Маллалар уюшмаси (ҳикоя). Артур Конан Дойл
Бу воқеа ўтган йили кузда бўлган эди. Шерлок Холмснинг ҳузурида аллақандай жуда семиз, ўрта ёшлардаги қизғиш-малла киши ўтирарди. Мен ичкарига кирмоқчи бўлдим-у, лекин икковларини қизғин суҳбат устида кўриб, чиқиб кетишга шошилдим. Аммо Холмс мени хонага сургаб олиб кириб, эшикни беркитди.
— Келганингиз айни муддао бўлди, азизим Уотсон, — деди у мулойимгина.
— Сизларга халал бермай дедим. Назаримда, банддек кўриндингиз.
— Ҳа, бандман. Жуда ҳам бандман.
— Нариги хонага чиқиб кутиб тура қолсам бўлмасмикин?
— Йўқ, йўқ… Мистер Уилсон, — деди у семиз кишига мурожаат қилиб, — бу жентльмен муваффақиятли чиққан тадқиқотларимнинг кўпчилигида менга анча-мунча дўстона ёрдам кўрсатган. Аминманки, сизнинг ишингизда ҳам фойдаси тегса керак.
Семиз киши ўтирган еридан сал қўзғалиб менга бош ирғади; унинг семизликдан қисилиб кетган кичкина кўзлари менга синчковлик билан тикилди.
— Мана бу ерга, диванга ўтиринг, — деди Холмс.
У креслога ўтирди ва ўйга толадиган вақтларидаги одатига кўра иккала қўлининг учларини чирмаштирди.
— Биламанки, азизим Уотсон, — деди у, — сиз менинг ҳамма ғайриоддий нарсаларга, кундалик ҳаётимизнинг маромини бузадиган ҳамма нарсага ишқибоз эканлигимни маъқуллайсиз. Агар сизда шу ғайриоддий воқеаларга ишқибозлик бўлмаганда менинг камтарона саргузаштларимни шу қадар завқ-шавқ билан ёзиб бормас эдингиз… Зотан, сидқидилдан айтишим керакки, сизнинг баъзи ҳикояларингизда менинг фаолиятим бир қанча бўяб кўрсатилади.
— Ростини айтганда, сизнинг саргузаштларингиз менга ҳамиша ниҳоятда қизиқ бўлиб туюларди, — деб эътироз билдирдим мен.
— Куни кечагина сизга энг зўр хаёл кучи ҳам кундалик ҳаётимизда учрайдиган ғайри оддий ва алома ҳодисаларни тасаввур этишдан ожиз, деган эдим шекилли.
Мен ўша заҳотиёқ бу фикрингиз унчалик тўғри бўлмаса керак, деган эдим.
— Шунга қарамай, доктор, мени ҳақ дейишга мажбур бўласиз, акс ҳолда, сизни шу қадар сон-саноқсиз, ажойиб ва ғаройиб фактларга кўмиб ташлайманки, фикримга қўшилишга мажбур бўлиб қоласиз. Мана, ақалли ҳозир менга мистер Жебез Уилсон айтиб берган воқеани олайлик. Бу воқеа бўлиб ўтган вазият мутлақо содда, оддий, ҳолбуки, умрим бино бўлиб бундай воқеани эшитган эмасман… Мумкин бўлса, мистер Уилсон, ҳикоянгизни такрорласангиз. Буни сиздан дўстим доктор Уотсон ҳикоянинг бошини эшитсин, дебгина илтимос қилаётганим йўқ, мен ўзим ҳам ҳар бир икир-чикир тафсилоти билан мумкин қадар яхшироқ танишиб чиқсам. Одатда менга бирон ҳодисани ҳикоя қила бошлаганларида шунга ўхшаган минглаб ҳодисалар эсимга тушади. Аммо эътироф этишга мен ҳеч қачон бунга ўхшаган воқеани эшитган эмасдим.
Семиз мижоз бир оз ғурурланганнамо кўкрагини кериб, пальтосининг ич чўнтагидан ғижимланган кир газета олди-да, уни тиззасига ёзиб қўйди. У бўйнини чўзиб босилган эълонларга кўз югуртираркан, мен бошдан-оёқ разм солиб, Шерлок Холмсга тақлидан, унинг кийими ва ташқи қиёфасига қараб ким эканни билиб олишга тиришдим.
Афсуски, менинг кузатишларим деярли ҳеч қандай натижа бермади. Бир кўришдаёқ унинг ўзига бино қўйган, бефаросат, тепса тебранмас, оддийгина бир майда дўкондор эканини пайқаш мумкин эди. Катак кулранг шими беўхшов, киргина қора сюртугининг тугмалари солинмаган, қора нимчаси устида тилла суви юритилган йўғон мис занжир йилтирар, унинг учида жевак ўрнида парма билан тешилган аллақандай бир тўртбурчак металл парчаси осилиб турар эди… Нимдошгина цилиндри ва ғижим бахмал ёқали, ўнгиб кетган қўнғир пальтоси ёнгинасидаги стулда ётарди. Хуллас, бу одамга қанча разм солмай, унинг қизғиш сочидан бошқа кўзга ташланадиган жойини кўрмадим. Унинг қандайдир хунук бир воқеадан саросимада эканлигн кўриниб турарди.
Менинг машғулотим Шерлок Холмснинг синчков назаридан четда қолмади.
— Албатта, ҳар кимга аёнки, — деди у табассум билан, — бизнинг меҳмонимиз бир вақтлар жисмоний меҳнат билан шуғулланган, у бурнаки искайди, франкмасонлардан[1], Хитойда бўлган, сўнгги ойларда кўп хат ёзишга тўғри келган. Бу аён-ошкор фактлардан бошқа ҳеч нарсани пайқаёлмадим.
Мистер Жебез Уилсон креслодан сапчиб турди ва шаҳодат бармоғини газетадан олмай, ошнамга тикилиб қолди.
— Сиз буларни ҳаммасини қандай қилиб билиб олдингиз, мистер Холмс? —деб сўради у. — Масалан, сиз менинг жисмоний меҳнат билан шуғулланганимни қаёқдан биласиз? Ҳа, дарҳақиқат, мен ўз фаолиятимни кемасоз дурадгорликдан бошлаганман.
— Буни қўлларингиз айтиб турибди, муҳтарам сэр. Ўнг қўлингиз чап қўлингиздан каттароқ. Сиз шу қўлингиз билан ишлаганингиз учун унинг мушаклари бақувватроқ бўлиб қолган.
— Бурнаки искашимни-чи? Франкмасонлигимни-чи?
— Франкмасонлигингизни пайқаш қийин эмас, чунки сиз жамиятингизнинг қатъий низомига амал қилмай ярим доира[2] ва доира тасвири бор илгакли тугма тақиб юрибсиз.
— Э, ҳа! Бу эсимга ҳам келмабди… Кўп ёзишга тўғри келганини қандай пайқадингиз?
— Йилтираб кетган ўнг енгингиз билан чап енгингизнинг тирсаги атрофидаги тақир бўлиб қолган мовут яна нимадан гувоҳлик бера олиши мумкин?
— Хитойда бўлганимни-чи?
— Ўнг билагингизда кўриниб турган балиқча тасвири Хитойдагина чекилган бўлиши мумкин. Мен татуировкаларни ўрганганман, улар ҳақида ҳатто мақолалар ёзганман. Балиқ тангачаларини нафис пуштиранг билан бўяш одати фақат Хитойгагина хос. Соатингизнинг занжиридаги Хитой тангасини кўрганимдан сўнг Хитойда бўлганингизга узил-кесил қаноат ҳосил қилдим.
Мистер Жебез Уилсон қаҳ-қаҳлаб кулиб юборди.
— Шунақа денг?! — деди у. — Мен аввалига сиз буларни аллақандай аломат йўллар билан топасиз шекилли, деб ўйлаган эдим, энди билсам, осонгина топаётган экансиз.
— Фикримча, Уотсон, бундай хулосага қандай йўл билан келганимни тушунтириб хато қилдим шекилли, — деди Холмс, — ўзингизга маълумки, «Omne ignotum pro, magnifico»[3], агар мен ростгўй бўлсам, камтарона шуҳратимга путур етадиганга ўхшайди… Эълонни топдингизми, мистер Уилсон?
— Топдим, — деб жавоб берди у йўғон, қизил бармоғини газета стунининг ўртасига нуқиб тураркан. — Ҳамма иш шундан бошланди. Ўзингиз ўқиб кўринг, сэр.
Мен газетани олиб, ўқидим:
МАЛЛАЛАР УЮШМАСИ. Лебанонлик (АҚШ, Пенсильвания) марҳум Иезекия Хопкинснинг васиятига биноан Уюшмага яна бир киши ишга олинадиган бўлди. Ҳафтасига муайян иш учун тўрт фунт стерлинг нақд маош берилади. Эс-ҳуши жойида, зеҳни ўткир, йигирма бир ёшдан кам бўлмаган ҳар бир малла тусли киши бу ишга яроқли топилиши мумкин. Уюшманинг Флит-стрит, Попс-коортдаги идорасига, душанба кунлари соат ўн бирда шахсан Дункан Россга мурожаат қилинсин.
— Жин урсин, бу нима дегани ўзи? —деб юбордим мен, ана шу ғалати эълонни икки бор ўқиб чиқарканман.
Холмс сассизгина кулди-да, креслода ўтирган жойида ғужанак бўлиб олди, бу унинг роса ҳузур қилаётганидан далолат бергучи эди.
— Чакана эълон эмас-а, нима дейсиз? — деди у. — Хўш, мистер Уилсон, ҳикоянгизни давом эттириб, ўзингиз ҳақингизда, уйингиз ҳақида, бу эълон сизнинг ҳаётингизда қандай рол ўйнагани ҳақида гапириб беринг. Сиз эса, доктор, мумкин бўлса, бу қайси газета эканини, қачон чиққанини ёзиб қўйсангиз.
— «Эрталабки хроника». 1890 йил 27 апрелдаги сони. Роппа-роса икки ой бурун чиққан экан.
— Жуда соз. Давом эттиринг, мистер Уилсон.
— Илгари айтганимдек, мистер Шерлок Холмс, — деди Жебез Уилсон пешонасини артиб. — Сити яқинидаги Секс-Кобург-скверда кичкинагина бўнак кассам бор. Ишларим илгари ҳам унча яхши эмас эди, сўнгги икки йил давомида эса ундан келадиган даромад амал-тақал билан тирикчилик ўтказиб туришгагина етарди. Бир вақтлар икки ёрдамчим бор эди, ҳозир эса битта: унга ҳақ тўлашим оғир эди-ю, аммо у менинг ишимни ўрганиш имкониятига эга бўлиш учун ярим маош эвазига ишлашга рози бўлди.
— Ўша қимматли йигитчанинг оти нима? — деб сўради Шерлок Холмс.
— Номи Винсент Сполдинг, уни йигитча деб бўлмайди. Ёши нечадалигини айтиш қийин. Ундан эпчилроқ ёрдамчини топишим маҳол. Унинг менсиз ҳам куни ўтиб, икки баробар ортиқ пул топа олишини ҳам жуда яхши тушунаман. Модомики, у мамнун экан, унга ўз манфаатларимга путур етказадиган фикрларни уқтиришимнинг нима ҳожати бор?
— Дарҳақиқат, нима ҳожати бор? Назаримда, жуда омадингиз келган экан: сиз ёрдамчингизга унинг бажарадиган ишига бошқаларга қараганда икки баробар кам ҳақ тўларкансиз. Бизнинг давримизда бундай бетама хизматчилар камдан-кам учрайди.
— О, ёрдамчимнинг камчиликлари ҳам бор! — деди мистер Уилсон. — Сурат олишга бунақанги ишқибоз одамни ҳеч қачон учратмаган эдим. Иш вақтида аппаратини шақиллатгани-шақиллатган, кейин эса худди қуён инига уриб кетгандек ертўлага шўнғийди-да, пластинкаларни дорига солиб очилтиради. Унинг катта нуқсони шу. Умуман эса чакки хизматчи эмас.
— У ҳозир ҳам хизматингизни қилиб турган бўлса керак?
— Ҳа, сэр. Ўшаю амал-тақал қилиб овқат пишириб, уйни супуриб-сидириб турадиган ўн тўрт яшар қизалоқ, бошқа ҳеч кимим йўқ, хотиним ўлиб кетган, болаларим ҳам йўқ. Учаловимиз тинчгина турмуш кечираётибмиз, сэр, уйнинг чироғини ёқиб, ижара ҳақини тўлаб турамиз — кўрган-кечирганимиз шу… Бу эълон бизни йўлдан адаштирди, — деб гапини давом эттирди мистер Уилсон. — Бугун роппа-роса саккиз ҳафта бўлади Сполдинг қўлида шу газета билан идорамга кириб келганига.
«Қани энди мени ҳам худо малла қилиб яратган бўлса, мистер Уилсон».
«Нега?» — деб сўрадим мен.
«Мана, — деди, — Маллалар уюшмасида янги ўрин тайин қилинибди. Бу ўринни эгаллаган одам ҳазилакам даромадга эга бўлмайди. У ерда ишга кирмоқчи бўлган талабкорлардан кўра бўш ўринлар кўпроқ бўлса керак, васийлар ҳам пулларни нима қилишларини билмай роса бошлари қотаётгандир. Агар сочимнинг ранги ўзгариб қолганида борми, албатта ўша сердаромад ўринни эгаллардим».
«Маллалар уюшмаси нима дегани ўзи?» — деб сўрадим мен.
— Биласизми, мистер Холмс, мен юримсак эмасман, иш кетидан қувмайман, иш ўзи мени қидириб келадиган бўлгани учун баъзан ҳафталаб остона ҳатлаб кўчага чиқмайман. Шунинг учун ҳам оламда бўлаётган ишлардан бехабар қоламан, янгиликларни ҳамиша мароқ билан эшитаман…
«Сиз наҳотки Маллалар уюшмаси ҳақида ҳеч қачон эшитмаган бўлсангиз?» — деб сўради таажжуб билан Сполдинг кўзлари чақчайиб.
«Ҳеч қачон».
«Бу мени жуда ҳам таажжублантиради, чункн сиз ўша бўш ўринни эгаллашга ҳақ-ҳуқуқи бўлганлардан бирисиз-ку».
«Бу қанча даромад келтириши мумкин?» — деб сўрадим.
«Йилига икки юз фунт стерлингга яқин, ортиқ эмас, жуда ҳам енгил иш, бунинг устига айни вақтда ҳар қандай бошқа иш билан ҳам бемалол шуғулланаверса бўлади».
Табиийки, қулоқларимни динг қилдим. Чунки менинг муассасам сўнгги вақтларда жуда оз даромад келтирмоқда, йилига қўшимча икки юз фунт эса анча кунимга яраши мумкин эди.
«Бу Уюшма ҳақида билганларингизни айтиб беринг», — дедим.
«Ўзингиз кўриб турибсизки, — деб жавоб берди Сполдинг менга эълонни кўрсатиб, — Маллалар уюшмасида бўш ўрин бор экан, мана бу адреси, тафсилотларини билмоқчи бўлсангиз шунга мурожаат қилишингиз мумкин. Билишимча, бу Уюшмага Иезекия Хопкинс деган америкалик бир довдир табиатли миллионер асос солган. Унинг ўзи қизғиш-малла тусли бўлиб, дунёдаги ҳамма маллаларга хайрихоҳ экан. У ўлаётганида ўз васийларига катта маблағ қолдириб, бу маблағни сочлари тўқ малла тусдаги одамларнинг қисматларини енгиллатишга ишлатишни васият қилган экан. Айтишларича, бу бахтиёр одамларга туппа-тузук маош тўлашармиш, улардан деярли ҳеч қандай иш талаб қилишмасмиш».
«Ахир малла одамлар миллион-миллион-ку, — дедим мен, — уларнинг ҳар бири ҳам бўш ўринни эгаллагиси келади».
«Сиз ўйлаганчалик кўп эмас, улар, — деб жавоб берди у. — Кўриб турибсизки, эълон фақат лондонликларга, шунда ҳам катта кишиларга қаратилган. Ўша америкалик Лондонда туғилиб, ёшлигини шу ерда ўтказган, ўзи туғилиб ўсган шаҳарга валинеъматлик қилмоқчи бўлган. Бундан ташқари, эшитишимга қараганда Маллалар уюшмасига сочлари оч-малларанг ёки тўқ-малларанг шахсларнинг мурожаат қилишлари фойдасиз — у ерда сочлари ёрқин, кўзни қамаштирадиган, қизғиш-малла тусдаги кишиларнигина ишга олишаркан. Агар сиз бу таклифдан фойдаланмоқчи бўлсангиз, мистер Уилсон, Маллалар уюшмасининг идорасига кириб борсангиз кифоя. Аммо бир неча юз фунт деб асосий машғулотингиздан алаҳсираб юришингизнинг маъноси бормикан?..»
Ўзларингиз кўриб турибсизларки, жентльменлар, менинг сочим ёрқин, сержило тусга эга бўлган тўқ-малларанг соч, маллалар рақобат қилиб қолганларида ҳам барибир мен бу бўш ўринни эгалласам керак, деб ўйлаган эдим. Винсент Сполдинг бу ишдан ҳар томонлама хабардор бўлганлиги учун менга катта ёрдам бериши мумкин эди, шунинг учун ҳам дарчаларни кечгача ёпиб, мени Уюшма биносига кузатиб боришини буюрдим. У бугун ишдан озод бўлганига жуда севиниб кетди. Биз идорани беркитиб, эълонда кўрсатилган адресга қараб жўнадик. У ерда шундай бир томошани кўрдимки, мистер Холмс, бундай томошани энди сира ҳам кўролмасам керак. Шимолдан, жанубдан, шарқдан, ғарбдан кимнингки сочи сал-пал малла тусли бўлса, эълонни ўқибоқ Ситига ёпирилиб келаверибди. Флит-стритда маллалар тирбанд бўлиб кетган. Попс-коорт эса апелсинфурушнинг ғалтак аравасига ўхшар эди. Мен ҳеч қачон Англияда шунча бордир, деб ўйламаган эдим. Бу ерда малларанг туснинг ҳар хил турлари бор, похолранг, лимонранг, қизғишранг ғиштранг, ирланд сеттерлари тусидаги, сафро тусидаги, лой тусидаги ранглар бор; аммо Сполдинг айтганидек, чинакам ёрқин, қизғиш-малларанг тусдаги бошлар бу ерда жуда оз эди. Шунга қарамай, бу ерга тўпланган оломонни кўриб, умидим пучга чиқай деб қолди. Сполдинг эса бўш келмади. Қандай эвини қилганини билмайман-у, у жон-жаҳди билан тиқилиб-суқилиб мени халойиқ орасидан олиб ўтди, биз идора зинапояси олдига етиб бордик. Одамлар турнақатор тизилиб зинапоядан чиқиб-тушиб турар эди; баъзилари умид-иштиёқ билан чиқиб боришар, баъзилари эса маъюслик билан тушиб келишар эди. Биз олдинга ёриб ўта-ўта тез орада идорага кириб бордик…
— Сиз жуда қизиқ дуч келиб қолибсиз! — деди Холмс, мижози хотирлаб олиш учун бир чимдим бурнаки искаб индамай қоларкан. — Марҳамат, ҳикоянгизни давом эттиринг.
— Идорада иккита ёғоч стул билан оддийгина қарағай столдан бошқа ҳеч нарса йўқ, унда мендан ҳам маллароқ кичкина бир одам ўтирарди. У стол олдига келган номзодларнинг ҳар қайсиси билан бир-икки оғиз сўзлашиб, уларнинг ҳар қайсисидан қандай бўлмасин бир нуқсон топарди. Афтидан, бўш ўринни эгаллаш унча осон эмас эди. Бироқ биз ўз навбатимизда столга яқинлашиб борар эканмиз, кичкина одам мени бошқа номзодларга қараганда анчагина хушмуомалароқ қарши ичкарига кирган заҳотимизоқ биз билан холи гаплашиш учун эшикни ичкаридан беркитиб қўйди.
«Бу киши мистер Жебез Уилсон, — деди ёрдамчим. У Уюшмадаги бўш ўринни эгалламоқчи эди».
«У бу ўринга жуда муносиб, — деб жавоб берди ҳалиги одам. — Мен кўпдан бери бундай ажойиб сочни кўришга муяссар бўлмаган эдим!»
У бир қадам орқага ташлаб, бошини бир томонга қийшайтирди-да, сочларимга шу қадар узоқ тикилиб қолдики, мен жуда ўнғайсизландим. Кейин бирдан олдинга ташланиб қўлларимга ёпишди-да, қизғин табриклади.
«Мен ҳардамхаёллик қилсам инсофдан бўлмас, — деди у. — Бироқ ишонаманки, баъзи эҳтиёт чораларни кўрсам мени кечирасиз».
У иккала қўли билан сочимни чангаллаб шундай тортдики, оғриқдан додлаб юбордим.
«Кўзларингиздан ёш чиқиб кетди, — деди у сочимни қўйиб юбориб. — Демак, ҳаммаси жойида. Кечирасиз, эҳтиёт бўлмасак бўлмайди. Чунки бизни икки марта парик кийиб келиб, яна бир марта сочини бўяб келиб алдашган. Сизга баъзиларнинг шундай виждонсизларча ишлатган ҳийлаи найрангларини айтиб беришим киики, одамларга нисбатан нафратингиз ошиб кетади».
У дераза олдига бориб, бўш ўрин банд қилинганлигини қичқириб айтди. Пастдан оҳ-воҳ, ўкинч садолари эшитилди, халойиқ ҳар томонга тарқалиб кетди, тез орада бу атрофда мени ёллаётган ҳалиги одам билан икковимиздан бошқа малла қолмади.
«Менинг отим мистер Дункан Росс, — деди у, — мен ҳам саховатли валинеъматимиз қолдирган ўша фонддан нафақа оламан. Сиз уйланганмисиз, мистер Уилсон? Оилангиз борми?»
Мен бефарзанд, сўққабош одам эканлигимни айтдим. Унинг чеҳрасида қайғу излари кўринди.
«Ё раббий! — деди у тундлик билан. — Ахир бу жуда ҳам жиддий тўсиқ-ку! Афсуслар бўлсинки, сиз уйланмаган экансиз! Фонд маллаларни боқиш учунгина эмас, уларнинг насл-насабини кўпайтириб, тарқатиш учун барпо қилинган эди. Афсус, бўйдоқ экансиз-да!»
Бу сўзларни эшитарканман, тарвузим қўлтиғимдан тушиб кетди. Мистер Холмс, нега десангиз, мени олишмас экан, деб хавотирга тушиб қолдим: аммо у ўнлаб кўриб йўлини топишини айтди.
«Сиздан бошқа ҳар қандай одам бўлганда ҳам қоидадан чекинмасдик, аммо шундай сочи бор одамни қўллаб-қувватлаш мумкин. Янги вазифангизни қачондан эътиборан адо эта бошлашингиз мумкин?»
«Бу бир оз мушкулроқ, чунки мен бошқа бир муассасада бандман», — дедим.
«Бунисидан ташвишланманг, мистер Уилсон! — деди Винсет Сполдинг. — У ишни сизсиз ўзим ҳам эплайвераман».
«Бу ерда қайси соатларда банд бўламан?» — деб сўрадим мен.
«Ўндан иккигача».
Бўнак кассаларида асосий иш кечқурунлари, айниқса, маош берилиши арафасида пайшанба, жума кунлари бўлади, шунинг учун унча-мунча пул ишласак чакки эмас, деган қарорга келдим. Қолаверса, ёрдамчим ишончли одам, керак бўлганда бемалол ўрнимда ишлайверади.
«Бу соатлар менга тўғри келади, — дедим. — Қандай маош тўлайсизлар ўзи?»
«Ҳафтасига тўрт фунт».
«Қиладиган ишим нимадан иборат бўлади?»
«Муайян ишдан иборат бўлади».
«Муайян иш деганингиз нима?»
«Иш вақтида сиз идорамизда ёки, ақалли, идорамиз жойлашган бинода бўлишингиз керак. Борди-ю, бирон марта иш вақтида кетиб қоларкансиз, бу хизматдан умрбод маҳрум бўласиз. Васият қилувчи айниқса шу моддага қаттиқ риоя қилишни талаб этган. Агар бирон марта иш вақтида идорамиздан чиқиб кетсангиз, талабларимизни бажармаган ҳисобланасиз».
«Агар гап кунига тўрт соат вақт ҳақида кетаётган бўлса, идорадан чиқиб кетишни хаёлимга ҳам келтирмайман», — дедим.
«Шуни билиб қўйингки, — деб такрорлади мистер Дункан Росс, — биз кейин ҳеч қандай авф-ўтинчларингизга қулоқ солмаймиз. Ҳеч қандай касал, ҳеч қандай иш баҳона бўлолмайди. Хизмат вақтида идорада бўлишингиз шарт — бўлмаса хизматдан кетасиз».
«Ишим нимадан иборат бўлади?»
«Сиз «Британия қомуси»ни кўчириб ёзасиз. Биринчи томи — мана шу шкафда. Сиёҳ, патқалам, қоғоз билан босма қоғозни ўзингиз олиб келасиз: биз эса сизга стол билан стул берамиз. Эртадан иш бошлай оласизми?»
«Албатта» деб жавоб бердим.
«Ундай бўлса, хайр, мистер Жабез Уилсон. Шундай яхши ўринни эгаллашга муваффақ бўлганингиз билан сизни яна бир марта табриклашга рухсат этинг».
У менга бош силкиди. Хонадан чиқиб, омадим келган қувонганча ёрдамчим билан уйга қараб жўнадим.
