кулиб қўйди; кўзлари чарақлар, у мен кеча кўрган тунд кишига сира ҳам ўхшамас эди.

Кийинаётиб, соатга қарадим. Ҳали уйдагиларнинг ҳаммаси ухлаб ётганига таажжубланмаса ҳам бўлади: тўртдан йигирма беш минут ўтган эди. Кийиниб бўлишим билан Холмс кириб, отбоқар отни қўшганини айтди.

— Мен ўзимнинг бир назариямни текшириб кўрмоқчиман, — деди у ботинкасини кияётиб. — Сиз, Уотсон, қаршингизда Европада яшаб турган энг буюк тентаклардан бирини кўриб турибсиз! Мен кўрсичқондек гумроҳ эканман. Мени шунақа бир тепиш керак эканки, бу ердан Черинг-кроссга бориб тушишим керак экан! Аммо энди бу жумбоғнинг калитини топдим шекилли.

— Қани ўша калитингиз? — деб сўрадим жилмайиб.

— Ваннахонада, — деб жавоб берди Холмс. — Йўқ, Ҳазиллашаётганим йўқ, — дея давом этдирди у гапини, менинг ишонқирамай қараб турганимни пайқаб. — Аллақачон ваннахонага кириб, уни олиб мана бу чамадончага яшириб қўйдим. Бориб кўрайликчи, дўстим, бу калит қулфга тўғри келармикин.

Биз мумкин қадар оҳиста қадам босишга ҳаракат қилиб, зинапоядан пастга тушдик. Ташқарида эрталабки қуёш ёрқин нур сочмоқда эди. Дарвоза олдида бизни коляска кутмоқда, отбақар эса қўшилган отнинг жиловидан тутиб турар эди. Биз экипажга чиқиб, Лондон йўли бўйлаб ғизиллаганча кетдик. Аҳён-аҳёнда пойтахтга сабзавот олиб бораётган аравалардан ўтиб кетардик, аммо атрофдаги боғлар жимжит — ҳамма ёқ сеҳрланган шаҳардагидек уйқуда.

— Баъзи жиҳатлардан олиб қараганда бу мутлақо бошқача иш, — деди Холмс, отни чоптираркан. — Иқрор бўлай, мен кўрсичқондек гумроҳ эканман, ақлнинг ҳеч кирмаганидан кеч киргани ҳам дуруст.

Биз шаҳарга Серри томондан кириб бордик. Деразаларда ҳозиргина уйғонган одамларнинг уйқули юзлари кўрина бошлади. Биз Ватерлоо кўприги орқали дарёдан ўтиб, ўнгдаги Веллингтон-стритга бурилиб, Бау-стритга бориб етдик. Шерлок Холмсни полиция бошқармасида яхши танир эдилар, биз яқинлашарканмиз, икки констебль уни қўлларини чаккаларига олиб бориб қутлашди. Улардан бири отнинг жиловини ушлади, иккинчиси эса бизни ичкарига бошлаб кирди.

— Навбатчи ким? — деб сўради Холмс.

— Инспектор Бредстрит, сэр.

Тоштахта ётқизилган йўлакдан қаршимизга тўла-тўкис форма кийган, тўладан келган новча полициячи чиқиб келди.

— Ҳа, Бредстрит! Аҳволларингиз қалай? Мен сиз билан гаплашмоқчи эдим, Бредстрит.

— Марҳамат, мистер Холмс. Менинг хонамга кира қолинг.

Хона идорага ўхшарди: столда ёзувлар олиб бориладиган каттакон дафтар, деворда телефон. Инспектор столга ўтирди:

— Хизмат, мистер Холмс?

— Сиздан мистер Невилл Сент-Клернинг ғойиб бўлиши ҳақидаги ишга алоқаси бор тиланчи тўғрисида сўрамоқчи эдим.

— Уни қамоққа олиб, сўроқ қилиш учун бу ерга олиб келдик.

— Биламан. У шу ердами?

— Камерада.

— Тўполон қилаётгани йўқми?

— Йўқ, ўзини осойишта тутяпти. Аммо бу ярамас шу қадар кир-яғирки!

— Кир-яғир?

— Ҳа. Қўлини ювишга аранг кўндирдик, юзи бўлса мисгарнинг юзидек қопқора. Тергов тугасин-чи, турма ваннасига бир карра тушиши бор! Агар сиз уни бир кўрсангиз, менинг фикримга қўшилардингиз.

— Мен уни куришни жуда истардим.

— Ростданми? Бу қийин иш эмас. Орқамдан юринг. Чамадончангизни шу ерда қолдиришингиз мумкин.

— Йўқ, уни ўзим билан олакетаман.

— Дуруст. Бу ёққа марҳамат қилинг.

У ёпиқ турган эшикни очиб, айланма зинапоядан бизни пастдаги деворлари оқланган йўлакка олиб тушди. Ўнг ва чап томонларда қатор-қатор кетган эшиклар.

— Унинг камераси — ўнгдан учинчиси, — деди инспектор. — Мана шу ерда.

У эшикнинг юқори қисмидаги тахтачани оҳиста суриб, туйнукдан қаради.

— Ухлаб ётибди, — деди у. — Уни яхшилаб кўриб олишингиз мумкин.

Биз панжарадан мўраладик. Маҳбус аста-секин ва оғир нафас олганча қаттиқ ухларди. Унинг юзи бизга кўриниб турарди. Бу ўрта бўй бир эркак бўлиб, ҳамма гадойларга ўхшаб расво кийинган: жулдур пиджагининг йиртиқларидан рангдор кўйлагининг увадалари чиқиб турарди. У дарҳақиқат, ғоят кир-яғир, ҳаттоки юзини қоплаб турган қалин кир қатлами ҳам унинг бадбашара қиёфасини яширолмасди. Кўзи яқинидан энгагигача сербар чандиқ тушиб келган, устки лабидаги қийтиқ тиртиқдан учта тиши иржайиб кўрпниб турибди. Бир тутам сапсариқ сочи пешанаси билан кўзларига тушиб турарди.

— Жуда чиройли-я, нима дедингиз? — деди инспектор.

— У ювиниши керак, — деб қўйди Холмс — Мен буни илгарироқ пайқаган эдим, шу сабабдан керакли асбобларни ола келганман.

У чамадончани очди-да, бизни ҳайратда қолдирди, ундан каттагина бир ишқалагич олди.

— Ҳе-ҳе, ҳазилкаш экансиз-ку! — деб кулиб юборди инспектор.

— Мумкин бўлса, бизга эшикни оҳиста очиб берсангиз, биз уни бирпасда ажабтовургина одам башара қилиб қўямиз.

— Хўп бўлади, — деди инспектор. — Бўлмаса у чиндан ҳам бизнинг турмамизга иснод келтиряпти.

Инспектор эшикни очди. Учаловимиз камерага шарпа чиқармай кирдик. Маҳбус қимирлаб қўйди-ю, лекин дарҳол яна ҳам қаттиқроқ ухлаб қолди. Холмс қумғоннинг олдига бориб, ишқалагичини ҳўллади-да, маҳбуснинг юзига икки марта куч билан ишқалади.

— Сизларни Кент графлигидаги Ли қишлоғида яшайдпган мистер Невилл Сент-Клерга таништиришга рухсат этгайсизлар! — деб хитоб қилди Холмс.

Мен бунақа ҳодисани умрим бино бўлиб кўрмаган эдим. Маҳбуснинг юзи дарахтнинг пўстлоғи кўчиб тушгандек шилиниб тушди. Офтобда куйиш натижасида пайдо бўлган қўнғирлик йўқолди. Юзини ҳиялаб кесиб ўтган мудҳиш чандиқ ҳам, лабининг тиртиғи ҳам ғойиб бўлди. Тишларининг хунук иржайиб туриши ҳам барҳам эди. Холмснинг бир қўл ҳаракати билангина малла паҳмоқ сочлари ҳам йўқолди, қаршимизда сочлари қоп-қора, териси нозик, рангсиз, ғамгин, латиф бир киши пайдо бўлди-қолди, ҳали уйқуси тўла ёзилмаган бу одам кўзларини ишқаб бизга таажжуб билан тикилганча тўшакда ўтирарди. Қўққисдан у нималар содир бўлаётганини англаб қолди-ю, додлаганича бошини ёстиқ остига тиқди.

— Ё раббий, — деб қичқириб юборди инспектор, — йўқолган одамнинг ўзгинасику! Мен уни биламан, суратини кўрганман!

Маҳбус тақдирга тан беришга мажбур бўлган одамдек умидсиз бир қиёфада бизга ўгирилди.

— Бўлар иш бўлди! — деди у. — Сизлар мени бу ерда нега ушлаб турибсизлар?

— Мистер Невилл Сент-Клерни ўлдирганингиз учун… Туф-е! Энди сизни одам ўлдиришда айблаш мумкин эмас. Сизни ўзингиз ўзингизга суиқасд қилмоқчи бўлганингизда айблашлари мумкин, деди инспектор кулимсираб. Йигирма етти йилдан бери полицияда хизмат қиламан, аммо бунақа ҳодисани сира ҳам кўрган эмасман.

— Модомики, мен мистер Невилл Сент-Клер эканман, демак жиноят содир бўлмаган, бинобарин, мен қонунга хилоф равишда қамоққа олинганман.

— Жиноят қилинмаган-у, аммо катта хатога йўл қўйилган, — деди Холмс. — Сиз хотинингизга сирингизни айтмай чакки қилгансиз.

— Гап хотинимда эмас, болаларимда, — деди қизишиб маҳбус — Мен уларнинг оталаридан ор қилишларини истамаган эдим. Э раббий, қандай шармандалик! Энди нима қиламан?

Шерлок Холмс унинг ёнига, каравотга ўтириб, мулойимлик билан кифтига қоқиб қўйди.

— Агар сиз бу ишингизнинг судда кўрилишига йўл қўйсангиз, эл оғзига тушиб кетишдан қочолмайсиз, албатта, — деди у. — Борди-ю, агар сиз полицияни ҳеч қандай гуноҳингиз йўқлигига ишонтиролсангиз, унда газеталар ҳамма нарсадан бехабар қоладилар. Инспектор Бредстрит сизнинг берган шоҳидликларингизни ёзиб олиб, уни тегишли маъмурларга топшириши мумкин, у тақдирда иш судгача бориб этмайди.

— О, сиздан ғоятда миннатдорман! — дея қичқириб юборди маҳбус. — Бадбахт сирим очилиб болаларимни иснодга қўймаслик учун мен қамоққа ҳам, хатто ўлим жазосига ҳам жон-жон деб рози бўлардим! Менинг саргузаштимни биринчи эшитаёган сизлар…

Отам Честерфилдда муаллим эди, у ерда тўла-тўкис билим олдим. Ёшлигимда кўп саёҳат қилдим, саҳнада ўйнадим, ниҳоят, Лондондаги кечки газеталардан бирининг мухбири бўлиб қолдим. Бир куни редакторимга пойтахтдаги тиланчилик ҳақида бир сидра очерклар зарур бўлиб қолди. Уларни мен ёзадиган бўлдим. Менинг ҳамма саргузаштларим худди шундан бошланди.

