May 1, 2020

Тўққизинчи суҳбат: Рўзанинг ҳикматлари ҳақида

Азиз биродарлар! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратган ва шариат қилган барча нарсаларда У зот учун тўла ҳукм ва етук ҳикматлар мавжуд. У Ўзининг яратиш ва шариатида Ҳакимдир, бандаларини бежиз яратмаган, бепарво ташлаб қўймаган, улар учун шариат-қонунларни беҳуда тузиб бермаган. Балки уларни улуғ иш учун яратди, улкан вазифага тайёрлади, уларга тўғри йўлни баён қилди, у билан иймонлари зиёда бўладиган ва ибодатлари комил бўладиган шариатларни тузиб берди. Аллоҳ бандаларига буюрган ҳар бир ибодат остида албатта етук ҳикматлар мавжудки, уларни билган билади, билмаган билмайди. Ибодатлардан биронтасида бўлган ҳикматни билмаслигимиз унинг беҳикмат эканига далил бўлмайди, аксинча, бизнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикматини идрок қилишдаги ожизлигимиз ва ноқислигимизга далолат қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Сизларга жуда оз илм берилгандир» (Исро: 85).

Аллоҳ таоло бандаларини синаш ва имтиҳон қилиш мақсадида, Хожасига ибодат қилувчилар ҳавои нафсига ибодат қилувчилардан ажралиши учун уларга ибодатларни машруъ қилди, муомалотларни тартиблади. Ким ушбу шариат ва қонун-қоидаларни очиқ кўнгил ва розилик билан қабул қилса, у Хожасига ибодат қилган, Унинг шариатига рози бўлган ва Роббининг тоатини ҳавои нафсидан муқаддам қўйган бўлади. Кимда-ким ибодатлардан фақат ўз хоҳишига тўғри келганини қабул қилса, ўз нафсига ёққан қонун-қоидаларгагина эргашса, у нафсига қул бўлган, Аллоҳнинг шариатини ёқтирмаган ва Роббининг тоатидан юз ўгириб, ҳавосига эргашган, ўзининг қосир илми ва беҳикматлилиги билан Аллоҳнинг шариатини ўзининг рағбатига тобеъ қилишни истаган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Ҳақиқат — Қуръон уларнинг ҳавои нафсларига эргашса эди, албатта осмонлар, ер ва улардаги бор жонзот бузилиб-ҳалок бўлган бўлур эди. Йўқ, Биз улар учун эслатма келтирдик, Улар эса ўзларига (келган) эслатмадан юз ўгиргувчидирлар» (Мўминун: 71).

Аллоҳ субҳанаҳу ибодатларни турли кўринишда қилганлиги У зотнинг ҳикматиданки, қабул қилиб, розилик билан бажарувчилар ажралади, Аллоҳ мўминларни шу билан тозалайди. Чунки айримлар бўладики, ибодатларнинг бир турига рози бўлиб, маҳкам ушлайди, бошқа бир турини эса ёқтирмайди ва бепарво ташлаб қўяди. Аллоҳнинг ибодатлари ичида баданга тааллуқли бўлган намоз каби ибодатлар бор, нафсга суюмли пул-молни сарфлашга тааллуқли бўлган закот каби ибодатлар бор, ҳам бадан ва ҳам мол сарфлашга тааллуқли бўлган ҳаж ва жиҳод каби ибодатлар бор, нафсни у ёқтирган ва хоҳлаган нарсалардан тийишга тааллуқли бўлган рўза каби ибодатлар бор. Банда ушбу ҳар турли ибодатларни рози бўлиб ва кўнгилдан чиқариб, талаб қилинганидек мукаммал суратда адо этса, Парвардигорига итоат қилиб, Унинг амрига бўйсуниб ва Унинг шариатига рози бўлиб, ўзига суюмли бўлган нарсасини сарфлай олса ва нафси истаган нарсалардан тийила олса, бу унинг бандачилиги комил эканига, Парвардигорига муҳаббати, бўйсуниши ва Уни улуғлаши тўла-тўкис эканига далил бўлади, унда Роббул оламийнга бандалик қилиш сифати рўёбга чиққан саналади.

Рўзага келсак, уни Исломдаги фарз ибодатлардан бири ва динимиз рукнларидан бир рукн бўлишини тақозо этган кўплаб ҳикматлари бор.

Рўзанинг ҳикматларидан бири – у банда нафсига суюмли бўлган, кўнгли тилаган емак-ичмак ва жинсий хоҳишларини тарк қилиш билан Парвардигорига яқинлик ҳосил қиладиган ибодат бўлиб, бу билан иймонининг ростлиги, Аллоҳга бандачилигининг тўла-тўкислиги, У зотга муҳаббатининг кучлилиги, Унинг ҳузуридаги ажру-мукофотларни ҳақиқатан умид қилиши зоҳир бўлади. Зотан, инсон ўзига суюмли бўлган нарсани ундан кўра каттароқ нарсани қўлга киритиш умиди бўлгандагина тарк қила олади. Мўмин киши Аллоҳнинг розилиги кўнглига ёқимли бўлган истак-майлларини тарк қилиш билан рўза тутишида эканини билгач, Парвардигорининг розилигини ўз хоҳиш-ҳавосидан устун қўйди ва нафс истаклари ҳар қанча кучли бўлмасин, уларни тарк эта олди. Чунки, лаззати ва кўнгил роҳатини ана шу нарсаларни Аллоҳ учун тарк қилишида кўрди. Шунинг учун ҳам кўпчилик мўминлар Рамазондан бир кун бўлса-да узрсиз рўза тутмаслик эвазига калтаклансалар-да ва ҳатто қамалсалар-да, рўзани тарк қилмаганлари маълум. Ушбу ҳикмат рўзадаги ҳикматларнинг энг етук ва энг улуғларидандир.

Рўзадаги ҳикматлардан бири – у тақво ҳосил бўлишига сабабдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

Зеро, рўзадор киши тоат-ибодатларни қилишга ва маъсиятлардан сақланишга буюрилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимки ёлғонни, унга амал қилишни ва жаҳолат (бақир-чақир)ни тарк қилмаса, емак-ичмагини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ» (Имом Бухорий ривояти). Рўзадор киши ҳар қачон кўнгли бирор маъсиятга рағбат қилганида ўзининг рўзадор эканини эсга олади ва ундан тийилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор кишини ўзи билан уришмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлган одамга жавобан: «Мен рўзадорман», деб айтишга буюрдилар, бу билан рўзадор киши сўкиш ва ҳақоратли сўзлар айтишдан тийилиши, ўзига ўзи рўзадор эканлигини эслатиши ва шунинг натижасида сўкишга сўкиш билан жавоб қайтармаслиги лозимлигига огоҳлантирдилар.

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири шуки, қалб фикр ва зикрга холи бўлади. Чунки кўнгил истакларига киришиш ғофилликни келтириб чиқаради, кўпинча қалбни қотириб, ҳақдан кўз юмдиради. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ейиш-ичишни енгиллатишга йўллаб, шундай деганлар: «Одамзот қориндан кўра ёмонроқ бирор идишни тўлдирмади. Одам боласига белини тик тутадиган бир неча луқмалар кифоя. Жуда бўлмаса, (қориннинг) учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига, учдан бири нафасига (бўлсин)» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котибларидан бири бўлмиш Ҳанзала ал-Усайдий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима бўлди?», деб сўрадилар. У деди: «Ё Расулуллоҳ, сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда бизга дўзах ва жаннатни эслатиб, гўё кўз олдимизга олиб келиб қўясиз. Ҳузурингиздан чиққач, бола-чақа ва тирикчилигимиз билан овора бўлиб, кўп нарсани унутамиз». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар доим менинг ҳузуримдаги ҳолатларингизда бўлганингизда эди, фаришталар тўшакларингизда ҳам, юрган йўлларингизда ҳам сизлар билан қўл бериб кўришадиган бўлиб қолар эди. Лекин, эй Ҳанзала, (инсон) гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ бўлиб туради», дедилар уч бор (Имом Муслим ривояти).

Абу Сулаймон ад-Дороний айтади: «Нафс оч ва ташна бўлганида қалб тозаланиб, мулойимлашади. Нафс тўйгач, қалб кўзи юмилади».

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири – бой-бадавлат одам Аллоҳнинг ўзига ато этган бойлик неъматининг қадрига етади, қанчалаб инсонлар маҳрум бўлган емак-ичмак ва никоҳланиш неъматига уни муяссар этгани учун Аллоҳга шукроналик бажо келтиради. Шу билан, кўпинча тунни оч ва юпун ҳолда ўтказадиган камбағал биродарини ёдга олади, унга инфоқ-эҳсон қилади, едиради, кийдиради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазонда Жибрил билан кўришиб, Қуръонни дарс қилганларида у зотнинг саховатлари яна-да ортар эди.

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири – у нафсни тийиш, унинг устидан ҳукм ўтказиш, унинг тизгинини қўлга олиш учун бир машқ вазифасини ўтайди, шу билан инсон нафсига ҳукмрон бўлишга, уни ўз яхшилиги ва саодати бўлган ишларга буришга ўрганади. Зеро, нафс — агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса — албатта барча ёмонликларга буюрувчидир. Агар инсон нафсининг тизгинини бўш қўйса, нафси уни ҳалокатлар сари етаклайди. Агар нафсига эга бўлса, уни қўлга олса, у нафсини олий рутбалар ва юқори даражаларга олиб чиқиши мумкин.

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири – у нафсни синдириш, унинг зўравонлигини пасайтириб, мулойимлаштириш ва ҳаққа бўйин эгдиришдир. Чунки доимий тўқлик ва жинсий қониққан бўлиш кишини катта гапириш, зўравонлик ва такаббурликка олиб боради. Сабаби, емак-ичмак ва жинсий эҳтиёж бор бўлган пайтда нафс уларга эришиш ҳаракати билан машғул бўлади. Бу нарсаларни қўлга киритгач, ўзини мақсадга эришган деб кўради-да, унда ўз ҳалокатига сабаб бўладиган кибр ва ғурур пайдо бўлади. Аллоҳ сақлаган кишиларгина бундан саломат қолади.

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири шуки, очлик ва ташналик сабабли қон томирлари торайгани боис шайтоннинг инсон баданида юрадиган йўллари ҳам тораяди. Зеро, «Саҳиҳайн»да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганидек, шайтон одам боласининг қон йўллари ичида юради. Рўза туфайли шайтоннинг васвасалари ҳам тиниб, шаҳват ва ғазаб тиғи ўтмаслашади. Шу боис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй йигитлар жамоаси, қай бирингиз уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки (уйланиш) кўзни номаҳрамга тикишдан, авратни ҳаромдан (зинодан) сақлайди. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин! Чунки, рўза унга (ҳаромга тушиб қолишидан) қалқондир», деганлар (Муттафақун алайҳ).

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири шуки, ейиш-ичишни камайтириш ва овқат ҳазм қилиш органларига муайян муддат дам бериш билан инсон баданда йиғилиб қолган ортиқча намлик ва зарарли чиқиндилардан қутулиб, сиҳат-саломатликка эришади.

Рўзанинг бундан бошқа ҳам ҳикматлари кўп.

Аллоҳнинг ҳикмати нақадар буюк, Унинг шариати инсонларга нақадар манфаатли!!

Эй Парвардигор! Бизларни динингда фақиҳ қилгин, шариатинг сирларини билишга илҳомлантиргин. Дину дунё ишларимизни Ўзинг ислоҳ қилгин.

Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айла, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !