February 10, 2020

РАСУЛУЛЛОҲ СЕВГИСИ ВА УНИНГ АЛОМАТЛАРИ (4)

Иккинчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйишнинг самаралари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг севгимизга эҳтиёжи йўқ эканини айтишга ҳожат бўлмаса керак. Бизнинг севгимиз унинг мақомини кўтармаганидек, севмаслигимиз унинг мақоми ва шарафини пасайтирмайди. Қандай ҳам пасайтирсин? Ахир у - Оламлар Роббиси суйган банда-ку!!

Бундан ташқари, ундан ўрнак олиб эргашган кимсани Аллоҳ яхши кўради ва гуноҳларини кечиради: «Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир».(Оли Имрон: 31).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатидан уни суйганларгина фойдаланиб, дунё ва охиратдаги бахт-саодатни қўлга киритадилар. Шу ерда бу бахтиёрликни тафсилоти билан баён қилиш учун мисоллар келтирсак фойдадан холи бўлмаса керак.

1. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суйиш иймон лаззатини қўлга киритиш сабабларидан биридир.

Қудратли Роббимиз иймон лоззатини қўлга киритиш учун сабаблар шодасини териб қўйди. Улардан бири - Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни Борлиқдаги барча мавжудотдан кўра ортиқроқ суйишдир. Имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар Анас разияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Уч хислат борки, улардан биронтаси кимда бўлса, у одам иймон лаззатини топади: Аллоҳ ва расулини бошқалардан кўра кўпроқ суймоқ, севган кишисини Аллоҳ учун севмоқ ва оловга ташланишини ёқтирмаганидек куфрга қайтишни ёқтирмаслик" (Имом Бухорий, 16; 1 / 60; Имом Муслим: 43; 1 / 66. Бу ерда келтирилган лафз Имом Бухорийникидир).

Уламолар айтган сўзларга қараганда, иймон ҳаловатини топишнинг маъноси – ибодатлардан лаззат олиш, дин йўлидаги машаққатларга сабр қилиш ва буни дунё манфаатларидан устун кўриш, демакдир (Нававий шарҳи, "Фатҳул-Борий": 1 / 61).

Аллоҳим! Эй Оламлар Роббиси, бизни бу ширин меванинг тотидан маҳрум этма!

2. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суйган у билан охиратда бирга бўлади

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суйган банда охиратда, албатта, у билан бирга бўлади.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Анас разияллоҳу анҳудан нақл қилган ривоятда шундай дейилади: "Бир одам Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: "Эй Аллоҳнинг расули, Қиёмат қачон бўлади?", деб сўради. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: "Қиёмат учун нимани ҳозирладинг?"- дедилар. Ҳалиги одам: "Аллоҳ ва расулига бўлган севгини!"- деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳеч шубҳа йўқки, сен суйганларинг билан бирга бўласан"- дедилар". Анас разияллоҳу анҳу: "Ислом динини қабул қилган кунимиздан буён Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг "Ҳеч шубҳа йўқки, сен суйганларинг билан бирга бўласан" деб айтган сўзларидан севинганимиздек севинмаган эдик", деди.

Анас разияллоҳу анҳу: "Мен Аллоҳ, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумоларни яхши кўраман. Менинг қилган амалларим уларнинг қилган амаллари олдида арзимас бўлсада, улар билан бирга бўлишни орзу қиламан"- деди (Имом Муслим, 2639; 4 / 2032 – 2033. Бунга ўхшаган бир ҳадисни имом Бухорий ҳам ривоят қилди. Қаранг: 6167; 10 / 553).

Имом Бухорий ва имом Муслим келтирган бошқа бир ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу шундай деди: "Бир одам Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: "Эй Аллоҳнинг расули, бир жамоани яхши кўришига қарамай улардек яхши амалларни қила олмаган одам ҳақида нима дейсиз?"- деб савол берди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: "Киши ўзи суйган одамлар билан бирга бўлади", деб жавоб бердилар" (Имом Бухорий: 6169; 10 / 557; Имом Муслим: 2640; 4 / 2034. Ҳадис лафзи имом Бухорийникидир).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: "Киши ўзи суйган одамлар билан бирга бўлади" дейишларидан мақсад: "У билан жаннатда бирга бўлади", демакдир (Умдатул-Қорий, 22 / 197).

Аллоҳу Акбар! Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суйган кимсанинг мукофоти нақадар катта экан-а!!