April 27, 2020

Ибратли ҳаёт йўли

Аввало уйланиш тарихимни айтиб бераман.

Ёшлигим пойтахт марказидаги эски, кичкина ҳовлида ўтган. Чанг кўчада (машина йўлида) тенгқурларим билан футбол ўйнашни инобатга олмаса, бошқа шуғулланадиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Шу боис ҳам, каникул бўлди дегунча “Қора-қамиш”да яшайдиган холамнинг уйларига кетишга ҳаракат қилардим. Ҳоламнинг мен тенги ўғиллари бўлгани учун у ерда зерикмасдим. Варрак учирардик, қўйлар боқардик. У ерда кўп бўлганим учун қўни-қўшни болаларнинг деярли ҳаммасини танирдим. Бир куни ўша ерда бўлган бир кичкина воқеа бир умр қалбимга муҳрланиб қолган.

Кунлардан бирида 5-6 нафар болалар кўчадаги дарахт соясида гаплашиб турган эдик. Бир маҳал кўча бошидан карнай-сурнай наволари остида куёв ўз ўртоқлари билан маҳаллага кириб кела бошлади. Шунда орамизда ёши каттароқ ўсмирлардан бири “Биласизларми, бу куёв кимга уйланаяпти?” деб сўраб қолди. Кўпчилигимиз елка қисдик. “Фалончига” деб ўша маҳаллада яшовчи бир қизнинг исмини айтди. Нимагадир бирин-кетин “йўғе, ростанми?”деган саволлар янгради. Сабаби у қиз енгил табиат ҳаракатлари билан маҳаллада ном чиқариб улгурган экан. Шундан кейин куёвнинг устидан кулиш бошланди: “вой лох, ўзича бир сулувга уйланаяпман деб ўйлаяпти, эссиз йигит, ҳеч нарсани билмайди” ва ҳаказо. Бу орада куёв навкар рўпарамизга келди ва мен куёвнинг юзларини яққол кўрдим. Ҳали қуёш қораймагани учун костюмда терлаётган, рўмолчаси билан терларини артаётган, ҳаяжондан юзлари қизариб кетган эди. Очиғи, унга раҳмим келди. Ростан ҳам ҳаётидаги энг унутилмас кун, ҳиссиётлар жунбушга келган. Лекин эртага, индинга нима бўлади? Ўзи билиб қолса, ёки эшитса қай аҳволга тушади? Бу саволлар менга тинчлик бермас, куёв томон ўша машҳур хонадонга кириб кетганидан кейин ҳам ўзимга келолмасдим.

Бу воқеа менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Вақти келиб мен ҳам кимнидир ёқтираман, унга уйланиш ҳам насиб қилар. Лекин “лох” бўлиб қолмасмикинман деган қўрқув анча вақтгача мени тарк этмади.

Вақт ўтди. 1 йилда икки опамни узатдик, кейин синглимни ҳам турмушга бердик. Энди навбат менга келганди. Онам (охиратлари обод бўлсин!) уйланишим кераклиги, битта ўзлари ҳам ишлаб, ҳам уй юмушларига қарашга қийналаётганлари ҳақида кўпроқ гапира бошладилар. Келинликка номзодлардан бир қанчасини санаб ўтдилар ҳам. “Лох” бўлиб қолмаслик комплексидан чиқиб кета олмаганим учун ҳам, онам билан бу масалада жиддий гаплашиб олдим. Яъни “фалон жойда яхши қиз бор экан, оёқ-қўли чаққон, пазанда экан” каби таърифлар мен учун эмас. Мен учун асосий аргумент - ёки мен номзодни яхши билишим лозим, ёки ўзим суриштириб топишим керак, тамом-вассалом.

Шу боис ҳам нотаниш номзодларни рад этавердим, ҳатто учрашувга ҳам чиқмадим (илк марта учрашганим – кейинчалик турмуш ўртоғимга айланди). Мен ўз жуфти-ҳалолимни топишим учун тақдир поччамни касалхонага жойлаштирди. Катта опамнинг турмуш ўртоғи бетоб бўлиб қолиб, шаҳар 1-касалхонасида даволанишига тўғри келди. Опам вазирликда ишлар, ҳам 2 та ёш боласига қараб, ҳам каслхонага қатнаши мушкул эди. Шу боис, оилавий келишувга мувофиқ, мен уларникида яшай бошладим. Бир кун опам ишдан чиқиб касалхонага ўтар, мен эса ишдан вақтли қайтиб болачаларни боғчадан олардим, эртасига эса бунинг акси бўларди.

Касалхонага борган кунларимнинг бирида бўлимга кирдим ва унинг охирисидаги таниш палата олдига келдим. Поччам ичкарида ухлаб ётган эди. Уни безовта қилгим келмади ва коридордаги деразага суяниб кута бошладим. Шунда рўпарадан шахло кўзли, жуссаси келишган ҳамшира юриб келди ва кимни кутаётганимни сўради. “Поччамни олдиларига келувдим, ширингина ухлаб ётганаканлар, безовта қилгим келмаяпти” дедим тиржайиб. У эса “барибир муолажа оладиган вақтлари бўлди” деди ва поччанинг фамилиялари билан чақириб, ортига қайтди. Поччам палатадан чиқиб келганида, мен ҳали ҳам ҳамширанинг орқасидан тикилиб турган эдим. Сўнг уларга юзланиб “хурлиқо ҳамширалар бораканми бу ерда” деб ҳазиллашдим. Шунда кутилмаганда почча “Сизга ёқдими шу қиз, ростан ёқдими?” деб сўраб қолди. Мен ҳайрон бўлиб, “тинчликми?” дея саволга савол билан жавоб қайтардим. Маълум бўлишича, бу ҳамширанинг бўлимда обрўси жуда юқори, ўз ишини пухта билгани, барчага бир ҳил муомиласи билан беморлар олдида ҳам ҳурмати баланд экан. Почча у ҳақда суриштирибди ва барча параметрлар тўғри келгандан кейин, келин қидириб юрган онамга айтибди. Шунда онам “Аброрнинг характерини биласиз-ку, нотаниш қизни менга рўбарў қилманг деб айтган” деб тушунтирибдилар. Почча менга шуни эслатди ва ёққан бўлса бемалол суриштиришим мумкинлиги, у холам билан бир маҳаллада яшашини қистириб ўтди.

Бу хол вазиятни ўзгартирарди. Холамнинг маҳалласида яшаса, демак у ҳақда етарлича маълумот олиш мумкин. Тез орада почча соғайиб чиқди. Мен ҳам уйга қайтдим ва онамга бу ҳақда сўз очдим. Ўзи энди ишдан келишига қарамасдан, бу хабарни эшитиши билан онам бошқатдан кийиндилар. “Қаерга?” деган саволимга “холангникига” деб жавоб қайтардилар. Шунда мен ҳамширани холамдан ташқари ўғилларидан ҳам суриштиришлари лозимлигини, сабаби маҳалладаги қизларнинг қанақалигини ўша ердаги йигитлар яхши билишларини эслатдим.

Онам совчиликдан хурсанд холда қайтдилар. Холам бу оилага жуда яхши таъриф берибдилар. Совчиликка бирга чиқишибди. Қизнинг ўзи ҳам уйда экан, бир кўришда онамга ёқибди. Энг муҳими – холамнинг ўғли қиз ҳақида фақат яхши гаплар гапирибди. Маълум бўлишича, бу оилада 4 та қиз вояга етган, дастлабки иккитаси узатилган, навбат айнан ҳамширага келган экан. “Ота-онаси қизларига жуда яхши тарбия беришган, бирортаси ўзига гард юқтирмаган, ҳамширанинг ҳам маҳаллада обрўси яхши. Агар келин қилсангиз, адашмайсиз”, бу холамнинг ўғлини якуний хулосаси эди.

Бу ёғига ҳаммаси тезлашиб кетди. Учрашувга чиқдик, бир-биримизни ўргандик. Фотиҳа бўлди ва тўй куни белгиланди. Тўйимиз ортиқча дабдабавозликсиз ўтди. Ҳатто видеога ҳам олинмади (видео ўша пайтда энди урф бўлаётганди). Тўй хотирасидан фақатгина 2 та сурат қолган: биттаси ЗАГСдан ўтиш маросими, иккинчиси ЗАГСда бизга ҳамрохлик қилган яқинларимизнинг умумий сурати.

Бошқа вилоятларда борми, билмадим (ҳозир пойтахтнинг ўзида ҳам йўқ бўлса керак), ўша пайтда битта мажбурий ирим бор эди. Яъни тўй тугаб, келин-куёв ётоқхонага киришгач, Қуръон китоби ва ойнага қараб ният қилишади. Ҳар бири алоҳида, товуш чиқармасдан. Мен ўша пайтда яратгандан 2 та ўғил сўрагандим. Сабаби оддий – ўғил ота-онасига устун бўлади. Иккиталигининг сабаби ҳам оддий: бири ота-онаси билан бирга қолади, иккинчисини жой қилиб чиқариб юборилади. Қисқаси танлов бор.

Вақт ўтиб менинг илтижоларим ижобат бўлди ва худо бизга кетма-кет 2 ўғилни ато этди. Ўшандагина мен жуфти ҳалолимга никоҳ куни нимани ният қилганимни айтдим. Бу ёғига фарзандлар борасида у танлов қилишини тушунтирдим. Аёлим қиз фарзанди бўлишини жуда исташини билдирди. Орадан 9 ой ўтиб оиламизда ...3 чи ўғил дунёга келди. Бундан менинг бошим осмонга етди, аёлим эса тақдирга тан берди ва биз уч нафар фарзанд билан чекланишга қарор қилдик.

Аллоҳга шукр, ҳозирда улар вояга етишган. Уччаласи ҳам олий маълумотли. Энг муҳими – ўзлари ёқтирган касбни эгаллашган ва жамиятга фойдаси тегадиган иш билан машғуллар.

Мен нега уйланишим тарихи ва оилам ҳақида сўзлашни лозим топдим? Бунинг сабаби бор ва арзирли. Бугун жуфти ҳалолим, фарзандларимнинг онаси билан турмуш қурганимизга 30 йил бўлди! Шу муносабат билан ҳиссиётларимни Сиз азизлар билан бўлашгим келди. Эндиги ёзувларим эса ҳаётимнинг ажралмас бўлагига айланган аёлимга бағишланади.

Онажониси! Тақдир менга Сендек азиз инсонни рўбарў қилгани учун Аллоҳга мингдан-минг шукр қиламан! Бу кунларга осонлик билан етиб келганимиз йўқ. Кўп қийинчиликларни бошдан кечирдик. Сенга нисбатан ноҳақлик қилган кунларим ҳам етарлича бўлган. Эсингдами, тўйдан олдин айтганларим? Мен учун оилам биринчи ўринда, агар улар билан тил топишсанг, демак ҳаётимиз яхши бўлади дегандим. Сен бу даъватимни аъло даражада уддаладинг. Отам сенга ўз фарзандларидек суяндилар, раҳматли онам билан бирор марта ҳам тортишмадинглар, аксинча она-боладек бўлиб кетдинглар ва умид қиламан, улар сендан рози бўлиб ўтдилар. Опаларим сени ўз сингилларидек кўришади, раҳматли синглим билан дугона эдинглар, укам билан муносабатинглар ҳавас қиладиган даражада.

Ёзда ҳар куни кун ёришмасдан кўча супурардинг, қишда қор кураб йўлакларни тозалардинг. Кўмир ташиб, печларни қиздирардинг. Ҳамма уйғонганда нонушта тайёр холда бўларди. Кейин ҳамма ёқни йиғиштириб, апил-тапил ўзингга қараб, ишга кетардинг. Ишдан келишинг билан кечки овқатга ҳаракат, орада кир-чирлар ювилади. Аксига олиб уйда ҳаммом ҳам йўқ. Лекин бирор марта нолиганини эслолмайман. Қисқаси яхши, ибратли келин бўлдинг.

Фарзандларимизга яхши қарадинг. Худога шукр, оғир касалга чалинмай катта бўлишди, соғ-саломат вояга етишди. Кийим-кечаги доимо жойида бўлди. Диёр фейсбукдаги саҳифасида сен ҳақингда ёзганини ким ўқиган бўлса, қандай Она эканингни англаб улгуришди.

Ўзинг чаққон бўлганинг ва саранжом-саришталикни ёқтирганинг учун, қаер ивирсиб ётгании кўрсанг асабинг бузиларди. Шу боис ҳам келин тушираётган пайтимизда озгина чўчигандим. Яъни қайсидир сабаб билан нимадир иш қилинмаган бўлса, келиннинг холига вой деб. Лекин, худога шукр, биринчидан хонадонимизга жуда яхши келин келди, иккинчидан майда-чуйда хатоликларга кўз юма олдинг. Ўзинг келинлигингда қизлик уйингга 1 ойда 1 марта борардинг, ўшанда ҳам ётиб қолмаслик шарти билан. Ота-онангга тўймай аламдан йиғлаганингда ақлли онанг "Хурсанд бўлсанг-чи, сани азбаройи яхши кўришганлигидан тез-тез кетишингни хоҳлашмайди, э, тезроқ уйига кетсин деб безишганидан худо асрасин” деб юпатганлари ҳақида ҳам эшитганман. Ўша пайтлардан ният қилгандинг, ўзим келин туширсам, ҳар 2 ҳафтада уйларига ётгани юбораман, умуман истаган пайтларида бориб ота-онасини кўрсин деб. Ниятингга етдинг, келининг оғиз очмасидан “ота-онангиз соғинишгандир, бориб кўриб келинг”деб ўзинг юборасан. Қисқаси яхши қайнона бўлдинг.

Оилавий давра суҳбатларида, давлат сиёсати ва интернет янгиликлари борасида фикр алмашганимизда кўпинча ўзингни ноқулай сезасан ва олийгоҳда ўқимаганингдан афсусланасан. Келинимиз олийгоҳни қизил диплом билан якунлаганида бошинг осмонга етди, фахрландинг ва ...яна бир бор армонинг қўзғалди. Лекин сен афсусланишин учун ҳеч қандай асос йўқ. Энг муҳими, ўз ишингни устасисан ва бу соҳада етакчисан. Ўтган йили кўп йиллик фаолиятинг давлат миқёсида қадрланди ва “Мустақилликнинг 26 йиллиги” кўкрак нишони сенга мамлакат Президенти имзоси билан топширилди. Биз, оиладаги қолган олий маълумотликлар буни фақат орзу қиламиз. Шу боис, гап дипломда эмас, ўз касбини аъло даражада бажаришда. Сен эса буни ҳаммамиздан кўра қойилмақом уддалаяпсан!

Мен севиб, оҳ-воҳ қилиб уйланмаганман. Лекин севги ҳаёт давомида келиши ва мустаҳкамланиб боришига ўз мисолимда гувоҳ бўлдим. Қаҳратон қишда қор супуриб, бир оз исиниб олиш учун ётоқхонага кирганингда ва дағ-дағ титраб печга суянганингда, ярим кечаси бешик тебратиб, чарчаганингдан бешик устида ухлаб қолганингда, қайсидир сабаб билан яқинларимдан дакка эшитганингда уйга кириб юм-юм йиғлаб, эртасига ҳеч нарса бўлмагандек уларга жилмайиб табассум қилганингда, олти ойлаб ишсиз уйда ўтириб қолганимда бирор марта юзимга солмаганинг ва рўзғорда йўқдан бор қилганинг, менинг оғир характеримдан азият чекиб, ҳаммасини ичингга ютиб кетганингда... Санаса бунақа воқеалар кўп бўлган. Ҳаёт давомида буларни кузатиб Сенга меҳрим ошган, кейинчалик жуфти ҳалолим ва фарзандларимнинг онаси сифатида бу севгига айланган.

Хабаринг бор, Тошкент телеминораси бизнинг тўйимиз рамзига айланган. Илк марта тўйимиз арафасида чиққанмиз, кейин тўйимизнинг 10 ва 20 йиллигида. Ўша 20 йилликда ёнимизда уччала ўғлимиз ҳам бор эди ва биз 30 йилликда 3 келин ва невараларимиз ҳам ёнимизда бўлишсин деб ният қилган эдик. Бандаси таҳмин қилади, лекин яратганнинг хоҳиши бўлади деганларидек ҳозирча битта тўй қилдик, лекин ҳамма хавас қиладиган келинимиз ва дунёдаги энг ширин мўъжиза – асал неварамиз бор. Худо хоҳласа, кейинги йил яна тўй қиламиз. Иккаламизнинг маошимизга қараб қолган кунларимиз, худога шукр ортда қолди. Эккан ниҳолларимиз хосил бера бошлади. Уччала фарзандимиз ҳам яхши ишга жойлашиб, рўзғорни ўзлари тебратишаяпти. Бу йил ҳам анъанани бузмасдан, худо хоҳласа телеминорага албатта чиқамиз. Фақат бугун эмас, келаси ой - ўртанчамиз Хитой сафаридан келганидан сўнг.

Висол оқшомидан сўнг Қуръон китоби ва ойнага қараб Аллоҳдан 2 та ўғил сўраганимда, бизга меҳрибон бўлгани билан қоламиз, “хотинининг кетига кириб кетгани”ни эса алоҳида чиқарворамиз леб ўйлагандим. Нимагадир, шундай бўлиши мумкин деб таҳмин қилгандим. Фарзандларимиз эса ҳозирдан талашишни бошлашяпти. Каттаси “фарзандларим сизларнинг тарбиянгиз остида вояга етишларини истайман” дейди. Кичкинаси “урф-одат бўйича ота-она кенжа ўғил билан қолади, так что хомҳаёлга борманглар” деб таъкидлайди. Ўртанча эса “шунча ишлаганингиз етади, энди роҳат кўрадиган пайтингиз келди, ман билан Хитойга кетасизлар ва 3-4 йил денгиз бўйида яшайсизлар” деб туриб олган. Бундан ортиқ бахт борми?!

2 йил олдин 3 ой ичида 4 марта операция бўлганингда адойи тамом бўлдим. Сени йўқотиб қўйишдан жуда қўрқдим. Ўшанда Сенсиз ҳаёт мен учун қоронғу бўлишини англаб етдим ва худодан ўтиниб сўрадим, ишқилиб умрини узоқ қилгин ва менинг ортимда қолсин деб. Раҳматли онам боқий дунёга йўл олганларига 9 йил бўлди, адам ҳалигача ўзларига келолмаяптилар. Биз фарзандлар минг карра чиранмайлик, онамнинг ўринларини боса олмаяпмиз. Шунинг учун ҳам яратгандан илтижо қиламан, аёлимдан аввал менинг жонимни олгин деб.

Азиз ва меҳрибон жуфти ҳалолим, фарзандларимнинг онаси Саида! Борингга шукр, яратган менга айнан Сени рўбарў қилгани учун минг бор шукр! Севги изҳори ҳар куни қилинмайди. Айниқса биз, ўзбекларда. Ўйлаб қарасам, шунча пайт давомида уч-ёки тўрт марта бунга ботинган эканман. Лекин бугун, бир ёстиққа бош қўйган кунимизга 30 йил тўлган куни бутун дунёга жар солишга тайёрман: МЕН СЕНИ ЖУДАЯМ-ЖУДАЯМ ЯХШИ КЎРАМАН!

https://www.facebook.com/100001876805862/posts/2113428488729691?sfns=mo