April 15, 2020

ЖАРИМА ҚЎЛЛАШ, ТОМОРҚАДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИЛАДИ ДЕГАНИ ЭМАС!

Томорқани эшик олдидаги хазина дейишади. Озгина ерга ҳам ишлов берилса, меҳнат қилинса, баракасидан қуруқ қўймайди. Рўзғорингизни ҳаражати камайиб, даромади кўпаяди. Бироқ, айрим томорқа эгалари буни тушунса-да, меҳнат қилиш ўрнига турли важ-баҳоналар билан томорқасига ишлов бермай, уни қаровсиз колдиради?

Айни вақтда, ер эгаларини томорқасидан унумли фойдаланмаганлиги учун, ЎзЛиДеП томонидан Маьмурий жавобгарлик кодексининг 65-моддасига биринчи қўшимча сифатида “Томорқа ер участкасидан оқилона фойдаланмаганлик” учун жарима белгилаш таклиф қиритилмокда. Хусусан, огохлантиришдан кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача (669 минг сумгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача (1.115 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жарималар белгилаш билан ер участкасидан оқилона фойдаланиш даражасини оширса бўладими? Аслида жарималар самарали бўлиши учун, нотўғри ҳатти–ҳаркатлардан кейин дарҳол жазо келиши керак. Қисқа вақтда томорқаларни ўрганиш, огоҳлантириш бериш, ер эгалари томонидан камчиликларни бартараф этиш мурракаб жараён. Бундан ташқари, ер эгалари томонидан муаййян вақт талаб қиладиган узрли важлар ҳам келтирилиши мумкин, масалан, иссиқхона қуриш билан боғлиқ бўлган жараёнлар, сув қазиб чиқаришга тегишли муаммолар, ер билан боғлиқ барча молиявий масалалар шулар жумласига киради. Ер эгаларига тегишли бўлмаган муаммолар ўз вақтида ечилмас экан, томорқасидан фойдаланмаганлиги учун жарима қўллаш аҳолини кўплаб норозичикларига сабаб бўлади.

Шу ўринда бир мулоҳаза, Солиқ кодексининг 437-моддаси 6-қисмидаги “Фойдаланилмаган томорқа учун тўланадиган 3 баробар солиқ”га қўшимча солиқ ҳам кутилгандек самарали натижа бермади–ку! Энди яна маъмурий жарима киритсак, кейинги йилга жиноий жазо қўллаймизми?

“Миллий тикланиш” партияси фракцияси бу таклифни қўллаб-қувватламайди.

Жарима ўрнига, бошқа таъсирчан чоралар кўриш ҳам мумкин. Масалан, аввалги йилларда кўплаб фуқароларимизга шахсий томорқасида тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилган, имтиёзли кредитларнинг ресурси чекланганлиги боис аксарият фуқаролар ушбу кредитдан фойдалана олмади. Кредит олганларни ичида эса томорқа билан ҳанузгача оқилона фойдаланилмаётганларни ҳам кўплаб кузатиш мумкин. Вахоланки, ушбу кредит олиш учун сектор раҳбари тавсияномаси, махсус комиссияни хулосаси керак бўлади. Ана шу босқичда маҳалла билан биргаликда ер эгаларини томорқа билан фойдаланиш тарихи ҳам ҳисобга олинса, кредитдан ва томорқадан фойдаланиш самараси янада ошади. Қолаверса, ўз еридан унумли фойдаланиб, аҳолига фойдаси тегаётган томорқа эгаларига қўшимча қулайликлар яратиш ҳам самара бериши мумкин. Масалан, кредит олиш жараёнларида ҳужжатлар расмийлаштирилишига енгиллик киритиш. Бунда, олдинги олинган кредит ҳужжатлари асосида (томорқа унумдорлиги ҳам ҳисобга олинади) кейинги кредитларни ҳам расмийлаштиришни жорий этиш ҳам ўринли бўлади.