Очеркларим учун зарур бўладиган фактларни топиш мақсадида тиланчиларга ўхшаб кийиниб гадойчилик қила бошладим. Артистлик вақтимдаёқ грим қила билиш маҳоратим билан машҳур эдим. Энди шу маҳоратим иш бериб қолди. Мен афт-башарамни бўядим, одамларнинг кўпроқ раҳмларини келтириш учун юзимга чандиқ чиздим, тери тусидаги малҳам ёпиштириб лабимни тиртиқ қилиб бир оз дўрттайтириб қўйдим. Кейин устимга жулдур кийим, бошимга ясама соч кийиб Ситининг энг гавжум жойига ўлтириб олдим-да, гугурт сотиш баҳонасида хайр сўрай бошладим. Ўрнимдан қўзғалмай етти соат ўтирдим, кечқурун уйга қайтиб келгач, йигирма олти шиллингу тўрт пенс топганимни кўриб ғоятда ҳайратландим.

Мен очеркларимни ёздим, бу воқеа эсимдан ҳам чиқиб кетди. Аммо бир оз вақт ўтгандан кейин менга вексел кўрсатишди. Унга биноан мен ошнам учун йигирма беш фунт пул тўлашга кафил бўлган эдим. Бу пулни қаёқдан олишга ақлим ҳам етмай турган эди, бирдан миямга ажойиб бир фикр келиб қолди. Олғудордан икки сафтача кутиб туришини илтимос қилиб, ишхонамда отпуск олдимда, уни Ситида хайр сўраб ўтказдим. Ўн кун мобайнида зарур маблағни тўплаб, қарзни тўладим. Энди ўзларингиз ўйлаб кўринглар, афт-башарангга бўёқ чаплаб, олдингга кепкангни ташлаб бошқа ҳеч иш қилмай ҳар куни икки фунтдан пул топишинг мумкинлигини билганингдан кейин шу икки фунт бадалига бир ҳафта ишлашинг осонми?

Ғурурим билан бойлик орттиришга бўлган ҳирсим орасидаги кураш узоқ давом этди, аммо пулга ўчлигим ниҳоят енгиб чиқди. Газетадаги ишимни ташлаб, кун сайин вақтимни аллақачон кўз остига олиб қўйган муюшда ўтказадиган бўлдим, ўзимнинг бадбашара қиёфам билан одамларнинг раҳмини келтириб, чўнтакларимни эса чақа билан тўлдириб, кун сайин вақтимни ўзим аллақачон синашта бўлиб қолган жойда ўтказа бошладим.

Сиримдан биргина киши — Суондемлендаги мен бориб жойлашган разил бузуқхонанинг эгасигина воқиф эди. Ҳар куни эрталаб мен у ердан аянчли тиланчи қиёфасида чиқар, ҳар куни кечқурун у ерда башанг кийинган жанобга айланардим. Ласкарга берган хоналари учун сахийлик билан ҳақ тўлардим, чунки, унинг сиримни ҳеч қандай шароитда ҳам ҳеч кимга айтмаслигига амин эдим.

Тез орада мен йирик маблағ жамғара бошладим. Лондонда йилига етти юз фунтдан пул топадиган биронта ҳам тиланчи бўлмаса керак, мен бўлсам ундан ҳам кўп топардим. Мен ўткинчиларнинг тасодифий танбеҳларига ҳазиломуз жавоб қайтариш маҳоратини эгаллаб, тез орада бутун Ситида донг чиқардим. Танга аралаш пенслар ёмғири сурункасига ёғилиб турарди. Икки фунтдан кам пул топган кунларимни муваффаққиятсиз кунлар деб ҳисоблардим. Бойиганим сари турмушим ҳам маъмур бўлиб борарди. Шаҳар ташқарисидан ижарага уй олдим, уйландим, аммо менинг аслида нима иш билан шуғулланаётганимни ҳеч ким билмасди. Севикли хотиним мени Ситида унча-мунча ишлари бор, деб биларди. Аммо бу ишларнинг қандай ишлигидан унинг заррача ҳам хабари йўқ эди.

