November 30, 2018

Миллий маданият янада ривожлантирилади

Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди

Қарор билан Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Тарихий ва маданий меросимизни сақлаш ҳамда уни ёш авлод тарбиясида кенг қўллаш ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз онгига сингдириш, этник маданий анъаналарни асраб-авайлаш ва шу асосда халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш Концепциянинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Қарор билан бугунги кунда барча ҳудудларда фаолият кўрсатаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари негизида маданият марказлари ташкил этилиши белгиланди.

Шунингдек, қарорда “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони таъсис этилиши қайд этилди.

2019 йил 1 июнгача “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Қарорга мувофиқ, қуйидаги кўрик-танловлар анъанавий равишда ўтказилади:

“Халқ чолғулари ижрочилари” кўрик-танлови икки йилда бир марта, дастлаб 2019 йилнинг июнь ойида;

Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” кўрик-танлови икки йилда бир марта, дастлаб 2019 йилнинг октябрь ойида;

Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” кўрик-танлови икки йилда бир марта, дастлаб 2020 йилнинг апрель ойида ўтказилади.

Кўрик-танлов ғолиблари тегишли йўналиши бўйича олий таълим муассасасининг бакалавриат босқичига давлат гранти асосида қабул қилинади.

Ҳар йили 21-27 март кунлари “Театр томошалари ҳафталиги” ташкил этилади.

Бундан ташқари, Буюк ипак йўлининг мамлакатимиздан ўтган қисмини “Ипак йўли: Зарафшон дарёси воҳаси” ва “Ипак йўли: Фарғона – Сирдарё ҳавзаси” номи остида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига, Хоразм “Лазги”сини “Хоразм рақси – Лазги” номи остида ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.