April 9, 2019

Акция доирасида ўз ечимини кутаётган тизимли муаммолар мавжуд

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига мувофиқ эълон қилинган ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ҳозирги вақтга қадар республика бўйича Давлат хизматлари марказларига жами 610 мингдан ортиқ фуқаролар мурожаат қилишди.

Бу борада энг паст кўрсаткич Қашқадарё вилоятида бўлиб, атиги 38% ни ташкил этмоқда, яъни жами 86 мингдан ортиқ ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлардан 33 мингдан ортиғига мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича аризалар келиб тушган. Шу каби ҳолатларни Тошкент шаҳрида 55% (жами 45 029 тадан 24 999 та ариза келиб тушган) ва Самарқанд вилоятида 71% (72 409 тадан 51 516 та) мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ҳозирги вақтга қадар республика бўйича 201 мингдан ортиқ фуқароларнингўзбошимчалик билан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқи (мурожаатларнинг 32 %) эътироф этилди. Бу борада энг паст кўрсатгич Тошкент вилояти (16%), Қашқадарё вилояти (18%), Андижон вилояти (24%), Сурхондарё вилояти (26%) ва Самарқанд вилоятига (27%) тўғри келмоқда.

Бундан ташқари, келиб тушган 76 мингдан ортиқ мурожаат рад қилинган бўлса, 332 мингдан ортиқ мурожаат комиссия аъзолари томонидан кўриб чиқилмоқда ва 88 мингдан ортиқ мурожаат бўйича фуқаролар томонидан бир марталик йиғим тўланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу акция доирасида Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари аъзолари томонидан 115 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатларига (мурожаатни кўриб чиқиш муддати ва тартибини бузиш, асоссиз рад этиш ҳолатлари) йўл қўйилганлиги аниқланган.

Мазкур қонун бузилиши ҳолатларининг 46 мингдан ортиғи – кадастр хизмати; 15 мингдан ортиғи – ички ишлар; 14 мингдан ортиғи – ҳокимликлар; 13 мингдан ортиғи – солиқ; 12 мингдан ортиғи – қурилиш; 6 мингдан ортиғи – экология; 4 мингдан ортиғи– ДСЭНМ органлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ушбу ҳолатлар юзасидан 1211 нафар шахсмаъмурий, 385 нафар шахсинтизомий жавобгарликка тортилди. (шундан 35 нафари вазифасидан озод этилди).

Амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, акция доирасида ўз ечимини кутаётган тизимли муаммолар мавжуд.

Биринчидан, бугунги кунга қадар 23 мингдан ортиқ мурожаат бўйича комиссия томонидан ижобий хулоса берилган бўлсада, мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан асоссиз равишда қарор қабул қилинмаяпти.

Масалан, Бухоро вилоятида 5216 та, Сурхондарёда 3875 та, Тошкент вилоятида 3198 та, Қорақалпоғистон Республикасида 2528 та, Қашқадарёда 1839 та, Хоразмда 1737 та, Тошкент шаҳрида 1659 та, Наманганда 1155 та, Самарқандда 1038 та ҳолат бўйича комиссиянинг ижобий хулосаси чиққан бўлсада, туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари қабул қилинмаган.

Иккинчидан, акция доирасидадавлат хизматларини кўрсатувчи комиссия аъзоларининг тузилмасида давлат хизматини кўрсатиш бўйича аниқ таркибий бўлинма мавжуд эмас ёки бу йўналишдаги давлат хизматини кўрсатиш бўйича аниқ масъул ходимлар бириктирилмаган.

Жумладан, комиссия аъзоси – туман (шаҳар) қурилиш бўлимларида 1-2 нафар ходим бўлгани ҳолда, уларга ушбу акция доирасида амалга оширилиши лозим бўлган бошқа ишлар ҳам қўшимча вазифа сифатида юклатилган. Бу каби ҳолатларни комиссия аъзолари ҳисобланувчи барча давлат органлари фаолиятида ҳам кузатиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, биргина 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳар ҳафта давомида қарийб 33 мингтадан ортиқ мурожаат келиб тушмоқда ва комиссия аъзоларидан ҳафта давомида ўртача 160-170 тадан мурожаатни кўриб чиқиб, ҳал этиш талаб қилинмоқда.

учинчидан, туман (шаҳар) комиссиясининг қароридан норози бўлиб, фуқаролар томонидан юқори турувчи комиссияга юборилган мурожаатлар яна туман (шаҳар) комиссиясининг ўзига ўрганиш учун юборилмоқда. Ваҳоланки, юқори турувчи комиссиянинг вазифасидан бири туман (шаҳар) комиссияси қарорининг қонунийлигини ўрганиш ва баҳо бериш ҳисобланади.

Оқибатда, ушбу вазифа давлат хизматини кўрсатувчи давлат органларининг масъул ходимларига қўшимча вазифа сифатида юклатилганлиги сабабли акция доирасидаги вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишига имкон бермаяпти.