Президент: “Биз бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз...”

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан иқтибослар:

⚫ Кейинги икки йилда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича ҳам муҳим чоралар кўрилди. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилди, судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди. Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда – эътибор беринг – бор-йўғи 28 тани, 2017 йилда эса 263 тани ташкил этган эди.

Шунингдек, 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинди.

Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди.

Инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Бунинг натижасида жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 993 нафар фуқаро, жумладан, 456 нафар йигит-қиз ҳамда 113 нафар аёллар Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги билан жазодан озод қилинди.

Шунингдек, жазони ўтаётган 3 минг 333 нафар, жумладан, фаолияти ман этилган ташкилотларга кириб қолган 646 нафар маҳкум афв этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Улуғ байрам – Конституция куни муносабати билан бугун махсус Фармонни имзоладим. Унга кўра, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган ва айни пайтда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 136 нафар шахс афв этилди.

⚫ Жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз, аввало, кенг жамоатчиликнинг иштироки билан умумий жиноятчиликни 36 фоизга камайтиришга эришилди. 3 минг 205 та ёки 35 фоиздан зиёд маҳаллада эса биронта ҳам жиноят содир этилмади.

Бундан буён ҳам жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча йўналишлар, жумладан, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз ҳудуд” лойиҳаларида белгиланган вазифаларни самарали ва тўлиқ амалга ошириш Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия фаолиятида энг устувор йўналиш бўлиб қолмоғи лозим.

⚫ Дунёдаги 39 та мамлакат фуқароларига виза бериш тартибининг соддалаштирилгани, электрон виза тизими жорий қилингани натижасида юртимизга бу йил қарийб 4 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюрди.

Узоқ йиллар мамлакатимизда истиқомат қилиб, жамият равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ва биз билан ватандош бўлишни орзу қилган 2 минг 528 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида ҳам аниқ чоралар кўрилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мана шундай оғир жиноятни содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани бунинг яққол далилидир.

⚫ Таълим тизимининг кейинги босқичи – олий таълим соҳасида ҳам салмоқли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Сўнгги икки йилда мамлакатимизда 5 та янги олий таълим муассасаси ҳамда 12 та нуфузли хорижий олий ўқув юртининг филиаллари ташкил этилди.

Мамлакатимиз тараққиёти учун истеъдодли кадрларни етакчи хорижий таълим марказларида тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилганидан хабарингиз бор.

Қандай оғир бўлмасин, тан олишимиз керак, юртимиз равнақи учун энг зарур йўналишлар бўйича изланувчан, истеъдодли ёш кадрларни четда, ривожланган давлатларда ўқитишга мажбурмиз. Шунинг учун ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий ўқув юртлари, мамлакатимиздаги илмий марказлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан яқин ҳамкорликда самарали иш олиб бориши керак.

⚫ Конституциямизда аҳолининг муҳим ижтимоий ҳуқуқи сифатида кафолатланган пенсия таъминоти келгуси йилларда ҳам энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолади. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб пенсия тўловининг юқори чегараси энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробарига оширилади ва ишлаётган пенсионерларга пенсиялар тўла миқдорда тўланади.

⚫ Кейинги икки йилда фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, турмуш шароитларини яхшилаш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга қаратилган 90 та қонун ҳамда 2 мингдан зиёд фармон ва қарорлар қабул қилдик.

Қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган 13 мингдан ортиқ топшириқларнинг 20 фоизи муддатида ижро қилинмаган. Бу Вазирлар Маҳкамаси, қатор давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари раҳбарлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг ишга масъулиятсиз ёндашаётганидан далолат бермоқда.

Олиб бораётган ислоҳотларимиз ва давр талабидан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уни чинакам ижро ҳокимиятининг олий органига айлантириш вақти келди, деб ўйлайман.

⚫ Юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ўғил-қизларимизнинг илмга, ҳунарга бўлган интилишларини ҳар томонлама кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш келгусида ҳам ислоҳотларимиз марказида бўлади.

Биз ташқи сиёсатимизда узоқ ва яқин қўшниларимиз билан дўстлик алоқаларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантирамиз.

Чунки, билимли авлод – буюк келажакнинг, тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса – тараққиётнинг кафолатидир!