March 13, 2020

Вабодан сақланиш учун ўн маслаҳат (2)


3- Бало машаққатидан паноҳ сўраш


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бало машаққатидан, бахтсизлик етишидан, ёмон қазои қадардан ва душманларга кулги бўлишдан паноҳ сўрардилар.


Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таолодан бало машаққатидан, бахтсизлик етишидан, ёмон қазои қадардан ва душманларга кулги бўлишдан паноҳ сўранглар” Бухорий ривоят қилган. 

 

4- Уйдан чиқишда ўқиладиган дуони айтиш ва унга бепарво бўлмаслик


Имом Абу Довуд ва имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Киши уйидан чиққан пайтида: “Бисмиллаҳи таваккалту алал-лоҳи ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” (Аллоҳнинг номи билан (чиқаман), Аллоҳга таваккал қилдим, куч-қувват ҳам, қудрат ҳам фақат Аллоҳнинг бериши биландир) деса, унга: “Ҳидоятландинг, кифояландинг ва ҳимояландинг.” дейилади, шайтонлар ҳам ундан четланади, бир шайтон бошқа шайтонга қараб: “Ҳидоятланган, кифояланган ва ҳимояланган одамга қандай кучинг етсин?” дейди. 


5- Тонг отганда ва кеч кирганда Аллоҳдан офият сўраш


اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَفْوَ وَالْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَفْوَ وَالْعَافِيَةَ فِي دِينِي، وَدُنْيَايَ، وَأَهْلِي، وَمَالِي، اللَّهُمَّ اسْتُرْ عَوْرَاتِي، وَآمِنْ رَوْعَاتِي، اللَّهُمَّ احْفِظْنِي مِنْ بَيْنِ يَدَيَّ، وَمِنْ خَلْفِي، وَعَنْ يَمِينِي، وَعَنْ شِمَالِي، وَمِنْ فَوْقِي، وَأَعُوْذُ بِعَظَمَتِكَ أَنْ أُغْتَالَ مِنْ تَحْتِيَ.


Эй Аллоҳ, мен сендан дунё ва охиратда афву-офият сўрайман. Эй аллоҳ, мен Сендан динимда, дунёйимда, аҳлимда ва молимда афву-офият тилайман. Эй Аллоҳ, менинг айбларимни беркит, қўрқувимдан омонлик бер-кетказ. Эй Аллоҳ, мени олдимдан ҳам, ортимдан ҳам, ўнгимдан ҳам, чапимдан ҳам, тепамдан ҳам, Ўзинг сақла! Оёғим остидан хиёнатга учрашдан Сенинг улуғлигингла паноҳ сўрайман). (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).


6- Кўп дуо қилиш


Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қай бирингиз учун дуо эшиги очилса, у учун раҳмат эшиклари очилибди. Аллоҳ учун “Эй Аллоҳ менга офият бер” деб қилинган дуодан кўра севиклироқ нарса йўқ.”


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дуо тушган мусибатда ҳам, ҳали тушмаган мусибатда ҳам фойда беради. Эй Аллоҳнинг бандалари дуо қилинглар”. Термизий ва бошқалар ривоят қилишган.


7- Вабо тарқалган жойлардан эҳтиёт бўлиш


Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди “Умар розияллоҳу анҳу Шом диёрига сафарга чиқди, Сарғга етганида Шом диёрида вабо тарқагани ҳақида хабар эшитди. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф унга “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бирор ерда вабо тарқалганини эшитсангиз у ерга борманг, агар сиз турган жойда вабо тарқалса, ундан қочиш учун у ердан чиқманглар”, деганларини айтиб берди. 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Касал туяси бор одам соғлом туяларини суғораётган одам билан бирга суғормасин”. Бухорий ва Муслим ривояти.


8- Яхши ишлар қилиш


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Яхши ишлар ёмон оқибатлардан, офатлардан ва ҳалокатлардан сақлайди. Дунёда яхшилик қилувчилар охиратда ҳам яхшилик эгалари бўладилар”. Ҳоким ривояти.


Ибн Қаййим – раҳимаҳуллоҳ – айтадилар: “Касалликнинг энг фойдали дориларидан бири яхшилик ва эҳсон қилиш, зикр, дуо, таззарру, Аллоҳга ёлбориш ва тавба қилиш. Бу ишларнинг касалликни даволаш ва касалнинг соғайишида табиий дорилардан кўра таъсири кўпроқ. Бироқ бу – қалбнинг тайёрлиги, қабул қилиши ва бу нарсалар ва уларнинг фойдаси ҳақидаги эътиқодга қараб бўлади”.  Зодул маод.


9- Тунда намоз ўқиш


Билол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тахажжуд намозини ўқинглар, чунки у ўтган солиҳларнинг одати, Аллоҳга яқинлашув, гуноҳдан кайтарувчи, хатоларга каффорат ва бадандан дардни кетказувчидир.» (Аҳмад ва Термизий ривоятлари. Албоний саҳиҳ деган)


10- Идишларни ўраб қўйиш ва сув сақланадиган идишларнинг қопқоғини ёпиш


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди “Идишларни ўранглар, мешларнинг оғзини боғланглар. Ҳар йили вабо тушадиган бир кеча бор, у қопқоғи бўлмаган ёки оғзи боғланмаган мешнинг устидан ўтса, албатта унга ўша вабодан тушади”. Муслим ривояти.


Ибн Қаййим – раҳимаҳуллоҳ – айтадилар: “Бу табибларнинг илм-маърифати етмайдиган илм”. Зодул маод. 


Сўзимизнинг охирида айтамизки, ҳар бир мусулмон ишини Аллоҳ азза ва жаллага топширсин, Унинг фазли марҳаматини умид қилсин ва Унгагина таваккал қилсин. Зеро, ишларнинг бари Унинг қўлида ва бошқарувида. Кимга мусибат етса, уни сабр ва ажр умидида қарши олсин. Аллоҳ азза ва жалла сабр қилган ва ажру савоб умид қилганларга улкан ажрларни ваъда қилган: “Сабр қилувчиларга охиратда савоблари чексиз, ҳисобсиз, саноқсиз берилгай.” Зумар: 10


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўлат (вабо) ҳақида сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қуйидагича жавоб қилдилар: “У Аллоҳ истаган бандаларига юборадиган азоб эди, кейин Аллоҳ уни мўминлар учун раҳмат қилди. Қай бир мўмин яшаб турган юртда вабо тарқаса ва у ўз юртида сабр қилиб, унга фақат Аллоҳ ёзган нарса етишини билиб яшаса, у учун шаҳиднинг ажричалик ажр бўлади”. Бухорий ривояти


 Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан барчамизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган яхши амал ва гўзал сўзларга муваффақ қилишини сўраймиз. Аллоҳ ҳақни гапиради ва тўғри йўлга бошлайди. 


Ёлғиз Аллоҳга ҳамду санолар ва Пайғамбари Муҳаммадга салавоту саломлар бўлсин. 

 

Мақола Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин Бадр қаламига мансуб

Арабчадан ўгирувчи Абу Закарийя ал-Маданий 

13/03/2020


•┈┈•┈┈•⊰✿📚✿⊱•┈┈•┈┈•

#IslomNuri телеграмда: https://t.me/islomnuri !