IMEI-код ҳақида нималарни билиш керак?

by @huquqiy_axborot
IMEI-код ҳақида нималарни билиш керак?

Айни кунларда мобил қурилмаларининг (планшет, смартфон ва бошқалар) IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш масаласи долзарб бўлиб турибди. Бир қарашда ўта технологик, мураккаб, аммо ҳар бир фуқаро учун муҳим бўлган ушбу тизим ҳақида кўплаб саволлар юзага келмоқда. Шуни эътиборга олиб IMEI-код тўғрисида энг кўп берилаётган долзарб саволларга ойдинлик киритамиз.

Диққат! Бу ҳамма билиши лозим бўлган маълумотлар, чунки ҳадемай IMEI-кодларни бепул рўйхатдан ўтказиш учун берилган муддат тугайди.

IMEI-код нима?

Мобил қурилманинг 15 хоналик рақами IMEI-код дейилади. IMEI-код барча мобил қурилмаларда мавжуд бўлиб, SIM-картанинг ҳар бир слотига алоҳида берилади. Агар мобил қурилмада SIM-карталарнинг икки ёки ундан кўп слотлари мавжуд бўлса, ушбу мобил қурилма икки ёки ундан ортиқ IMEI-кодларга ҳам эга бўлади.

Демак, агар Сизда иккита SIM-карта билан ишлайдиган мобил қурилмангиз бўлса, иккила IMEI-кодни ҳам рўйхатдан ўтказишингиз лозим.

IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш нимага керак?

  • мобил қурилмаларнинг IMEI-коди/кодларини текшириш орқали сифатсиз, инсон соғлиғига зарар келтирадиган ва республика ҳудудига ноқонуний йўл билан олиб кирилган қурилмалар савдосининг олдини олиш учун;
  • мобил қурилма йўқолиб қолган ёки ўғирланган ҳолатда унинг қидирув ишларини тезкор амалга ошириш учун;
  • мобил гаджетларни қўллаган ҳолда содир этиладиган жиноятларни самарали ва тезкор фош этиш учун;
  • Ўзбекистон телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш.

Қурилманинг IMEI-кодини қаердан билиш мумкин?

IMEI-код қурилманинг клавиатурасида *#06# буйруғини териш орқали билиб олиш мумкин. Бундан ташқари, ушбу код қурилманинг қутисида, кафолат картасида ва айрим қурилмаларнинг батареяси остида ёзилган бўлади.

Қачон рўйхатдан ўтказиш керак?

Қурилма орқали биринчи тармоқ ҳодисаси содир этилгандан сўнг (яъни биринчи марта SIM-карта қўйилганидан кейин) 30 кун ичида унинг IMEI-коди рўйхатдан ўтказилиши керак. Ҳозирда фойдаланилаётган мобил қурилмаларнинг IMEI-коди 1 ноябргача автоматик рўйхатдан ўтказилган. Буни UZIMEI тизимининг расмий веб-сайтида - https://uzimei.uz/#check, ҳамда 1170 рақамига SMS юбориб ёки *1170# USSD сўрови орқали текшириб кўришингиз мумкин.

Мобил қурилмаларининг IMEI-кодлари тизим операторига мурожаат қилиш орқали:

  • 1 ноябрдан 1 декабргача – бепул;
  • 1 декабрдан сўнг – тўлов асосида рўйхатдан ўтказилади.

Қурилманинг IMEI-коди рўйхатдан ўтказилмаса, нима бўлади?

Қурилма орқали биринчи тармоқ ҳодисаси содир этилгандан бошлаб 30 кун ичида IMEI-коди рўйхатдан ўтказилмаса, унинг SIM-слотига маҳаллий алоқа оператори тамонидан хизмат кўрсатиш тўхтатилади. Яъни ушбу қурилма орқали уяли алоқа хизматларидан фойдаланиш имкони бўлмайди.

Қурилма IMEI-коди рўйхатдан ўтказилгандан кейингина SIM-слотга маҳаллий алоқа оператори тамонидан хизмат кўрсатиш тикланади.

IMEI-код қанча тўлов эвазига рўйхатдан ўтказилади?

Битта IMEI-коди учун БҲМдан фоиз ҳисобида (2019 йил 1 сентябрдан БҲМ 223 000 сўмга тенг):

  • импорт қилувчи учун – 20% (44 600 сўм)
  • ишлаб чиқарувчи учун – 10% (22 300 сўм)
  • жисмоний шахс (резидент) учун биринчи тармоқ ҳодисасидан бошлаб:
  • 30 кун ичида – 20% (44 600 сўм)
  • 30 кун ўтгандан кейин – 25% (55 750 сўм)

жисмоний шахс (норезидент) учун:

  • чет эл SIM-картасидан (роумингдан) фойдаланилганда – бепул;
  • маҳаллий SIM-картадан 30 кун ичида фойдаланилганда – бепул;
  • маҳаллий SIM-картадан 30 ўтгандан кейин фойдаланилганда – 20% (44 600 сўм).

Тизим операторига қандай мурожаат қилинади?

Бунинг 5 та йўли бор:

1) uzimei.uz сайти орқали;

2) my.gov.uz сайти орқали;

3) 1170 рақамига SMS юбориш орқали;

4) *1170# га USSD сўров юбориш орқали;

5) Почта алоқа бўлимига ёки Тизим операторига (Тошкент шахри, Олмазор тумани, Себзор даҳаси, 18-А манзилига) шахсан бориш орқали.

SIM-картани ўзгартирганда, IMEI-кодни қайта рўйхатдан ўтказиш керакми?

Йўқ. IMEI-код 1 маротаба UZIMEI тизимида рўйхатдан ўтказилади. SIM-карта ўзгартирилганда IMEI-кодни қайта рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди.

IMEI-коднинг ҳолатини қандай текширса бўлади?

1) UZIMEI расмий веб-сайти орқали;

2) 1170 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш орқали;

3) 1170 SMS юбориб ёки *1170# USSD сўровлари ёрдамида.

Ўйлаймизки, юқоридаги маълумотлар сиз учун фойдали бўлди. Асосийси, IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиб бераман деб катта миқдорда маблағ талаб қилаётган фирибгарларнинг қурбонига айланманг. Ҳозирча (1 декабргача), IMEI-кодлар бепул рўйхатдан ўтказилмоқда. 1 декабрдан сўнг эса қанча маблағ эвазига рўйхатдан ўтказилишини билиб олдингиз.

Унутманг! Ҳар бир мобил қурилманинг IMEI-коди рўйхатдан ўтказилиши шарт!

November 23, 2019
by @huquqiy_axborot