Морг кўчасидаги қотиллик (ҳикоя). Эдгар Аллан По
Сиреналар қандай қўшиқни куйлашарди ёки Ахилл аёллар орасида яширинар экан, ўз исмини нима деб айтарди — бу саволлар нечоғлик мураккаб бўлмасин, бунда ҳам аллақандай тахминга ўрин топилади.
Сер Том Браун. “Хокдон”
Ақл-идрокимизнинг имкониятларини таҳлил этиш мушкул. Биз бу ҳақда фақат унинг натижаларига қараб баҳо беришимиз мумкин. Лекин бизга шу нарса ҳам маълумки, мантиқ кучли бўлган инсонда таҳлил эта олиш қобилияти унга роҳат бахш этади. Енгил атлетика билан шуғулланувчи спортчи мушакларини ишлашга мажбурловчи ўзидаги куч ва уддабуронликдан нечоғлик фахрланса, бажараётган машқлари унга қанчалик лаззат бахш этса, таҳлил этиш қобилияти кучли бўлган инсон ҳам исталган бир жумбоқни ечиш ёки бирон масалага аниқлик киритиш имконияти туғилса, ўта хурсанд бўлади. Ҳатто, кўпам мураккаб бўлмаган, лекин унинг истеъдоди чархланишига ёрдам берувчи масалаларни ечиш ҳам унинг дилини хушнуд этади. У, оддий бир ақл соҳиби учун ечимини топиш ўта мураккаб туюлган турли жумбоқ, криптограммаларни жонидан ҳам яхши кўради. Ҳақиқатан ҳам, фақат унинг ўзига хос бўлган услуб асосида аниқлик киритилган масала ва жумбоқларнинг ечими олдиндан ҳис этиш, кўра билишнинг ажойиботларидек туюлади. Жумбоқни ечиш қобилияти математика, айниқса унинг таҳлил деб номланган қисми билан шуғулланиш натижасида, эҳтимол, янада ошар. Гарчанд, ҳаётда ҳисоб-китобни тўғри олиш, вазиятни тўғри баҳолай билиш, бу таҳлил эта билиш дегани эмас. Масалан, шахмат ўйновчи ҳисоб-китоб қилади, таҳлил қилмайди. Бундан шундай хулоса келиб чиқади, шахмат ўйини кишиларда мантиқ кучини оширади, ёрдам беради деган гап асоссиз. Шундай қилиб, ҳурматли китобхон, эътиборингизга ҳавола этилаётган китоб трактат эмас, бор-йўғи мен ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган ғайриоддий ҳикоя учун муқаддима вазифасини ўташи лозим бўлган бир қанча тасодифий кузатишлар хусусидаги мулоҳазаларимдан иборат, мен имкониятдан фойдаланиб, шашка ўйини шахматга нисбатан кўпроқ мулоҳаза юритишни талаб этиши ва ақлга кўпроқ озуқа беришини айтмоқчиман. Шахмат доначаларининг турли кўринишга эгалиги ва уларнинг мавқе жиҳатдан тенг эмаслиги, юриш йўлларининг турлилиги, мураккаблиги (кўпчилик ҳолларда) шахматни қийин ўйинлардан бири деб ўйлашимизга сабаб бўлади. Ваҳолонки, бу ўринда кузатувчанлик муҳим аҳамиятга эга. Бир сонияга бўлса-да, эътиборингиз сусайса, ўйинни ютқаздингиз ҳисоб. Шахмат доначаларининг юриш йўллари турлича бўлиши билан бирга, улар кўп маъноли ҳамдир. Шу боис ютқазиш имконияти ҳам кўпроқ ва ўнта ўйиндан тўққизтасини иқтидорли ўйинчи эмас, балки кузатувчан ўйинчи ютади. Шашка ўйинига келсак, бунда эътиборсизликка йўл қўйиш имконияти камроқ бўлиб, эътиборсизлик кўпам муҳим аҳамият касб этмайди, унинг бир неча кўринишдаги битта йўли бўлиб, муваффақият асосан ўйинчининг зукколигига боғлиқ. Мисол учун, тўртта дамка қолган шахмат ўйинини тасаввур қилайлик, бу ўринда эътиборсизлик хусусида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Афтидан, бу ўринда ғалаба (агар кучлар тенг бўлса) кутилмаган, оқилона йўл танлашга боғлиқ бўлади. Ўзга имконият бўлмаганида, мушоҳада этувчи рақибининг фикрини ўқишга интилади. Ўзини унинг ўрнига қўйиб кўради ва кўпинча бир қарашда мавжуд бўлган ягона бир йўлни илғаб олади, бу йўл рақибнинг эътиборини чалғитиши, ё ҳисоб-китобни нотўғри олишига олиб келади.
Вист1 азалдан бирон нарсанинг ҳисоб-китобини олиш санъатига доир ажойиб мактаб сифатида машҳур эди. Шунингдек, маълумки, кўпчилик машҳур ақл эгалари вистга нисбатан, вақт бекорга кетган шахмат ўйинидан фарқли ўлароқ, тушунтириб бериш қийин бўлган бир мойилликни ҳис этишарди. Аслини олганда, дунёдаги бирон-бир бошқа ўйин бу қадар таҳлил салоҳиятини талаб этмайди. Жаҳондаги энг яхши шахматчи, шу вист ўйинини моҳирона ўйнаб, ақл билан ақл беллашганда ғалабага эришиш имкониятини қўлдан бермаган шахматчидир. “Моҳирона ўйин” деганимда, мен ўйинчининг, қонуний ғалабани таъминловчи ўйин барча сир-синоатини юксак даражада эгаллаганини назарда тутаман. Бу борадаги сир-синоатлар кўп бўлибгина қолмай, балки шу қадар хилма-хилдир ҳамки, у инсон қалбини чуқур билишни талаб этади, бунга эса ўртача қобилиятли ўйинчининг эришиши мушкул. Ким кузатувчан бўлса, у эсида ҳам аниқ сақлаб қолади, демак, эътибор билан ўйновчи истаган шахматчи вист ўйинида ғалабага умид қилиши мумкин, чунки Хойла қўлланмаси (оддий ўйин механикасига асосланган бўлиб) ҳамма учун тушунарлидир. Вист ўйинини яхши ўйнаш учун, ўйин “қоидасига” риоя этиш ва яхши хотира кучига эга бўлишнинг ўзи кифоя. Аммо, мушоҳада юритувчининг санъати, айнан, ўйин қоидасида назарда тутилмаган ўринларда намоён бўлади. У ўзича қандай хулосаларга келиб, қандай кузатувлар олиб бормайди, дейсиз. Унинг рақиби ҳам худди шундай иш тутса керак, лекин бунда хулосаларнинг ишончлилигидан кўра, кузатувчанликнинг сифатига қараб қўл баланд келади. Нимага эътибор берилиши лозимлигини билиш муҳим, албатта. Лекин бизнинг ўйинчимиз ўзини хафа қилиб қўймайди, гарчанд унинг асосий мақсади ўйин бўлса-да, унинг эътиборидан бирон-бир нарса четда қолмайди. У рақибининг юз қарашларини ўрганади ва ҳар битта бошқа рақибининг юз қарашлари билан солиштиради, улар қўлларидаги қартани қандай тақсимлашаётганини илғайди ва кўпинча уларнинг кўз қарашларидан қўлларидаги қайси қарта кузирлигини билади. Ўйин жараёнида ўйинчиларнинг кўз қарашларини кузатиб, хулосалар чиқаради, уларнинг юз қарашларидаги тез-тез ўрин алмашиб турувчи қатъийлик ҳам, ҳайрат ҳам, тантана ҳам, афсус ҳам унинг эътиборидан четда қолмайди. У, рақиби қўлига туширилган пулларни қучоқлаб, қай йўсинда йиғиштириб олаётганига қараб, бундан кейинги ўйин қандай кечишини билади. Рақиби қартани қандай ташлаганига қараб, бу юришни у кўзбўямачилик учун юрганини сезади. Ногаҳон ё ўйламасдан айтилган сўз; қўққисидан тушиб кетган ё очилиб қолган қарта; қартани қўрқинч аралаш, пинҳона ё хотиржамлик билан бекитишларига қараб, қўлга киритилган пул ва унинг жойлаштирилиши; таҳлика, сабрсизлик ёки қўрқинч — бирон нарса бефарқ кўринган мушоҳада этувчининг назаридан четда қолмайди. Икки-уч юришдан сўнг, кимнинг қўлида қандай қарта борлиги унга маълум бўлади ва у қартани шундай ишонч билан тикадики, гўё қолган ўйинчиларда имконият буткул қолмагандек.
Мушоҳада этиш салоҳиятини оддий топқирлик билан аралаштирмаслик лозим, чунки мушоҳада юритувчи ҳамиша топқир бўлади. Лекин ҳар қандай топқир одам мушоҳада юритишга қодир бўлмаслиги мумкин. Френологлар муҳим деб топган инсондаги бу хислат, одам танасида у алоҳида аъзони ҳам ташкил этади, яъни инсондаги бирон нарсаларни ўйлаб топиш ва татбиқ қилиш маҳоратини, ақлий имконият даражаси бошқа масалаларда анча паст бўлган кишиларда ҳам учратиш мумкин, зеро у турмуш ва тамойилларни тасвирловчи ёзувчилар томонидан бир неча бор қайд этилган. Топқир ақл билан мушоҳада юритувчи ақл ўртасидаги фарқ хаёлот билан тасаввур ўртасидаги фарқдан анча катта, лекин бу бир нарсанинг икки томони. Ҳақиқатда ҳам, топқир одамлар бой фантазияга эга бўлишади, бой тасаввурга эга одамларда бўлса мушоҳада этиш салоҳияти кучли бўлади.
Ҳикоямизнинг давоми китобхон учун келтирилган фикрларимизга намуна вазифасини ўтайди.
18… йилнинг баҳори ва ёзининг бир қисмини Парижда ўтказдим, у ерда мосье С.Огюст Дюпен исмли бир кимса билан танишдим. Кўпчиликка таниш, ҳатто машҳур бўлган сулоланинг ҳали ёш бу зурриёди тақдир тақозоси билан оғир аҳволга тушиб қолган бўлиб, бирон нарсага ҳаракат қилмай қўйган, бойликларини қайта қўлга киритиш хаёлининг бир чеккасига ҳам келмасди. Кредиторларнинг яхши муносабати туфайли Дюпеннинг отасидан қолган мероснинг унча катта бўлмаган қисми сақланиб қолган эди, у мана шу мерос ҳисобига зўрға яшар, шоҳона ҳаёт лаззатларига бефарқ бўлиб қолган эди. У ўзига эп билган ягона қимматли нарса — бу китоблар эди.
Биз биринчи бор у билан Монмартр кўчасидаги харобгина кутубхонада учрашган эдик. Иккаламиз ҳам ўта нодир, айни бир китобни қидираётган бўлганимиз сабабли, у билан гаплашиб қолдик. Кейинчалик ҳам у билан бир неча бор учрашдик. Мен унинг оиласи тарихига қизиқиб қолдим, у французларга хос самимийлик билан менга ҳаммасини бир бошдан гапириб берди. Дюпеннинг кўп нарсаларни билиши мени ҳайратда қолдирди, айниқса тасаввурининг бойлигидан лол қолдим.
Мен у кезларда Парижда ўзига хос бир қизиқиш билан яшардим ва Дюпен каби инсон билан танишиш мен учун катта бир топилма эканлигини ҳис қилиб, буни унга изҳор этдим. Тез орада иккимизда, то мен Парижда эканман, бир жойда яшаш ҳақида фикр туғилди. Менинг имкониятим Дюпенникидан бироз тузукроқ бўлгани учун, унинг розилиги билан Сен-Жерменнинг шинам бир бурчагидан ажойиб кўринишли, вақт ўтиши билан бироз тўкилиб тушган, аллақандай киримга берилганидан эгалари ташлаб кетган уйни ижарага олдим ва уни иккаламизга хос бўлган романтик дилгирлик услубида жиҳозладим.
Агар бу даҳадаги турмуш тарзимиз оламга маълум бўлганида, бизни савдойи деб атаган бўлишарди, гарчанд беозор савдойи бўлсак-да! Биз ҳаммадан ажралган ҳолда яшай бошладик. Мен дўстларимга яшаш манзилимни айтмадим. Дюпен бўлса аллақачон Париж билан алоқасини узган, Париж ҳам уни эсга олмасди. Биз фақат ўзимиз билан ўзимиз андармон бўлиб яшардик.
Дўстимдаги ажойиботлардан бири, буни бошқача аташ мумкин ҳам эмас, бу — ундаги тунга, туннинг мафтункорлигига бўлган муҳаббат. Ундаги бу хислатни мен унинг табиатига хос бўлган бошқа ҳамма хислатлари қатори сўзсиз қабул қилдим. Гўзал тун соҳиби бизни тез-тез тарк этиб турарди ва биз ундан ажралмаслик учун қуёшнинг биринчи нурлари тушиши билан дераза пардаларини тушириб, қўланса ҳид тарқатиб, базур ёруғлик берувчи икки-учта шамчироқни ёқиб қўяр эдик. Шамчироқнинг хира нурлари остида то соатлар мили ҳақиқий Тун келганидан хабар бергунча, биз орзуларга берилар, ўқир, ёзар ва суҳбатлашар эдик. Сўнг бир-биримизни қўлимиздан ушлаб, кўчага чиқар ва кундузги суҳбатимизни давом эттирар ёки қаро тунгача бемақсад сайр этар ва катта шаҳарнинг милт-милт этиб ёниб-ўчаётган тунги чироқлари оғушида маънавий озиқ олар эдик.
Бундай дақиқаларда, гарчанд бу ундаги тажрибанинг бир кўриниши эканлигини тушуниб етсам-да, мен Дюпендаги мушоҳада этиш қобилияти билан ҳайратланмасликка иложим йўқ эди. Дюпенга ҳам ўзидаги бу хислатни такомиллаштириш хуш ёқарди. Бунга унинг ўзи ҳам иқрор бўларди. У кўпинча мамнуният билан инсонларнинг кўпчилиги мен учун ўқилган китоб деб мақтанар ва бунинг исботи ўлароқ, менинг дилимда нималар кечаётганини айтиб берар эди. Бундай пайтларда мен иккига ажралувчи қалб ҳақидаги ривоятларни хаёлимга келтирар ва яратувчи билан парчалаб ташловчи Дюпенни кўз олдимга келтириб, завқ олардим.
Айтилганлардан гап қандайдир бир ғаройиботлар ҳақида боради деган фикр келиб чиқмаслиги керак, шу билан бирга мен ўз қаҳрамонимга романтик тус ҳам бермоқчи эмасман. Француз дўстимнинг характерига хос чизгилар бу шунчаки эҳтиросга берилган тасаввурнинг натижаси эди. Лекин у билдирган фикрлар ҳақида келтирадиган мисолларимиз янада аниқроқ тасаввур беради.
Кунларнинг бирида, кечқурун Пале-Роялдаги ниҳоятда узун ва ифлос кўчаларнинг бирида сайр қилар ва ҳар биримиз ўз хаёлларимиз билан банд эдик, шу боис, чорак соатча вақт давомида биронтамиздан садо чиқмади. Тўсатдан Дюпен, шунчаки гапираётгандек:
— Бу махлуққа йўл бўлсин! Ундан кўра бахтини “Варьете” театрида синаса бўларди, — деди.
— Жуда тўғри, — дедим мен.
Мен шу қадар хаёлга берилиб кетган эканманки, ҳатто менинг жавобим Дюпеннинг сўзларига тўғри келганини ҳам ҳис этмабман. Лекин шу заҳотиёқ ўзимга келиб, ҳайратдан ёқамни ушладим.
— Дюпен, — дедим мен жиддий бир тусда, — ақлим бовар қилмаяпти, сизга тўғрисини айтсам, қулоқларимга ишонмаяпман. Мен… ким ҳақида ўйлаётганимни сиз қаердан билдингиз?
… Мен ким ҳақида ўйлаганимни у биладими, йўқми, аниқ билиш учун бироз сукут сақладим.
— Шантильи ҳақида, — деди у. — Нима учун тутилиб, тўхтаб қолдингиз? Сиз уни фожеавий ролга тўғри келмаслиги ҳақида ўйлаётган эдингиз.
Ҳа, мен айнан Сен-Дени кўчасидаги этикдўз Шантильи ҳақида ўй сураётган эдим. Театр жинниси бўлиб қолган бу киши яқинда бир пардалик Кребийон трагедиясида Ксеркс ролида ўйнади ва шармандаларча саҳнадан тушириб юборилди.
— Худо ҳақи, менга услубингизни тушунтириб берсангиз, агар ҳақиқатан бу услуб мавжуд бўлса ва сиз унинг ёрдамида менинг фикримни бехато ўқиган бўлсангиз, — деб оёғимни тираб олдим. Тўғрисини айтсам, ажабланганимни кўпам билдирмасликка ҳаракат қилардим.
— Бу фикрни сизда кўкат сотувчи уйғотди, — деди дўстим, — яъни бу табиб, Ксеркс ва унга ўхшашлар даражасига етмаганлиги хусусида.
— Кўкат сотувчи? Қўйсангиз-чи, мен ҳеч қандай кўкат сотувчини танимайман.
— Чорак соат олдин бу кўчага бурилганимизда сизга урилиб кетган бесўнақай-да…
Шундагина мен бошида олма тўлдирилган катта сават кўтарган кўкат сотувчини эсладим, тор кўчадан кенг кўчага чиққанимизда у бехосдан менга урилиб кетган эди. Лекин Шантильининг бунга нима дахли борлигини мен ҳеч тушунмасдим.
Лекин Дюпен рост гапираётганлигига шубҳа йўқ эди, албатта.
— Рухсат берсангиз, мен сизга тушунтириб берсам, — деди у. — Мени янада яхшироқ тушунишингиз учун, келинг, хаёлингиздан кечган воқеаларни то кўкат сотувчини учратгунингизгача яна бир бошдан қайта эслайлик. Фикрингизнинг асосий йўналиши — Шантильи, Орион, доктор Никольс, Эпикур, стереотомия, харсангтош ва кўкат сотувчи.
Маълум бир хулосага келган кишининг хаёлига бу хулосага келгунга қадар вақт оралиғида хаёлидан кечган ўйлар бирин-сирин ўтгани турган гап. Бу жуда қизиқарли машғулот, кимки бу машғулотга берилса, хулосага келинган вақт билан унинг бошланиши оралиғида анча вақт кечгани ва умуман фикрнинг бошланиши билан қилинган хулоса бир-бирига камдан-кам ҳолларда мувофиқ келишини кўриш мумкин. Мен Дюпен сўзларини ўта қизиқиш билан тингладим ва унинг сўзлари ҳақиқат эканлигини тан олмасликка иложим қолмади.
Бу орада менинг дўстим гапида давом этарди.
Кўчага бурилмасдан, агар адашмасам, биз отлар ҳақида гаплашаётган эдик. Суҳбатимиз шу ерга етганида гапимиз бўлиниб қолди. Бу кўчага бурилганимизда эса қаердандир пайдо бўлган бошида олма тўла катта сават кўтарган кўкат сотувчи ёнимиздан чопиб ўтди ва сизни кўприк таъмирланаётган ерда бир тўда тошлар уюми устига итариб юборди. Сиз тошга урилиб кетдингиз, оёғингиз лат еди, жаҳлингиз чиқди, ҳар қалай, қовоғингизни уйиб олдингиз, нималардир деб вайсадингиз, яна бир бор тошлар уюмига боқиб, юришда давом этдингиз. Мен сизнинг орқангиздан пойлаганим йўқ, шунчаки сўнгги пайтларда эътибор билан кузатиш менинг касбимга айланиб қолди.
Сиз то биз шахмат тартибида бир текис терилган тошлар жойлаштирилган Ламартин номидаги кўчага бурилгунимизча кўзингизни ердан узмасдингиз ва кўзингиз қири билан йўл чеккасига боқардингиз (бундан мен билдимки, сиз ҳамон тошлар уюмлари ҳақида ўйлардингиз). Сўнг бироз кайфиятингиз кўтарилди ва лабларингизни қимирлашидан мен “стереотомия” деган сўзни пичирлаб айтганингизни эшитдим. Бу сўз сизни атомлар, хусусан, Эпикур таълимоти ҳақида ўйлашга даъват этишини англадим, унинг устига биз яқиндагина сиз билан бу мавзу устида гаплашган эдик ва мен сизга бу олижаноб юноннинг мулоҳазаларини, самовий туманлик қисмига доир замонавий космогониянинг хулосаларини исботлашга уринган эдим, шу боис мен нигоҳингизни Орион юлдузлари туркумига қаратишингизни кутдим. Ҳақиқатдан ҳам сиз мен кутгандек юқорига боқдингиз ва бу билан менинг мулоҳазаларим тўғри эканлигини яна бир бор исботладингиз. Дарвоқе, кечаги “Musee”даги Шантильига қарши қаратилган чиқишда, этикдўз ўз исмини ўзгартиришга уринди дейилган ва лотин муаллифидан бир сатр келтирилган эди, биз сиз билан суҳбатимиз давомида бунга бир неча бор тўхталган эдик. Мен “Perdidit antiguum litera prima sonum”1 деган шеър сатрини назарда тутяпман.
Мен сизга бу ўринда Орион назарда тутилганини айтган эдим, бир пайтлар у Урион деб ёзилар эди, бу ҳақда сиз билан бир ҳазиллашиб ҳам олган эдик, ҳар қалай эсда қоладиган воқеа бўлган эди. Мен Орион ҳақидаги ўйлар сизни Шантильини эслашингизга олиб келишини билар эдим, лабларингиздан учган табассум мулоҳазаларимнинг тўғрилигини тасдиқлади. Сиз бечорани эслаб чуқур нафас олдингиз. Йўл бўйи букчайиб келаётган эдингиз, шу ерга етганда қаддингизни ростладингиз ва мен сизни этикдўз ҳақида ўйладингиз деб тахмин қилдим. Ва шу ерга етганда мен, ҳақиқатдан ҳам бизнинг Шантильига худо бўйдан бермаган, ундан кўра бахтини “Варьете” театрида синаса бўларди, деб фикрингизни бўлдим.
Шундан кейин, орадан бироз вақт ўтгач, “Суд хабарлари” ҳақидаги газетанинг кечки сонини кўратуриб қуйидаги хабарга кўзимиз тушди.
ҚУЛОҚ ЭШИТМАГАН ЖИНОЯТ
Бугун эрталаб соат учларга яқин Сен-Рок кўчасида яшовчи аҳолининг тинчини қулоқни қоматга келтирувчи қичқириқлар бузди. Бирин-сирин эшитилаётган бу бақириқ-чақириқлар Морг кўчасидаги уйнинг бешинчи қаватидан келаётган эди. Маҳаллий аҳолига маълум бўлишича, бу хонадонда аллақандай Л’ Эспанэ хоним ўзининг турмушга чиқмаган қизи мадмуазель Камилла билан бирга яшар эди. Уйнинг эшигидан одатдаги йўл билан кириб бўлмагач, лом ишлатишга тўғри келди ва ўнга яқин қўшни иккита жандарм бошчилигида бинога отилиб кирди. Бақириқ-чақириқлар тинган эди, лекин бир тўда одамлар юқорига кўтарилгач, юқоридан бир-бири билан уришаётган иккита, учта бўлиши ҳам мумкин, кишининг жаҳл билан гаплашаётгани эшитилди. Учинчи қаватга кўтарилгунча бу овозлар ҳам тинди, жимлик ҳукм сурди. Одамлар уйнинг у бошидан бу бошига хонама-хона чопиб юришарди. Навбат бешинчи қаватнинг бурчакдаги ётоқхонасига етганда (ичкари томондан беркитилган эшик қулфини ҳам синдириб киришди), кўз олдида намоён бўлган манзарадан ҳанг-манг бўлган одамлар даҳшатдан қотиб қолди.
Ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетган, синдирилган мебел парчалари сочилиб ётар эди. Хонада фақат битта кўрпа-тўшаксиз каравот турарди. Ёстиқ билан кўрпа ерда ётарди. Стулда тиғи қонга беланган устара турарди. Камин панжарасига, афтидан, таг-туги билан юлиб олинган ва қонга беланган иккита-учта қалин соч толалари ёпишиб қолган эди. Полда, оёқ остида тўртта наполеондор, топаз тошли битта сирға, учта кумуш ошқошиқ ва учта мелхиор чойқошиқ, иккита умумий ҳажми тўрт юз франкка тенг бўлган тилла танга тўлдирилган халта топилди. Бурчакдаги жовоннинг тортмалари очилиб ётар эди, афтидан, ўғрилар унинг ичини ҳам титкилашган, лекин нарсаларнинг ҳаммасини олиб кетишга улгуришмаган. Темир қутича ўрин-кўрпанинг (каравотнинг эмас) тагидан топилди. У очиқ бўлиб, калити ҳамон қулфнинг оғзида осилиб ётарди, лекин унинг ичида сарғайиб кетган хатлар ва қоғозлардан бошқа ҳеч нарса қолмаган эди.
