Таҳовий ақидаси матнига мухтасар изоҳлар (32)

78. Хабарларда ривоят қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари учун сақлаб қўйган шафоатлари ҳам ҳақдир.

(Давоми)

Кофирларга шафоат фойда бермайди: «Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас!» (Муддассир: 48), «Золим (кофир) кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир: 18).

Қуръонда икки хил шафоат ҳақида сўз боради: шартлари топилмаган манфий шафоат ва шартлари мавжуд мусбат шафоат.

Кофирга агарчи осмонлару ер аҳлининг ҳаммаси шафоатчи бўлса ҳам, Аллоҳ таоло уларнинг шафоатларини қабул қилмайди. Чунки, у мушрик ва Аллоҳ азза ва жаллани инкор қилган кофир! Аллоҳ унинг сўзидан ҳам, амалидан ҳам рози бўлмайди. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толиб ҳақида қиладиган шафоатлари бундан мустасно, бу у зотнинг ўзларига хос шафоат бўлиб, у ҳам уни дўзаҳдан қутқариш ҳақида бўлмай, фақатгина азобини енгиллатиш ҳақида бўлади. Сабаби, Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўп ҳимоя қилган, қўллаб-қувватлаган, ёрдамлар кўрсатган эди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан азоб енгиллатилишини сўраб шафоатчи бўладилар.

Шартлари мавжуд бўлган шафоат ҳам бир неча хил бўлади. Улар ичида фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлганлари бор, у киши билан бошқа пайғамбарлар, малоикалар, солиҳлар ва балогатга етмай вафот этган норасидалар ўртасида муштарак бўлганлари бор. Уларнинг ҳар бирлари Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида шафоатчи бўладилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлган шафоат ҳам бир неча хил:

Биринчи: Қиёмат куни маҳшарда ҳисоб-китоб бошланишидан олдин кутиш чўзилиб кетиб, қуёш шундоққина устиларига келтирилганидан маҳшаргоҳга тўпланган халойиқлар қаттиқ иссиқ ва тиқилинчдан қаттиқ қийналишиб, оғир аҳволга тушгач, тезроқ ҳисоб-китоб ва ажрим қилинишини Аллоҳ таолодан сўрашга воситачи бўлиши учун Одам алайҳиссалом ҳузурига борадилар, у киши мақомнинг буюклиги ва ҳайбатидан бу ишга журъат қилолмай, узр айтадилар, сўнг пайғамбарларнинг биринчиси бўлмиш Нуҳ алайҳиссалом олдига борадилар, у киши ҳам узр айтадилар, сўнг Мусо Калимуллоҳ олдига борадилар, у киши ҳам узр айтадилар, сўнг Ийсо алайҳиссалом олдига борадилар, у киши ҳам узр айтадилар, сўнгра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борадилар, шунда у зот: «Майли, мен бу ишни бўйнимга олай» дейдилар. Кейин бориб, Аллоҳ азза ва жалла олдида саждага бош қўядилар, У Зотга ҳамду санолар айтадилар, дуо-илтижолар қиладилар, то у кишига: «Бошингизни кўтаринг, сўранг, сўровингиз ато этилади, шафоат (воситачилик) қилинг, шафоатингиз қабул қилинади»[1] дейилгунча шу ҳолда турадилар. Изн берилгандан кейин ҳам дарров шафоат қилишга ўтмайдилар, балки яна сажда қилиб, Аллоҳга дуолар қиладилар, ҳамду санолар айтадилар, Унинг исм ва сифатларини ўртага қўйиб сўрайдилар, шундан сўнг у зотга шафоатга изн берилади. Кейин у зот халойиқларни тезроқ ажрим қилинишини сўраб, воситачилик қиладилар, у кишининг бу воситачиликлари қабул қилинади ва Аллоҳ таоло бандалари ўртасида ажрим қилиш учун келади.

Аллоҳ таоло айтган: «Йўқ, (бундай кирдикорларингиздан қайтингиз)! Қачон Ер (зилзилага тушиб, барча нарса) чил-парчин қилинганда, Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда» (Фажр: 21, 22).

«Улар (ҳақ йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади (яъни улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар)» (Бақара: 210).

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халойиқлар ўртасида ажрим қилиниши учун бўлган шафоатларидир. Бу ғоят улуғ мақом бўлиб, Аллоҳ таоло у билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни мушарраф қилган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтган мақтовли мақом ҳам шудир: «Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур» (Исро: 79). Чунки, бу улуғ ўринда аввалгилар-у охиргилар у кишини мақтаб, олқишлайдилар, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатлари зоҳир бўлади.

Иккинчи: Аҳли жаннатнинг жаннатга киришлари учун шафоат қилишлари[2]. Жаннат эшигини биринчи бўлиб қоқадиган киши ҳам, унга биринчи бўлиб кирадиган киши ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўладилар[3]. Умматлар ичида биринчи бўлиб у кишининг уммати киради.

Учинчи: Аллоҳдан жаннат аҳлларидан баъзиларининг мартаба ва даражаларини кўтаришини сўраб шафоат қилишлари. Аллоҳ таоло у кишининг шафоатлари сабаб уларнинг даражаларини кўтаради.

Тўртинчи: - бунда бошқалар ҳам муштарак - мўминлар ичидан гуноҳи кабираларга қўл урганлари сабабли дўзахга лойиқ кўрилган кишиларни дўзахга туширмаслигини ва дўзахга тушганларини ундан чиқаришини сўраб шафоат қилишлари. Бу – фирқалар ўртасидаги асосий ихтилоф ўринларидан биридир. Жаҳмия, ҳавориж каби фирқалар бу шафоатни инкор қилишади ва: «Дўзахга тушган киши ундан қайтиб чиқмайди», дейишади. Аҳли сунна вал-жамоа эса уни ҳадисларда қандай келган бўлса, шундай исботлайдилар ва эътиқод қиладилар. Мусулмон киши бунга эътиқод қилиши ва иймон келтириши, Аллоҳ таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзига шафоатчи қилишини сўраши вожиб бўлади. Чунки, барча бунга муҳтож бўлади.

Бешинчи: амакилари Абу Толиб ҳақидаги шафоатлари. Абу Толиб ширкда, мушрик Абдулмутталибнинг динида ўлган, ўлими олдидан ўзини Абдулмутталибнинг миллатида (яъни, динида) эканини эълон қилган эди. Шу билан у абадий дўзахига айланди. Лекин Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ундан азобни енгилатишини сўраб қилган шафоатларини қабул қилади ва у тўпиғигача ўт ичида бўлади, ўзидан кўра қаттиқроқ азоб тортаётган одам бўлмаса керак, деб ўйлайди, ваҳоланки у дўзаҳдагиларнинг энг енгил азоб тортаётгани бўлади[4].

Гуноҳи кабира эгалари хусусидаги шафоат муштаракдир. Малоикалар ҳам шафоат қиладилар, пайғамбарлар ҳам шафоат қиладилар, авлиёлар ва солиҳлар ҳам шафоат қиладилар, норасида оламдан ўтган гўдаклар ўз ота-оналарини шафоат қиладилар[5].

__________

[1] Бухорий (3340, 4712, 7510) ва Муслим (193, 194) ривоятлари.

[2] Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен жаннатдаги биринчи шафоатчидирман» (Муслим (196) ривояти).

[3] Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат кунида жаннат эшиги ёнига бориб очишларини сўрайман. Жаннат посбони: «Кимсиз?» деб сўрайди. «Мен Муҳаммадман!» дейман. «Сизга (очишга) буюрилганман. Сиздан аввал бирон кишига очмайман», деб жавоб қилади» (Муслим (197) ривояти).

[4] Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Амакингизга қандай ёрдамингиз тегди? У сизни ҳимоя қилар ва сизга (озор берувчиларга) ғазаб қилар эди», деди. У зот: «У тўпиғигача дўзаҳда. Агар мен бўлмасам, жаҳаннамнинг тубида бўларди», дедилар (Бухорий (3883) ва Муслим (209) ривоятлари).

[5] Имом Муслим Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган шафоат ҳақидаги (183)  ҳадисда келтирган.

💎 #ИсломНури телеграмда: https://t.me/islomnuri !