Чилим чекиш тақиқланадими?

by @huquqiy_axborot
Чилим чекиш тақиқланадими?

Аввал хабар берганимиздек бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.

Сенат томонидан маъқулланган қонунлардан бири бу “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонундир.

Қонуннинг мақсади:

  • жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишнинг кенг тарқалишига йўл қўймаслик;
  • чекмайдиган фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш;
  • тамаки тутуни билан ифлосланишнинг ҳамда чилим ва электрон сигареталар чекиш натижасида келиб чиқадиган касалликлар ва гуруҳ бўлиб чекиш оқибатида юқиш хавфи бўлган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишдир.
Қонунни қабул қилиш зарурати амалдаги қонун ҳужжатларида камчиликлар борлиги билан ҳам изоҳланади. Хусусан, таркибида тамаки маҳсулоти бўлмаган мевали аралашмалардан иборат қўшимчалар билан чилим ва электрон сигарета чекишни тақиқлаш масаласи ҳал этилмаган. Чилим чекишга мўлжалланган хона ва жойлар ажратган шахсларнинг жавобгарлигини белгилайдиган ҳуқуқий нормалар мавжуд эмас. Чилим учун аралашма, электрон сигареталар учун суюқлик тўғрисида санитария нормалари ва қоидалари мавжуд эмас. Чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ва тарғиб қилишни чеклаш назарда тутилмаган.

Қонун 15 та моддадан иборат бўлиб, уларда:

  • “чилим”, “чилим учун тамакисиз чекиш аралашмаси”, “чилим чекиш учун дамлама”, “чилим учун чекиш тоши”, “электрон сигарета” каби асосий тушунчаларнинг мазмуни очиб берилган;
  • чилим ва электрон сигареталарни чекиш мумкин бўлмаган жамоат жойлари рўйхатига аниқлик киритилган;
  • чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ва тарғиб қилишни чеклашга доир нормалар киритилган;
  • жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш чораларини кўриш учун масъул бўлган шахслар ва уларнинг мажбуриятлари белгиланган;
  • чилим ва электрон сигареталар чекиш учун жамоат жойларида хоналар ва жойлар ажратиш, шунингдек жамоат жойларида чилимларни, чекиш аралашмаларини (чекиш масаллиғини, чекиш тошларини) фойдаланиш учун тақдим этиш тақиқланган;
  • жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш бўйича профилактик тадбирларни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар (муассасалар), ташкилотлар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг иштирок этиши белгилаб қўйилган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

June 28, 2018
by @huquqiy_axborot