May 17, 2025

Аброр ХОН. Рус етакчи қатнашмайдиган “G20”

Жумадан жумагача
11.11.2022 йил

Россия Президенти 15-16 ноябрь кунлари Балида ўтадиган “G20” саммитида қатнашмайди. Бу ҳафтанинг муҳим хабарларидан бири эди. Чунки...
Сал аввалроқ Индонезия расмийлари Россиянинг саммитда иштирок этиши бошқа давлатлар томонидан босимга учраган тақдирда таклиф қайтариб олмаслигини билдирган эди. Шунингдек, мезбон давлат етакчиси Жоко Видодо “Financial Times” газетасига берган интервьюсида “катта йигирмалик” форумни сиёсатлаштирмас керак, унда иқтисодиёт ва тараққиёт масалалари муҳокама қилинади”, деб таъкидлаган эди.
Шу билан бирга, у “G20”га аъзо давлатлар ўртасидаги зиддиятнинг кучайиб кетиши хавотирга солаётганини яшириб ўтирмаганди.
АҚШ етакчиси ҳам “агар Россия раҳбари “йигирмалик” ишида иштирок этса, унда Украина раҳбарини ушбу йиғилишга чақирамиз, деб қатъий фикр билдирганди.
Охир-оқибат “G20” саммити ишида икки можарочи давлатлар раҳбарлари ғалванинг орасига тушмайдиган бўлишди, улардан бири йиғилишда видеоконференцалоқа шаклида иштирок этади.
“Сталин ҳам чет элда ўтадиган ҳамма учрашувларга боравермаган. Кремль раҳбарининг “йигирмалик”ка борганда нима бўларди-ю, бормаганда-чи? Тарихий бурилиш содир бўлмаслиги аниқ!”, дейишгача боришди айрим таҳлилчилар.
Экспертларнинг аксарияти ҳам россияликлар раҳбарининг катта йиғилишда қатнашмаслигини маъқул билишди, чунки дунё етакчиларининг кўзлари ўнгида бир ишкал чиқиши ҳеч гап эмасди.
Тўғри гап ҳам шу-да, “йигирмалик” ичида рус тарафдорлари кўп бўлмаса-да, барибир бор. Саммит ишида жаҳон иқтисодиётининг муҳим масалалари кўриб чиқилади, деб урғу берилади-ю, сиёсат барибир аралашиб қолади...
Кўпчиликда Қўшма Штатлар ва Россия раҳбарлари Балида учрашсалар нималар ҳақида гаплашган бўларди, деган савол туғилиши табиий эди. Аввало Америка томони бундай учрашув бўлмаслигини бир ҳафтадан буён гапириб келади, мабодо у амалга ошган тақдирда фақат биттагина масала муҳокама қилинарди, у ҳам бўлса ҳарбий асирларни алмашиш масаласи... Жанжални тўхтатиш керак, деган бўш гапларга беҳуда вақт сарфланмасди.
Ростанам “йигирмалик” “G7”дан нуфузли тизим. Бу ерда дунёнинг Ғарб ва Шарқдаги етакчи давлатларининг мужассамлашган позиция акс эттирилади. Жаҳон иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган бундай ёндашувларга эътибор бермаслик келгусида кўп зарар келтириши мумкин.
Рус етакчисининг онлайн тарзида чиқиши ёки йиғилишда видеомурожаат қилиши кутилмоқда.
Оқ уй раҳбари “йигиралик”даги режасини журналистлар билан баҳам кўрди. Аввало Украина атрофидаги вазият муҳокамасини бошлаб бераман, деди у. Россия – Украина зиддиятининг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигига таъсирини кўриб чиқиш нияти борлигини яширмади. Ҳинд-Тинч океани минтақасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Шимолий Кореянинг оммавий қирғин қуролларини яратиш ва баллистик ракеталар учирилиши билан боғлиқ таҳдидларни кун тартибига олиб чиқишни ваъда берди.
Америка етакчиси ҳамма гапни ҳам журналистларга очиқ-ойдин айтмагани аниқ. Таҳлилчиларнинг тахминларига кўра, у Россияни “катта йигирмалик”дан чиқариш масаласини кўтариши мумкин...
Буёғини эса ноябрь ойининг ўртасида кўрамиз.

Аброр ХОН