Ҳикоя
January 23, 2020

Улвий Бунёдзода. Инсон (ҳикоя)

Улвий Юсуф ўғли Бунёдзода (Ülvi Yusif oğlu Bünyadzadə) (1969-1990; Озарбойжон)

Кекса файласуф соҳил бўйидаги хиёбонда ден­гизга яқин қўйилган ўриндиқлардан бирининг ёнида тўхтади. Бармоқлари билан оқ, жингалак сочларини тараб, билинар-билинмас хўрсинди. Кўзлари номаълум нуқтага қадалганча қотди. Кейин “Эҳ дунё, дунё” деганча ўриндиққа чўкди.
У машҳур олим, дунёга донғи кетган академик эди. Жамиятни тараққий эттириш борасида до­ҳиёна фикрлари ила элга танилган, жилд-жилд китоб ва дарсликлар яратган эди. Ўғил-қизлари ҳам ота изидан бориб, илм йўлини танлаган эди­лар. У ҳамманинг назарида бахтиёр инсон эди.
Кекса файласуф ҳаммага ўхшаб фикрламасди. Ҳозир ҳам денгизга термилганча, босиб ўтган йўли, дунёи дуннинг ўткинчи ва бевафолиги ҳақи­да ўй сурмоқда эди.
– Амаки, Худо йўлига хайр қилинг!
Кекса олимнинг қаршисида етти-саккиз ёшлар чамасидаги юпун кийинган бир бола қўл чўзиб турарди.
Олим аввал нима қиларини билмай турди. Бо­лани қувиб юборишни ҳам, беш-тўрт танга садақа бериб жўнатишни ҳам билмасди. Ногоҳ бу гўдак билан суҳбатлашиш, уни бу нолойиқ, йўлдан қайтариш фикри туғилди.
– Бу ёққа кел, болам! Ўтир ёнимга.
Бола индамай унинг айтганини қилди.
– Отинг нима?
– Инсон.
– Нима? Шунақа исм ҳам бўларканми?
– Билмасам.
– Бу исмни сенга ким қўйган? Инсон ўзини бунчалар ерга урмаслигини айтмаганми онанг?
– …
Қариянинг кайфияти бузилди. У суҳбати қўр олмаслигини англаб, боланинг жавобини бе­риш учун чўнтак ковлади. Аксига олиб, майда топол­мади. Кейин гуноҳкор қиёфада боланинг юзларига тикилди. Унинг нигоҳлари лоқайд эди. Кетиш учун ўрнидан турди. Бироқ, кекса файласуф болани қуруқ қўл билан қайтаришни истамасди. Ҳамёнини чиқариб, ўн манатлик тутқазди.
– Анави музқаймоқ сотаётган аёлга обор, май­далаб берсин. Бир манатини ўзингга опқоласан. Қолганини опқочиб кетмассан, ҳар қалай?
– Опқочиб кетаман!
Қариянинг жаҳли чиқиб, пул тутган қўлини тортиб олди. Ҳайрат билан боланинг кўзларига тикилди. Боланинг қиёфасидаги аввалги бефарқ ифода йўқолмаганди.
– Бўлмаса, бор, ишингни қил, Инсон!
Бола қимирламай тураверди. Қариянинг ғаши келди. Болани сўкиб, ҳайдамоқчи бўлди. Унинг кўзларида аллақандай мавҳум бир учқун чақнаб турарди. Бу учқун қариянинг ҳам кўнглига недир қўр солгандек бўлди. Фикридан қайтди. Ҳамон қўлида тутиб турган пулни яна болага узатди, бу гал мулойимлик билан гап қотди:
– Майли, болам, олақол. Ҳаммаси сенга!
Бола пулни олиб, қариядан узоқлашди. Олим анчагача фикрини бир жойга жамлолмай турди. Қизиқ, боланинг нимаси уни ўзига бунча боғлаб олдийкин? Нега унинг юраги бирдан бу қадар юмшаб кетди? Бу марҳамат ҳиссимиди ёки ғазаб? Кимдан, нима учун ғазабланиши керак? У болани дарров жўнатворганидан хийла афсусланди. Ўнгу сўлига қайрилиб қаради. Бола кўринмасди. Кейин яна бошини эгганича ўзининг хаёлий оламига ғарқ бўлди.
…Кўп ўтмай, қадам товушларидан сергакланиб, бошини кўтарди. Қаршисида бояги болакай ту­рарди. Аввалига қувонди, кейин таажжубланди. Яна бир лаҳзадан сўнг ич-ичдан ғазаб тошгандек бўлди. Болага қараб бақириб берди:
– Ҳа? Яна нимага келдинг? Тинчгина ўтиргани қўясанми, йўқми?
Қария зарда билан туриб кетмоқчи бўлди. Бо­лакай қўлини нимдош шимининг чўнтагига солиб, бояги ўнталикни чиқарди ва қарияга узатди:
– Манг, амаки, олинг пулингизни!
Кекса файласуф ҳайратдан қотиб қолди.
– Нега? – сўради паст овозда.
– Ойим “Обориб бер, бу одамнинг пули бизга керакмас, ўзига кафанлик олсин”, дедилар.
– Онанг қани? – қариянинг юраги музлаб кетгандек бўлди. Ўрнидан турмоқчи эди, бели зирқираб кетди.
– Ана, кетяптилар-ку!
– Бор, тез бориб, онангни қайтариб кел! – деди қариянинг ҳаяжондан нафаси бўғзига тиқилиб.
– Келмайдилар, ойим сизни қарғадилар-ку!
– Онангни оти нима?
– Наргиз.
“Наргиз” — файласуф хаёлга толди. Наргиз! Бу исм файласуфнинг, виж­до­нидаги қора доғ мисол муҳрланиб қолган.
…Саккиз йил илгари ҳеч кими йўқ, узоқ қиш­лоқдан келган бир қиз ўғлининг тўрига илиниб қолганди. Албатта, ўғли ҳам бир оз ёшлик қил­ган, ҳирсини жиловлай олмаган. Қизнинг бўйида бўп қолган… Иш ҳатто судлашишгача бориб етди. “Адолат” судининг “адолат”ли қозиси маш­ҳур файласуфнинг ҳурмати юзасидан, нозик одам­ларнинг аралашуви туфайли “одилона” қарор чиқарди. Наргиз ҳурматли бир оиланинг номига иснод туширгани, туҳмат қилгани учун бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
…Кекса файласуф суд ҳукмини қайта тинглаёт­гандек бўлди. У сесканиб, бошини кўтарди. Бола онасининг орқасидан кетиб борарди.
– Инсон! – Кекса файласуфнинг овози соҳил бўйлаб ёйилди.
Бола орқасига ўгирилиб қаради. Лекин йўлидан қайтмади. Қариянинг наздида бола билан бирга юрагининг бир парчаси узилиб бораётгандек бўлди. У она-болани орқага қайтариш учун ҳам­ма нарсага ҳозир эди. Лекин, Наргиздан ҳам, Инсондан ҳам у анча илгари, бундан саккиз йил муқаддам ўз ИНСОНлигини йўқотган дамдаёқ жудо бўлган эди.
Инсон унинг келажаги эди. У келажагини йўқотганди. Хўш, унинг ўрнига нима топди? Кекса файласуф яна қўллари билан оқ сочини таради. Ўнг қўлида турган ўнталик кафтини худди чўғдек куйдирарди…

Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси