October 24, 2020

Мовий карбункул (ҳикоя). Артур Конан Дойл

Мавлуднинг учинчи куни байрам билан табриклагани ошнам Шерлок Холмснинг олдига кирдим. У қизил халат кийиб кушеткада ётар, ўнг томонида тамаки жойланган бир неча трубка, чап томонида эса бир даста ғижимланган эрталабки газеталар турар эди, уларни ҳозиргина кўздан кечирган бўлса керак. Кушетканинг ёнида бир стул, унинг суянчиғига анчагина кийилган, бир неча жойи тешилган фақирона намат шляпа осилган. Холмс, афтидан, бу шляпани жуда диққат билан текширган бўлса керак, чунки стулда пинцет билан лупа ётарди.

— Банд экансиз, — дедим мен. — Халал бермасам деб қўрқаман.

— Сира ҳам халал бермайсиз, —деб жавоб берди у. — Мен тадқиқотларимнинг натижалари ҳақида суҳбатлашсам бўладиган ўртоғим борлигидан хурсандман. Кўриб турибсизки, бу жўнгина бир нарса, — у бош бармоғи билан эски шляпани нуқиб кўрсатди, — лекин бу ҳатто ибрат бўлишга арзигулик баъзи бир мароқли, ҳодисалар билан боғлиқ.

Мен креслога ўтириб, гуриллаб ўт ёнаётган каминга қўлимни тутиб исина бошладим. Кун қаттиқ совуқ деразаларни қалин жимжимадор музли қиров қоплаган.

— Гарчанд, бу шляпа жуда кўримсиз туюлаётган бўлса ҳам, у биронта қонли воқеа билан боғлиққа ўхшайди, — деб қўйдим мен. — Афтидан, у қандайдир мудҳиш сирларни очишда калит бўлиб хизмат қилади, сиз унинг ёрдамида жиноятчини фош қилиб жазолашга муваффақ бўласиз.

Шерлок Холмс кулиб юборди.

— Йўқ, йўқ, — деди у, — бу жиноят эмас, тўрт миллион одам бир неча квадрат милядан иборат масофада ур-йиқит бўлиб юрадиган жойда ҳамиша юз бериб туриши мумкин бўлган жуда майда, кулгили эпизод. Одамлар истиқомат қиладиган бундай баҳайбат ари уясида ҳар қандай мураккаб фактлар бўлиши мумкин, улар ғоятда сирли кўринсалар-да, уларнинг замирида ҳеч қандай жиноят бўлмаслиги мумкин. Биз бундай ҳодисалар билан бир неча бор тўқнаш келганмиз.

— Бўлмасам-чи, — деб хитоб қилдим мен. — Мен қаламга олган сўнгги олти эпизоднинг учтаси замирида ҳеч қандай ғайри қонуний нарса йўқ.

— Мутлақо тўғри. Бу арзимас ҳодисанинг ҳам зарарсиз бўлиб чиқишига шубҳаланмайман. Сиз хат ташувчи Петерсонни танийсиз-а?

— Ҳа.

— Бу ўлжа ўшаники.

— Яъни унинг шляпасими?

— Йўқ, йўқ, буни топиб олган. Эгаси номаълум. Сиз бунга эски бир буюм сифатида эмас, жиддий масала сифатида қаранг. Дастлаб сизга шляпанинг бу ерга қандай қилиб келиб қолганини гапириб бераман. У мавлуднинг биринчи куни худди ҳозирги пайтда Петерсоннинг ошхонасида қовурилаётган ажойиб, семиз ғоз билан бирга пайдо бўлди. Бу шундай юз берди. Мавлуд куни эрталаб соат тўртда Петерсон, ўзингиз билган олижаноб ва соф виждонли бу одам Тотенхем-Коортрод кўчасида зиёратдан уйига қайтиб келаётган экан. Газ фонар ёруғида олдинда аллақандай бир новча кимсанинг оппоқ ғозни орқалаганча сал-пал гандираклаб кетаётганини кўрибди. Гуж-стритнинг муюшида унга безорилар ёпишишибди. Улардан бири унинг шляпасини тушириб юборибди. Нотаниш одам ўзини ҳимоя қиламан деб ҳассасини ўқталган экан бехосдан орқасидаги магазин витринасига тегиб кетибди. Ойна чил-чил бўлибди. Петерсон нотаниш одамни ҳимоя қилгани югурибди, ойнани синдириб қўйганидан саросимага тушган шўрлик ўзига қараб югуриб келаётган одамни кўриши билан ғозни ташлабди-ю, ура қочиб, Тотенхем-Коортрод орқасидаги қинғир-қийшиқ тор кўчаларга кириб ғойиб бўлибди. Петерсон формада экан, қочоқни шу нарса қўрқитиб юборган бўлса керак. Петерсон пайдо бўлиши билан безорилар ҳам қочиб кетган, хат ташувчи жанг майдонида ёлғиз ўзи қолган, у мана шу ғижим шляпа билан ажойиб мавлуд ғозидек ўлжани қўлга киритган…

— …ва Петерсон уларни, албатта, эгасига қайтариб берган.

— Бизнинг олдимизда турган жумбоқ шундан иборат-да, азизим. Ўша нотаниш одам ким-у, қаерда яшайди? Рост, ғознинг чап оёғига боғлаб қўйилган бир парча қоғозга: «Миссис Генри Бейкер» деб ёзиб қўйилган, «Г. Б.» ҳарфлар бу шляпанинг астарида ҳам бор. Аммо шаҳарда бир неча минг Бейкер, шу жумладан бир неча юз Генри Бейкер яшаётгани учун йўқолган буюмни улардан биронтасига қайтариб бериш осон эмас.

— Хўш, кейин Петерсон нима қилибди?

— У менинг ҳатто энг арзимайдиган жумбоқларни ҳам ечишга ишқибозлигимни билгани учун ғозни ҳам, шляпани ҳам тўппа-тўғри менга олиб келибди. Ғозни биз то шу бугун эрталабгача сақладик, шундан кейин кун совуқлигига қарамай, уни ея қолиш дуруст, деган қарорга келдик. Петерсон уни олиб кетди, роса яйраган бўлса керак, менда эса мавлуд оқшомида ейман, деган неъматидан ажралган нотаниш кишининг шляпаси қолди.

— У газетада эълон бермабдими?

— Йўқ.

— Унинг ким эканлигини қаёқдан биласиз?

— Фақат мулоҳаза қилиб кўриб.

— Шу шляпага қараб мулоҳаза қилибми?

— Албатта.

— Ҳазиллашяпсиз! Бу эски, дабдала наматдан нимани билиб олиш мумкин ўзи?

— Мана лупам. Уни олиб бу шляпага менинг методимни татбиқ қилишга ҳаракат қилиб кўринг. Бу методни сиз тузуккина биласиз. Бу шляпанинг эгаси тўғрисида сиз нима дея оласиз?

Мен йиртиқ шляпани олиб, уни хафсаласизлик билан қўлимда айлантирдим. Оддийгина ғилдирак қора шляпа. Дағал, жуда кўп кийилган. Шоҳи астари бир вақтлар қизил бўлган, ҳозир эса айниб кетибди. Фабрика маркасини тополмадим, аммо, Холмс айтганидек, ичдан ён томонидаги «Г. Б.» ҳарфлари кўриниб турарди. Қайтармасида шляпани тортиб турадиган резинка ўтказиладиган тешикни кўрдим, аммо резинкаси йўқ эди. Умуман, шляпа йиртиқ, кир-яғир, доғ босган эди. Дарвоқе, бу доғларни яшириш учун устидан сиёҳ ҳам суртилган экан.

— Мен унда ҳеч нарса кўрмадим, — дедим шляпани Шерлок Холмсга қайтариб.

— Йўқ, Уотсон, сиз ҳамма нарсани кўриб турибсиз. Аммо кўриб турган нарсаларингиз устида бош қотиргингиз келмаяпти. Сиз мантиқий хулосалар чиқаришда жуда журъатсизлик қиласиз.

— Унда, мумкин бўлса, бу шляпани кўздан кечирганда ўзингиз қандай хулосалар чиқарганингизни айтиб берсангиз.

Холмс шляпани қўлига олиб, унинг ёлғиз ўзигагина хос бўлган синчков назар билан кўздан кечира бошлади.

— Албатта, ундаги кўпгина нарсалар унча равшан эмас, — деб уқтирди у, —аммо баъзи нарсаларни аниқ айтиш мумкин, баъзи нарсаларнинг эса эҳтимолдан холи эмаслигини анчагина қатъият билан тахминлаш мумкин. Масалан, шуниси мутлақо аёнки, унинг эгаси жуда ақлли одам, уч йил муқаддам пули кўп бўлган, ҳозир эса бошига қора кунлар тушган. У ҳамиша тадбирли бўлган, ҳамиша эртанги кунинг ғамини еган, ҳозир эса ўзига қарамай қўйган. Чунки унинг давлати ҳам камайган, биз у биронта ҳалокатли нуқсонга — эҳтимолки, ичкиликка дучор бўлиб қолган дея оламиз. Эҳтимолки, шу сабабдан хотинининг кўнгли қолган бўлса ҳам ажаб эмас…

— Азизим. Холмс!

— Аммо у ҳар қалай, ўз фазилатларини бир қадар сақлаб қолган, — деб сўзини давом эттирди Холмс, менинг хитобимга эътибор бермай. — У уйида ўтириб қолган, кўчага камдан-кам чиқади, спорт билан мутлақо шуғулланмайди. Бу ўрта ёшлардаги одам, сочларига оқ оралаган, сочмой суртади, сочини яқинда олдирган. Қолаверса, қатъий аминманки, унинг уйида газ чироқ йўқ.

— Ҳазиллашяпсиз шекилли, Холмс.

— Асло. Наҳотки буларнинг ҳаммасини гапириб берганимдан кейин ҳам, буларни қандай қилиб билганимни тушунмасангиз!

— Мени меров десангиз ҳам майли, аммо эътироф этишим керакки, сизнинг фикрларингизни кузатиб боришдан ожизман. Масалан, унинг жуда ақлли эканлигини сиз қаёқдан билдингиз?

Холмс жавоб бериш ўрнига шляпани бошига кийди. Шляпа пешанасини яшириб қаншаригача келиб тушди.

— Ҳажмининг катталигини кўряпсизми? — деди у. — Шундай каттакон калланинг ичида ҳеч нарса йўқ, деб бўлмайди-ку.

— Хўш, унинг камбағал бўлиб қолганини қаёқдан билдингиз бўлмаса?

— Бу шляпанинг олинганига уч йил бўлган. Четлари букилган текис қайтарма ўша вақтларда жуда расм бўлган эди. Шляпанинг сифати яхши. Мана бу ипак тасмани, ажойиб астарини кўринг. Агар бу одам уч йил муқаддам шундай қимматбаҳо шляпани сотиб олишга қодир бўлиб, шу вақтгача бошқасини сотиб олмаган экан, мутлақо равшанки, унинг ишлари орқага кетган.

— Хўп майли, бу борада ҳақлига ўхшайсиз. Аммо унинг тадбиркор одамлигини, ҳозирги пайтда эса руҳий тушкунликка тушганини қаёқдан билдингиз?

— Тадбиркорлиги — мана, — деди у резинка ўтказиладиган тешикни кўрсатиб. — Резинкани ҳеч вақт шляпа билан бирга қўшиб сотишмайди, уни алоҳида сотиб олиш керак. Модомики, бу одам резинка сотиб олиб, уни шляпасига тақиб беришларини буюрган экан, демак у шляпасини шамол учириб кетмаслигининг тадбирини кўрган. Аммо резинка узилиб кетган, у янгисини олиб тақмаган, шунга қараб айтиш мумкинки, илгари у ўзига, усти бошига оро бериб юрган, ҳозир эса хафсаласиз бўлиб қолган, яъни ўзига эътибор қилмай қўйган. Бироқ, иккинчи томондан, у шляпадаги доғларни яширмоқчи, уларни сиёҳ билан бўямоқчи бўлган, демак, у иззат-нафсини ҳали унча йўқотган эмас.

— Буларнинг ҳаммаси ростга ўхшайди.

— Унинг ўрта яшар одам эканлиги, сочига оқ оралагани, сочини яқинда олдиргани ва сочмой суркаши — буларнинг ҳаммаси шляпасининг астарини диққат билан кўздан кечирилса аён бўлади-қолади. Лупадан сартарошнинг қайчиси қирққан сочлар ёпишиб қолганлиги кўриниб турибди. Сочлардан мой ҳиди келяпти. Эътибор беринг, унга ёпишган гард кўчага хос кулранг, қумоқ эмас, уйга хос қўнғир, момиқнамо. Демак, шляпа кўпинча уйда осилиб турган. Унинг ич томонидаги нам асоратлари шундан далолат берадики, эгаси унар-унмасга терлаб кетаверади, чунки, ҳаракат қилмай қўйган.

— Хотинининг кўнгли қолганини қаёқдан билдингиз?

— Шляпа бир неча ҳафтадан бери тозаланмаган. Борди-ю, азизим Уотсон, сизнинг шляпангиз ақалли бир ҳафтадан бери тозаланмаганини, хотинингиз шу аҳволда кўчага чиқишингизга изн берганини кўрсам, сиздан ҳам хотинингизнинг кўнгли қолиб бахтсизликка учрабсиз-да, деб хавотир олган бўлардим.

— Балки у бўйдоқдир?

— Йўқ, у уйига ғозни худди хотинининг кўнглини олиш учун олиб кетаётган бўлган. Парранданинг оёғига боғланган қоғозни эсланг-а.

— Ҳамма нарсага жавобингиз тайёр. Аммо унинг уйида газ йўқлигини қаёқдан билишингиз мумкин?

— Шляпага томган бир-икки ёғ томчиси — тасодиф. Аммо мен уларнинг бешдан кам эмаслигини кўрарканман, бу одамнинг ўқтин-ўқтин шамдан фойдаланиб туришидан шубҳаланмайман — афтидан у кечалари бир қўлида шляпасини, бир қўлида ёғи эриб оқаётган шамни ушлаганча, зинапоядан чиқиб тушса керак. Ҳар қалай, газдан ёғ томмайди… Энди менинг фикримга қўшиларсиз?

— Ҳа, буларнинг ҳаммаси оддийгина гап, — дедим кулиб. — Аммо сиз гапириб берган нарсада жиноят асари йўқ. Ҳеч ким зарар кўрмаган ғозини йўқотган одамдан бошқа ҳеч ким зарар кўрмаган демак, сиз беҳуда бошингизни қотиргансиз.

Шерлок Холмс жавоб бериш учун оғиз жуфтлаган ҳам эдики, шу пайт эшик ланг очилиб, хонага саросимага тушган, ҳаяжонланган хат ташувчи Петерсон отилиб кирди. Унинг ёноқлари ловиллаб ёнарди.

— Ғоз-чи, ғоз, мистер Холмс!.. — нафаси тиқилиб қичқирди у.

— Хўш, унга нима бўлди? Унга жон кириб, ошхонанинг деразасидан учиб чиқиб кетдими?

Холмс Петерсонинг ҳаяжонланган юзига яхшилаб разм солиш учун кушеткада ётган жойида ўгирилди.

— Буни қаранг, сэр, хотиним унинг бўтакасидан топган нарсани қаранг!

У қўлини чўзди, биз унинг кафтида нўхатдан кичикроқ чақнаб турган мовий тошни кўрдик. Тош шу қадар шаффоф эдики, унинг қорамағиз кафтида худди электр учқунидек чақнаб турарди.

Холмс ҳуштак чалиб юбориб, кушеткага ўтимб қолди.

— Худо ҳақи, Петерсон, — деди у, — сиз хазина топибсиз! Ишонаманки, бунинг нима эканлигини пайқаётгандирсиз?

— Бриллиант, сэр! Қимматбаҳо тош! У ойнани мой кесгандек кесади!

— Бу қимматбаҳо тошгина эмас — бу худди ўша қимматбаҳо тош.

— Бу наҳотки графиня Моркарнинг мовий карбункули[1] бўлса? — деб қичқириб юбордим мен.

— Мутлақо тўғри. Мен унинг қанақалигини биламан, чунки, сўнгги кунларда ҳар куни «Таймс»да бу тўғридаги эълонларни ўқирдим. Бу дунёда монанди йўқ тош, унинг чинакам баҳосини тусмоллабгина айтиш мумкин. Уни топган одамга ваъда қилинган минг фунт миқдоридаги мукофот асли баҳосининг йигирмадан бир улушини ҳам ташкил қилмаса керак.

— Минг фунт! Ё раббий!

Хат ташувчи ўзини креслога ташлаб, кўзлари ола-кула бўлиб гоҳ менга, гоҳ Холмсга тикиларди.

— Мукофот ўз йўли билан-у, аммо менинг шундай чаросларим борки, — деди Холмс, — графиня баъзи мулоҳазаларга кўра бу тошни қайтариб олиш учун бор давлатининг ярмини беради.

— Янглишмасам у «Космополитен» меҳмонхонасида йўқолган эди шекилли, — дедим мен.

— Жуда тўғри. Йигирма иккинчи декабрда, ундан роппа-роса беш кун муқаддам. Бу тошни ўғирлашда кавшарчи Жон Хомерни айблашган эди. Унга қарши қўйилган далиллар шу қадар жиддийки, иш судга оширилган. Дарвоқе, менда бу иш ҳақида газета ҳисоботи бор эди шекилли.

Шерлок Холмс газеталарни узоқ титкилаб, ниҳоят биттасини олди-да, икки буклаб, қуйидагиларни ўқиди:

«КОСМОПОЛИТEН» МEҲМОНХОНАСИДАН

ҚИММАТБАҲО НАРСАЛАР ЎҒИРЛАНДИ

Йигирма олти яшар кавшарчи Жон Хомер мазкур ойнинг йигирма иккисида графиня Моркарнинг қутичасидан унинг “мовий карбункул” номи билан машҳур бўлган қимматбаҳо тошини ўғирлашда айбланди. Меҳмонхонанинг бош хизматкори Жеймс Райдеминг шоҳидлик беришича, ўғирлик содир бўлган куни у Хомерни графиня Моркарнинг пардоз хонасида кўрган. Хомер у ерда камин панжарасининг кўчиб кетган симини кавшарлаётган экан. Райдер бир оз вақт хонада Хомер билан бирга бўлган, аммо кейин уни чақириб қолишган. Қайтиб келиб Хомернинг ғойиб бўлганини, стол ғаладони синдирилганини кўрган, кейинчалик маълум бўлишича, графиня ўз одатига кўра қимматбаҳо тошини олиб юрадиган кичкина сахтиён қутича пардоз столчасида ётганмиш, ичида ҳеч нарса йўқ эмиш. Райдер шу заҳотиёқ шовқин кўтарган. Ўша куни кечқумноқ Хомер қамоққа олинган, аммо тошни унинг ёнидан ҳам, хонасидан ҳам топишолмаган. Графинянинг жорияси Кетерин Кюзек шоҳидлик беришича, у Райдернинг жон ҳолатда қичқирганини эшитиб, хонага югуриб кирган ва у ҳам тошнинг ғойиб бўлганини кўрган. «Б» округининг полиция инспектори Бредстрит Хомерни қамоққа олишга фармойиш берган, Хомер қаттиқ қаршилик кўрсатган ва қизишиб гуноҳсиз эканлигини исботлишга тиришган. Аммо Хомер илгари ҳам ўғирлик қилгани учун судланганлиги сабабли, судя бу ишни кўриб чиқишдан бош тортиб, уни маслаҳатчилар судига оширган. Шу вақт давомида қаттиқ ташвишланаётганлиги аён кўриниб турган Хомер бу қарорни эшитиб беҳуш бўлиб йиқилган, уни суд залидан олиб чиқиб кетганлар.

— Ҳм! Полиция берган маълумотнинг бори шу, — деди Холмс ўйчанлик билан, газетани бир четга қўяркан. — Бизнинг эндиги вазифамиз — тош қандай қилиб графинянинг қутичасидан ғознинг бўтакасига ўтиб қолганини аниқлаш. Қўрқяпсизми, Уотсон, бизнинг оддий, жўнгина мулоҳазаларимиз бирданига диққатга сазовор бўлиб қолди. Улар биз тахмин қилганимиздан кўра фойдалироқ чиқиб қолди. Мана бу тош… Бу тош ғознинг қорнида, ғоз эса мистер Генри Бейкернинг қўлида эди, у манави дабдала шляпанинг эгаси, мен сизга унинг кимлигини таърифлаб бераман деб ғоятда диққатингизни ошириб юбордим. Хўш, энди биз бу жентльменни қидириб топиш билан жиддий шуғулланиб, унинг бу сирли ҳодисада қандай рол ўйнаганлигини аниқлашимиз керак. Уни қидириб топиш учун биз аввал энг оддий бир йўлни қўллаб кўрамиз: кечки газеталарнинг ҳаммасида эълон бостирамиз. Бу йўл билан мақсадимизга эришолмасак, унда бошқача усулларни қўллайман.

— Эълонда нима дейилади?

— Менга қалам билан бир парча қоғоз беринг. Мана бундай деймиз: «Гужстритнинг муюшидан ғоз билан қора намат шляпа топиб олинди. Мистер Генри Бейкер уларни бугун кечқурун 6.30 да Бейкер-стритдаги 221-Б рақамли уйга келиб олиб кетиши мумкин». Қисқагина ва лўнда.

— Ғоятда. Лекин у эълонни ўқирмикин?

— Албатта. У ҳозир ҳамма газеталарни кузатади, чунки у камбағал одам, мавлудга атаб олинган ғоз унинг учун бир дунё бойлик. У ойнанинг синганини эшитиб ва Петерсоннинг югуриб келаётганини кўргач, ҳеч нарсани ўйламай қочиб қолган. Кейин эса беҳуда қўрқиб, ғозини ташлаб қочганига ачинган, албатта. Газетада биз унинг номини тилга оламиз. Ҳар бир таниши эълонимизни дарров унга кўрсатади… Бўлмаса, Петерсон, тезроқ эълонлар бюросига югуринг, шу сатрларни кечки газеталарда эълон қилишсин.

— Қайсиларида, сэр?

— «Глоб», «Стар», «Пэлл-Мэлл», «Сент-Жеймс Газетт», «Ивнинг Ньюз»,

«Стэндард», «Ико» ва эсингизга келган бошқа газеталарнинг ҳаммасида бостиринг.

— Хўп бўлади, сэр. Бу тошни нима қилай?

— Э, ҳа! Тошни мен олиб қоламан. Сизга миннатдорчилик билдираман. Қайтишингизда, Петерсон, йўлда ғоз сотиб олиб, менга ташлаб кетинг. Ахир биз у жентльменга ҳозир сизнинг оилангиздагилар маза қилиб еяётган ғознинг ўрнига бошқа ғоз беришимиз керак-ку. Хат ташувчи чиқиб кетди, Холмс эса тошни олиб, уни ёруғга солиб кўра бошлади.

— Аломат тош! — деди у. — Товланиб, чақнашини қаранг. Ҳар қандай қимматбаҳо тошга ўхшаб бу ҳам жиноятчиларни худди оҳанрабодек тортади ўзига. Чинакам иблиснинг тузоғи, катта, кўҳна қимматбаҳо тошларнинг ҳар бир қирраси қандай бўлмасин бир қонли ёвузлик ҳақида ривоят қилади. Бу тошнинг топилганига ҳали йигирма йил ҳам бўлган эмас. У Ғарбий Хитойдаги Амой дарёсининг соҳилидан топилган, шуниси билан диққатга сазоворки, унда карбункулнинг бир хоссасидан ташқари ҳамма хоссалари мужассам: унинг ранги қизғиш ёқут тусли эмас, мовий. Яқинда топилганига қарамай, мудҳиш воқеаларга алоқадор қирқ гран[2] келадиган бу тиниқ шаффоф кўмир туфайли кўпдан-кўп талончилик содир бўлган, икки одам ўлдирилган, бир одам ўзини-ўзи ўлдирган, кимнингдир устидан олтингугурт кислотаси қуйиб юборишган. Шундай чиройли бир матоҳ одамларни турма билан дорга сургайди, деб ким ҳам ўйлаши мумкин. Бу тошни пўлат сандиғимга солиб қулфлаб қўяман, графиняга, менда сақланяпти, деб ёзаман.

— Сиз, Хомер гуноҳсиз, деб ўйлайсизми?

— Ҳеч нарса деёлмайман ҳозирча.

— Бу ишда Генри Бейкернинг қўли борми?

— Тўғрироғи, Генри Бейкернинг бу ишга сира ҳам даҳли йўқ, ўйлайманки, агар бу ғоз бошдан-оёқ олтиндан бўлган тақдирда ҳам ўша тош нархидан бир неча бор арзон туриши хаёлига ҳам келмаган. Агар Генри Бейкер бизнинг эълонимизни эшитиб келса, бу нарсани тез орада албатта билиб оламиз.

— Унгача сиз ҳеч қандай тадбир кўролмайсизми?

— Йўқ, ҳеч нарса қилолмайман.

Ундай бўлса, мен беморларимнинг олдига жўнай, кечқурун эса тайинлаган вақтингизда яна келаман. Мен бу чигал ишнинг нима билан тугашини билмоқчиман.

— Келсангиз миннатдор бўлардим. Мен еттида овқатланаман. Овқатга каклик тортилса керак. Дарвоқе, бояги воқеалардан кейинги миссис Хадсонга, унинг бўтакасини яхшилаброқ қаранг, десакмикан?

Мен бир оз тутилиб қолдим. Бейкер-стритга яна етиб келганимда соат олти яримлардан ошиб қолган эди.

Эшикка яқинлашарканман, шотландча қалпоқ кийган, кийимининг тугмаларини томоғигача қадаб олган новча одамни кўрдим. Худди мен яқинлашишим билан унга эшикни очишди, биз Холмснинг хонасига бирга кириб бордик.

— Агар янглишмасам, мистер Генри Бейкер бўлсангиз керак? — деди Холмс креслодан туриб, меҳмонни оддийгина, хушхол қиёфада қарши оларкан, баъзан шундай қиёфага кира оладиган одати бор эди. — Марҳамат, оловга яқинроқ ўтиринг, мистер Бейкер. Кечқурун совуқ зўрайди, назаримда ёздан кўра қишга йўқроқсиз дейман… Уотсон, айни вақтида келдингиз-да… Бу сизнинг шляпангизми, мистер Бейкер?

— Ҳа, сэр, меники.

Бейкер калласи катта, ақлли, ялпоқ башарали, қўнғир чўққи соқолли, елкалари букик жуссадор одам эди. Буми билан ёноқларидаги қизил доғлар, узатган қўлининг оҳиста қалтираши унинг ичкиликка мойил эканлиги ҳақидаги Холмснинг тахминини тасдиқларди. Эгнида тугмалари қадалган, сарғайганроқ сюртук, енгларидан чиқиб турган озғин билакларида ич кийими борлигидан асорат ҳам кўринмасди. У салмоқлаб, бўғиқ оҳангда гапирар, турмушнинг аччиқ-чучугини тотган зиёли одамнинг дидини берар эди.

— Биз шляпа билан ғозни бир неча кун сақлаб турдик, — деди Холмс, — чунки, шу пайтгача, газеталарда ўз адресингизни маълум қилиб эълон бериб қоларсиз, деб кутдик. Билмадим, нега бундай қилмадингиз.

У хижил бўлиб, кулиб қўйди.

— Бир вақтлардагидек шиллингларим унча кўп эмас, — деди у. — Менга ёпишган безорилар шляпамни ҳам, ғозни ҳам олиб кетишгандир деб пулни бекорга исроф қилгим келмади.

— Мутлақо табиий. Дарвоқе, ғозингизни пишириб ейишга тўғри келиб қолди.

— Пишириб ейишга тўғри келиб қолди?!

Мижозимиз қаттиқ ҳаяжонланганидан ўриндан туриб кетди.

— Агар уни пишириб емаганимизда барибир бузилиб қолар эди, — дея давом эттирди сўзини Холмс. — Аммо ўйлайманки, анави буфетда турган ғоз янгигина сўйилган, вазни ҳам ўшанча, ғозингизнинг ўрнини босса керак.

— О, албатта, албатта! — деб жавоб берди мистер Бейкер енгил нафас олиб.

— Лекин паррандангизнимг патлари, панжалари билан бўтакаси бизда қолади, бордию, сиз…

Бейкер самимий қаҳқаҳлаб кулиб юборди.

— Бошимдан ўтган саргузаштдан хотира сифатида олиб кетармидим, — деди у. — Ростини айтсам, марҳум қадрдонимнинг бебаҳо хоки менга нима иш беришини билмайман! Йўқ, сэр, рухсатимгиз билан бутун диққат-эътиборимни ўша буфетда турган ажойиб ғозга қарата қолсам.

Шерлок Холмс мен билан тез кўз уриштириб олиб, сезилар-сезилмас кифтини қисиб қўйди.

— Мана сизнинг шляпангиз, мана ғозингиз. — деди у. — Дарвоқе, сиз бу ғозни қаердан олганингизни менга айтолмайсизми? Мен бу борада унча-мунчага ақлим етади, ростини айтсам, бунақа бўрдоқисини кам кўрганман.

— Бажонидил, сэр, — деди Бейкер, у ўрнидан туриб янги ғозини қўлтиқлаб олди. — Биз бир нечагина улфатмиз, музей яқинидаги “Альфа” майхонасига бориб турамиз, биз, биласизми, музейда кун-узун кун бўламиз. Бу йил майхонамизнинг хўжайини Виндигет «ғоз клуби»ни ташкил қилди… у жуда ажойиб одам. Ҳар биримиз ҳафтасига бир неча пенсдан тўлаб, мавлудга биттадан ғоз оламиз. Мен ўз ҳиссамни тўла-тўкис тўлаб бўлганман. Қолгани ўзингизга маълум. Сиздан ғоят миннатдорман, сэр, менинг ёшимдаги бадавлат одамнинг шотландча қалпоқ кийиб юриши ноқулай-ку ахир.

У бизга кулгили, тантанавор тақлидда таъзим қилиб чиқиб кетди.

— Генри Бейкер важи тамом, — деди Холмс, унинг орқасидан эшикни беркитаркан. — Мутлақо аёнки, қимматбаҳо тош унинг етти ухлаб тушига ҳам кирган эмас. Қорнингиз қалай, Уотсон?

— Унча оч эмас.

— Унда мен тушлик овқатни кечга қолдириб, вақтни ўтказмай дарҳол ишга тушишни таклиф этаман.

— Жоним билан.

Совуқ бир кеча бўлгани учун пальто кийиб, бўйниларимизга шарф ўрашга мажбур бўлдик. Булутсиз очиқ осмонда юлдузлар хирагина жимирлаб турар, ўткинчиларнинг нафасидан чиқаётган ҳовур бир талай тўппончалардан отилган ўқнинг дудига ўхшар эди. Кўчалар бўйлаб одимларимиз аниқ эшитиларди. Биз Уимпол-стрит ва Гарли-стритдан бориб, Вигмор-стрит орқали Оксфорд-стритга ўтдик ва чорак соатдан сўнг Холбомга олиб борадиган кўчалардан бирининг муюшидаги оддийгина «Альфа» майхонаси яқинидаги Блумсберига етиб бордик. Холмс майхонага кириб оқ пешгир тутган қизил юзли майхоначига икки кружка пиво буюрди.

— Ўйлайманки, пивонгиз ажойиб бўлса керак, ғозларингиздан қолишмаса кераг-а, — деди Холмс.

— Ғозларингиздан?

Майхоначи таажжублангандек эди.

— Ҳа. Ярим соатча бурун “ғоз клуб”ингизнинг аъзоси мистер Генри Бейкер билан суҳбатлашган эдим.

— Ҳа, ҳа, тушундим. Аммо, биласизми, сэр, ғозлар меники эмас.

— Шунақами? Кимники бўлмаса?

— Йигирма тўртта ғозни Ковент-гардендаги бир савдогардан сотиб олган эдим.

— Йўғ-е? Мен улардан баъзиларини танийман. Кимдан сотиб олган эдингиз?

— У одамнинг оти Брекинриж.

— Э-йўқ, Брекинрижни танимайман. Хўп, сизнинг саломатлигингиз ва муассасангизнинг равнақи учун, мезбон! Тунингиз хайрли бўлсин!

— Энди мистер Брекинрижнинг олдига борамиз, деди Холмс, совуққа чиқиб пальтосини тугмаларкан. — Шуни унутмангки, Уотсон, занжиримизнинг бир учида фақат ғозгина бўлиб, иккинчи учига бир одам кишанланганки, агар биз унинг гуноҳсиз эканлигини исботламасак, унга етти йиллик заҳматли сургун таҳдид қилиб турибди, эҳтимол, бизнинг қидиришларимиздан айбдор худди ўшанинг ўзи деган хулоса чиқса-да, аммо, ҳар қалай, калаванинг учи полициянинг қўлига илинмай, тасодифан бизнинг қўлимизга тушиб қолди. Биз уни тутиб, қандай хунук оқибатларга олиб бормасин, охиригача борамиз. Шундай қилиб жанубга бурилиб, илгарига қараб юрамиз.

Биз Холбомдан ўтиб, Энделл-стрит бўйлаб бордик-да, аллақандай пастқам кўчалар орқали Ковент-гарден бозорига чиқдик. Энг катта дўконлардан бирига: «Брекинриж» деб ёзиб қўйилган эди. От юзли басавлат бакенбардли дўкондор бир болага дарчаларни ёпишга ёрдам бермоқда эди.

— Хайрли кеч! Совуқ роса забтига оляптими, а? — деди Холмс.

Савдогар бош қимирлатиб, дўстимга савол назари билан қаради.

— Ғозларни сотиб бўлганга ўхшайсиз-а, — дея гапини давом эттирди Холмс, бўш турган мармар пештахтани кўрсатиб.

— Эртага эрталаб беш юзта десангиз ҳам олишингиз мумкин.

— Эртага бошимга ураманми!

— Ҳов анави чироқ ёниб турган дўконда унча-мунча қолган бўлса керак.

— Ҳа, аммо мени сизга юборишган эди-да.

— Ким?

— «Альфа»нинг эгаси.

— Э, ҳа! Унга йигирма тўртта жўнатганман.

— Ажойиб ғозлар экан! Сиз уларни қаёқдан олдингиз?

Мен ҳайрон қолдим, бу саволдан савдогарнинг жини қўзиб кетди.

— Хўш, мистер, — деди у бошини кўтариб, қўлларини белига қўяркан, — нимага шама қиляпсиз? Тўғрисини айтаверинг.

— Мен тўппа-тўғрисини айтяпман. «Альфа»га етказиб турган ғозларингизни сизга ким сотишини билмоқчи эдим.

— Айтмайман.

— Айтмасангиз айтмай қўяқолинг. Осмон узилиб ерга тушармиди! Қизиқ, шу арзимаган нарсага ҳам мунча жиғибийронингиз чиқмаса?

— Жиғибийронингиз чиқмаса? Агар сиз менинг ўрнимда бўлиб, сизга ҳам шунақа хиралик қилаверишсин-чи, ўзингизнинг ҳам жиғибийронингиз чиқмасмикин! Мен яхши молга яхши ҳақ тўлайман, гап шу, вассалом «ғозларингиз “қаёқда?”, «Ғозларни кимдан сотиб олгансиз?», «Ғозларни кимга сотгансиз?», «Ғозларингиз неча пулдан?» деганларига ўлайми! Шу ғозлар тўғрисида кўтарилган шов-шувга қулоқ солиб турсанг, дунёда шулардан бошқа ташвиш йўққа ўхшайди!

— Сизни қийноқ-қистоққа олиб сўроққа тутадиган одамларга менинг ҳеч қандай алоқам йўқ, — деди лоқайдлик билан Холмс. — Гапиргингиз келмаса гапирмай қўя олинг. Аммо мен парранда важига унча-мунча тушунаман, мен пишириб еган ғоз қишлоқда боқилган деб беш фунт стерлингдан баҳс бойлашганман.

— Фунтларингиздан ажралибсиз! Шаҳарда боқилган ғоз! — деб юборди савдогар.

— Бўлмаган гап!

— Ҳа, шаҳарда боқилган ғоз!

— Ўлсам ҳам ишонмайман!

— Ҳали бу ишни сендан кўра кўпроқ биламан демоқчимасмисиз, ахир мен бу иш билан йўргакдалигимдан бери шуғулланаман-а! Сизга айтяпманки, «Алфа»га сотган ғозларимнинг ҳаммаси қишлоқда эмас, шаҳарда боқиб семиртирилган.

— Сиз мени бу тутуриқсиз гапга ҳеч қачон ишонтиролмайсиз.

— Гаров ўйнайсизми?

— Унда, пулим кетди, деяверинг! Мен ўзимнинг ҳақ эканлигимга шак-шубҳа қилмайман. Аммо ўжарлик қилганингизга таъзирингизни бериб қўйиш учун бир соверен тикишга розиман.

Савдогар заҳарханда тиржайиб қўйди.

— Дафтарларни олиб кел-чи бу ёққа, Билл, — деди у. Бола бири юпқа, иккинчиси эса ёғ босган катта дафтами олиб келиб, пештахтадаги чироқ тагига қўйди.

— Хўш, мистер Баҳсчи, — деди савдогар, — мен бугун бор ғозларимнинг ҳаммасини сотиб бўлдим деб турган эдим, худойи таоло дўконимга яна бир ғўдайган «ғозни» етказди. Мана бу дафтарни кўряпсизми?

— Хўш, нима бўпти?

— Бу мен мол харид қиладиган одамларнинг рўйхати. Кўряпсизми? Манави ерда қишлоқдаги мол етказиб берувчиларнинг отлари ёзилган, ҳар бир фамилиядан кейин қўйилган рақам катта дафтардаги улар билан олиб бориладиган ҳисобни кўрсатадиган бетни билдиради. Қизил сиёҳ билан тўлдирилган мана бу бетни кўряпсизми? Бу шаҳардаги мол етказиб берадиган танишиларимнинг рўйхати. Шу ердаги учинчи фамилияни овозингизни чиқариб ўқинг.

— «Миссис Окшот, Брикстон-род 117, бет 249» — деб ўқиди Холмс.

— Мутлақо тўғри. Энди катта дафтардаги 249-бетни очинг.

Холмс ўша саҳифани очди.

— Мана: «Миссис Окшот, Брикстон-род 117 — илвасин билан тухум етказиб беради».

— Охирги ёзувда нима дейилибди?

— «Декабрнинг йигирма иккисида йигирма тўртта ғоз, етти шиллингу олти пенсдан».

— Тўппа-тўғри. Буни эслаб қўйинг. Пастида-чи?

— «Альфа»га, мистер Виндигетга сотилган, ўн икки шиллингдан».

Хўш, энди нима дейсиз? Шерлок Холмс қаттиқ ачингандек кўринди. Чўнтагидан бир соверен пул олиб, уни пештахтага улоқтирди-да, шарт бурилиб хафа бўлгандек индамай ташқарига чиқди. Бир неча қадам юргач, у фонар остида тўхтади-да, одатдагидек қувноқ ва сассиз кулиб юборди.

— Борди-ю, чўнтагида шундай қизил дастрўмоли билан шундай мўйлови бор одамни кўрсангиз, унга истаган гаровингизни таклиф этиб, ундан ҳар қандай маълумотни билиб олишингиз мумкин, — деди у. Қатъий айтаманки, у билан гаров боғлашиб қўлга киритган шундай муфассал маълумотларни юз фунт сарфлаганимда ҳам ҳеч қачон ололмасдим ундан. Шундай қилиб, Уотсон, назаримда, сирли ипнинг чигалини охиригача ёзгандекмиз. Эндиликда ҳал қилишимиз керак бўлган бирдан-бир нарса шуки, ўша миссис Окшот деганникига ҳозир борамизми, ёки бу ишни эрталабгача қолдирамизми. Анави қўполнинг сўзларидан кўриниб турибдики, бу иш билан биздан ташқари яна аллакимлар қизиқаётганга ўхшайди, шунинг учун мен…

Биз ҳозир ташлаб чиққан дўкондан туйқусдан эшитилиб қолган шовқиндан Холмснинг гапи оғзида қолди. Орқага ўгирилиб қарарканмиз чайқалиб турган чироқнинг сарғиш шуласида қизил башарали жиккаккина одамни кўрдик. Брекинриж дўкон эшигида турганча унга мушт дўлаярди.

— Ўзларинг ҳам, ғозларинг ҳам жонимга тегди! — деб бақирарди Брекинриж. — Ҳаммаларингни ҳам жин урсин! Яна бир карра ана шу аҳмоқона саволларингизни берадиган бўлсангиз, итимга талатаман. Олиб келинг мисс Окшотингизни, унга ўзим жавоб бераман. Бу ишга сизнинг нима дахлингиз бор? Ғозларни сиздан сотиб олганмидим?

— Йўқ, аммо, ҳар қалай, улардан бири меники эди, — деб нолиди ҳалиги одам.

— Бўлмаса, уни ўша миссис Окшотдан талаб қилинг!

— У сиздан сўраб билгин деган эди.

— Менга деса Пруссия қиролидан бориб сўрамайсизми! Жонимга тегдингиз! Бас! Йўқолинг бу ердан!

У қаҳр билан олдинга ташланган эди, ҳалиги одам дарҳол қоронғиликка кириб ғойиб бўлди.

— Ана, Брикстон-родга бормасак ҳам бўладиганга ўхшайди, — дея шивирлади Холмс, — қани, бориб кўрайлик-чи, бу кимса бизга иш бериб қолмасмикан.

Ёп-ёруғ дўконлар атрофида санғиб юрган бир тўда бекорчилар орасидан ўтиб бориб дўстим ҳалиги одамга етиб олди-да, унинг елкасига қўлини ташлади. У шартта ўгирилиб қаради, газ фонар ёруғида унинг ранги қув ўчиб кетганини кўрдим.

— Сиз ким бўласиз? Нима ишингиз бор менда? — деб сўради у овози қалтираб.

— Мени кечиринг, — деди мулойимлик билан Холмс. — Анави савдогардан нимани сўраганингизни тасодифан эшитиб қолдим. Ўйлайманки, сизга фойдам тегиб қолар.

— Сизнинг-а? Кимсиз ўзи? Менга нима кераклигини қаёқдан биласиз?

— Отим Шерлок Холмс. Касбим — бошқалар билмайдиган нарсаларни билиш.

— Аммо мен билишим керак бўлган нарса ҳақида сиз ҳеч нарсани билган бўлишингиз мумкин эмас.

Айбга буюрмайсиз, аммо мен ҳаммасини биламан, Сиз Брикстон-роддаги миссис Окшотнинг Брекин-риж деган савдогарга сотган ғозларининг изларини топишга уриниб юрибсиз, Брекинриж буларни «Алфа»нинг эгаси мистер Виндигетга, униси эса, ўз навбатида уларни Генри Бейкер аъзо бўлиб турган ўзининг “ғоз клуб”ига сотган.

— О, сэр, мен учрашиш иштиёқида юрган одам худди сиз экансиз! — деб юборди у одам қалтираётган қўлларини олға чўзиб. — Бу гапларнинг мен учун нечоғлик муҳим эканини сизга изҳор қилишдан ожизман!

Шерлок Холмс ўтиб кетаётган извошчини тўхтатди.

— Ундай бўлса, бу изғирин ўйнаган бозор саҳнидан кўра, шинамгина хонада гаплашганимиз дуруст, — деди у. — Аммо йўлга равона бўлишимиздан олдида, мумкин бўлса, шу нарсани айтсангиз, мен кимга бақадриҳол ёрдам беришдек шарафга муяссар бўлмоқдаман?

Бу одам бир лаҳза иккиланиб қолди.

— Менинг отим Жон Робинсон, — деди у кўзини четга олиб қочиб.

— Йўқ. Йўқ, асл номингиз нима? — деди хушмуомалалик билан Холмс, — Киши ҳамиша ўз асл номи билан иш кўргани қулайроқ.

Нотаниш одамнинг рангпар юзи қизариб кетди.

— Ундай бўлса, — деди у, — менинг асл номим Жеймс Райдер.

— Мана буниси тўғри. Сиз «Космополитен» меҳмонхонасида хизмат қиласиз. Марҳамат, кэбга чиқинг, ҳадемай билмоқчи бўлган ҳамма нарсангизни айтиб бераман.

Бу кичкина одам жойидан қўзғалмасди. У гоҳ биримизга, гоҳ иккинчимизга тикилар, кўзларидаги умид ўрнини ваҳим эгаллаган эди. Ўзини кулфат кутяптими ёки катта бахт кутяптими, буни билолмаганлиги кўриниб турарди.

Ниҳоят у кэбга чиқди, ярим соатдан сўнг Бейкер-стритдаги меҳмонхонамизга етиб келдик.

Йўлда ҳеч ким чурқ этиб оғиз очмади. Аммо ҳамроҳимизнинг чуқур хўрсиниб, кафтларини жон-жаҳди билан юмиб очишидан, унинг йўл бўйи қандай асабни ҳолатда келгани сўзсиз ҳам аён эди.

— Мана, уйга ҳам етиб келдик! — деди хушчақчақлик билан Холмс. — Бундай ҳавода ланғиллаб турган каминдан яхши нарса борми дунёда! Совқотдингиз шекилли, мистер Райдер. Марҳамат, манави тўқима креслога ўтиринг. Хонаки туфлимни кийиб олай, кейин дарҳол сизнинг ишингиз билан шуғулланишга киришамиз. Хўп, мана! Сиз анави ғозларнинг нима бўлганини билмоқчисиз-да, шундайми?

— Ҳа, сэр.

— Тўғрироғи, анави ғознинг нима бўлганини билмоқчисиз? Назаримда, сизни улардан биргинаси думида қора йўли бор оқ ғоз қизиқтирган шекилли… Райдер ҳаяжондан типирчилаб қолди.

— О, сэр! — деб қичқириб юборди у. Сиз менга ўша ғознинг қаердалигини айтиб бера оласизми?

— У шу ерда.

— Шу ерда?

— Ҳа. Ўзи ҳам ажойиб ғоз экан. Унга қизиқиб қолганингиз ҳам бежиз эмас экан. У ўлганидан кейин чиройли, ярқироқ мовий тухум қилди. Тухум шу ерда, менинг музейимда.

Меҳмонимиз ўрнидан туриб кетиб, гандираклаганча ўнг қўли билан камин тахтасини ушлаб қолди. Холмс пўлат сандиқни очиб, ундан худди митти юлдуздек товланиб ярқираётган мовий карбункулни олди. Райдер бу тошни талаб қилиб олишини ҳам, унга бўлган ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқидан воз кечишини ҳам билмай бақрайиб турарди.

— Чув тушдингиз, Райдер, — деди хотиржамлик билан Шерлок Холмс — Оёғингизни қаттиқроқ босиб туринг, бўлмаса ўтга йиқилиб тушасиз. Уни ўтқазиб қўйинг, Уотсон. Сир бой бермай, хотиржамгина қаллоблик қилишга ҳали чоғи келмайди. Унга бир қултумгина ароқ беринг. Ана энди сал одам башара бўлди. Қўнғиздан ҳам хароб-а!

Райдер гандираклаб кетиб ерга йиқилиб тушишига сал қолди, аммо ароқдан ёноқларига сал-пал қизиллик югуриб у ўзининг фош этувчисига ваҳима билан бақрайиб тикилганча ўрнига ўтирди.

— Мен қарийб ҳаммасини биламан, қарийб етарли далилу исботларга эгаман, шунинг учун сиз озгина қўшимча қилсангиз бас. Бироқ ўша озгина нарсани ҳозирнинг ўзидаёқ гапириб беришингиз керак бизга, токи ишда жиндаккина ҳам ноаниқ жойи қолмаслиги керак. Сиз графиня Моркарнинг бу мовий карбункули бор эканини қаёқдан билдингиз, Райдер?

— Менга буни Кетерин Кюзек айтиб берди, — деб жавоб берди у титроқ овоз билан.

— Биламан: жаноби олияларининг жорияси. Осонгина бойлик орттириш васвасаси сиздан ғолиброқ келган, бу нарсани сиздан кўра мўътабарроқ зотлар ҳам бир неча бор бошларидан кечирганлар. Сиз андишани йиғиштириб қўйгансиз. Назаримда, Райдер, сиздан бора-бора бинойидеккина газанда чиқиши мумкин эди! Сиз Хомер деган кавшарчининг илгари бир марта ўғирлик қилиб қўлга тушганини, ҳаммадан олдин шубҳаланишларини билгансиз. Нима тадбир кўрган Графинянинг хонасидаги камин панжарасининг симини синдиргансиз, шеригингиз Кюзек икковингиз атайлаб шундай бир тадбир кўргансизларки, зарур ремонт ишини Хомер бажаришига эришгансизлар. Хомер кетгач, сизлар қутичадаги тошни ўғирлаб, шовқин кўтаргансизлар, у шўрликни қамоққа олишган. Шундан сўнг…

Шу орада Райдер бирдан гиламга сирғалиб тушиб, дўстимнинг тиззаларини икки қўли билан қучоқлаб олди.

— Худо ҳақи, менга раҳмингиз келсин! — дея қичқириб юборди у. — Отамни, онамни риоя қилинг. Буни эшитишса адойи тамом бўлишади. Мен ҳеч қачон ўғирлик қилган эмасман! Ҳеч қачон! Иккинчи бундай қилмайман, онт ичаман! Забур ҳақи қасам ичаман! Бу ишни судга оширманг! Худо ҳақи, судга оширманг!

— Жойингизга ўтиринг, — деб жеркиб берди Холмс. — Энди етти букилиб ўпасизми! Шўрлик Хорнеми қилмаган жинояти учун айбдорлар курсисига рўпара қилаётганингизда нималарни ўйлаган эдингиз?

— Мен қочиб кетишим мумкин, мистер Холмс! Англиядан бош олиб кетаман, сэр! Шунда унга тақилган айб бекор бўлади…

— Ҳм! Биз ҳали бу тўғрида гаплашиб кўрамиз. Ҳозирча ўғирликдан кейин нималар юз бергани ҳақидаги ҳаққоний ҳикоянгизни эшитамиз. Бу тош ғознинг бўғзига қандай тушиб қолди-ю, ғоз қандай қилиб бозорга бориб қолди? Тўғрисини айтинг, сиз учун бирдан-бир нажот йўли тўғрисини айтинг.

Райдер қаҳраган лабларини ялаб олди.

— Мен сизга бор гапни айтиб бераман, — деди у. — Хомерни қамоққа олганларида, ён-веримни, хонамни тинтиш полициянинг ёдига келиб қолмасдан тошни олиб чиқиб кетганим яхши, деган қарорга келдим. Меҳмонхонада тошни яшириб қўйиш учун қулай жой йўқ эди. Мен хизмат юзасидан кетаётган бўлиб ташқарига чиқдим-да, опамнинг уйига қараб йўл олдим. У Окшот деган одамнинг хотини, Брикстон-родда яшайди. У уй паррандаларини семиртириб сотиш билан шуғулланади. Тўқнаш келган ҳар бир одам менга полициячи ёки изтопар бўлиб туюлаверди, салқин бир оқшом бўлишига қарамай, то Брикстон-родга етиб боргунимча терга ботдим. Опам мендан, нима гап, нега бундай рангинг ўчган, деб сўради. Мен, меҳмонхонамизда қимматбаҳо нарсалар ўғирланганидан ташвишланяпман, деб жавоб бердим. Кейин орқа ҳовлига ўтиб тамаки чекдимда, нима тадбир кўриш кераклигини ўйлай бошладим.

Менинг тўғри йўлдан тойиб жазо муддатини Пентонвил турмасида ўтказиб келган Модели деган ошнам бор эди. Бир куни у билан учрашиб ўғрилар ҳақида гаплашиб қолганимизда, менга ўғрилар ўғирлик молни қандай қув қилишларини гапириб берган эди. У мени чақиб қўймаслигини билардим, чунки унинг баъзи бир гуноҳларидан хабардор эдим, шунинг учим ҳам тўппа-тўғри Килбумга бориб, унга учрашмоқчи ва уни сиримдан воқиф қилмоқчи бўлдим. У бу тошни қандай қилиб пуллашни ўргатиши мумкин эди. Аммо у ёққа қандай етиб оламан? Мен меҳмонхонадан келаётганим-да кечирган изтиробларимни эсладим. Ҳар бир дақиқада ушлаб олиб ён-веримни тинтиб, нимчам чўнтагидан тошни топиб олишлари мумкин эди. Деворга суянганча оёғимнинг тагида лапанглаб изғиб юрган ғозларга қараб турарканман, дунёдаги энг эпчил изтопарни ҳам қандай қилиб алдаш ҳақида миямга дафъатан бир фикр келиб қолди…

Бир неча ҳафта бурун опам менга мавлуд байрамига жуда бўлиқ ғоз совға қилажагини айтганди, унинг ҳамиша сўзи устидан чиқишини билардим. Мен ўша ғозни ҳозирнинг ўзидаёқ олиб, тошни унинг бўғзида Килбумга олиб бормоқчи бўлдим. Ҳовлида бир сарой бор эди. Мен думи ола каттакон, семиз бир оқ ғозни саройнинг орқасига ҳайдаб ўтдим. Уни тутиб олиб, тумшуғини очдим-да, мумкин қадар ичкарироққа суришга ҳаракат қилиб, тошни унинг бўғзига тиқдим. Ғоз ютинди, тош унинг бўтакасига қандай қилиб ўтиб борганини қўлим билан сезиб турдим. Аммо ғоз типирчилаб қанотларини тапиллата бошлади, опам нима гаплигини билгани чиқиб қолди. Ўгирилиб унга энди жавоб бермоқчи бўлиб турган эдим, ярамас ғоз қўлимдан юлқиниб чиқиб галага аралашиб кетди.

«Жониворни нима қилаётган эдинг, Жеймс?» — деб сўради опам.

“Ҳалиги… дедим мен, — сенга мавлуд байрамига ғоз совға қиламан, деганинг учун улардан қайси бири семизроқ экан, деб кўраётган эдим”.

«О, — деди у, — биз сенга атаб аллақачон ғозни танлаб қўйганмиз. Биз уни: «Жеймснинг ғози» деб атаймиз. Ҳов анави бошдан-оёқ оппоқ каттакон ғоз. Ҳаммаси бўлиб йигирма олтита ғоз, шулардан биттаси сенга, биттаси бизга, йигирма тўрттаси — сотишга».

«Раҳмат, Мегги, — дедим мен. — Агар сенга фарқи бўлмаса, менга ҳозир қўлимда ушлаб турганимни берсанг».

«Сеники бунга қараганда уч қадоқча вазминроқ, ўзини ҳам сенга атаб яхшилаб боққанмиз».

«Бунинг аҳамияти йўқ. Менга худди шуниси керак, уни ҳозирнинг ўзида олиб кетсам».

«Ўзинг биласан, — деди опам бир оз ранжиб. — Қайси бирини олмоқчи эдинг?» «Думида қора йўли бор ҳов анави оқини, ҳов ана галанинг ўртасида турибди». «Марҳамат. Сўйиб олиб кетақол!»

Мен шундай қилдим, мистер Холмс, қушни Килбумга олиб кетдим. Ошнамга ҳамма гапни айтиб бердим — у бунақа гапларни бемалол айтаверса бўладиган одамлар тоифасидан. У силласи қуригунча қотиб-қотиб кулди, кейин пичоқ олиб ғозни сўйдик. Ғознинг ичида тош йўқлигини кўриб мудҳиш бир хато рўй берганини англаганимдан кейин, юрагим орқасига тортиб кетди. Ғозни ўша ерда қолдириб опамникига ғизилладим, чопганча орқа ҳовлига кириб бордим. Ҳовлида ғозлар йўқ эди.

«Ғозлар қани, Мегги?» — деб қичқирдим.

«Савдогарга жўнатдик».

«Қайси савдогарга?»

«Ковент-гардсидаги Брекинрижга».

«Ғозларнинг орасида мен ҳозиргина сўйганга ўхшаган яна бир думи оласи бормиди?» —деб сўрадим.

«Ҳа, Жеймс, думи ола ғоз иккита эди, мен уларни доим адаштириб юрардим». Шундан кейин мен, албатта, бир гапни тушуниб, ўша Брекинрижнинг олдига қараб югурдим. Аммо у ғозларнинг ҳаммасини аллақачон сотиб бўлган экан, кимга сотганини сира айтгиси келмади. Унинг менга қандай ўдағайлаб берганини ўзингиз эшитдингиз. Опам мени, ақлдан озган, деб ўйлаяпти. Баъзан ўзим ўзимга ҳам жиннига ўхшаб кўринаман. Мана энди… мана энди мен — қабиҳ ўғриман, ҳолбуки ўғирлайман деганим ғаниматга қўлимни тегизмаган булсам ҳам, уни деб ёш умримни хазон қилдим. Ё раббий, мени ўзинг ёрлақа! Ё раббий ўзинг ёрлақа!

У қўллари билан юзини беркитганча титраб ўкраб юборди. Орага узоқ жимлик чўкди, уни Райдернинг оғир хўрсинишлари билан дўстимнинг стол қирраснни бир маромда чертишигина бузиб турарди. Бирдан Шерлок Холмс ўрнидан туриб, кўча эшикни ланг очди.

— Йўқолинг! — деди у.

— Нега, сэр?.. О, сизни парвардигор ёрлақасин!

— Гапирманг! Йўқолинг бу ердан!

Бу сўзни яна бир такрорлашга тўғри келмади. Зинапоядан тез тушиб бораётган одим товушлари гумбурлаб эшитилди, пастда эшик тарақлади, кўчадан шахдам қадам товушлари келди.

— Хулосасини айтганда, Уотсон, — деди Холмс, қўлини сопол трубкасига чўзиб, — мутлақо полициямизнинг йўл қўйган хатоларини тузатиш учун ишламайман. Борди-ю, Хомерга хавф-хатар таҳдид солаётган бўлса, унда бошқа гап эди. Аммо Райдер унга қарши шоҳидлик бермайди, иш шу билан тинчиб кетади. Эҳтимол, муттаҳамга ҳомийлик қилаётгандирман-у, аммо, тўғрироғи, мен одамни батамом нобуд бўлиб кетишдан сақлаб қоляпман. Бу шоввоз, энди бунақа ишларни такрорламайди — у жуда юрак олдириб қўйган. Ҳаёт бизни ғалати ва аломат бир жумбоқ билан тўқнаш келтирди! Бу жумбоқни ечишнинг ўзиёқ катта мукофот! Илтифот қилиб қўнғироғни чалиб қўйсангиз, янги «тадқиқот» билан шуғулланардик, бунда ҳам бош ролни яна парранда ижро этади: эсингизда бўлсин, тушликка каклик еймиз.

Ваҳоб Рўзиматов таржимаси

[1] Карбункул — шаффоф қимматбаҳо тош, одатда қизил бўлади.

[2] Гран — 0,0622 граммга баровар эски ўлчов бирлиги.