Қадр кечасини қандай кутиб оламиз?
Рамазоннинг охирги ўн кунлиги учун ўн насиҳат:
1. Бу ўн кечадаги таровиҳ ва таҳажжуд намозларида тўлиқ қатнашишга қатъий ният қилиб, бу ишда Аллоҳдан ёрдам сўранг. Натижада Аллоҳ берган куч-қудрат билан муборак тун — Қадр кечаси аҳлидан бўласиз, Инша Аллоҳ. Яхшиликка қасд қилиш ва Аллоҳдан ёрдам сўраш тавба ва истиғфор билан бўлади, зеро бу амаллар муваффақият сабаби ва бир умрлик вазифадир.
2. Ҳар тунда бу Қадр кечаси бўлиши мумкинлигини ҳисобга олинг — қалбингиз унга муштоқ бўлиб, ибодатга қизиқишингиз ортади.
3. Бу кечада Аллоҳ Ўз Китобини нозил қилганини эсланг. Шунда Аллоҳнинг Каломини ўқиётганингизда, намозда турганингизда, қироат асносида Қуръон худди ҳозир сизга тушаётгандек бир ҳисни туясиз:
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ
"Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик". ("Қадр" сураси, 1-оят).
4. Ушбу кечанинг улуғлигини қалбан ҳис қилинг. Чунки унинг қанчалар баракали, буюк эканлигини билмайсиз:
وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ
"Лайлатул Қадр қандай нарса эканини сенга нима билдирди?" ("Қадр" сураси, 2-оят).
5. Бу ўн кеча мобайнида намоз, рўза, садақа, зикр, одамларга яхшилик қилиш каби ибодатларда бардавом бўлиб, Қадр кечасини топадиган бўлсангиз, уйқу, ейиш-ичиш каби ишлар билан ораси бўлинмайдиган 83 йилу 4 ойлик ибодат савобини оласиз. Аллоҳу Акбар! Бундан ортиқ неъмат, фазилат, саховат бўлиши мумкинми?! Ўзингизни шундай улуғ ажрдан маҳрум қилманг:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ
"Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир". ("Қадр" сураси, 3-оят).
6. Бу кеча давомида қанчалик кўп малоика-фаришталар ерга тушишини тасаввур қила оласизми? Нурдан яратилган, ҳурматга сазовор бу махлуқотлар осмону ерни, бу иккиси ўртасидаги кенгликларни, йўллар, кўчалар, уйлар, масжидларни тўлдиради. Уларнинг ичида қадри энг улуғи, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари билан ерга доимий тушишдан тўхтаган ваҳий фариштаси — Жибрил алайҳиссалом ҳам шу муборак кечанинг обрў-шарафи туфайли ерга тушади. Бу Аллоҳ Таъолонинг раҳмати комиллигидандирки, айни кечада фаришталарга ерга тушиш учун рухсат беради:
تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ
"Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир". ("Қадр" сураси, 4-оят).
7. Шуни билингки, бу кечада келгуси бир йиллик тақдирингиз — ризқ, соғлиқ, мол-дунё, атрофдагилар билан муомала, илм, бахт-саодат, муваффақият, ютуқ, фарзандлар — ўлчаб-ёзиб қўйилади. Ўзингизга, аҳли оилангиз, яқин ва яхши кўрган кишиларингиз ҳаққига дуо қилишда бахиллик қилманг. Ҳар бир дуонгиз сўнгида фаришталар "Омийн! Сенга ҳам худди шундайи бўлсин", деб туришини ҳам унутманг. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамизга ўргатган дуо бу кечада қилинадиган дуоларнинг энг афзалидир:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
"Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул-афва фаъфу ъанний" (Эй Аллоҳ! Албатта сен афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан. Мени афв қил (гуноҳларимни кечир).
Барча оламлар подшоҳи, неъмат бергувчи, қудрат эгаси бўлган Аллоҳ сизга афви билан муомала қилса, Унинг фазли, ризқи, розилиги ва раҳмати ҳам устингизга қуйилиб келаётганини аниқ кўрасиз.
8. Бу кеча саломатлик-омонлик кечасидир. Ундан қалбингиз, жисмингиз, фикрингиз, амалингиз, ҳозирги кунингиз ва келажагингиз учун насибангизни олиб қолинг:
سَلَامٌ هِيَ حَتَّىٰ مَطْلَعِ الْفَجْرِ
"У то тонг отгунча салом бўлиб турадир". ("Қадр" кечаси, 5-оят).
9. Тавфиқ (ҳидоят) Аллоҳ томонидан бўлган ризқдир. Унга фақат ростгўйлар эришади. Аллоҳ билан муомалангизда ростгўй бўлинг, У ҳам сизга шундай муомала қилади. Шаръий узр сабабли бирон ибодатни бажара олмай қолсангиз ҳам ёдда тутинг: натижа пешқадам бўлган, амаллари билан бошқалардан ўзиб кетганники эмас, ростгўй — ниятни тўғри қилган кишиникидир. Тўғри ният киши вафот этганидан кейин ҳам уни керакли манзилга етказаверади. Ниятни тўғриланг, ихлосли бўлинг, ўзингиздан бошқалар, уларнинг амаллари билан чалғиманг. Шунда Аллоҳ сиздан рози бўлади, қадрингизни кўтариб, яхшиликларингизни ўстиради.
10. Эй биродар, сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Шуни билингки, амаллар охири қандай бўлганига қараб баҳоланади. Олдингизда турган кунларда солиҳ амалларни кўпайтиринг — ўтган кунлардаги хато-камчиликларингиз мағфират қилинади. Натижа ишларнинг бошланиши эмас, айнан ниҳояси билан юзага чиқади. Шу кунгача қилган амалингиз билан алданиб қолманг. Чунки Роббингиз буни қабул қилдими, ёки рад этдими, билмайсиз. Аксинча, ниятни холис қилиб, солиҳ амалларда давом этинг. Аллоҳдан розилиги ва амалларимизни Ўз ҳузурида қабул қилишини сўраймиз.