Мен бу ҳодиса ҳақида кун-узукун ўйладим, кечга бориб ҳафсалам пир бўлаёзди, чунки миямга, бу ишларнинг ҳаммаси шунчаки бир қаллоблик бўлса керак, деган фикр келди, аммо бу тадбирдан мақсад нима эканлигини ўйлай-ўйлай сира тушунолмадим. Шундай васиятноманинг борлигига, «Британия қомуси»ни кўчириб ёзишга одамлар шу қадар кўп пул тўлашга рози эканликларига ақл бовар қилмасди. Винсент Сполдинг жон дили билан менга далда беришга уринарди, аммо мен ётганимда бу ишдан воз кечишга қатъий қарор қилдим. Бироқ эрталаб миямга, ҳар эҳтимолга қарши у ерга бир бориб кўрай-чи, деган фикр келди. Бир пеннига[4] сиёҳ сотиб олиб, ғоз пати билан етти тахта катта қоғозни кўтариб Попс-коортга жўнадим. Таажжубки, у ерда ҳамма ишлар жойида эди. Жуда севиниб кетдим. Стол ишлашим учун тайёр қилиб қўйилган, мистер Дункан Росс мени кутиб турган экан. У менга «А» ҳарфидан бошлашни буюриб чиқиб кетди, аммо вақт-вақти билан идорага қайтиб кириб, ишлаётган-ишламаётганимдан хабар олиб турарди. Соат иккида у мен билан хайрлашаркан, шунча кўп кўчириб ёзганимни мақтади-да, орқамдан идоранинг эшигини беркитиб олди.
Кунлар шу йўсинда ўтаверди, мистер Холмс. Шанба куни хўжайиним столга бир ҳафталик ҳақим — тўртта олтин соверенни[5] олиб келиб қўйди. Иккинчи ҳафта ҳам шундай ўтди, учинчи ҳафта ҳам. Мен у ерга ҳар куни роппа-роса ўнда бориб, роппа-роса иккида қайтардим. Бора-бора мистер Дункан Росс идорага фақат эрталаблари кирадиган, кейинроқ эса мутлақо кирмайдиган бўлиб қолди. Шунга қарамай, табиий, мен хонадан бир дақиқага ҳам чиқишга журъат қилолмасдим. Чунки унинг келмаслигига амин эмасдим, шундай фойдали ишдан ажралиб қолишдан қўрқардим ҳам.
Саккиз ҳафта ўтди; мен Аббатлар, Артиллерия, Архитектура, Аттика ҳақидаги мақолаларни кўчириб тез орада «Б» ҳарфига ўтаман, деб умид қилган эдим. Анча-мунча қоғоз сарф қилган эдим, кўчириб ёзганларим рафга аранг сиғарди. Аммо ишим бирдан адойи тамон бўлди-қолди.
— Тамом бўлди-қолди?
— Ҳа, сэр. Бугун эрталаб. Одатдагидек, соат ўнда ишга борсам, эшик қулфлоғлиқ, унга бир парча картон қоқиб қўйилибди. Мана у, ўзингиз ўқиб кўринг.
У бизга қўйин дафтарчанинг бир варағича келадиган картон узатди. Картонда қуйидаги сўзлар ёзилган эди: МАЛЛАЛАР УЮШМАСИ 1890 ЙИЛ, 9 ОКТЯБРДА ТАРҚАТИБ ЮБОРИЛДИ.
Шерлок Холмс икковимиз бу қисқа ёзувга ҳам, Жебез Уилсоннинг маъюс қиёфасига ҳам узоқ тикилиб ўтирдик; ниҳоят, ўзимизни тиёлмай қаҳқаҳлаб юбордик.
— Бунинг ҳеч куладиган жойи йўқ — дея қичқириб ўрнидан сапчиб турган мижозимиз қизғиш сочларининг тагларигача қизариб кетди. — Агар сиз ёрдам бериш ўрнига мендан кулмоқчи бўлсангиз, ёрдам сўраб бошқа одамга мурожаат қиламан.
— Йўқ, йўқ! — деб хитоб қилди Холмс, уни яна креслога ўтқазаркан. — Сизнинг ишингиздан ўла қолсам ҳам воз кечмайман. Бу ишнинг янгилигидан дилим баҳра олади. Аммо унинг, мени кечирасиз, ҳар қалай, қандайдир аломат жиҳати бор… Эшикка қоқиб қўйилган бу ёзувни топганингиздан кейин нима чора кўрдингиз?
— Ҳанг-манг бўлиб қолдим, сэр. Нима қилишимни билмадим. Қўшни идораларнинг ҳаммасига кириб чиқдим, лекин у ердагиларнинг биронтаси ҳам ҳеч нарса билмас экан. Ниҳоят пастки қаватда яшайдиган уй эгасининг олдига кириб, Маллалар уюшмасига нима бўлганини билмайсизми, деб сўрадим. У, бунақа ташкилотни сира ҳам эшитмаганман, деб жавоб берди. Шундан кейин ундан, мистер Дункан Росс ким бўлади, деб сўрадим. У, бу исмни биринчи эшитишим, деб жавоб берди.
«Мен тўртинчи рақамли квартирангизни ижарага олган жентльменни айтяпман», — дедим.
«Маллани айтяпсизми?»
«Ҳа».
«Унинг оти Уилям Моррис. У юрист, жойимни вақтинча ижарага олган эди — унинг доимий идораси ремонт қилинаётган экан. Кеча кўчиб кетди».
«Уни қаердан топса бўлади?»
«Доимий идорасидан. Адресини ташлаб кетган. Мана: «Кинг-Эдуард-стрит, 17, авлиё Павел жомесининг яқинида».
Мен ўша адресга қидириб бордим, мистер Холмс, у ер ёғоч оёқ устахонаси экан; у ердагиларнинг биронтаси ҳам ҳеч қачон на мистер Уилям Морриснинг номини, на мистер Дункан Росснинг номини эшитган экан.
— Шундан кейин нима қилдингиз? — деб сўради Холмс.
— Кейин Секс-Кобург-сквсрга, уйимга қайтиб келдим, ёрдамчим билан маслаҳатлашдим. У менга ҳечқандай ёрдам беролмади. У, кутиб тура туринг-чи, почта орқали бирон хабар беришар, деди. Менга бу тўғри келмайди, мистер Холмс. Мен шундай ажойиб жойни осонликча қўлдан бериб қўймоқчи эмасман. Сизнинг мушкул аҳволга тушиб қолган камбағал одамлардан ўз маслаҳатингизни аямаслигингизни эшитиб юрардим, шунинг учун тўппа-тўғри олдингизга келавердим.
— Тўғри қилгансиз, — деди Холмс. — Сиз айтган ҳодиса — ажойиб ҳодиса, мен у билан шуғулланиш имкониятига эга бўлганимдан бахтиёрман. Сўзларингизни эшитиб шундай хулосага келдимки, бу иш биринчи қарашда туюлиши мумкин бўлганидан кўра жиддийроқ.
— Ҳа, ҳазилакам иш эмас! — деди мистер Жабез Уилсон. —Мен ҳафтасига тушиб турган мўмайгина тўрт фунтдан маҳрум бўлдим.
— Шахсан сизнинг тўғрингизда гапирадиган бўлсак, — деди Холмс, — бу ғайри оддий Уюшмадан нолишингиз ўринсиз. Аксинча, фаҳмлашимча, сиз туфайли ўттиз фунтча бойлик орттирибсиз, бундан ташқари «А» ҳарфидан бошланадиган нарсалар ҳақида чуқур билим орттирганингизни айтмаса ҳам бўлади.
— Тўғри, дарҳақиқат шундай, сэр. Аммо мен уларни қидириб топмоқчи эдим, уларнинг кимлигини, агар бу қилмишларини ҳазил деб билса, нега мен билан шу тариқа ҳазиллашганликларини билмоқчи эдим. Бу эрмак уларга жуда қимматга тушди: улар ўттиз икки фунтларидан ажрадилар.
— Биз буларнинг ҳаммасини аниқлашга уриниб кўрамиз. Аммо аввал сизга бир неча савол беришга рухсат этсангиз, мистер Уилсон. Ўша эълонни кўрсатган ёрдамчингиз сизда қачондан бери хизмат қилади?
— Ўша вақтда бир ойча бўлиб қолган эди.
— Сиз уни қаердан топган эдингиз?
— У менинг олдимга газетада эълон берганимдан кейин келган эди.
— Эълонингизни ўқиб, ўшанинг ўзигина келганмиди?
— Йўқ, ўнтача одам келди.
— Нима учун ўшанинг ўзинигина олдингиз?
— Қарасам чаққонроқ, ҳақни ҳам кам оладиган.
— Ярим маош олиб ишлашга рози бўлганига учдингизми?
— Ҳа.
— Ўша Винсент Сполдинг деганингизнинг қиёфаси қанақа?
— Кичик жуссали, ғўлабир, серҳаракат. Ўттизга бориб қолган бўлса ҳам иягида биронта тук йўқ. Пешонасида кислота куйдирган оппоқ доғ бор.
Холмс қаддини ростлади. У жуда ҳаяжонланган эди.
— Ўзим ҳам шундайдир деб ўйлаган эдим! — деди у. — Унинг қулоқларидаги зирак тақадиган тешикларга кўзингиз тушмадими?
— Кўрганман, сэр. У менга, қулоғимни болалигимда аллақандай лўли хотин тешган, деб тушунтирди.
— Ҳм! — деб қўйди Холмс ва чуқур ўй сурганча ўзини креслонинг суянчиғига ташлади. — У ҳали ҳам сизникидами?
— Ҳа, албатта, сэр, уни ҳозиргина кўрдим.
— Уйда йўқлигингизда у ишларингизни дуруст эплаб турадими?
— Нолисам бўлмас, сэр. Зотан, эрталаблари бўнак кассамда деярли ҳеч қандай иш бўлмайди.
— Бас, мистер Уилсон. Бир-икки кундан кейин бу воқеа тўғрисидаги фикримни сизга бажону дил хабар қиламан. Бугун шанба… Умид қиламанки, душанба куни биз ҳамма гапдан воқиф бўлсак керак.
— Хўш, Уотсон, — деди Холмс мижозимиз кетгач, — сиз буларни нима деб ўнлайсиз?
— Ҳеч нарса деб ўйлаётганим йўқ, — деб рўй-рост жавоб бердим мен. — Бу иш менга ғоятда сирли туюлаётибди.
— Таомил шуки, — деди Холмс, — ҳодиса қанчалик ғалати бўлса, унинг сирли томонлари шу қадар кам бўлади. Оломон орасидан оддий қиёфали одамни топиш нечоғли қийин бўлса, оддийгина жиноятларни аниқлаш ҳам шу қадар мушкул. Аммо бу ҳодисани мумкин қадар тезроқ бартараф қилиш керак.
— Хўш, энди нима қилмоқчисиз? — деб сўрадим.
— Чекмоқчиман, — деб жавоб берди у. — Бу уч марта трубка чеккунча ўнлаб мағзини чақса бўладиган масала, шунинг учун мени ўн минутча гапга солмай турсангиз.
У озғин тиззаларини йиғиштириб қирғий бурнига яқин олиб борганча креслода ғужанак бўлиб олди ва кўзларини юмиб, аллақандай ғалати бир қушнинг тумшуғига ўхшаган қора сопол трубкасини тишлаган узоқ ўтирди. Мен уни, ухлаб қолди, деб ўйлаб ўзим ҳам мизғий бошлаган эдимки, қатъий бир қарорга келган одамдек ўрнидан сакраб турди-да, трубкасини каминга қўйди.
— Сарасате[6] бугун Сент-Жемс-Холлда чалади, — деди у. — Сиз бунга нима дейсиз, Уотсон? Беморларингиз бир неча соатгинз сизсиз тура олишармикан?
— Бугун бўшман. Ишим унча кўп вақтни олмайди. — Ундай бўлса, шляпангизни кийинг, кетдик. Мен аввал Ситига боришим керак. Йўл-йўлакай бирон жойда овқатланармиз.
Биз метрода Олдерсгетгача бориб, у ердан эрталаб эшитган воқеаларимиз юз берган Секс-Кобург-скверга яёв жўнадик.
Секс-Кобург-сквер оқсуякларга хосроқ, ғарибгина хилват бир майдонча. Тўрт қатор кир-ифлос икки қаватли ғишт уйларнинг деразалари ўт-алаф босган кичкинагина боғчага қараган, боғчанинг ўртасида бир неча туп ирвоққина лавр буталари қурум босган ҳаво билан курашиб жон талашиб ётибди. Зарҳал юритилган учта шар ва муюшга осилган оқ ҳарфлар билан «Жебез Уилсон», деб ёзилган жигарранг лавҳа малла мижозининг муассасаси шу ерда эканлигини билдириб турарди.
Шерлок Холмс эшик олдида тўхтаб, юминқираган мижжалари орасидан чақноқ кўзларини унга тикди. Кейин кўчадан аста юриб бориб, уйларни диққат билан кўздан кечирганча яна муюлишга қайтиб келди. Бўнак кассасининг олдида ҳассаси билан тошкўчани уч марта қаттиқ уриб кўрди, сўнгра эшикка яқин бориб, уни тақиллатди. Эшикни шу ондаёқ соқол-мўйлови қиртишлаб олинган чаққон йигит очди-да, бизни ичкарига таклиф қилди.
— Ташаккур, — деди Холмс. — Мен фақат Стрендга қандай борса бўлади, деб сўрамоқчи эдим.
— Учинчи кўчага борганда ўнгга буриласиз, кейин тўртинчи кўчага борганда чапга, — деб дарҳол жавоб берди мистер Уилсоннинг ёрдамчиси ва эшикни тақ этиб ёпди.
— Эпчил йигит экан! — деб қўйди Холмс биз яна кўча бўйлаб борарканмиз. — Менингча, у эпчилликда Лондон бўйича тўртинчи ўринда турса керак, довюракликда эса учинчи ўринда бўлса ҳам ажаб эмас. Унинг тўғрисида унча-мунча маълумотлар бор.
— Назаримда, — дедим мен, — мистер Уилсоннинг ёрдамчиси Маллалар уюшмасида ҳазилакам рол ўйнамаса керак. Аминманки, сиз ундан йўлни фақат ўзини кўриш учунгина сўрадингиз.
— Ўзинимас.
— Нимани бўлмаса?
— Тиззаларини.
— Хўш, тиззаларида нимани кўрдингиз?
— Кутган нарсамни кўрдим.
— Кўча тошларини нимага уриб кўрдингиз?
— Муҳтарам доктор, ҳозир гап сотишнинг фурсати эмас, кузатиш керак. Биз — душман қароргоҳидаги айғоқчилармиз. Биз Секс-Кобург-скверда баъзи бир нарсаларни билиб олишга муваффақ бўлдик. Энди уларга нариги томондан келиб туташадиган кўчаларни кўздан кечириб чиқамиз.
Секс-Кобург-сквер билан муюлишдан бурилганимиздан кейинги манзара орасида ер билан осмонча фарқ бор эди. Муюлишдан бурилгач, шаҳарнинг Ситини шимол ва ғарб билан боғлаб турадиган асосий қон томирларидан бири ўтар эди. Бу катта кўча бошдан-оёқ икки оқим ҳосил қилиб ўнгга ва сўлга қатнаб турган экипанслар билан тўлган, йўлкаларда эса ғуж-ғуж ўткинчилар, қатор ажойиб магазинлар ва ҳашаматли маҳкамаларга қараб худди шу уйларнинг орқасида нақадар ғариб кимсасиз майдон борлигини тасаввур қилиш маҳол эди.
— Ижозат беринг, тўйиб томоша қилиб олай, — деди Холмс муюшда тўхтаб, ҳар бир уйни бирма-бир диққат билан кўздан кечираркан. — Биноларнинг қай тартибда жойлашганини эслаб қолмоқчиман. Лондонни айланишга жуда ишқибозман… Аввал Мортимернинг тамаки магазини, кейин газета дўкони, унинг ёнида шаҳар ва шаҳар атрофи банкининг Кобург бўлими, сўнгра вегетарианлар[7] ресторани, ундан кейин Мак-Ферлен карета депоси. Ундан уёғида нариги квартал бошланади… Хўп, доктор, ишимиз тамом бўлди ҳисоб. Энди бир оз кўнгилхушлик қилсак ҳам бўлади: бутерброд еб, чинни оёғдан қаҳва ичамизу ҳузур-ҳаловат, ором, дилрабо куйлар салтанатига равона бўламиз, у ерда малла мижозлар бошимизни қотириб ғашимизга тегмайди.
Дўстим музикани эҳтирос билан севар, у истеъдододли созандагина эмас, туппа-тузуккина композитор ҳам эди. Бутун кеча давомида ингичка узун бармоқларини музика оҳангига монанд аста-аста қимирлатганча креслода яйраб ўтирди. Унинг табассум қалққан чеҳраси, намхуш хумор кўзлари интизор Холмсни, ўғри-муттаҳамларнинг кушандаси, шафқатсиз, айёр Холмсни ҳеч эсламас эди. Ажойиб характери икки нарсадан таркиб топган эди. Унинг пухталиги ҳамда кишини лол қолдирадиган ўткир зеҳни бу киши фазилатининг асосини ташкил этадиган шоирона ўйчанлиги билан курашда туғилган бўлса керак, деб ўйлардим ўқтин-ўқтин. Ҳар доим тамоман ҳолдан тойганига ҳам қарамай ғайрат билан ишга киришиб кета оларди. Унинг кечқурунлари ўз навозишлари ва ноталарига нечоғли хотиржамлик билан берилиб кетишини яхши билардим. Аммо ишқибозлик эҳтироси уни бирдан чулғаб олиб, ўзига хос бўлган ёрқин тафаккур кучи савҳи табиий даражасига етиб борар, унинг услубидан бехабар одамлар, қаршимизда оддий бир одам эмас, аллақандай ғайритабиий бир жондор турибди, деб ўйлай бошлар эдилар. Сент-Жемс-холлда кузатиб ўтирарканман, Холмснинг музикага нақадар берилиб кетганини кўриб, у изига тушган одамларнинг омон қолмасликларини сездим.
— Сиз, доктор, уйга кетмоқчидирсиз, — деди у концерт тамом бўлгач.
— Уйга кетаман, албатта.
— Менинг яна бир ишим бор, бу уч-тўрт соат вақтимни олади. Кобург-сквердаги ҳодиса — жуда жиддий нарса.
— Жуда жиддий денг?
— У ерда катта жиноятга тайёрлик кўрилмоқда. Мен ишонч билан айтаманки, биз унинг олдини олиб қоламиз. Аммо бугун шанба бўлгани сабабли иш анча мушкуллашади. Кечаси менга ёрдамингиз керак бўлиб қолиши мумкин.
— Соат нечада?
— Соат ўнлардан кейин.
— Роппа-роса ўнда Бейкер-стритда бўламан.
— Жуда соз. Билиб қўйинг, доктор, бу ниҳоятда хатарли иш. Чўнтагингизга револверингизни солиб олинг.
У менга қўл силкиб, кескин бурилди-да, бир лаҳзада халойиқ орасига кириб ғойиб бўлди.
Мен ўзимни бошқалардан кўра аҳмоқроқ деб ҳисобламайман-у, аммо қачон Шерлок Холмс билан тўқнаш келиб қолсам, зеҳнимнинг пастлигини тан олиб қийналиб кетаман. Ахир, мана, мен ҳам у нимани эшитган бўлса шуни эшитдим, у нимани кўрган бўлса, мен шуни кўрдим, бироқ гапига қараганда у бўлиб ўтган воқеанигина эмас, энди содир бўладиганигача тушуниб, пайқаб турибди, менга эса бу иш ҳамон дудмал, бир тутуриқсиз нарсага ўхшаб туюлмоқда.
Уйга қайтаётиб йўл бўйи «Британия қомуси»ни кўчирган ўша малла котибнинг ғалати ҳикоясини ҳам, Секс-Кобург-скверга борганимпзни ҳам, хайрлашаётганимизда Холмс айтган ваҳимали сўзларни ҳам яна бир бор эсладим. Бу тунги сафар нимани билдиради ва нима учун қуролланиб боришим керак? Биз у билан қаёққа борамиз ва нима ишлар қиламиз? Холмс менга бўнак касса эгасининг кўса ёрдамчиси катта жиноятларга қодир, ғоятда хавфли одам эканини шама қилиб қўйди.
Бу жумбоғни ечиш учун роса бош қотирдим, аммо ҳеч бир иш чиқаролмадим, кечасигача сабр қилишга қарор қилдим, ҳамма гап ўшанда аён бўлади.
Тўққиздан чорак ошганда ундан чиқдим. Ганд-парк ва Оксфорд-стритдан ўтиб. Вейкер-стритга чиқдим. Эшик олдида иккита кэб[8] турарди, даҳлизга кирарканман, ғала-ғовур товушларни эшитдим. Холмснинг ҳузурида икки одам бор экан. Холмс улар билан қуюқ суҳбатлашмоқда. Уларнинг бирини танирдим — бу полициянинг расмий агенти Питер Жонс. Иккинчиси эса ялтироқ цилиндр, ғоятда бежирим фрак кийган озғин, новча, бадқовоқ одам эди.
— Ҳа, ана, жамоат жам бўлдик! — деди Холмс матросча курткасининг тугмаларини қадаб, рафдан вазмин сопли овчилар қамчисини оларкан. — Уотсон, сиз Скотлснд-Ярдда ишлайдиган мистер Жонс билан таниш бўлсангиз керак? Рухсат этинг сизни мистер Мерриуэзерга таништирай. Мистер Мерриуэзер ҳам бизнинг сўнгги саргузаштимизда иштирок этади.
— Кўриб турибсизки доктор, биз мистер Холмс билан яна бирга овга чиқаётибмиз, — деди Жонс одатдагидек сиполик билан. — Дўстимиз бебаҳо одам. Аммо овнинг энг бошида йиртқични таъқиб қилиши учун унга қари тозининг ёрдами керак.
— Йиртқични эмас, ўрдак отиб юрмасак ҳали, деб қўрқаман, — деди тундлик билан мистер Мерриуэзер.
— Мистер Холмсга бемалол орқа қилишингиз мумкин, сэр, — деб қўйди жамият билан полиция агенти. — Унинг яхши кўрган услублари бор. Улар, рухсатингиз билан қайд этсам, бир оз мавҳум ва хаёлийроқ, лекин, ҳар қалай, жуда яхши натижалар беради. Эътироф керак, у ҳақ бўлиб чиқиб, расмий полиция эса янглишган ҳоллар ҳам бўлган.
— Модомики, сиз шундай деяётган экансиз, мистер Жонс, демак ҳаммаси жойида бўлади, — деди такаллуф билан нотаниш одам. — Лекин, ҳар қалай, ростини айтсам, бугун одатдаги роббер ўйнашдан маҳрум бўлганимга ачинаётибман. Бу йигирма етти йил давомида мен карта ўйнаман ўтказадиган биринчи шанба оқшоми бўлади.
— Бугунги ўйиндаги дов сизнинг карта ўйинингиздаги довдан каттароқ, ўйиннинг ўзи ҳам қизиқроқ бўлади, — деди Шерлок Холмс — Сиз тикадиган дов, мистер Мирриуэзер, ўттиз икки минг фунт стерлингга тенг келади. Сизнинг довингиз эса, Жонс, аллақачонлардан бери тутиб олиш умидида юрган одамингиз.
— Жон Клей — қотил, ўғри, қулфбузар, фирибгар, — деди Жонс. — У ҳали ёш, мистер Мерриуэзер, аммо мамлакат бўйича энг моҳир ўғри: мен ҳаммадан кўра ҳам ўшанинг қўлларига жон-жон деб кишан урардим. Жон Клей деган бу йигит ажойиб одам. Унинг бобоси герцог эди, ўзи бўлса Итон ва Оксфордда[9] ўқиган. Қўли қанчалик моҳир бўлса, мияси шунчалик ўткир, гарчанд биз унинг изига ҳар бир қадамда дуч келаётган бўлсак ҳам, у ҳамон тутқич бермайди. Бу ҳафтада у Шотландияда бирон кимсанинг бор-йўғини ўмариб келса, кейинги ҳафтада Корнваллисда етимхона қуриш учун пул йиғишга киришади. Неча йиллардан бери унинг изидан қуваману, лекин ҳалигача ўзини кўрган эмасман.
— Бугун кечаси уни сизга таништиришга муяссар бўламан. Мен ҳам икки марта мистер Жон Клейнинг жасоратига тўқнаш келганман, сизнинг у мамлакат бўйича энг моҳир ўғри, деган фикрингизга батамом қўшиламан… Соат ўндан ошиб қолди. Йўлга тушсак ҳам бўлар. Сизлар икковларингиз биринчи кэбда жўнанглар, Уотсон билан биз иккинчисида жўнаймиз.
Шерлок Холмс узоқ чўзилган сафаримиз давомида унча очилиб гапирмади: у ўзини орқага ташлаб ўтирганча бугун концертда эшитган куйларини хиргойи қиларди. Биз газ фонуслар билан ёритилган сон-саноқсиз эгри-бугри кўчалардан юра-юра, ниҳоят Фаррингдон-стритга етиб бордик.
— Энди жуда яқинлашиб қолдик, —деди ошнам. — Анави Мерриуэзер — банк директори, бу ишдан шахсан манфаатдор. Бизга Жонс ҳам иш бериб қолади. У маъқул йигит, ўзининг ихтисосига сира уқуви йўқ. Бирдан-бир яхши фазилати бор: худди булдог итдек довюрак, худди қисқичбақадек ёпишқоқ. Битта-яримта панжасига тушиб қолгудек бўлса, асло қўйиб юбормайди… Етиб келдик. Мана улар.
Биз яна эрталаб кўрган ўша гавжум ва ғала-ғовур кўчамизга келиб тўхтадик. Извошчининг ҳақини тўлаб, мистер Мерриуэзернинг орқасидан қандайдир тор йўлакка кириб бордик ва у ёнбошдаги эшикчани очиши билан ўзимизни дарҳол ичкарига олдик. Эшикча ортида жуда қисқа бошқа йўлак бор экан. Йўлакнинг охирида вазмин темир эшик кўриниб турарди. Бу эшикни очиб айланма зинапояпинг ғиштин босқичларидан пастга тушдик ва яна боягидек ҳайбатли бир эшикка яқинлашдик. Мистер Мерриуэзер тўхтаб фонарни ёқди-да, бизни зах ҳиди анқиб турган қоронғи йўлакдан бошлаб кетди. Биз яна бир эшикдан ўтиб саватлар ва оғир-оғир яшиклар қалаб қўйилган қор ёки ертўлага ўхшаган кенггина жойга кириб бордик.
— Бу ерга юқоридан тушиш жуда қийин, —деб қўйди Холмс, фонарни кўтариб шифтни кўздан кечираркан.
— Пастдан кириш ҳам қийин, — деди мистер Мерриуэзер ерга ётқизилган тахта тошларни ҳассаси билан уриб кўриб. — Жин урсин, худди таги бўшдек гумбурлайди-я! — деб хитоб қилди у ҳайрат билан.
— Мен сиздан шовқин солмаслигингизни илтимос қилишга мажбурман, — деди жаҳл билан Холмс. — Сизнинг касрингиздан бутун режа пучга чиқиши мумкин. Марҳамат қилиб, мана бу яшиклардан бирига ўтирсангиз-да, бизга халал бермасангиз.
Басавлат мистер Мерриуэзер малол келмагандек саватга бориб ўтирди. Холмс эса чўккалаб фонар ва лупа ёрдамида тошларнинг оралиғидаги тирқишларни синчиклаб текшира бошлади. Бир неча секунддан сўнг текширишларининг натижасидан мамнун бўлиб, ўрнидан турди-да, лупани чўнтагига солиб қўйди.
— Ҳали камида бир соат вақтимиз бор, — деб қўйди у, — чунки улар муҳтарам бўнак касса эгаси уйқуга кетмагунча ишга киришишлари маҳол. Хўжайин уйқуга кетгач эса улар бир дақиқа фурсатни ҳам қўлдан беришмайди, негаки, ишни қанчалик тез тугатишса, қочиб қолишлари учун шунча кўп вақт қолади. Биз ҳозир, доктор, — шубҳасиз, ўзингиз ҳам аллақачон пайқаган бўлсангиз керак, — Лондондаги энг бой банклардан бирига қарашли бўлимнинг омборида турибмиз. Мистер Мерриуэзер — банк бошқармасининг раиси: у ғоятда довюрак жиноятчиларнинг хусусан ҳозирги вақтда бу омборга алоҳида диққат-эътибор билан қарашларига нима мажбур қилаётганини бизга тушунтириб беради.
— Биз бу ерда Франциядан олиб келинган олтинларни сақламоқдамиз, — деди пичирлаб директор. — Бизни, бу олтинни ўғирлаш учун уриниб кўришади, деб бир неча бор огоҳлантиришган.
— Франциядан олиб келинган олтинларни, дедингизми?
— Ҳа. Бир неча ой муқаддам бизга ошиқча маблағ даркор бўлиб қолди. Биз Франция банкидан ўттиз минг наполеондор[10] қарз олдик. Бу пулларнинг ҳали тахини ҳам бузмаганмиз, уларнинг ҳамон омборимизда тургани кейинчалик ҳаммага маълум бўлиб кетди. Мен ўтирган қаватда икки минг наполеондор бор, улар қават-қават зар қоғоз орасига терилган. Банкнинг бир бўлимида ҳозирги вақтда биз сақлаётганчалик миқдордаги олтин камдан-кам сақланади, бу нарса директорларни ташвишлантирмоқда.
— Ташвишланишга тўла асослари бор, — деб қўйди Холмс. — Хўп, энди тайёрлансак ҳам бўлар. Уйлайманки, бирор соат ичида ҳамма иш тамом бўлса керак.
Бу фонарни, мистер Мерриуэзер, бирон қора нарса билан тўсишга тўғри келади…
— Қоронғида ўтирамизми?
— Қўрқаманки, шундай қилишга тўғри келади. Мен одатдаги робберингизни ўйнаёлмай қолманг, деб карта ола келганман, чунки биз тўрт кишимиз. Аммо кўриб турибманки, душман жуда жиддий тайёрланганга ўхшайди-я, чироқни очиқ қолдириш хатарли бўлар эди. Бундан ташқари, бир-биримиз билан жойларимизни алмаштиришимиз керак. Улар довюрак одамлар, гарчанд биз уларга қўққисдан ҳужум қилсак-да, агар эҳтиёт бўлмасак, улар бизга шикаст етказишлари мумкин. Мен мана бу саватнинг орқасида тураман, сиз манавиларнинг орқасига яширининг. Мен чироқни талончиларга тўғрилашим биланоқ уларни шартта ушланг. Агар ўқ отишса Уотсон, уларга тап тортмасдан ўқ узинг. Мен ўқланган револверимни ёғоч яшик қопқоғига қўйдим-да, яшик орқасига ўтиб биқиндим. Холмс фонар эшикчасини ёпди, биз зимзиё қоронғида қолдик. Қизиган металл ҳиди бизга фонар ўчирилмаганлигини, чироқ истаган дафъада ярқ этиб кетиши мумкинлигини эслатиб турарди. Сабр билан кутишдан сергакланган асабларим қўққисдан ҳаммаёғни чулғаган бу зулматдан, зах ертўланинг совуқ нафасидан қақшаётган эди.
— Уларнинг қочиб чиқиб кетишлари учун фақат бир йўл бор — изларига қайтиб, уй орқали Секс-Кобург-скверга чиқишлари мумкин, — дея шивирлаб қўйди Холмс. — Ишонамизки, илтимосимни бажо келтирган бўлсангиз керак, Жонс?
— Инспектор билан икки офицер уларни кўча эшик олдида кутиб турибди.
— Демак биз ҳамма телик-тешикларни беркитибмиз. Энди чурқ этмай кутишимиз керак, холос.
Вақт шу қадар имиллаб ўтардики! Аслида атиги биру чорак соат вақт ўтган бўлса-да, назаримда тун ниҳоясига етиб тепада тонг отаётгандек туюлди. Қимир этгани қўрққанимдан оёқларим увишиб толиб кетди, асабларим таранг эди. Бирдан пастда ғира-шира шуъла кўриб қолдим.
Дастлаб бу ердаги тошлардан бирини ёритиб турган ғира-шира учқун эди. Ҳадемай учқун сарғиш шуълага айланди. Кейин ҳеч қандай шовқинсиз туйнук очилди, ёруғ бўлиб турган бўшлиқнинг ўртасида хотинларникига ўхшаган оппоқ қўл кўриниб, қандайдир буюмни пайпаслаётгандек бўлди. Бармоқлари қимирлаётган бу қўл бир минутча пастда очилган туйнукдан чиқиб турди. Сўнгра қандай қўққисдан пайдо бўлган бўлса, шундай тез ғойиб бўлди, яна ҳаммаёқни қоронғилик чулғади, фақат икки тош орасидаги торгина тирқишдан хирагина ёруғ чиқиб турарди.
Бироқ, бир дафъадан кейин сербар оқ тошлардан бири ғичирлаганча ағдарилиб тушди-да, унинг ўрнида чорқирра чуқур ўра пайдо бўлиб, ундан ярқ этиб, фонар ёруғи тушди. Ўра устида соқол-мўйлови қиртишлаб олинган йигитча кўринди; номаълум одам ҳар томонга синчиклаб кўз югуртирди: иккн қўли ўра лабига ёпишди, ўрадан елкаси кўринди, кейин бутун гавдаси кўтарилди, тиззасини ерга тиради. Бир лаҳзадан сўнг нотаниш одам тамоман буёққа чиқиб, энди ўртоғини тортиб олмоқда эди. Ўртоғи ҳам ўзига ўхшаган кичкина ва чаққон, оқ юзли, жингалак қизғиш-малла сочли эди.
— Ҳаммаси жойида, —деб шивирлади у. — Искана билан қоплар сендами?.. Минг лаънат! Сакра, Арчи, сакра, мен ўзимни қутқараман.
Шерлок Холмс унинг ёқасидан бўғиб олди. Иккинчи ўғри ковакка уриб қолди; Жонс уни ушлаб олмоқчи бўлган эди, аммо уддалаёлмади чамаси: тариллаганча латта йиртилаётганини эшитдим. Револвернинг милида шуъла йилтиради, аммо Холмс овчилар қамчиси билан асирнинг қўлига бир урди, револвер жаранглаганича тошга тушди.
— Фойдаси йўқ, Жон Клей, —деди Холмс мулойимлик билан. — Сиз қўлга тушдингиз.
— Кўриб турибман, — деб жавоб берди у мутлақо хотиржам. — Аммо ўртоғим қочиб қолди, сизлар пиджагининг баринигина ушлаёлдинглар.
— Уни эшикнинг орқасида уч киши пойлаб турибди, — деди Холмс.
— Э, шунақами! Қойилман. Табриклайман сизни.
— Мен ҳам сизни табриклайман. Маллалар ҳақидаги уйдирмангиз беқиёс ва муваффақиятли чиққан.
— Ошнангизни ҳозир кўрасиз, — деди Жонс— У инига уриб кетишда мендан чаққонроқ экан. Мана энди қўлларингизга кишан ураман.
— Ифлос қўлларингизни тегизманг, мумкин бўлса! Менга тегманг! — деди бандимиз қўлига кишан урилгач. — Сиз ҳойнаҳой менинг томирларимда қироллар қони оқаётганидан бехабар бўлсангиз керак. Мумкин бўлса, менга мурожаат қилаётганингизда «сэр», деб атаб, «мумкин бўлса», деб илтимос қилинг.
— Жуда соз, — деди Жонс заҳарханда билан. — Мумкин бўлса, сэр, юқорига чиқиб кэбга марҳамат қилсангиз, у сиз табаррукларни полицияга олиб боради.
— Ҳа, бу бошқа гап, — деди Жон Клей хотиржам.
У бизга салобат билан бонг ирғаб, изтопар қўриқчилигида бамайлихотир чиқиб кетди.
— Мистер Холмс, — деди Мерриуэзер бизни омбордан бошлаб чиқаётиб, — банкимиз сизнинг бу хизматларингизга қай тариқа миннатдорчилик билдириши кераклигини билолмай турибман гапнинг рости. Сиз каттакон бир ўғирликнинг олдини олиб қолдингиз.
— Менинг ўзим ҳам мистер Жон Клей билан орани очиқ қилиб қўйишим керак эди, — деди Холмс. — Бугун ишга сарфлаган харажатларим унчалик кўп эмас, сизнинг банкингиз уларни шак-шубҳасиз тўласа керак, зотан, ростини айтганда, мен Маллалар уюшмаси ҳақидаги ажойиб қиссани эшитарканман, беқиёс бир саргузаштни бошимдан кечириб, яхшигина бир мукофотга сазовор бўлдим…
— Биласизми, Уотсон, — деб тушунтирди эрта наҳорда Шерлок Холмс, биз Бейкер-стритда бир стакандан содали виски ичиб ўтирарканмиз. — Маллалар уюшмаси ҳақидаги ақл бовар қилмайдиган бу эълон билан “Британия қомуси”ни кўчириб ёзишдан кузатилган бирдан-бир мақсад калтафаҳм бўнак кассаси эгасининг ҳар куни бир неча соат уйидан чиқариб юбориш учунгина керак бўлгани менга аввал бошданоқ аниқ маълум эди. Улар танлаган восита ғалати-ю, бироқ бу воситага амал қилиб улар мақсадларига эришишибди. Бошдан-оёқ бу режани тузишда Клейнинг сериштиёқ зеҳнига шериги сочининг ранги туртки бўлган. Ҳафтасига тўрт фунт Уилсон учун тузоқлик вазифасини бажарган, улар мингларча фунтдан умидвор экан, тўрт фунтнинг юзига боришармиди! Улар газетага эълон беришган; бир фирибгар идора учун вақтинча ижарага жой олган, иккинчи фирибгар ўз хўжайинини у ерга боришга кўндирган, икковлари ҳар куни эрталаб унинг йўқлигидан фойдаланиш имкониятига эга бўлганлар. Ёрдамчиси ярим маошга рози бўлиб, шу билан қаноатланганини эшитишим биланоқ бунинг тагида бирор гап борлингини пайқадим.
— Аммо уларнинг ниятларини қандай билдингиз?
— Малла мижозимизнинг муассаси — қашшоқ, унинг бутун квартирасида шу қадар мураккаб ўйинга ҳеч арзигулик нарса йўқ. Бинобарин, улар квартирадан ташқаридаги бирон нарсани кўзда тутишган. Бу нима бўлиши мумкин эди? Мен ёрдамчисининг сурат олишга ишқибоз эканлигини, бу ишқибозлик баҳонасида нима учундир ертўлага тушиб туришини эсладим. Ертўла! Мана чигал ипнинг иккинчи учи. Мен Уилсондан унинг сирли ёрдамчисини суриштира-суриштира, Лондондаги энг совуққон, довюрак жиноятчилардан бирига тўқнаш келиб қолганимни пайқадим. У ертўлада қандайдир мураккаб иш билан банд, нега деганда икки ойдан бери ертўлада ҳар куни бир неча созлаб ишларкан. У ерда нима қилиши мумкин? Фақат бир иш: аллақандай бошқа бинога олиб борадиган лаҳим қазиётган бўлиши керак. Шундан хулосага келгач, мен сизни бошлаб шу воқеалар бўлаётган жой билан танишгани жўнадим. Ҳассам билан тошкўчани уриб кўрганимда сиз таажубландингиз. Мен эса лаҳимнинг қай томонга қараб қазилаётганини — кўча томонгами ёки орқа томонгами, шуни билмоқчи эдим. Маълум бўлдики, лаҳим кўча томондан қазилмаётган экан. Мен бориб қўнғироқни чалдим. Кутганимдек, эшикни ёрдамчиси очди. Шунгача у билан унча-мунча тўқнаш келган бўлсак-да, аммо бир-биримизнинг юзимизни кўрмаган эдик. Бу гал ҳам мен унинг юзига қарамадим. Тиззаларинигина кўрмоқчи эдим. Тиззаларининг ифлос, ғижимланган, қирилганлигини кўрсангиз сиз ҳам пайқашингиз мумкин эди. Бу кўп соатлар давомида лаҳим қазиш билан банд бўлганидан гувоҳлик бериб турарди. Энди бу лаҳимни қаёққа кетаётганини аниқлашгина қолган эди. Мен муюлишдан бурилишим билан шаҳар ва шаҳар атрофи банкининг лавҳасини кўрдиму масала ҳал бўлганини фаҳмладим. Концертдан сўнг, сиз уйингизга кетгач, мен Скотленд-Ярдга бордим, у ердан эса банк бошқармаси раисининг ҳузурига қараб жўнадим.
— Сиз уларнинг банкни хусусан шу кеча талашга уринишларини қаёқдан билдингиз? — деб сўрадим мен.
— Маллалар уюшмасининг идорасини ёпиш билан улар мистер Жебез Уилсондан холи бўлишга ортиқча муҳтож эмасликларини, бошқа сўз билан айтганда, лаҳимни қазиб бўлганликларини билдиришди. Бундан шу нарса маълум эдики, улар лаҳимдан тезроқ фойдаланиб қолишга ҳаракат қиладилар, чунки, биринчидан, уни кўриб қолишлари, иккинчидан эса олтинни бошқа жойга олиб бориб қўйишлари мумкин эди. Шанба улар учун айниқса қулай кун эди, негаки, қочишлари учун бир кеча-кундуз ортиқ вақт берар эди. Мана шу мулоҳазаларнинг ҳаммаси асосида мен, ўғирлик яқин бир кечада содир бўлади, деган хулосага келдим.
— Бу мулоҳазаларингиз ғаройиб! — дедим завқ билан самимий. — Сиз ўз фикрларингизни узун занжирдек шундай тизгансизки, унинг ҳар бир бўғини мустаҳкам.
— Бу ҳодиса мени диққатбозликдан халос қилди, — деб қўйди Шерлок Холмс эснаб. — Аттанг, яна зерикиб, диққатим ошиб келаётибди шекилли! Менинг бутун умрим — кундалик ҳаётимизнинг бир хилда диққинафаслик билан ўтаверишига чап беришга ҳаракат қилишдан иборат. Баъзан мен ҳал қиладиган кичкина жумбоқлар шу мақсадга эришишимга ёрдам беради.
— Сиз инсониятнинг чинакам валинеъматисиз, — дедим мен.
Холмс кифтини қисди:
— Дарҳақиқат унча-мунча фойда келтирсам керак. “L hommе c’еst rien — l’oеuwе c’еst tout”[11] деган экан Гюстав Флобер Жорж Сандга[12] ёзган хатида.
Русчадан Ваҳоб Рўзиматов таржимаси
________________________
[1] Франкмасонлар (қисқартирилган шакли — масонлар) — қачонлардир бир қадар тараққийпарвар аҳамиятга эга бўлган яширин жамиятнинг аъзолари. Шерлок Холмс даврида бу жамиятга асосан майда дўкондорлар, фермерлар ва шу кабилар кира бошлаган эдилар.
[2] Ярим доира ва доира — масонлик белгилари. Илгари бу белгилари махфий эди, аммо ҳозирги масонлар қадимий низомни бузиб, бу белгиларни кўпинча жеваклари ва илгакли тугмаларига тақиб юрадилар.
[3] «Ҳамма номаълум нарсалар бизга ажойиб бўлиб кўринади» (лотинча).
[4] Пенни — чақа пул (тўрт тийин миқдорида).
[5] Соверен — олтин танга (ўн сўм миқдорида).
[6] Сарасате (1844-1908) — машҳур испан скрипкачиси ва композитори.
[7] Вегетарианлар — эт емаслар.
[8] Кэб — одам ташийдиган бир отли экипаж.
[9] Итон ва Оксфордда зодагонлар ўқийдиган ўқув юртлари жойлашган.
[10] Наполеондор — Франция олтин пуллари.
[11] «Одам — ҳеч нарса эмас, гап — ишда» (французча).
[12] Гюстав Флобер ва Жорж Санд (Аврора Дюдеван) XIX асрдаги машҳур француз адиблари.