June 5, 2018

Футбол академиялари ташкил этилди

“Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар негизида:

  • болалар-ўсмирлар футбол академиялари;
  • олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ташкил этилади.

Республика академияси ва ҳудудий академияларнинг вазифалари этиб, футбол бўйича юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни саралаб олиш тизимини йўлга қўйиш, уларни ўқитиш, тарбиялаш ва индивидуал хусусиятларини ривожлантириш, футбол соҳасидаги спорт қобилиятини шакллантириш белгиланган.

Мактаб-интернатларнинг асосий вазифаси эса, олимпия ва миллий спорт турлари бўйича янги илмий-методик тавсиялар ва ютуқлар асосида спорт захираларини, терма жамоаларга юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш ҳисобланади.

Республика академияси ва ҳудудий академиялар қобилиятли ёш футболчиларни танлаб олувчи ва тайёрловчи, мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланади.

Республика академияси ўқувчиларининг умумий контингенти 132 нафар, ҳар бир ҳудудий академиянинг умумий контигенти 154 нафарни ташкил этади.

Республика академиясига ҳудудий академияларнинг ўқувчилари орасидан энг иқтидорли ва белгиланган синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган ўқувчилар 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 7-синфга қабул қилинади.

Ҳудудий академияларга белгиланган синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган иқтидорли ўқувчилар 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 5-синфга қабул қилинади.

Мактаб интернат ўқувчиларининг умумий контингенти 350 нафардан кўп бўлмаган ўқувчидан иборат этиб шакллантирилади.

Мактаб интернатларга олимпия ва миллий спорт турлари, шу жумладан спортнинг ўйин турлари бўйича (футболдан ташқари) белгиланган синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган ўқувчилар 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили 5-синфга қабул қилинади.