March 4, 2020

Расулуллоҳ севгиси ва унинг аломатлари (8)

Учинчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйиш аломатлари (4)

3. Саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дўст бўлмай қолишларидан қўрқишлари

Аллоҳ таоло ансор-мадиналикларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба бўлиш шарафига муяссар қилди. Саҳобалар бу шарафдан ажралиб қолишдан қўрқиб, бу шарафни имкони борича қўларида сақлаб қолиш учун барча чорани кўрар эдилар. Бунинг далилларидан бири Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг Макка фатҳини зикр қилар экан, тилга олган ушбу сўзларидир:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага яқин ерга етиб келдилар-да, Зубайр разияллоҳу анҳуни бир қанотга, Холид разияллоҳу анҳуни эса иккинчи қанотга қўмондон қилиб таъйинладилар. Абу Убайда разияллоҳу анҳуни эса зирҳсиз бўлинмага қўмондон қилиб таъйинладилар. Улар водийнинг ўртасидан юрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳам катта бир жамоа бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боқдилар ва мени кўрдилар-да: "Абу Ҳурайра" дедилар. "Лаббай, ё Расулуллоҳ?!"- дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Менинг атрофимга ансорлардан бошқа кимса келмасин... кейин, сизлар билан Сафо (тепалиги)да кўришамиз!"- дедилар.

Биз ҳам йўлга тушдик. Ичимиздаги ҳар бир киши ҳоҳлаган (қурайшлик) кишини ўлдирар, Қурайшликлар бизга қарши ҳеч нарса қилмас эди. (Яъни ҳеч ким ўзини мудофаа қила олмаётган эди. Қаранг: Нававий шарҳи: 12 / 127). Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: "Ё Расулуллоҳ, қурайшликларнинг кўпчилиги ўлдирилди. Энди бундан кейин Қурайш бўлмайди"- деди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким Абу Суфённинг уйига кирса, у омондадир!"- дедилар. Буни эшитган ансорлар: "Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз шаҳрига рағбат қилиб, қабиласига меҳру шафқат кўрсатади"- дедилар.

Шу аснода ваҳий келди. Ваҳий тугаши биланоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Эй, ансорлар жамоаси!"- дедилар. Ансорлар: "Лаббай!"- дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизлар бу одам энди ўз шаҳрига рағбат қилиб қолди!" дедингизми?"- деб сўрадилар. Ансорлар: "Ҳа, шундай гап оғзимиздан чиққан эди"- деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Асло! Шубҳасиз, мен Аллоҳнинг қули ва расулиман. Аллоҳ учун сизнинг диёрингизга ҳижрат қилдим. Мен учун ҳаёт - сизнинг ҳаётингиз, мамот эса - сизнинг мамотингиз!"- дедилар.

Ансорлар кўзларида ёш билан: "Аллоҳ номига қасамки, биз у сўзларни Аллоҳга ва сизга бўлган ҳарислигимиздан айтган эдик!"- дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ ҳам, Унинг расули ҳам сиз айтган сўзларнинг тўғри эканини тасдиқлайдилар ва узрларингизни қабул этадилар"- дедилар (Имом Муслим: 1780; 3 / 1405).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан шундай дейди: "Ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маккаликларга шафқати ва уларни ўлдирмасликка ҳаракат қилишларини кўргач, "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энди Маккада мудом қолиб, биздан айрилиб Мадинага қайтмас эканлар-да!", деб ўйладилар. Бу ҳолат улар учун жуда ҳам оғир эди. Ўша пайтда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло пайғамбарига ваҳий қилди ва уларнинг бу ҳолатини билдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қуйидаги маънода хитоб қилдилар:

"Мен Аллоҳ йўлида сизларнинг диёрингизни ватан қилиш учун ҳижрат этдим. Буюк Аллоҳ учун қилган ҳижратимдан воз кечмайман ва сизларни ҳам тарк этмайман. Аксинча, сизлар билан бирга бўламан. Ҳаётим – сизнинг ҳаётингиз, мамотим – сизнинг мамотингиздир! Яъни, мен сизлар билан бирга яшаб, сизлар билан бирга ўламан!".

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзларни айтганларидан сўнг, ансорлар йиғлаб кўз ёшлари тўкиб, узр сўрадилар ва: "Аллоҳ номига онт ичиб айтамизки, бир оз аввал айтган гапларимизни сизга бўлган муҳаббатимиз, сиз билан ҳамсуҳбат бўлиб, баракотингиздан фойдаланиш ва бизни тўғри йўлга етаклашингизни умид қилиб, ёнимизда мудом қолишингиз учун айтган эдик. Чунки, Аллоҳ таоло: "Сиз тўғри йўлга етакловчисиз", деб айтмоқда"- дедилар (Шуро: 52).

Ансорларнинг: "Биз Сизни қизғанганимиз ва эҳтиёт қилганимиз учун эди"- деб айтган сўзларининиг маъноси шу эди. Яъни, "Биз Сизнинг биздан айрилишингизни ҳоҳламадик, Балки, биз билан бирга қолишингизни ҳоҳладик. Биз сизни қизғандик"- демоқчи бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини тинглаганларидан кейин йиғлашларининг сабаби эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳижолат қиладиган сўзларни айтишлари эди. (Имом Нававий шарҳи: 7 / 128 – 129).