Ўтган душанба куни ишимни тамомлаб хонамда кийинаётиб деразадан мўраларканман, бирдан қўрқиб кетдим. Хотиним кўчанинг ўртасида менга тик қараб турибди. Ҳайратдан қичқириб юбордим, юзимни яшириш учун қўлларимни кўтардим, шеригим ласкарнинг олдига югуриб бориб, олдимга ҳеч кимни киргизмаслигини ёлвориб илтимос қилдим. Пастдан хотинимнинг овози келаётганини эшитдим, аммо унинг бу ёққа чиқиб келолмаслигини билардим. Дарҳол ечиниб тиланчиликда киядиган жулдур кийимларимни устимга илиб, ясама сочни кийдим-у, башарамга бўёқ чапладим. Бу қиёфада мени ҳатто хотиним ҳам таниёлмасди. Шундан кейин миямга, хонамни тинтиб қолишса унда кийимларим мени фош қилиб қўйиши мумкин, деган фикр келди. Мен деразани очдим, шошилиш устида тилинган бармоғимни уриб олдим бармоғимни эрталаб ётоқхонада кесиб олган эдим), унинг кесилган жойидан яна чакиллаб қон тома бошлади. Кейин мен ҳозиргина гадой халтамдан олиб чўнтакларига чақаларни тўлатган пиджагимни олдим-да, уни деразадан улоқтирдим, у Темзада ғойиб бўлди. Қолган кийимларимни ҳам ўша ёққа улоқтирмоқчи бўлиб турган эдим, бу орада олдимга полициячилар бостириб киришди, бир неча дакиқадан сўнг мистер Невилл Сент-Клер сифатида фош қилиниш ўрнига унинг қотили сифатида қамоққа олиндим.

Бошқа айтадиган сўзим йўқ. Юзимдаги гримни сақлаш учун ювинишдан бош тортдим. Хотинимнинг мендан ғоятда ташвишланишини билганим учун полициячидан яшириқча бармоғимдаги узукни олиб, наридан бери ёзилган мактубча билан уни ласкарга бердим, мактубда хотинимга менга ҳеч қандай хавф-хатар таҳдид қилмаётганини айтдим.

— У ўша мактубингизни куни кеча олди, — деди Холмс.

— Ё раббий! Бир ҳафта азоб чекибди-да Ласкарни полиция кузатмоқда эди, деди инспектор Бредстрит, — афтидан, шунинг учун мактубни сездирмай жўнатолмаган. Чамаси, уни бузуқхонасининг доимий мижозларидан бўлган бирон матросга берган-у, униси бўлса, мактубни қутига ташлаш бир неча кун мобайнида ёдидан кўтарилиб юрган.

— Аслида ҳам худди шундай бўлган, тасдиқлади Холмс. — Аммо наҳотки сизни ҳеч қачон тиланчилик қилганингиз учун судга тортишмаган бўлса?

— Кўп марта тортишган. Аммо мен учун арзимаган штраф нима деган нарса!

— Бироқ, энди бу ҳунарни ташлашга тўғри келади, — деди Бредстрит. — Агар полиция бу ишни босди-босди қилиб юборишини истасангиз, унда Хю Бун ғойиб бўлиши керак.

— Мен бу борада ўз олдимда одам боласи қодир бўлган энг тантанали қасам билан онт ичдим.

— У тақдирда ҳаммаси унут бўлади, — деди Бред-стрит. — Аммо, борди-ю, сизни пайқаб қолишса, биз унда ҳеч нарсани яшириб ўтирмаймиз… Бу ишни очганингиз учун сиздан ғоят миннатдормиз, мистер Холмс. Мен сизнинг бундай натижаларга қандай қилиб эришишингизни билишни истардим.

— Бу гал, — деб жавоб берди дўстим, — бешта ёстиқ устида ўтириб, ярим қадоқ тамакини чекиб тамомлашга тўғри келди… Назаримда, Уотсон, агар биз ҳозир Бейкер-стритга жўнасак, худди нонуштага етиб борамиз.

Ваҳоб Рўзиматов таржимаси

[1] Томас де Куинси (1785-1859) — инглиз ёзувчиси, «Афюн истеъмол қилган бир инглизнинг тавбаси» деган машҳур китобнинг автори.