БИР ТОМЧИ СУВДА ҲАЁТ БОР

by @huquqiy_axborot
БИР ТОМЧИ СУВДА ҲАЁТ БОР

Ер юзининг 70 фоизи сув билан қоплангани ҳолда инсоният XXI асрга ичимлик суви танқислиги муаммоси билан кириб келди. Чунки мавжуд сувнинг 97,5 фоизи шўр, ичишга яроқсиз, фақат 2,5 фоизини ичимлик суви сифатида ишлатиш мумкин. Шунинг ҳам учдан икки қисми (!) муз ҳолатида, қолганини эса инсон нотўғри фойдаланиш оқибатида исроф қилмоқда.

Истеъмолчилик юқори шиддат билан ривожланиб бораётган замонавий дунёда ичимлик сувига эҳтиёж шу даражада ортяптики, сув захираларини тўлдириб бориш имкони қолмаяпти. Сув камайиб кетяпти.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда ер юзи аҳолисининг 2,5 миллиарди тоза ичимлик суви тан­қислигидан азият чекмоқда. Агар ичимлик сувини асраш масаласига жиддий эътибор қаратилмаса, муаммоларга ечим топилмаса, 20–25 йилдан кейин дунё­даги ҳар икки кишидан бирининг шу муаммога дуч келиши башорат қилинмоқда.

Юқоридаги фактлардан келиб чиқсак, сувдан оқилона фойдаланиш, уни истроф қилмаслик масаласи нақадар муҳим ва жиддий эканини тушуниш мумкин. Инсониятнинг келажаги, яшаб қолиши бугунги авлоднинг сувга муносабатига боғлиқ бўлиб турибди.

Сув танқислиги масаласи юртимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Ўзбекистонда 2040 йилга келиб Амударё ва Сирдарёнинг сувлари камайиши оқибатида 33 фоизгача сув танқислиги муаммоси юзага келиши тахмин қилинмоқда. Бу узоқ муддатдан кейин келадиган хавф эмас, бугунги кунимизда рўй беришни бошлаган жараёндир.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда маълум бўлишича, сув танқислиги сабабли шоли экиладиган майдонлар 162 мингдан 94 минг гектаргача қисқартирилади. 

“Шоли экиладиган майдонларни 162 минг гектардан 94 минг гектарга қисқартириш, сув таъминотида муаммо бўлмаган Сирдарё вилоятида 7,5 минг гектар ерни Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятида 5,5 минг гектар ерни Қорақалпоғистон фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун бериш зарурлиги қайд этилди”, — дейилади Президент матбуот хизматининг тадбирдан сўнг тарқатган хабарида. 

Хабарда айтилишича, сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё вилоятида такрорий экин майдонлари 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Бухоро вилоятида 20 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга ва Қорақалпоғистонда 10 минг гектарга камайтирилади.

Табиийки, бу қисқартиришлар биринчи бўлиб оддий аҳолининг турмушига, рўзғорига таъсир қилади: гуруч, мош ва бошқа дон маҳсулотларининг нархи ошади.

Аслида вазиятни ўзгариши кўп жиҳатдан ўз қўлимизда.

Маълумотларга кўра, Ер юзида ичишга яроқли сувнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалигига сарф бўлар экану, шунинг 60 фоизи нотўғри фойдаланиш, исроф натижасида бекор кетар экан. Тасаввур қиляпсизми? Ярмидан кўп сув қишлоқ хўжалигида исроф бўляпти.

Яна мутахассислар сувнинг ифлосланиши ҳам 90 фоиз қишлоқ хўжалигида рўй беришини айтишяпти. Кўриб турганингиздек, бугун оддий ҳушёрликни, фурсатни бой берсак, келажакда сув учун кўп нарсалардан воз кечишимизга тўғри келиши мумкин.

ШАРОИТ

Кейинги йилларда масъул ташкилот ва идоралар республикамизда сув танқислиги муаммоси билан жиддий шуғулланмоқда. Жойларда аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. ЎзА агентлигининг хабар беришича, ҳозирги пайтда 69 та шаҳар, 335 та посёлка ва 2 902 та қишлоқ аҳоли пункти эҳтиёжлари ер ости сувлари захиралари ҳисобига қондирилаётир. Аммо бу муаммо тўлалигича ўз ечимини топгани йўқ.

Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қатор қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Шунингдек, муаммони бартараф этиш учун зарур чора-тадбирлар қўлланмоқда.

Хусусан, 2017 йил 20 апрелда “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2910-сонли Президент қарори қабул қилинди.

Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки каби халқаро молия институтларининг грант ва кредитларини жалб этиш ҳисобидан ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган кўплаб аҳоли пунктлари талабга жавоб берадиган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олинди.

Шу билан бирга, айрим аҳоли пунктларини, энг аввало, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги аҳоли масканларини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга оид қатор муаммолар ҳанузгача ҳал этилмасдан қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги Фармонига кўра республика аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни тубдан яхшилаш, сув таъминоти ва канализация тизими объектларини самарали эксплуатация қилиш, ичимлик суви ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ичимлик сувидан фойдаланишни давлат томонидан назорат қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди.

Қонунлар, ҳужжатлар орқали сув ҳимояланган, ундан оқилона фойдаланиш рағбатлантирилган ва таъминланган бўлишига қарамай, амалда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп.

ЖАВОБГАРЛИК

Фақат юқоридан туриб амалга ошириладиган ишлар билан муаммони ечиб бўлмайди. Ҳар бир фуқаро сув нақадар бебаҳо, қадрли ва тикланмас неъмат эканлиги англаши зарур. Афсуски, бу борада аҳвол яхши эмас.

Ҳаётий бир ҳолат. Истироҳат боғида крандан сув оқиб ётибди. Ҳеч ким эътибор бермайди, онда-сонда кимдир чанқоғини қондиради. Сув эса бекор оқаверади. Шу оқишда 1 дақиқада – 15 литр, 10 дақиқада – 150 литр, 1 соатда – 900 литр, 1 суткада – 21600 литр сув беҳуда оқиб кетади. Бу қарийб 11 000 кишининг бир кунлик сув ичиш нормаси-ку.

Фактлар ва шароит кўзини очмаган инсонни қонунлар билан тарбиялашдан ўзга чора йўқ.

Сув табиий бойлик сифатида Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳимоясига олинган. Ундан оқилона фойдаланмаслик, исроф қилиш, ифлослантириш, ноқонуний йўллар билан сув ресурсларидан фойдаланиш ва бошқа ҳолатларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунининг қатор бандларини қўллаган ҳолда жавобгарлик белгиланган. Хусусан,

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса икки бараваридан олти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 Сувдан хўжасизларча фойдаланиш, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ҳамда бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитлари, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини бузиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан икки қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларини шикастлантириш — энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, ер ишлари ва бошқа ишларни бажараётганда водопровод тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу ҳол уларнинг шикастланишига сабаб бўлса ёхуд совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Таклифлар

Соҳада мавжуд муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва комплекс чоралар кўриш вақти етди. Хусусан:

Халқаро ҳамкорлик. Сув муаммоси биринчи навбатда халқаро даражада чоралар кўришни тақозо этмоқда. Амударё, айниқса, Сирдарёнинг катта қисми қўшни мамлакатлар ҳудудидан оқиб ўтади ва бу дарёлардан сув сарфи ҳам, исрофи ҳам ўша ҳудудларга тўғри келади. Демак, сув масаласида халқаро комиссиялар тузиш, сув сарфини назоратга олиш, давлатлараро келишувлар ва меморандумлар имзолаш вақти етди.

Экинларни суғоришда сувдан оқилона фойдаланиш. Қишлоқ хўжалигида экинларни томчилаб экиш технологияси мавжуд ва бу технологиядан фойдаланадиган фермерларга қатор имтиёзлар берилган. Бундан ташқари, эгат оралаб экиш усули ҳам анча сувни иқтисод қилади. Лекин иқлим шароити тобора қаттиқлашиб, ёғинлар камайиб бораётган шароитда янада кўпроқ ва самаралироқ усулларни излаш, топиш ва жорий этиш давр талабидир.

Сув тақсимоти. Фермерларни кўп қийнайдиган сувни тақсимлаш соҳасидаги муаммоларга эътибор қаратиш лозим. Фермерлар ҳар бир экиннинг ўз вегетация даврига қараб сувни тақсимлаш лозим дейишади. Бу амалиётни бутун республика бўйлаб жорий этиш ва шу бўйича ягона тизим ишлаб чиқиш лозим. Қолаверса, сув тақсимотидаги коррупцияга ҳам барҳам бериш, бу ўриндан қатъий назоратни кучайтириш лозим.

Лимит тизими. Ичимлик сувлари учун қатъий лимитлар жорий этиш вақти келди. Бу лимитларни эса худди электр энергияси каби олдиндан тўлов принципида ишлайдиган сув ўлчагичлар билан назорат қилиб бориш мақсадга мувофиқ. Яъни худди электр токи ёки интернет трафигига ўхшаб истеъмолчи сотиб олган миқдоридаги сув тугаши билан таъминотдан узиб қўйилади. Бу борада Хитой ёки Туркия тажрибаси яққол мисол: уларда сув таъминоти ушбу принцип асосида амалга оширила бошлагач, маиший соҳада ичимлик суви 55-60 фоизгача тежалган.

Инновациялар. Соҳага инновацияларни жалб этиш масаласи ҳам жуда муҳим. Масалан, қишлоқ хўжалигида гидрогель деган нарса бор. Бу гидрофиль молекулалар асосида тайёрланган полимер бўлиб, ўсимликлар ва инсон организми учун буткул зарарсиз ҳисобланади. Ушбу қумоқ-қумоқ гранулалар ўзида ортиқча намликни сақлаб туриш хусусиятига эга. Улар ерга сепилгач, тупроқдаги ортиқча намликни шимиб олади ва узоқ муддат ўзида сақлаб тура олади. Зарур пайтда экинлар ундан сув олади. Бу иссиқ кунларда сувларнинг ортиқча буғланиб кетишига қарши яхши чора. Ҳар бир томчи сув қадрли бўлиб турган ҳозирги шароитда қишлоқ хўжалигига ушбу технологияни кенг жалб қилиш орқали анча сувни тежаш мумкин.

Мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ерости сувларидан унумли фойдаланиш, ўсимликларнинг сувсизликка чидамли навларини яратиш каби катта амалий ва назарий масалалар ҳам турибики, буларнинг барига тез орада ва самарали ечим топиш керак.

Сувни қайта ишлаш. Бу ўринда Исроил тажрибаси эътиборга молик. Исроил сўнгги 5-6 йил давомида қаттиқ сув танқислигига учради. Ҳозир у ерда сувни тежаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Исроил сув муаммосини ҳал этиш учун, аввало, шўр денгиз сувини чучуклаштириш технологияларини ишлаб чиқди. Қолаверса, оқова сувлардан фойдаланиш, яъни сувдан иккиламчи фойдаланишда ҳам кўп ютуқларга эришди. Ҳозир Исроил 70 фоиздан ортиқ оқова сувлардан қайта фойдаланади – бу Ер юзидаги энг юқори кўрсаткич. Исроил эса ушбу кўрсаткични 90 фоизгача кўтариш ниятида ҳаракат қилмоқда.

Кўриб турганингиздек, сув масаласи бугун ҳар доимгидан ҳам долзарброқ ҳолатга келган, муаммо янада ўткирлашмоқда. Агар аҳвол ўзгармаса, биз сувга шундай масъулиятсиз муносабатда бўлаверсак, кўп эмас, яна 15-20 йиллардан кейин, фарзандларингиз вояга етганида, сув танқислиги муаммоси билан тўқнашиши ёки ифлосланган сувлар туфайли айрим касалликларга чалиниши мумкин. Наҳотки, фарзандларимизга шундай келажакни раво кўрсак?

Сув ҳақида эртага эмас, ҳозир, шу онда ўйлашимиз керак: ишни ичимлик суви нархи қиммат дея нолишдан эмас, оқиб турган жўмрагингизни тузатишдан бошланг. 

Оби ҳаёт деб бекорга айтишмаган, ҳаётимизнинг асосий манбаи бўлган сувни тежаш, исроф қилмаслик, ифлослантирмаслик учун ҳар бир фуқаро ўз шахсий жавобгарлигини ҳис этиши керак. Зеро, фарзандлар, авлодларга биздан саҳролар эмас, ям-яшил боғлар, қуриётган далалар эмас, гуркираб турган чаманзорлар қолиши керак. Тоза сув қолиши керак!

June 17, 2018
by @huquqiy_axborot