Л’ Эспанэ хонимдан бирон-бир из қолмаган эди! Кимнингдир каминдаги кул уюмига кўзи тушди, мўрини текшира бошлашди. Во ажаб! Қизнинг танасини сочидан тортиб чиқаришди, шўрликни бўлса оёғини осмонга қилиб, тор мўрининг ич-ичига тиқиб ташлашибди. Мурда ҳали иссиқ эди. Текшириш давомида шу нарса аниқ бўлдики, мурда терисининг кўп жойлари шилиниб тушган, афтидан, мурда танасини судраб мўрига тиқишаётганида ишлатилган кучнинг натижаси бўлса керак. Юзлари тирналиб кетган, бўйнида тирноқ излари қолган, бамисоли уни бўғишган каби бўйнининг моматалоғи чиқиб кетган эди.
Уйнинг астар-пахтасини чиқариб ҳамма ерини текшириб чиқиб, бирон-бир янгилик топишолмагач, пастга, бақувват эшик томонга қараб отилишди. У ерда ўлиб ётган кампирни кўришди. Унинг бошини устара билан шундай кесишган эдики, мурдани кўтаришмоқчи бўлишганида боши узилиб тушди. Мурданинг юз-кўзи таниб бўлмас даражада тилиб ташланган, айниқса танасини таниб бўлмасди, унда инсонга хос нарсанинг ўзи қолмаган эди.
Қулоқ эшитмаган жиноят мана шундай кўринишга эга бўлиб, ҳозирча қандай воқеа содир бўлгани ечилиши қийин бўлган бир сир эди”.
Эртаси кун рўзномаларда қуйидаги қўшимча хабарлар чоп этилди:
“МОРГ КЎЧАСИДАГИ ФОЖИА”
Содир этилган ақл бовар қилмас қотиллик бутун Париж аҳлини ларзага солди, бир сидра гувоҳлар сўроқ қилинди, лекин юз берган фожиа сирини ойдинлаштиришга кўмак берувчи бирон-бир нарса топилмади. Қуйида нисбатан эътиборга молик бўлган кўрсатмалар келтирилди:
Полина Дюбур, кир ювувчи, кўрсатма беришича, ўлдирилган аёлларни сўнгги уч йил ичида танир, уларнинг кирини ювган экан. Афтидан, ўлдирилган қария аёл қизи билан анча аҳил турган. Уй тўловларини вақтида тўлаган. Сўроқ қилинувчи уларнинг турмуш тарзи ва даромади борасида бирон нарса билмайди. Назарида Л’ Эспанэ хоним фол очарди, тирикчилиги шу билан ўтарди. Унинг пули кўп деган гаплар юраркан. Гувоҳ кирни олиб кетган ёки тозасини уларникига олиб келган куни ҳеч кимни учратмаган. Улар уй юмушларига ёрдам берувчи хизматчи тутишмаган. Билишича, мебел фақат бешинчи қаватда бўлган.
Пьер Моро, тамаки дўконнинг эгаси, кўрсатма беришича, у мадам Л’Эс-панэга сўнгги тўрт йил ичида ҳидлайдиган ва чекадиган тамаки сотиб келган. У шу ерда туғилиб, шу ерда яшаган. Ўлдирилган аёл қизи билан олти йилдан зиёд вақт давомида уларнинг ўлиги топилган уйда яшашарди. Унга қадар бу уйда заргар яшаган, у тепа қаватдаги хоналарни ижарага берарди. Уй Л’Эспанэга хонимга қарашли эди. У бўш хоналарга одам қўювчи ижарачисидан тоза тўйган эди, шу боис тепа қаватга ўзи кўчиб чиқади ва бўш хоналарни ижарага бериш ниятидан буткул воз кечади. Бошқача айтганда, кампирнинг сал мияси айниб, ёш болага ўхшаб қолган эди. Бу йиллар оралиғида гувоҳлик берувчи киши кампирнинг қизини бор-йўғи беш-олти марта кўрган эди, холос. Бу икки аёл бировга қўшилмасдан, осуда ҳаёт кечиришарди, узун-қулоқ гапларга қараганда уларнинг пули кўп бўлган. Миш-мишларга кўра Л. хоним фол очар эмиш, лекин у (гувоҳлик берувчи) бунга ишонмасди. Чунки бирон марта уларнинг уйига кампирнинг ўзи, қизи, баъзан дарбон ва саккиз-ўн маротабача хабар олгани кирган шифокордан бошқа бирон кимсанинг кириб чиққанини кўрмаган.
Тахминан худди шу гапларни бошқа қўшнилар ҳам такрорлашди. Уларнинг биронтаси бу аёлнинг уйига кимса кириб чиққанини кўрмаган. Уларнинг қориндош-уруғи ё дўстлари бор-йўқлигини ҳам ҳеч ким билмайди. Уйнинг кўча томонга қараган деразалари кам очиларди, ҳовли томондагиси бўлса, бешинчи қаватдаги катта уйнинг деразасидан ташқариси, умуман қоқиб ташланган эди. Уйнинг ўзи анча бақувват бўлиб, ҳали эски эмас эди.
Изидор Мюзе, жандарм, гувоҳлик беришича, уни олиб кетгани эрталаб соат учларга яқин келишган. Уйнинг ёнида йигирма-ўттизга яқин одамлар тўпланиб туришганини кўрган. Эшикни, у бузиб очган, лом билан ҳам эмас, темир билан. Эшик икки тавақали бўлиб, осонгина очила қолган. У на паст тарафдан, на юқори тарафдан маҳкамланган эди. Эшик то очилмагунга қадар бақириқ-чақириқ эшитилиб турган, очилгач таққа тўхтаган. Бақириқ-чақириқлар (битта одам бақиряптими, иккитами — англаб бўлмасди) бўғиқ, узуқ-юлуқ бўлмасдан, чўзиқ ва баланд овозда эди. Гувоҳлик берувчи тепага биринчи бўлиб чиққан. Иккинчи қаватга чиққач, икки кишини ўзаро қаттиқ-қаттиқ тортишаётгани қулоғига чалинган — бири бўғиқ овозда, бошқаси чийиллаган овозда, унинг устига овози ҳам ўта ғалати. Биринчи кишининг айрим сўзларини илғай олган. У француз бўлган. Лекин аёл бўлмаган. У “sacre” ва “diable” деган сўзларни эшитган, чийиллаган овозда чет эллик киши гапирган. Фақат у эркакми, аёлми ажратиб олиш қийин бўлган. Нима ҳақида гапираётганини билиб бўлмаган, испан тилида гапирган. Гувоҳ жиноят содир этилган хона ва мурдалар қай аҳволда эканлиги ҳақида гапириб берар экан, биз билган кечаги маълумотларга бирон нарса қўшимча қилмади.
Анри Дюваль, қўшни, мутахассислиги заргар, гувоҳлик беришича, уйга биринчилардан бўлиб кирган. Мюзе берган кўрсатмаларни умуман олганда тасдиқлайди. Йўлакка киришган заҳоти, орқаларидан эргашиб келаётган одамлар тўдаси кирмасин деб, эшикларни беркитишган. Туннинг қоқ ярми бўлишига қарамасдан, одам кўп бўлган. Гувоҳнинг назарида чийиллаб гапирган овоз эгаси итальян миллатига мансуб. Француз эмаслиги аниқ. Аёл бўлиши мумкин. Гувоҳлик берувчи итальянчани билмайди, сўзларни англамаган, лекин уларни гапириш оҳангидан итальян бўлса керак деб тахмин қилмоқда. Л. хоним ва унинг қизи билан шахсан таниш эди. Иккаласи билан кўп марта суҳбатлашган. Уларнинг иккаласи ҳам чийиллаб гапирмаслигига ишончи комил.
Оденгеймер, ресторан соҳиби. Бу гувоҳнинг ўзи кўрсатма беришга ошиқди. У француз тилини билмас экан, шу боис, таржимон ёрдамида сўроқ қилинди. Ўзи асли амстердамлик экан. Бақириқ-чақириқ овозлар келаётган уйнинг ёнидан ўтиб бораётган экан. Шовқин-сурон бир неча дақиқа давом этган, аниқроғи, ўн дақиқаларча. Эшитилаётган овозлар жуда баланд, юракка ларза соладиган даражада бўлган. У биринчилардан бўлиб уйга кирган. Ўзидан олдин кўрсатма берган гувоҳларнинг кўрсатмаларини тўлалигича тасдиқлади. фақат биттасидан ташқари: у эшитган чийилдоқ овоз эркак кишиники бўлиб, унинг француз эмаслиги аниқ. Уларнинг гапларини у аниқ эшитмаган, гап нима ҳақида бораётганини билмаган ҳам, улар жаҳлданми ё қурқувданми тез-тез гаплашишар, худди бўғилиб қолаётган кишидек. Овозлари чийиллашдан кўра, кўпроқ жиддий, кескин эди. Йўқ, йўқ, эшитилган овозларни чийиллаган деб айтиб бўлмасди. Бўғиқ овоз тинимсиз “жин урсин” деб қайтарар, бир сафар бўлса “э худо” деди.
Жюль Миньо, банкир, Делорен кўчасидаги “Миньо ва ўғиллари” фирмасидан. У Миньоларнинг каттаси. Л’ Эспанэ хонимнинг озгина жамғармаси бор эди. Баҳор ойларининг бирида (саккиз йил аввал) бу тул аёл уларнинг банкида ҳисоб рақамини очади. Ва тез-тез унча кўп бўлмаган пул қўйиб турарди. Чек ёздирмасди, лекин ўлимидан уч кун олдин шахсан ўзи ҳисоб рақамидан тўрт минг франк пул олган. Пул тилла билан тўланиб, уни банк ходимининг ўзи уйига олиб келиб берган.
Адольф Лебон, “Миньо ва ўғиллари” фирмаси ходими, унинг кўрсатишича, белгиланган куни соат ўн иккиларда иккита халтачага жойлаштирилган тўрт минг франк пул билан бирга Л’ Эспанэ хонимни уйигача кузатиб қўйган. Эшикни Л’ Эспанэ хонимнинг қизи очган ва унинг қўлидаги халтачанинг биттасини у, биттасини кампирнинг ўзи олган. Шундан сўнг у хайрлашиб жўнаб кетган. Ўша куни кўчада у бирон кимсани кўрмаган. Кўча сокин ва одам кам бўлган.
Уильям Берд, тикувчи, унинг кўрсатишича, у ўша куни ҳамма билан бирга уйга кирган. У инглиз. Парижда икки йилдан бери яшайди. Биринчилардан бўлиб зинадан кўтарилган. Икки кишининг тортишаётгани қулоғига чалинган. Бўғиқ овозлиги француз эди. Унинг айрим сўзларини илғаса бўларди, лекин эшитган гапларининг ҳаммаси эсида йўқ. “Sacre” ва “Mon Dieu” деган сўзларни аниқ эшитган. Бу сўзлар тўс-тўполон ичидан эшитилиб турарди, худди бир нечта киши бир-бири билан дўппослашаётгандек эди. Бошқа овоз аниқ эшитиларди, бўғиқ овоздан кучлироқ эшитиларди. Лекин у инглизга тегишли эмас эди, бунга ишончим комил. Аниқроғи, овознинг эгаси немис бўлса керак, Берднинг ўзи немис тилида гапирмас эди. Бунинг устига аёл киши бўлса керак.
Кўрсатма берган гувоҳлардан тўрт киши иккинчи сўроқда ойимқиз Л.нинг жасади топилган ётоқхонанинг эшиги ичкаридан беркитилган бўлганини тасдиқлашди. Кишини даҳшатга солувчи жимлик ҳукм сурарди. Эшикни синдириб киришганида, у ерда ҳеч ким йўқ эди. Ётоқхона ва биридан бирига кирувчи хоналарнинг деразаси беркитилган ва ичкаридан маҳкам қулфланган бўлиб, хоналар ўртасидаги эшик юзига ёпилган, лекин қулфланмаган эди. Йўлакка қараган хонанинг эшиги ичкаридан қулфланган эди. Ўша бешинчи қаватдаги йўлакнинг охирида жойлашган, деразаси кўчага қараган унча катта бўлмаган хонанинг эшиги қулфланмаган бўлиб, қия очиқ турар эди. Бу хонада каравотлар, тортмалар ва бошқа эски-туски нарсалар ағдар-тўнтар бўлиб ётарди. Хонадаги нарсаларни олиб чиқиб, синчиклаб кўздан кечиришди. Уйни бошдан-оёқ тинтиб чиқишди. Мўри тозалувчилар мўриларни ҳам текшириб чиқишди. Томнинг тепасидаги хоналарни ҳисобламаганда, уй беш қаватлик эди. Томга чиқадиган йўл қолдирилган, лекин у михлаб ташланган эди, афтидан ундан анчадан бери фойдаланилмас эди.
Гувоҳлар тўс-тўполонни эшитиб, ётоқхона эшигини бузиб киргунларига қадар, оралиқда кечган вақт турлича кўрсатилди. Кимдир уч дақиқа ўтди, деди, кимдир беш дақиқа, деди. Лекин эшикни бузиб кириш анча куч талаб этди.
Альфонсо Гарсио, тобутчи, Морг кўчасида яшашини айтди. Келиб чиқиши испан. Бошқалар қаторида уйга кирган. Лекин тепа қаватга кўтарилмаган. Буни асаби чатоқлиги, унга ортиқча ташвишланиш мумкин эмаслиги билан тушунтиради. Икки кишини ўзаро тортишгани қулоғига чалинган, бўғиқ овозлиси, сўзсиз, француз одамга тегишли деб билади. Нима устида тортишишганлигини англаб етмаган. Чийиллаган овозда гаплашган киши инглиз эди. Тобутчи инглиз тилини билмайди, гап оҳангидан шундай деб ўйламоқда.
Альберто Монтани, тайёр кўйлаклар сотиладиган дўкон мудири, биринчилардан бўлиб, тепа қаватга отилиб чиққани ҳақида кўрсатма берди. Келаётган овозларни эшитган. Бўғиқ овозлиси французга тегишли бўлган. Айрим сўзларни тушуниш мумкин эди. Тортишаётганларнинг бири иккинчисини нималардир деб айблаётган эди. Иккинчи кишининг гапларини яхши англамаган. У тез-тез гапирарди, тез гапирганидан тили айланмасди. Афтидан, рус тилида гапирарди. Қолган масалалар бўйича гувоҳ ўзидан олдин кўрсатма берганларнинг сўзларини тасдиқлади. Унинг ўзи италиялик бўлиб, руслар билан гаплашишга тўғри келмаган.
Гувоҳларнинг айримлари иккинчи сўроқда тўртинчи қаватдаги мўри анча торлиги ва унга одам сиғмаслигини тасдиқлашди. “Мўри тозаловчилар” дейишганда улар мўрини тозалашда қўлланадиган тозалагичларни назарда тутишарди. Уйда ташқарига чиқадиган яна битта эшик йўқки, таъқиб қилувчилар зинадан юқорига чиққунча, қотил орқа эшикдан қочиб улгурса. Л’Эспанэ ойимқизнинг жасади мўрига шу қадар тиқиб ташланган эдики, уни тўрт-беш киши биргалашиб базўр тортиб олишди.
Поль Дюма, шифокор, кўрсатма беришича, уни эрталаб, тонг отиши билан ўлдирилган икки аёлнинг жасадини кўрикдан ўтказиш учун олиб кетишган. Иккала жасад эски тўшак устига ётқизилган эди. Қизнинг танасини моматалоғи чиқиб кетган, тимдаланган эди. Бу қизни тор мўрига тиқишаётганида рўй берган деб тахмин қилса бўлади. Айниқса унинг бўйин қисми анча шикастланган эди. Даҳанининг остки қисми шилиниб, чуқур тирноқ ўринлари кўриниб турарди. Афтидан, бу қотил панжаларининг изи бўлса керак. Юзи кўкариб кетган, кўзлари косасидан чиқиб кетган эди. Тили бўлса, қаттиқ тишлаб олганидан узилиб тушган эди. Қорнининг пастки қисмидаги қонталашган жой, уни тизза билан босиб, эзилганидан далолат берарди. Мосье Дюманинг фикрича, Л’Эспанэ хоним бўғиб ўлдирилган, афтидан, қотилнинг шериги ҳам бўлган. Л’Эспанэ хонимнинг танаси қаттиқ шикастланган эди. Ўнг қўлининг суяклари ва оёқлари синдирилган ва қисман майда-майда қилиб ташланган эди. Болдир суяклари ва чап томондаги қовурғалари тилиб ташланган эди. Бу шикастлар қандай етказилганини айтиш қийин. Оғир таёқ биланми ё темир лом биланми?! Бу оромкурсининг оёғи бўлиши ҳам мумкин, умуман ниҳоятда кучли кишининг қўлига тушган ҳар қанақанги оғир дастак ҳам бўлиши мумкин. Бу аёл кишининг қўлидан келмайди. Жасаднинг боши танасидан узилган ва ниҳоятда абжағи чиқиб кетган эди. Ўткир устара билан бўйнидан бўғизлаб ташланган бўлиши ҳам мумкин.
Александр Этьенн, жарроҳ. У мосье Дюма билан биргаликда жасадни кўрикдан ўтказиш учун таклиф этилган эди, у мосье Дюманинг кўрсатмаси ва хулосаларига тўлиқ қўшилди.
Гарчанд, дастлабки тергов учун анча кишилар таклиф этилган бўлса-да, бошқа бирон-бир арзигулик нарсани аниқлаш имкони бўлмади. Парижда бу қадар ғаройиб ва ўта сирли содир этилган қотилликни эслашолмайди. Ва умуман, буни қотиллик деса бўладими? Полиция саросимада эди. Бу жумбоқни ечиш, унга ойдинлик киритишга имкон берадиган калаванинг учи топилмасди.
Кечки хабарларда Сен-Рок даҳасида аввалгидек ҳамма саросимада, қотиллик содир этилган уйни яна қайтадан тинтув этиш ишлари ҳам, гувоҳларни қайтадан сўроқ қилиш ҳам бирон-бир натижа бермагани айтилди. Яна Адольф Лебон ҳибсга олингани ҳақида хабар қилинди. Унинг айбини тасдиқловчи аввалдан маълум далиллардан бошқа бирон-бир янги далил топилмади.
Мен Дюпен тергов жараёни билан ўта қизиқаётганини сездим, лекин у изоҳ беришдан ўзини тийди. Лебоннинг ҳибс этилгани ҳақида хабар тарқалгандан сўнггина у мендан бу ҳақида қандай фикрдалигимни сўради.
Мен ҳамма парижликлар каби содир этилган бу жиноят ечиб бўлмайдиган бир жумбоқ эканлигини айтишим мумкин, холос. Қотилни топишга ёрдам берувчи бирон-бир издан дарак йўқ эди.
Сиз кўрганларингиздан келиб чиқиб, хулоса чиқарманг, деди Дюпен. Париж полицияси ҳамма нарсани айёрлик билан қўлга киритади, уларнинг фаҳм-фаросатлилиги ҳақидаги мақтов гаплар бу афсона. Уларнинг биринчи дақиқаларда аниқланган нарсаларини асос қилиб олиш одатларини назарда тутмаганда, ҳаракатларида тартиб йўқ. Улар ўтказадиган тадбирлари ҳақида бор овозлари билан жар солишди, лекин уларнинг бу саъй-ҳаракатлари нишонга тегмайди. Шу боис бехосдан Журденни эслайсан киши. У “мусиқани яхшироқ эшитиш учун” унга “халатни” беришларини сўрарди. Улар бирон-бир нарсага эришсалар, фақат ҳаракатчанлиги ва меҳнати орқасида эришишади. Лекин бу хислатлар камлик қилган ўринларда уларнинг барча ҳаракатлари пучга чиқади. Мисол учун Видокда тахмин қилиш қобилияти ва қатъийлик кучли, лекин ундаги мантиқий фикрлаш кучсизлик қиларди, оқибатда у қидирув жараёнларини олиб боришда кўп ҳолларда ноқулай аҳволга тушиб қоларди. У қидирув ишлари олиб бораётганида ҳақиқатга яқинлашгандай бўларди, лекин натижаси кўринмасди. У яхлитликка эришолмасди. Чуқур фикрлаш ҳам ҳаммавақт яхши натижа бермаслиги мумкин, бундай кезларда оширвориш ҳеч гап эмас. Ҳақиқат ҳамиша қудуқнинг тубига яширинган бўлмайди. У юзада ётган бўлиши ҳам мумкин. Биз уни дара ичкарисидан изласак, у тоғ чўққисида бизни кутиб турган ҳам бўлиши мумкин. Бу каби хатоликларга йўл қўйишнинг сабабини ўрганиш учун осмон жисмларини кузатайлик. Осмондаги юлдузга бир зумгина боқинг, унга кўзингизнинг қирини ташланг. Шунда сиз уни нечоғлиқ ялтиллаб ёнишига баҳо беришингиз мумкин. Лекин сиз у томонга қайрилиб, унга тик боқсангиз, ундаги нурнинг хира тортганининг гувоҳи бўласиз. Сўнгги ҳолатда кўзга нур кўпроқ тушади, аммо биринчи ҳолатда қабул қилиш имконияти анча кучлироқдир. Ўта диққат билан, нигоҳни узмасдан қараш Зуҳро юлдузини ҳам осмондан тушириб юбориши мумкин.
Қотиллик масаласида эса, келинг, мустақил қидирув уюштирайлик, кейин уни хулосалаймиз. Бундай қидирув ишлари бизга бироз вақтихушлик бахш этади (вақтихушлик сўзи бироз ноўрин ишлатилгани фикримдан ўтди, лекин гап қўшмадим), унинг устига бир пайтлар Лебон менга ёрдам берган, мен ҳануз ундан қарздорман. Юринг, ҳамма нарсани ўз кўзимиз билан кўрайлик, полициячи Г. — менинг эски танишим, йўқ демаса керак.
Рухсатнома олинди ва биз вақтни бой бермасдан Морг кўчасига отландик. Бу Ришелье кўчаси билан Сен-Рок кўчасини бирлаштириб турувчи тинч кўчалардан бири эди. Биз шаҳарнинг бошқа бир бурчагида яшар эдик ва фақат соат учларга яқин воқеа содир бўлган жойга етиб келаолдик. Уйни дарров топдик, чунки ҳанузгача баъзи бекорчилар кўчанинг нариги юзида туриб уйни томоша қиларди. Бу одатдаги Париж уйларидан бўлиб, ён томонида деразаси кўтарилиб очиладиган ойнабанд қоровулхонаси ҳам бор эди. Уйга кирмасдан, уни айланиб ўтдик. Дюпен синчковлик билан уйни, унинг ён-атрофини текшириб чиқди, бирон эътиборга лойиқ нарса йўқлигидан мен унинг бу ишидан ўта ҳайрон эдим.
Уйнинг кириш томонига қайтиб келиб, қўнғироқни босдик. Қўлимиздаги ҳужжатларнинг эшик тагида турган полициячиларга таъсири бўлди ва улар бизни ичкарига қўйишди. Биз зинадан кўтарилиб, Л’Эспанэ хонимнинг жасади топилган ётоқхонага кирдик, икки жасад ҳамон у ерда ётарди. Хонада бирон нарсага, одатдагидек, тегишмаган эди ва у ерда ўша-ўша тартибсизлик ҳукм сурарди. Кўз олдимда “Суд рўзномаси”да тасвир этилган манзарадан бошқа нарса йўқ эди. Аммо Дюпен ҳамма нарсани бир бошдан синчиклаб кўздан кечирди, шу жумладан, жасадларни ҳам. Биз бошқа хоналарни ҳам айланиб, сўнг ҳовлига чиқдик. Полициячи бизни нигоҳи билан кузатиб турарди. Воқеа содир бўлган жойни текшириш анча вақтни олди. Ниҳоят, ишни тугатиб, йўлга тушдик. Қайтишда дўстим таҳририятлардан яна бирига ҳам кириб чиқди.
Бу ўринда дўстимга хос бўлган унинг баъзи бир хислатлари ҳақида гапириб ўтай. Мен ҳамиша у нима деса, унинг гапини маъқуллар эдим. Аммо ҳозир унинг содир этилган қотилликни муҳокама этиш нияти йўқ эди ва бу ҳақда у эртаси куни пешинларда гап бошлади. Гапни дабдурустдан бошлаб, берган саволи билан мени саросимага солиб қўйди. У мендан ваҳшиёна содир этилган бу қотилликда кўзимга бирон-бир муҳим нарса ташландими-йўқми, деб суриштирди. У “муҳим” сўзини шу қадар овозини пастлаб сўрадики, мен беихтиёр сесканиб тушдим.
— Йўқ, ҳеч нарса сезмадим. Газеталардан ўқиб билганларимиз, холос.
— Назаримда, газеталардаги хабарларда энг муҳим нарса тушириб қолдирилган, — деб эътироз билдирди Дюпен. — Бу — рўй берган воқеа замирида ақл бовар қилмас даҳшат ётганидир. Ҳай, майли. Улар нима десалар деяверсинлар. Фикримча, улар бу жумбоқни айнан ечиш имконини берадиган масалага таяниб, уни ечиб бўлмайди деб овоза қилишди. Мен қотилликни нечоғлик ваҳшийлик билан содир этилганини назарда тутяпман. Полициячиларни ҳам қотиллик эмас, балки уни содир этишдаги ваҳшийлик ҳайратга солган эди, бунинг устига, бу икки аёлни ўлдиришга ундовчи сабаб ҳам кўринмасди. Гувоҳларнинг берган кўрсатмалари бўлса бири бирини инкор этарди. Улар уйнинг тепа қаватидан жанжаллашаётган одамларнинг овозини эшитишган, аслида у ерда ўлдирилган қиз, Л’Эспанэ хонимнинг жасадидан бошқа кимса бўлмаган. Қотил қочган ҳам бўлиши мумкин эмас, чунки уйдан чиқиб кетиш учун иккинчи эшик йўқ. Агар шундай имкон бўлганда ҳам гувоҳлар зинадан юқорига кўтарилаётганида улар билан тўқнаш келган бўларди. Ётоқхонада ҳамма нарса ағдар-тўнтар қилинган эди, жасадни бўлса, кимнингдир мўрига оёғини осмондан қилиб тиқиш эсига келганига ақл бовар қилмасди. Кампирни инсонни ларзага солувчи даражада қийнашгани, юқорида қайд этилган ва яна бир қатор вазиятлар, мен уларни бу ерда санаб ўтирмайман, мана шуларнинг ҳаммаси маъмурларимизни саросимага солиб қўйган ва уларнинг мақталган донолигига шак келтирган эди. Улар ғайри-оддий нарсани тушунтириб бериш қийин бўлган нарса билан аралаштириб, ўта қўпол, лекин тез-тез учраб турадиган хатога йўл қўйишган эди. Аслида эса айнан оддий ва содда нарсадан четга оғиш ҳақиқатни излаб топишда ақлга йўл кўрсатади. Биз текшираётган ишда масалани “Нима воқеа рўй берди” деб эмас, балки шу пайтгача “ҳеч рўй бермаган қандай воқеа содир бўлди”, — деб қўйиш керак бўлади. Мен бу масаланинг ечимини топишга нечоғлик осонлик билан эришган бўлсам, полициядагилар учун бу шу қадар оғир кечди.
Мен Дюпенга ҳайрат билан қараб турардим.
— Берилган гувоҳликлардан шу нарса маълум бўлдики, — давом этарди Дюпен, — гувоҳлар зинада эшитган овозлар бу икки аёлга тегишли эмас эди. Демак, Л’Эспанэ хоним қизини ўлдириб, сўнг ўзини ўлдирган, деган тахминга ўрин қолмайди. Мени бу ҳақида гапиришимдан мақсад, бу борадаги фикрларимни баён этиш. Л’Эспанэ хоним қизининг жасадини мўрконга тиқишга журъат этолмасди, ўзининг бу қадар оғир қийноқни бошдан кечириши, уни ўз ҳаётига суиқасд қилган деган тахминни бекор қилади.
Бундан, қотиллик учинчи бир одам томонидан содир этилган ва эшитилган овозлар шу одамга тегишли деган фикр хаёлга келади. Энди бўлса, эшитилган овозлар хусусида берилган гувоҳликларнинг барчасини эмас, балки маълум қисмигагина эътибор берайлик. Айтинг-чи, сизни бирон нарса ҳайрон қолдирдими?
— Гувоҳларнинг барчаси, — жавоб бердим мен, — бўғиқ овоз французга тегишли, деб бир овоздан тасдиқлашди, чийиллаган ёки шиддатли овоз хусусида бўлса, фикрлари бир жойдан чиқмади.
— Сиз, умуман, кўрсатмалар ҳақида гапиряпсиз, — деб эътироз билдирди Дюпен, — ўзига хос томонлар ҳақида эмас. Сиз энг муҳим нарсага эътибор бермагансиз. Аслида, эътибор бериш керак эди! Гувоҳлар, сиз тўғри таъкидлаганингиздек, бўғиқ овоз эгаси хусусида бир фикрдалар. Чийиллаган овоз эгасига келсак, ажабланарли томони шундаки, фикрларни бир жойдан чиқмагани эмас, балки бу овозни гувоҳлар бир овоздан итальян, инглиз, испан, холланд ва французга, яъни ажнабий одамга тегишли деб кўрсатишгани бўлди. Бирон-бир кимса бу чийиллаган овоз эгаси ўз ватандошига тегишли эканлигини қайд этмади. Қизиғи шундаки, гувоҳлик берувчи французга бу овоз испан одамига тегишлидек туюлган, у: “Ким гапираётганини англаш қийин эди, лекин тили испанчага ўхшаб кетарди”, — деса, ҳолландиялик учун бу овоз французга тегишлидек туюлди. Ҳолбуки, баённомада “гувоҳ французча гапирмасди, уни таржимон ёрдамида сўроқ қилишди”, — деб қайд этилганди. Инглиз гувоҳ бу овозни олмонияликникига ўхшатган. Ўзи эса олмонча бир сўзни ҳам билмасди. Испаниялик гувоҳ бўлса, бу овоз инглизга тегишли деган “қатъий” фикрда, ҳолбуки ўзи инглизча “бирон-бир сўзни билмайди”. Инглиз тили унга бегона тил, буни у овоз оҳангидан келиб чиқиб айтяпти. Италиялик учун бу овоз рус кишисига тегишлидек туюлган, ҳолбуки “рус кишиси билан бирон-бир марта ҳам мулоқотда бўлишига тўғри келмаган”. Боз устига, иккинчи француз гувоҳ биринчи француз гувоҳдан фарқли ўлароқ, “овоз” италияликка тегишли эканига ишончи комил.
У худди гувоҳлик берган испанга ўхшаб, итальян тилини билмаса-да, гапириш оҳанги итальянникига ўхшашини айтади. Ҳақиқатдан ҳам, гувоҳларнинг қулоғига эшитилган овоз ўта ғалати бўлса керакки, йирик европа мамлакатларининг беш хил миллатига мансуб вакиллардан биронтаси бу овозни ўзига таниш бўлган, она тилига ўхшатмаган. Сиз, овоз осиёлик ёки африкаликка тегишлидир, деб айтишингиз мумкин. Гарчанд, осиёлик ё африкаликлар Парижда кўпам учрамайди. Лекин бу тахминни ҳам инкор этмаган ҳолда, мен сизнинг эътиборингизни учта нарсага қаратмоқчиман. Бу, гувоҳларнинг бирига овоз “чийиллаган эмас, балки кескинроқ”дек туюлган. Қолган икки гувоҳга бўлса, овоз эгаси бир текис эмас, шошиброқ гапиргандек туюлган. Лекин бирон-бир гувоҳ аниқ бир сўзни эшитмаган.
Мен келтирган далиллар сизга қандай таъсир кўрсатишини билмайман, лекин бўғиқ ва чийиллаган овоз масаласида дадиллик билан шуни таъкидлашим мумкинки, улардан қонуний хулоса ва тахминлар келиб чиқади ва улар биз олиб бораётган текшириш ишларини олдиндан белгилаб беришга қодирдир. “Қонуний хулосалар” деган иборани мен кўпам ўринли ишлатмадим чоғи. Мен жумбоқни ечишда натижа берувчи ва тўғри йўлга бошловчи ягона имконият бу демоқчи эдим.
Тахминларим нимадан иборат эканлигини ҳозирча айтмай тураман. Лекин шуни ёдда тутишингизни илтимос қилар эдимки, тахминларим шу қадар асослики, улар менга кампирнинг хонасида олиб борган қидирув ишларимда асқотди ва йўналиш кўрсатди.
Хаёлан кампирнинг хонасига кўчайлик. Бу ўринда биз қидирув ишларини аввал нимадан бошлаймиз? Албатта, қотил қочган эшикни аниқлашдан. Биз сиз билан, албатта, ғаройиботларга ишонмаймиз. Ахир, ёвуз кучлар Л’Эспанэ хоним ва унинг қизини ўлдирган эмас-ку. Қотиллар, табийки, маконда яшовчи жонзот, шу боис улар қочганда ҳам макон қонун-қоидасига амал қилган ҳолда қочади. Лекин қандай қилиб? Бу ўринда, бахтимизга, кўпам мураккаб мулоҳаза юритиб овора бўлмаймиз, мулоҳазаларимиз бу муаммони ечишда тўғридан-тўғри йўл кўрсатади. Қотил хонадан чиқиб кетиши мумкин бўлган йўлларни бирма-бир ўрганиб чиқайлик. Маълумки, одамлар зинадан юқорига кўтарилишаётганида, қотил кампирнинг хонасида бўлган, нари борса ён хонада бўлган, демак у қочган йўлни ҳам айнан шу икки хона атрофидан қидириш керак. Полициячилар девор, шип, полнинг тагини обдон текширишди. Бирон-бир махфий йўл уларнинг эътиборидан четда қолиб кетиши мумкин эмас эди. Лекин, уларга ишонмасдан, мен яна бир бошдан хонадан чиқиб кетиш мумкин бўлган йўлларни текшириб чиқдим. Хоналардан йўлакка олиб чиқувчи иккала эшик ҳам ичкаридан қулфланган эди.
Мўрконларга эътибор қилайлик. Мўрининг саккиз-тўққиз фут масофани эгаллаган пастки қисми шу кенгликда бўлиб, юқори қисми шу қадар торайиб борганки, ундан ўртача семизликдаги мушукнинг ҳам қочиб чиқиши амри маҳол. Шу тариқа, қотил қочиши мумкин бўлган бу имкониятни истисно этамиз. Энди, деразаларни кўриб чиқайлик. Хонанинг кўчага қаровчи деразаларини ҳисобга олмаймиз, агар қотил дераза ошиб қочганида, уй олдида тўпланиб турган одамлар уни, албатта, кўрган бўларди. Демак, қотил ётоқхонадаги дераза орқали қочган бўлиши керак. Биз шундай мантиқий хулосага келдик ва бундай бўлиши мумкин эмас, деган фикрга келиб, бу фикримиздан қайтмаслигимиз керак. Аксинча, “бўлиши мумкин эмас” деган фикрнинг “бўлиши мумкинлигини” исботлашга ҳаракат қиламиз. Ётоқхонанинг иккита деразаси бор. Уларнинг бири бирон нарса билан тўсилмаган, шу боис, бошдан-оёқ кўриниб туради.
Иккинчи деразанинг пастки тарафи залворли каравотнинг бош томони билан тўсиб қўйилган эди. Биринчи дераза ички тарафдан маҳкамланган. Уни очиш учун беҳуда куч сарфладик. Дераза ромининг чап тарафида туйнук бўлиб, дераза ромига катта мих қоқилган эди. Иккинчи деразани текширганимизда, унинг ҳам мих билан маҳкамланганини кўрдик. Бу деразани ҳам очиш учун қилган ҳаракатимиз беҳуда кетди. Бу эса полициячиларни қотил бу йўл билан қочиши мумкин эмаслигига яна бир бор ишонтирди. Шу боис улар ромдан иккала михни суғуриб, деразани очишга ҳаракат қилишмади.
Мен, юзаки текшириш билан қаноатланмай, сабабини сизга аввал айтган эдим. Чунки мен “бўлиши мумкин эмас” деган фикрнинг аксини исботлашим лозим эди.
Мен босқичма-босқич эмас, тескари тартибда мулоҳаза юрита бошладим. Қотил, сўзсиз, иккита деразанинг биридан қочган. Лекин, бунда қотил деразани ички тарафдан қайтадан маҳкамлаб ёпган бўлиши мумкин эмас. Деразалар бўлса ички тарафдан маҳкам беркитилган эди. Айнан мана шу ерга етганда полициячилар боши берк кўчага кириб қолгандек, қидирув ишларини давом эттиролмай қолишди.
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам деразалар берк эди. Демак, улар автоматик тарзда ёпилади. Бундай фикрнинг келиши табиий эди. Мен олди тўсилмаган деразанинг ёнига келиб, ундан михни суғуриб олдим ва деразани очишга ҳаракат қилдим. Тахминим тўғри чиқди, дераза очилмади. Шунда хаёлимга бир фикр келди, деразани очишнинг кўз илғамас бир йўли бўлса керак, деб ўйладим. Деразанинг ромларини синчиклаб кўздан кечирдим ва ҳақиқатдан ҳам кўз илғамас бир пружинага кўзим тушди. Мен уни босдим, деразанинг очилиш сиридан воқиф бўлганимдан севиниб дераза ромини кўтардим.
Мен михни яна жойига қўйдим ва ёриққа синчиклаб разм солдим. Деразадан тирмашиб чиққан киши уни ташқаридан ёпиши мумкин, шунда деразанинг зулфи шиқ этиб, ўз-ўзидан қулфланиб қолади, лекин мих ўз-ўзидан жойига туриб қолмайди-ку. Бундан қуйидаги хулоса келиб чиқмоқда эди: қотиллар бошқа деразадан қочишган. Аммо, деразанинг зулфи иккала ромда ҳам бир хил, демак, гап михда ёки уни қандай қилиб жойига ўрнатишда бўлса керак. Мен тўшакнинг устига чиқиб, каравотдан осилиб, иккинчи ромнинг деразасини синчиклаб кўздан кечирдим, қўлимни чўзиб, худди биринчи деразадагига ўхшаш темир пружинани топдим ва уни босдим. Сўнг мих билан шуғулландим. У худди ён деразадаги шериги каби жуда мустаҳкам эди ва тирқишга охиригача кирар эди.
Сиз, албатта, мени нима қилишини билмай гаранг бўлиб қолди, деб ўйларсиз. Унда сиз тафаккурнинг индуктив усули — яъни, далилдан унинг сабабига қараб хулоса чиқариш ҳақида тасаввурга эга эмас экансиз. Спортчиларнинг ибораси билан айтганда, мен тўпни бехато урдим. Мен аниқ йўлдан кетаётган эдим. Менинг фикрлаш тарзимнинг бирон бўғинида носоз ҳалқа йўқ эди, мен уни охирги нуқтасигача ишлаб чиққан эдим ва бу охирги нуқта мих билан боғлиқ эди. Мен аввал ҳам айтган эдим, у худди ён деразадаги михга айнан ўхшар эди. Лекин, мих сирнинг калити эканлигига менинг ишончим шу қадар комил эдики, унинг олдида бошқа далиллар ҳеч гап эмас эди. “Демак, михда бир гап бор”, — деб ўйладим мен. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, михга сал тегиб кетишим билан унинг боши турумча билан қўлимга синиб чиқди. Михнинг танаси ҳамон тирқиш орасида қолиб, афтидан, у ўша ерда синиб қолган эди. Бу синиқ азалдан мавжудлиги темирдаги зангдан ҳам маълум эди; мен яна шунга эътибор бердимки, михни қоқаётганда болға унинг бошининг бир чеккасини ҳам қоқиб, ромнинг ичига киргазиб юборган.
Қўлимдаги синиқни авайлаб жойига қўйганимда, мих худди бутундек таассурот қолдирди. Бирон бир ёриқ сезилмади. Мен пружинани босиб, деразани кўтардим. Ром билан биргаликда дераза тирқишида зич ўтирган михнинг боши ҳам бирга кўтарилди. Мен деразани туширдим, мих яна бутундек тассаввур уйғотарди.
Шундай қилиб, жумбоқнинг дераза билан боғлиқ жойи ечилди: қотил каравот тўсиб турган деразадан қочган. Деразанинг роми ўзи ёки бировнинг ёрдамида очилиб ёпилганида пружина уни жойига маҳкамларди, полициячилар бўлса, пружинанинг вазифасини мих бажарган деган хаёлга борганлари учун текширув ишларини тўхтатганлар.
Қотил қандай қилиб пастга тушди, деган савол туғилади. Бунга мен сиз билан уй атрофини айланиб чиққанимизда жавоб топдим. Биз айтган деразага беш ярим футча етмасдан яшинқайтаргич ўтган.
Бу ердан дераза томонга ўтиш, айниқса ундан ошиб тушиш қийинчилик туғдирмайди. Аммо мен бир нарсага аҳамият бердимки, бешинчи қаватдаги ромлар, парижлик дурадгорларнинг айтишича, модадан қолганига анча бўлган, лекин сиз уларни Лион ёки Бордодаги уйларда тез-тез учратиб турасиз. Бундай дераза ромлари одатдаги бир қанотли эшикларни эслатади, фақат тепа қисми очиқ бўлиб, худди панжара ёки шпаллер қоқилгандек, унга қўл билан осилиб олиш қулай. Л’Эспанэ хонимнинг уйидаги дераза-ромларининг эни уч ярим футдир. Биз уйнинг орқа томонидан қараганимизда дераза ромлари ярим очиқ эди, яъни деворга нисбатан тўғри бурчак остида жойлашган эди. Полициячилар ҳам менга ўхшаб, уйни ичкари томонидан текширишган бўлишса керак. Лекин дераза ромларини ён томондан кўрганлари учун унга етарли эътибор беришмаган, яъни унинг эни ўта кенглигига аҳамият беришмаган.
Бу йўл орқали қотиллар қочиши мумкин эмаслигига ишончи комил бўлган полициячилар, табиийки, уйнинг деразаларини юзаки текшириш билан чегараланганлар. Мен бўлсам каравот томондаги дераза ромини очиб юборилса, қотиллар яшинқайтаргичдан бор-йўғи икки фут оралиғида бўлишига дарров ақлим етди. Ўта эпчил ва қўрқмас одам ҳеч қийналмасдан, бемалол яшинқайтаргич орқали деразадан ошиб тушиши мумкин.
Яшинқайтаргични қўйиб юбориб, оёғи билан деворга тиралиб, куч билан ўзини итариши ва деразани беркитиши мумкин, агар дераза очиқ деб тасаввур қилинадиган бўлса, дераза токчасидан тўғри хонага сакраб тушиши мумкин.
Демак, эсда тутинг: гап ўта эпчиллик устида боряпти, чунки фақат ўта эпчиллик орқали бундай мушкул вазифани бажариш мумкин.
Мен сизга, биринчидан, айнан шундай сакраш имконияти мавжудлигини исботламоқчиман, иккинчидан бўлса, ва бу энг муҳими, бундай сакраш учун ўта ғайриоддий эпчиллик талаб этилишини тасаввур қилишингизни истайман.
Сиз, албатта, мен учун бундай ҳолларда адвокатларнинг фикрига кўра, нечоғлик эпчиллик зарурлигини исботлашдан кўра, уни сир тутиш қулайроқдир, деб айтишингиз мумкин. Адвокатларнинг одати шундайдир, лекин ақл бундай одатни ихтиёр этолмайди. Ҳақиқатга етишиш — мана менинг асл ниятим. Менинг навбатдаги вазифам сизнинг онгингизда қуйидагини таққослашга мойиллик уйғотиш: бир тарафдан, мен сизга айтган ўта эпчиллик; иккинчидан — қайси миллатга мансублигини ажратиш қийин бўлган дағал овоз; шу билан бирга бирон сўзини тушуниш қийин бўлган ғўнғир-ғўнғир овоз…
Эшитганларим миямда фикр уйғотгандек бўлди. Яна бир уринсам, Дюпен гапни нимага олиб келаётганини тушуниб оладигандекман. Одатда, ниманидир эслаш учун, мияни шундай ишга солинади, бу орада дўстим гапида давом этмоқда эди:
— Аҳамият беринг, ўғри қандай қилиб яширингани ҳақидаги гапдан, мен уни хонага қандай қилиб киргани ҳақидаги гапга ўтиб кетдим. Бу билан мен иккала воқеа ҳам айни бир жойда ва айни бир хил содир бўлганига эътиборингизни қаратмоқчиман. Энди хонага қайтсак, бу ерда биз нималарни кўрдик? Жавон тортмаларидан, ҳозир ҳам сочилиб ётган, кийим-кечакларнинг кўпчилиги, бизни ишонтиришларича, ўғирланган. Бемаъни гап. Бу тахмин исботсиз осмондан олингандек гап. Ким билади дейсиз, эҳтимол жавонда топилган нарсалардан бўлак бошқа нарсалар бўлмагандир ҳам. Л’Эспанэ хоним ва унинг қизи узлатда, одамлардан узилган ҳолда яшашар, кимса уйларига келмас, ўзлари ҳам бирон кимсаникига бормас эдилар. Хўш, уларга ортиқча кийим-кечакнинг нима кераги бор, деб ўйлайсиз? Топилган кийим-кечаклар бу хонимлар кийиб юрган кийимлардан ёмон эмас. Агар ўғрини кийим-кечаклар қизиқтирган бўлса, унда нима учун у кийимларни айнан яхшисини ўзи билан олиб кетмаган? Нима учун ўзи билан ҳаммасини олиб кетмаган? Ва энг муҳими, нима учун қандайдир латта-лутта деб уйдан топилган 4 минг тилладан воз кечган?
У пулга қўл ҳам урмаган. Миньо жаноблари бизни воқиф этган тиллаларнинг ҳаммаси жойида, халтачалар полда сочилиб ётар эди. Шу боис уйга келтирилган тилла ҳақидаги кўрсатмаларга асосланиб, полициячилар калласига келган аҳмоқона фикрни хаёлингиздан чиқариб ташланг. Пулни уйга келтириб берилиши ва уч кундан сўнг пул эгасини ўлдириб кетилиши каби тасодифлар кунда юз беради ва биз уларга аҳамият ҳам бермаймиз.
Тасодиф — маълум тарзда фикрловчи ва эҳтимоллик назарияси ҳақида умуман тасаввурга ҳам эга бўлмаган кишиларга панд берувчи жиҳатдир. Аслида эса, ўзининг оламшумул кашфиётлари билан шуҳрат қозонган фан соҳалари айнан мана шу эҳтимоллик назариясидан миннатдор бўлишлари лозим. Албатта, агар пул кам чиққанда, уни қотиллик юз бериш арафасида олиб келингани ҳақидаги ўй оддий тасодиф сирасига кирмаган бўлар эди.
Бундай ҳолда жиноятга қўл уришнинг сабаблари нима деган табиий савол туғилади. Мазкур ҳолатда жиноятнинг сабаби пул ўғирлаш деган хаёлга бориш, бу ўғрининг ландовур ва ўтакетган аҳмоқлигини тан олишдир. Чунки ўғри, уни жиноят содир этишга ундаган сабаб, яъни пулни олмаган, унутиб қолдирган эди.
Энди, уч ҳолат — яъни ўзига хос товуш, ғайриоддий эпчиллик ва ўта ваҳшийлик билан содир этилган жиноятнинг юзага келишига ундовчи сабабнинг йўқлигини эсдан чиқармаган ҳолда, эътиборни содир этилган жиноятга қаратсак. Мана, аввал бўғиб ўлдирилган, сўнг оёғини осмондан қилиб мўрига тиқилган жасад. Одатда жиноятчилар бу йўл билан ўлдиришмайди. Бунинг устига жасадни бу йўсинда яширишмайди. Кўз олдингизга қотил мурдани мўрига тиқишини келтиринг. Бунда бизнинг тасаввуримизга сиғмайдиган ўтакетган ваҳшийлик мавжудлигига тан берасиз, гарчанд бу ишга тубанлашиб кетган газанда қўл урган бўлса-да, шунингдек, уч-тўрт киши биргалашиб мўридан зўрға юқоридан пастга тортиб туширилган жасадни пастдан туриб, юқорига итариб киргизиш учун нечоғлик куч эгаси бўлиш лозимлигини ҳам тасаввур қилинг. Ва ниҳоят, бу даҳшатли куч эгаси қолдирган бошқа излар ҳам бор. Камин панжарасида ниҳоятда қалин, оқарган соч уюми топилди. Улар илдизи билан қўпориб, юлиб олинган эди. Йигирма-ўттиз дона сочни бирваракайига юлиб олиш учун қанча куч керак бўлишини ўзингиз биласиз. Бошқасини гапирмаса ҳам бўлади. Сиз ҳам мен каби бу соч уйимини кўрдингиз.
Миллионга яқин соч толалари эт билан бирга юлиб олинган бўлиб, унда қотиб қолган қон доначалари бир тортишда шунча сочни юлиб чиқариш учун қанча куч кераклигидан далолат берарди. Кампир шунчаки бўғизланган бўлмай, балки калласи бўйнидан буткул жудо этилган эди. Қотилга оддий устара қурол сифатида хизмат этган бўлиб, бу ваҳшийликни содир этиш учун нечоғлик йиртқич бўлиш кераклигини тасаввур қилинг. Л’Эспанэ хонимнинг моматалоқ бўлиб кетган аъзойи бадани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Мосье Дюма ва унинг муносиб ҳамкасби Мосье Этьен жасад танасидаги моматалоқ бўлиб кетган ўринлар ўтмас бир дастак билан уриш натижасида юзага келган деган фикрдалар ва ҳурматли жаноблар бунда ҳақдирлар. Ўтмас қурол дастак вазифасини бу ўринда харсанг тошлар ётқизилган йўл ўтаган. Чунки жасадни каравот билан тўсилган деразадан улоқтиришган. Ахир бундан осон нарса йўқ. Лекин полициячиларнинг чегараланган ақли шунга ҳам етмаган, уларни хаёлига деразалар очилиши мумкин деган фикр келмаган ҳам.
Агар бу кузатишларни ётоқхоналарда содир этилган тартибсизликлар билан тўлдирилса, унда бўлиб ўтган фожеани нечоғлик шитоб билан, инсонга хос бўлмаган куч, қонхўрлик ва ақл бовар қилмас шафқатсизлик билан овози ва шевасидан қайси миллатга мансуб эканлигини аниқлаш қийин бўлган, гаплари тушунарсиз кимса томонидан бажарилганини чоғиштириш қолади, холос. Хўш, бундан қандай хулоса келиб чиқаяпти? Бу ким бўлиши мумкин?
Берилган бу саволдан мени этим жимирлашиб кетди.
— Бу ёвузликни ақлдан озган, яқин ўртадаги жиннихонадан қочган савдойи содир этган, — дедим.
— Ёмон эмас, мулоҳазангизда жон бор, — деди маъқуллаб Дюпен. — Лекин телбанинг бақир-чақирлари жазаваси тутган пайтда ҳам одамлар зинадан кўтарилаётганда эшитган овозга ўхшамайди. Ҳар қалай телбанинг миллати, тили бўлади, гапларини маъносига етилмаса, сўзларини тушунса бўлади. Бунинг устига менинг қўлимдаги соч уйими телбанинг сочига ўхшамайди. Мен уларни Л’Эспанэ хонимнинг чангак тортган бармоқлари орасидан зўрға тортиб олдим. Сиз бу ҳақида нима дея оласиз?
— Дюпен, — деб қичқириб юбордим мен эсанкираганимдан, — бу сочлар одамники эмас!
— Мен одамники демаяпман, — эътироз билдирди Дюпен. — Лекин бирон-бир қарорга келишдан олдин мана бу варақдаги расмга разм солинг. Бу расмда мен Л’Эспанэ хонимнинг бўйнида “қонталашган ўринлар ва тирноқ излари” бор эди деб берилган кўрсатмага ҳамда Дюма ва Этьен жанобларнинг танадаги “бир неча кўкимтир доғлар, афтидан, бармоқ излари бўлса керак”, деган фикрига асосланиб, уни акс эттиришга ҳаракат қилдим.
Олдимизга расмни қўяр экан, дўстимиз гапида давом этди:
— Мулоҳаза қилиб кўринг, расмдаги бармоқларнинг эгаси кучли ва чангали ўткир эканлигидан далолат бериб турибди. Бу бармоқлар чангалидан омон чиқиш қийин. Улар қурбоннинг сўнгги нафаси чиққунча кучини йўқотмаган, тирноқлари танага ботиб кетган эди. Энди бўлса, иккала қўлингизни расмдаги бармоқ излари ўрнига қўйиб кўринг.
Уриниш беҳуда эди. Менинг бармоқларим расмдагига тўғри келмас эди.
— Тўхтанг, келинг ҳаммасини қандай лозим бўлса, шундай бажарамиз, — деб тўхтатди мени Дюпен. — Варақ текис сатҳ устида ётибди, инсон бўйни бўлса, юмалоқ шаклдадир. Мана инсон бўйни катталигидаги ғўла. Расмни ғўлани устига қўйиб, яна бир уриниб кўринг.
Мен унинг айтганини қилдим, лекин уддасидан чиқолмадим.
— Афтидан, бу излар инсонга тегишли эмас.
— Энди, Кювьедан мана бу сатрни ўқинг, — деди Дюпен. — Унда — Ҳиндистонда яшайдиган қўнғир орангутангнинг батафсил умумий ва анатомик тасвири берилган. Бу сутэмизувчилар оиласига кирувчилар тақлид этиш қобилияти кучлилиги, жиловлаб бўлмайдиган ғазаб, куч ва эпчиллиги билан ажралиб турадилар.
— Бармоқлар таърифи, — дедим мен сўзимни тугатар эканман, — айнан биз расмда кўраётган бармоқларга мос келади. Энди мен айнан тавсиф этилган орангутанг бу изларни қолдиришига ишонч ҳосил қилдим. Занглаган қўнғир рангдаги жунлар бу ўхшашликни тасдиқлайди. Лекин юз берган фожеани қандай изоҳламоқ лозим? Ахир гувоҳлар икки кишининг овозини эшитганлар, улардан бирининг овози сўзсиз французга тегишли бўлган.
— Жуда тўғри! Сиз, албатта, ҳамма француз одамнинг талаффузи, деб таъкидлаётган “топ Длеи!” деган ҳайқириқни эслаб қолгансиз. Мазкур воқеага тегишли бўлган бу ҳайқириқ бир гувоҳ томонидан норозилик аломати сифатида жуда ўринли шарҳлаб берилди (дўкон соҳиби, Монтани). Мана шу икки сўз ёрдамида бу жумбоқни батамом ечиш ниятидаман. Қандайдир бир француз қотилликнинг шоҳиди бўлган. Эҳтимол, балким аниқдир ҳам, унинг ёвузларча содир этилган қотилликка алоқаси йўқ. Афтидан, маймун у кишидан қочиб кетган. Француз бўлса, уни қотиллик содир этилган жойгача кузатиб борган. Маймун тутқич бермаган, у ҳозир ҳам озодликда. Гумонларим ҳақида кўп гапириб ўтирмайман, бу шунчаки менинг фаразларим ва улар шунчалар кам асосланганки, сизни тугул мени ҳам ишонтираолмайди. Демак,буни биз фараз деб қабул қиламиз ва уни табиий баҳолай бошлаймиз. Агар бизнинг француз, менинг тахминимча, қотилликка алоқаси бўлмаса, унда мен йўлакай “Монд” газетаси таҳририятига топшириб келган эълоним уни бу ерга бошлаб келади. Бу газета бизнинг кемачилигимиз манфаатларини ифодалайди ва денгизчилар орасида жуда машҳурдир.
Дюпен менга газета саҳифасини тутди. Мен ўқидим: “Саҳар пайти Булон ўрмонида (қотиллик содир этилган кун, эрталаб), ойи ва санаси кўрсатилган, Борнео оролида учрайдиган баҳайбат қўнғир орангутанг тутиб олинди. У эгасига қайтариб берилади, агар эгаси (овозаларга қараганда у Мальта кемасига қарашли денгизчига тегишли) унга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этса ва уни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ харажатларни тўласа. Қуйидаги манзилга мурожаат этинг: уй… кўча… 5 қават.”
— Сиз у одамнинг Мальта кемасидан эканлигини қаердан билдингиз?
— Мен буни билмайман, — эътироз билдирди Дюпен. — Бунга ишончим ҳам комил эмас. Лекин мана бу тасмага эътибор беринг, уни ёғ босиб кетган. Одатда, денгизчилар сочларини бундай тасма билан турмаклашни хуш кўришади. Тасмани айнан мана шундай тугун қилиб, фақат денгизчи, аниқроғи, мальталик боғлаши мумкин. Мен бу тасмани яшинқайтаргич олдидан топиб олдим. Лекин мен адашаётган бўлсам ва тасманинг эгаси мальталик денгизчи бўлмаса ҳам, берган эълонимнинг зарари тегмайди. Агар мен адашган бўлсам, денгизчи “кимдир мени чалғитган” деб бу ҳақда кўпам ўйлаб ўтирмайди. Агар ҳақ бўлсам, бу менинг қўлимдаги энг муҳим рўкач. Француз гарчанд қотилликка шерик бўлмаса-да, унинг шоҳиди бўлган киши сифатида эълон бўйича учрашишдан олдин бир неча бор ўйлаб кўради. У тахминан мана шундай мулоҳаза юритади: “Мен айбдор эмасман. Унинг устига мен бадавлат эмасман, орангутанглар қиммат туради, бу менинг учун яхшигина мол-дунё. Нима учун мен ундан воз кечишим керак. Мана у, шундоқ ёнгинамда. Уни қотиллик содир этилган жойдан анча наридан Булон ўрмонидан топишган”.
— Бу ёввойи махлуқнинг қўлидан ажабтовур ишлар келиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Бу воқеа қандай содир бўлгани полициячиларнинг хаёлига ҳам келмайди. Агар маймуннинг орқасидан кузатиб боришган тақдирда ҳам менинг бўлган воқеадан воқифлигимни исботлаш қийин. Воқеадан воқиф бўлган тақдиримда ҳам мен айбдор эмасман. Муҳими, мен ҳақимда кимнингдир хабари бор. Эълонда бу махлуқнинг эгаси мен эканлигим очиқ айтилган. Ким билади дейсиз, бу кишига мен ҳақимда яна нималар дейишган. Агар менга тегишли мулкни олгани бормасам, ахир у қиммат туради-ку, унинг устига эгаси мен эканлигим маълум, унда маймун шубҳа уйғотади ва бу махлуқнинг шубҳа остида қолишидан менга наф йўқ. Яхшиси, мен эълон бўйича бориб, орангутангни олиб келаман ва ҳаммаси босди-босди бўлгунча, уни яшириб қўяман” .
Зинада оёқ товушлари эшитилди.
— Қуролингизни ҳозирланг, — огоҳлантирди мени Дюпен, — фақат уни ишлатманг, кўрсатманг ҳам — токи мен ишора қилмагунимча.
Пастда кўча эшик очиқ эди; У қўнғироқни чалмасдан, зинадан кўтарила бошлади. Аммо у иккиланди, шекилли, бир дақиқача жойида туриб, яна пастга туша бошлади. Дюпен эшик томон отилди. Лекин шу онда нотаниш кимсанинг яна зинадан кўтарилаётгани қулоққа чалинди. У орқага қайтишни бошқа ихтиёр этмади. Биз унинг шиддат билан зинадан юриб келаётганини эшитдик, сўнг у эшикни тақиллатди.
— Киринг! — деди хушмуомалалик билан Дюпен. Эшикдан бир эркак киши кириб келди, афтидан, у денгизчи эди. У баланд бўйли, яғриндор, ҳеч ким унга бас келолмайдиган таассурот уйғотарди кишида, умуман олганда у ёқимтой эди. Унинг соқол-мўйлови офтобда қорайган юзининг деярли ярмидан кўпини эгаллаб олган эди. У қўлига тўқмоқ ушлаб олган эди. Афтидан, бу унинг ягона қуроли эди. Денгизчи хижолатомуз таъзим қилиб, биз билан саломлашди. У француз тилида тоза гапирар эди, сезилар-сезилмас шевасини эътиборга олмаганда. Лекин у парижлик экани билиниб турарди.
— Ўтиринг, ошна, — саломлашди у билан Дюпен.— Сиз орангутангни олиб кетгани келган бўлсангиз керак, албатта? Очиғини айтсам, сизга ҳавасим келади! Ноёб нусха, унинг устига нархи ҳам қиммат бўлса керак. У неча ёшда, нима деб ўйлайсиз?
Денгизчи енгил нафас олди. Афтидан, унинг елкасидан тоғ ағдарилгандек эди.
— Билолмадим, — деди у бетакаллуфлик билан. — Тўрт-беш ёшлар чамаси, ундан кўп эмас. У шу ердами?
— Қаёқда дейсиз, бизда унга лойиқ хона топилмади, биз уни Дюбур кўчасидаги извошчи аравалар турадиган уйга топширдик. Уни олиб кетгани эртага келинг. Унга эгалик ҳуқуқингизни исботлаш сизга қийинчилик туғдирмаса керак.
— Гап йўқ, жаноб!
— Ундан ажралиш бизга қийин, — давом этди Дюпен.
— Жаноб, уринишларим беҳуда кетди, деб ўйламанг. Менда ҳам виждон бор. Имконим қадар меҳнатингиз ҳақини тўлайман. Келишамиз!
— Хўш, бу жуда олижанобликдир сиз тарафдан. Сиздан қанча ҳақ олсам экан, ўйлаб кўриш керак. Ҳай, майли, пул олмай қўя қолай, ундан кўра менга Морг кўчасидаги қотиллик ҳақида нима биласиз, шуни айтиб беринг.
Охирги сўзини у бироз паст овозда, лекин жуда бамайлихотирлик билан айтди. У худди шундай бамайлихотирлик билан эшик ёнига бориб, уни қулфлаб, калитини чўнтагига солди; сўнг ён чўнтагидан тўппончасини олиб, шошилмасдан стол устига қўйди.
Худди бўғма касали бордек, денгизчининг юзи ўзгариб кетди.
Беихтиёр у ўрнидан сапчиб турди ва тўқмоғини маҳкам ушлаб олди. Лекин шу ондаёқ столга ағдарилиб тушди, бутун танаси титрар, ранги докадек оқариб кетган эди. У бирон сўз айтмади. Мен унга чин дилдан ачинар эдим.
— Бекорга хавфсираяпсиз, биродар, — тинчлантирди уни Дюпен. — Ишонинг, биз сизга ёмонлик қилмаймиз. Чин француз ва чин инсон сўзим: Сизга нисбатан ниятимиз яхши. Морг кўчасидаги қотилликка сизнинг дахлингиз йўқлигини мен аниқ биламан. Лекин бунга умуман алоқам йўқ дея олмайсиз, албатта. Кўриб турганингиздек, менга кўп нарса аён. Қаердан билганимни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Умуман, вазият тушунарли. Сиз ўзингизни айбдорман дея олмайсиз ва сизни жавобгарликка тортса бўладиган иш ҳам қилмагансиз. Сиз ҳатто пулга ҳам қўл теккизмагансиз. Пулларни олганингизда ҳам ҳеч ким сезмасди. Шу боис сизнинг қочиб юришингизга асос йўқ. Аммо виждон олдида бу иш бўйича билганларингизнинг ҳаммасини гапириб беришга мажбурсиз. Бегуноҳ бир одам ҳибсга олинган. Уни қотилликда айблашлари хавфи бор, сизга эса асл айбдор маълум.
Дюпеннинг сўзлари таъсир кучини кўрсатди: денгизчи ўзини тутиб олди, фақат ундаги сурбетлик қаерга кетди!
— Нима бўлса бўлди, — деди у бироз жим тургач. — Билганларимни сизга айтиб бераман. Худо ўзи менга ёрдам берсин! Сиз, албатта, менга ишонмайсиз — сиз менга ишонасиз деб умид қилсам, мен ғирт аҳмоқ бўлган бўлар эдим. Лекин барибир бунда менинг айбим йўқ! Мени қатл этишса ҳам майли, сизга ҳаммасини қандай бўлса, шундайлигича айтиб бераман.
Яқинда унинг Индонезия архипелагида бўлишга тўғри келган экан. Бир гуруҳ денгизчилар билан Борнеода тушиб қолишга тўғри келибди ва дўсти билан орол ичкарисига айлангани жўнашибди. У дўсти билан орангутангни тутишга муяссар бўлибди. Тез орада унинг дўсти вафот этиб, денгизчи маймуннинг ягона эгаси бўлиб қолибди. У ёвузлашган маймунни то Париждаги уйига олиб келиб, қизиқувчан қўшниларнинг кўзи тушмасин деб, шунингдек, маймуннинг кемада яраланган оёғи тузалиб кетгунча, жуда кўп савдоларни бошидан кечирибди. Денгизчи уни мўмай пулга сотиш илинжида экан.
Яқинда меҳмондорчиликдан қайтгач, — бу қотиллик содир этилган кечаси, аниқроғи, саҳарда юз берди, — у ўз ётоқхонасида орангутангга дуч келади. Маълум бўлишича, уни қочиб кетмасин деб қамаб қўйилган жойидан панжарани бузиб чиққан. Маймун қоидаси билан юзини совунлаб, қўлида устара билан ойна олдида ўтирарди. У худди эгасига ўхшаб, соқолини олиш тараддудида эди. Чунки қулф тирқишидан хўжайини соқолини қандай олишини ҳар куни кўрар эди. Ваҳшийлашиб кетган маймуннинг қўлида устарани кўргач, денгизчи эсанкираб қолди, чунки маймун устарани ишга солиши мумкин эди-да. Лекин у тезда ўзига келди, чунки маҳбусини қандай қилиб жиловлашни яхши биларди. Ҳатто унинг энг жазавага тушган пайтида ҳам қамчи билан савалаб, тезда ўзига келтирарди. У ҳозир ҳам қамчига ёпишди. Буни кўрган орангутанг эшик томон отилди ва зинадан пастга қараб тушди, бахтга қарши ойна очиқ эди — ундан нари кўчага отилиб чиқди.
Француз даҳшатга тушиб, унинг орқасидан чопди. Маймун бўлса, қўлидан устарани қўймасдан чопар, баъзи-баъзида тўхтаб, эгасига афтини бужмайтирар, эгаси яқинлашгач, яна қочиб кетарди. У анча вақт унинг кетидан қувиб юрди. Эрталабки соат учлар эди, кўча жимжит эди. Морг кўчасининг орқа томонидаги тор кўчадаги уйнинг бешинчи қаватида ёниб турган чироқ маймуннинг эътиборини тортди. Яқинроқ келиб, яшинқайтаргични кўргач, ақл бовар қилмас тезлик билан унга тирмашиб чиқди ва очиқ турган ойнадан ўзини ичкарига урди. Бунинг учун бир дақиқа вақтнинг ўзи етарли бўлди. Хонага киргач, маймун оёғи билан дераза ромларини тепиб очиб юборди.
Денгизчи хурсанд бўлишини ҳам, хафа бўлишини ҳам билмасди. У тузоққа тушган қочоқни энди тутаман деб ўйлади, чунки у фақат яшинқайтаргич орқали ўтиши мумкин эди. Бу ерда эса уни тутиш осон кечарди. Ишқилиб, уйда бирон кор-ҳол рўй бермасин-да! Хаёлига келган бу ўй уни маймуннинг орқасидан боришга ундади. Яшинқайтаргичга тирмашиб юқорига чиқиш қийинчилик туғдирмасди, айниқса, денгизчи учун. Лекин ичкари томонда жойлашган чап тарафдаги ойнага яқинлашгач, у тўхташга мажбур бўлди. Қўлидан келганича дераза томон чўзилиб, ичкарига қаради. Ҳайратдан пастга ағанаб тушай деди. Айнан шу онда Морг кўчасида яшовчи аҳолини саросимага солган қулоқни қоматга келтирувчи фарёд эшитилди.
Л’ Эспанэ хоним ва унинг қизи, афтидан, юқорида тилга олинган темир сандиқчадаги қоғозларни хонанинг ўртасида кўздан кечириб ўтиришган эди.
Сандиқча очиқ, унинг ичидаги нарсалар эса полда сочилиб ётарди. Афтидан, икки аёл деразага орқаси билан ўтирган бўлгани учун, тунгги меҳмонни дарров пайқашмаган. Унинг пайдо бўлиши билан хотинларнинг қичқириғи орасида бир муддат вақт ўтгани боис, хотинлар дераза очилганини пайқашмаган, эшик ғичирлади деб ўйлашган бўлса керак.
Денгизчи деразадан хонага қараганда, баҳайбат орангутанг Л’ Эспанэ хонимнинг елкаси бўйлаб ёйилиб ётган сочларидан (у сочларини тараган эди) тутиб турарди. Ва худди сартарошга ўхшаб, унинг кўзи олдида устарани ўйнатарди. Қизи ҳушидан кетиб, полда чўзилиб ётарди. Кампирнинг бақириқ-чақириқлари ёмонлик қилиш нияти бўлмаган орангутангнинг ғазабини қўзғатган чоғи, у фикридан қайтиб, унинг сочини эти билан юлиб олади. Маймун ўзининг кучли қўли билан кампирнинг калласини узиб олишга сал қолди. Қонни кўрган махлуқнинг жазаваси янада қўзиб кетди. Унинг кўзлари ёнарди. Тишларини ғичирлатиб, ўзини қизнинг устига отди, ўткир тирноқлари билан уни бўйнидан бўға бошлади. Қиз то жон бермагунча уни қўйиб юбормади. Ғазабга минган маймун ранги докадек оқариб кетган хўжайинни ойнадан қараб турганини кўради. Хўжайинининг қамчисини унутмаган маймунни тўсатдан қўрқув босади. У ўзини айбдор сезади ва жазолашидан қўрқиб, қонли қилмишини яшириш ҳаракатига тушади.
У хонада гир айланиб, ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилади, жиҳозларни синдириб, кўрпа-тўшакларни отиб юборади. Ниҳоят у қизнинг жасадини олиб, уни мўрига тиқади, кампирнинг жасадини бўлса, узоқ ўйлаб ўтирмай, ойнадан улоқтиради. Маймун қўлидаги бурда-бурда қилинган жасад билан дераза олдига борганини кўрган денгизчи турган жойида қотиб қолади ва қўрқувдан яшинқайтаргичдан сирғалиб тушди-да, маймунга эгалик қилишни кейинги сафарга қолдириб, уйи томон қоча бошлади. Зинадан кўтарилаётган одамлар эса французга тегишли хитобларни ва жунбушга келган махлуқнинг ғўнғир-ғўнғирини эшитган эдилар.
Мана, бор гап шу. Эшикни бузиб киргунларига қадар орангутанг, афтидан, кампирнинг ётоқхонасидан яшинқайтаргич орқали қочиб қолган. Ромнинг деразасини ҳам ўзининг орқасидан ёпиб қолдирган бўлса керак.
Кўп ўтмай маймуннинг эгаси уни тутиб олади ва Ботаника боғига мўмайгина пулга сотиб юборади. Биз Дюпен билан маҳкамага келиб, бор гапни айтиб берганимиздан сўнг Лебонни озод қилишди. (Дюпен баъзи бир изоҳларни беришдан ўзини тиёлмади). Дўстимга муносабати нечоғлик яхши бўлишига қарамай, ўша амалдор ҳам хатога йўл қўйганидан пушаймон эканини беркита олмади ва ҳамма ўз иши билан шуғуллангани маъқул, деб бизга дашном бериб ҳам қўйди.
— Жаврайверсин, — деди Дюпен менга, амалдорнинг саволини жавобсиз қолдирар экан. — Ўзини-ўзи юпатаверсин. Одам ўз қалбини ёзиши керак-да! Менга бўлса, душманимни ўзи уйида мағлуб қилганим етарли. Шундай бўлганда ҳам, бизнинг префект жумбоқни ечолмадим деб, бекорга қайғурмадилар.
Ростини айтганда, масаланинг моҳиятига етиш учун у ўта айёрлик қилади. Масалага юзаки қараш — унга одат. Унинг худди Лаверна маъбудасига ўхшаш, фақат танасиз битта калласи бор. Нима бўлганда ҳам, ёмон одам эмас, мени у, айниқса, ўзини ақлли, билармон қилиб кўрсатишидаги усталиги ҳайрон қолдиради. Мен ундаги мавжуд нарсани инкор этиш ва йўқ нарса ҳақида оғиз кўпиртириш қобилиятини назарда тутяпман.
Раъно Иброҳимова таржимаси.
«Жаҳон адабиёти” журнали, 2004 йил, 1-сон