July 17, 2020

РАСУЛУЛЛОҲ СЕВГИСИ ВА УНИНГ АЛОМАТЛАРИ (18)

Учинчи аломат: Муҳаммад солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат қилиш ва тақиқларидан узоқ бўлиш (2)

3. Саҳобаи киромнинг хонаки эшакларнинг гўшти ҳаром қилингинини эшитганлари он қозонларда қайнаётган гўштларни тўкишлари

Саҳобаи киромлар суйган ва ёқтирган айрим нарсалар таъқиқланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъқиқидан сўнгра улар у нарсалардан ҳеч бир эътирозсиз узоқлашдилар. Бундай ҳодисадан бирини имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. Ривоятга қараганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига бир киши келиб: "Эшаклар еб тугатилди!"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар. У одам иккинчи марта келиб: "Эшаклар еб тугатилди!"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна индамадилар. У одам учинчи марта келиб: "Эшаклар йўқ қилинди!"- деди.

Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир дарғачини одамлар ичига бориб: "Аллоҳ ва расули сизларга хонаки эшак гўштини емоқдан наҳй қилдилар"- деб хитоб қилиш учун юбордилар. Натижада ичида эшак гўштлари пиширилаётган қозонлар ағдарилди" (Имом Бухорий: 4199; 7 / 467 – 468).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни юракдан суйган бу инсонлар (тайёр пишган гўштни еб олиш учун) бирон бир чора, бирон бир фурсат ёки бирон истисно қилишни хаёлларига ҳам келтирмадилар. Улар севгида талаб қилинган шартлардан бири суюклининг хохиши ва буйруқларига итоат қилиш эканини тўлақонли тушуниб етган эдилар. Зотан, бундай инсонлар ундай чора ва сабабларни қандай ҳам хаёлларига келтирсинлар?!

4. Ароқ (май)нинг ҳаромлиги эълон қилинганида Мадина кўчаларида оққан ароқлар

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни самимй суйган саҳобаи киромлар таъқиқланди деб орзу қилган нарсаларидан узоқлашибгина қолмадилар, балки, узоқ йиллар давомида ўрганиб қолган, ҳатто оталаридан мерос қолган нарсаларини ҳам тарк этдилар. Улар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга: "Ўз урф-одатимиз ёки анъаналаримиз ёҳуд ўрганиб қолган нарсаларимиз" дея қарши чиқмадилар. (Инчунун, бизларнинг кўпимиз бугун шундай пуч даъволар ила Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига қарши чиқмоқдамиз). Бунга далил имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятдир:

"Абу Талҳанинг уйида ўтирганларга соқийлик қилаётган эдим. Улар хурмо шаробини ичишар эди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам бир кишини: "Огоҳ бўлингларким, шароб (ароқ) ҳаром қилинди!"- деб нидо қилишга буюрди. Абу Талҳа менга: "Олиб чиқ ва тўк"- деди. Мен уни олиб чиқиб тўкдим. Шароб Мадина кўчаларида оқа бошлади" (Имом Бухорий: 2464; 5 / 112).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни самимий суйган у зотларнинг қилган ишлари - Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига итоат қилишдан бошқа нарса эмас эди. Шунинг учун ҳам, шароблар Мадина кўчаларида оқди. Буларни кўрган ва уйида шароби бўлган барча мусулмонлар шаробларини кўчаларга олиб чиқиб, тўка бошладилар. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ бу хусусда шундай деди: "Ҳадисда уйларида (ёки ёнида) шароби бўлган мусулмонлар бирин-кетин шаробларини тўка бошлаганлари ва шароблар Мадина кўчаларида оқа бошлаганига ишорат бордир" ("Фатҳул-Борий", 10 / 39).

Бу ҳодиса ҳеч бир тараддудсиз, "Нега? Нимага?" деган саволлар берилмасдан ниҳоясига етди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳунинг шундай деганини ҳам ривоят қилмоқда:

"Мен Абу Талҳа, фалончи ва фалончига соқийлик қилар эканман, бир киши келиб: "Сизга хабар келдими?", деб сўраб қолди. Улар: "Қандай хабар?"- дедилар. Келган одам: "Шароб ҳаром қилинди"- деди. У ердаги барча: "Эй Анас, шу кўзаларни тўк!"- деди. У одам хабарни олиб келганида, (саҳобалар) на шароб ҳақида сўрадилар ва на савол бердилар" (Имом Бухорий: 4617; 8 / 277).

Ё, Раббий! Бу қандай мутлақ итоат ва мутлақ бўйсуниш!

Бу саҳобаларга Аллоҳ таоло марҳамат қилган ушбу оятлар мос келмоқда: "Ўрталарида ҳукм қилиш учун Аллоҳ ва расулига чақирилганлари он мўъминларнинг сўзи: "Эшитдик ва итоат қилдик!" демоқдир. Ўшаларгина зафар қучган бандалардир" (Нур: 51).