Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш мониторинг қилиб борилади

Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш, ер балансига риоя этиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг оқилона жойлаштирилиши бузилганлиги учун фермер хўжаликлари ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, етиштирилган маҳсулот сотилишининг ҳисобини юритиш, шартнома мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низомга мувофиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил равишда жойлаштиради ва пахтани етиштиришда юқори ҳосилдорликка (40 ц/га) эришган корхоналар пахта экиладиган жами ер майдонининг камида 5 фоизига бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини экишга рухсат берилади.

Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда сув билан таъминланганлик даражаси тўғрисида хулоса олиниши лозим.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, сотиш контрактация шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан экинларни жойлаштириш бўйича талабларга амал қилиниши кадастр бўлимлари, “Ўздаверлойиҳа” институти, туман (шаҳар) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан доимий мониторинг қилиб борилади.

Шартнома мажбуриятларини бажаришдаги келиб чиқадиган низоли масалалар ва келишмовчиликлар туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан судгача бўлган тартибда ёки иқтисодий суд томонидан ҳал этилади.