Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (83)
165. Қиёмат кунида қайта тирилиш, амаллар учун мукофот берилиши, рўпара қилиниш, (амалларнинг) ҳисоб-китоб қилиниши, номаи-аъмолларнинг ўқилиши, савоб ва жазо (берилиши), (жаҳаннам устига тортилган кўприк бўлмиш) Сирот, (бандаларнинг яхши ва ёмон амаллари тортиладиган) тарози – барчаси ҳақ эканлигига иймон келтирамиз.
(Давоми)
Қайта тирилишга яна бир далил – агар Аллоҳ таоло одамларни қайта тирилтирмаса ва жазо ва мукофотларини бермаса эди, уларни абас ва беҳуда яратган бўлиб қоларди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бирон ишни беҳуда қилишдан пок зотдир: «Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундоқ эмас)! Зотан Ҳақ Подшоҳ - Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир» (Муъминун: 115, 116).
Ҳаёти дунёда умрини тоат-ибодатда ўтказган киши ўлса-ю, қайта тирилмаса?! Бир умр ерда бузғунчилик ва фаҳш ишлар билан умргузаронлик қилган кофир кимса ҳам ўлса-ю, қайта тирилмаса?! Ахир бу Аллоҳнинг ҳикматига тўғри келмайди-ку!
«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).
«Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам: 35, 36).
«Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас кофир бўлган кимсалар учун дўзахдан иборат ҳалокат бўлгай! Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! Ёки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод: 27, 28).
Баъзан мўмин киши дунёда роҳат кўрмай, фақат меҳнат-машаққат ичида ўтади. У ҳам амалининг мукофотини кўрмаса?! Кофир эса роҳат-фароғатда яшаб, бузғунчиликлар билан ҳаёт кечириб, у ҳам амалига яраша жазо кўрмаса?! Бу Аллоҳ таолонинг ҳикматига муносиб иш бўлмайди.
Амалларнинг жазо ва мукофотига бу дунёда эришилмайди, балки охират диёрида етилади.
«Рўпара қилиниш»дан мақсад – Аллоҳ таолога рўпара қилинишдир: «Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар» (Ал-ҳаққа: 18), «Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз» (Каҳф: 48).
Яъни, улар Аллоҳ азза ва жаллага ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолларида рўпара қилинадилар.
Амалларнинг ҳисоб қилиниши – мўминларга нисбатан уларни яхши ва ёмон амалларига иқрор қилдириш маъносида бўлади. Кофирларнинг яхши ва ёмон амалларини ўлчаш деган нарса бўлмайди, уларга нисбатан ҳисоб-китоб фақат ёмонлик ва гуноҳларига иқрор қилдириш маъносида бўлади, чунки уларда савобли амалнинг ўзи бўлмайди.
Мўминлардан баъзилари ҳисоб-китобсиз жаннатга кирадилар, баъзилари осон-енгил ҳисоб билан ҳисоб қилинади, баъзиларга эса ҳисоб тўла қилинади. Ҳадисда айтилади: «Ким тўла-тўкис ҳисобга тортилса, азобга дучор бўлади»[1].
Номаи аъмоллар – дунёда қилинган амаллар ёзилган саҳифалар бўлиб, қиёмат куни ҳар бир кишига амаллари саҳифаси берилади, унда ҳамма ишлари ёзилган бўлади:
«(Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 49).
«Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. (Ва унга дейилур:) «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Исро: 13, 14).
«Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар. Дарҳақиқат мен ҳисоб-китобимга (яъни охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер. Сўнг у кўнгилли ҳаётда, мевалари (аҳли жаннат учун) яқин бўлган юксак жаннатда бўлур» (Ал-ҳаққа: 19-23).
«Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, у дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса эди! Ва мен ҳисоб-китобим (яъни оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди! Эҳ қанийди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатувчи-узувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди! Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!» (Ал-ҳаққа: 25-29).
Бу саҳифаларнинг ўнгдан ё чапдан берилишидир.
Савоб ва жазо – яхшиликларга бериладиган ажру мукофотлар ва ёмонликларга бериладиган азоб-уқубатлардир.
Сирот – жаҳаннам устига тикилган кўприк бўлиб, қиличдан ўткир, қилдан ингичка, чўғдан иссиқдир. Одамлар унинг устидан ҳар ким амалига қараб ўтади. Кимдир яшиндек, кимдир шамолдек елиб, кимдир учқур отдек чопиб, кимдир туядек лўкиллаб, кимдир югуриб, кимдир юриб, кимдир судралиб ўтади, баъзиларни эса кўприкнинг икки чеккасидаги чангаклар тутиб қолиб, жаҳаннамга улоқтиради. Бу ғайб ишларидан бўлиб, унга инсоннинг ақли етмайди. Ҳамма шу кўприк устидан ўтади: «Сизлардан ҳар бирингиз унга тушувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям: 71, 72).
Амаллар тарозида тортилади. Кимнинг яхшиликлари оғир келса, нажот топади. Ёмонликлари яхшиликларидан оғир келган одам зиёнкорга айланади: «(Амалларни) тўғри тортиш ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топувчилардир. Ким¬нинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар (Бизнинг оятларимизни инкор қилиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир» (Аъроф: 8, 9).
Амалларнинг тортилиши ва тарози бир неча оятларда зикр қилинган. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг адолатидан бўлиб, У ҳеч кимга зулм қилмайди. Тарози ҳақиқий бўлиб, унинг икки палласи бўлади. Яхшиликлар бир палласига, ёмонликлар иккинчи палласига қўйилади. Кимнинг яхшиликлари оғир келса, нажот топади, кимнинг ёмонликлари оғир келса, зиёнкор бўлади: «Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).
__________
[1] Бухорий (6536) ва Муслим (2876) ривоятлари.
💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !