October 17, 2018

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Америка юристлари ассоциацияси билан ҳамкорликни янада кенгайтирмоқда

2018 йил 17 октябрь куни Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Давлетовнинг юртимизга унинг таклифига биноан ташриф буюрган Америка юристлари ассоциацияси (ABA) президенти Р.Карлсон билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлари фаолияти билан танишиш, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасидаги сўнгги ижобий ислоҳотлар юзасидан масалаларни муҳокама қилишдан иборат.

Томонлар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қоидаларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириш, келгусида Ўзбекистонда адвокатлар институти ва юридик таълим тизимини ривожлантириш, шунингдек, қўшма тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, жумладан адлия органлари ходимларининг бошқа юридик фирмаларда стажировка ўташи соҳасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Ўз навбатида Р.Карлсон Адлия вазирлиги фаолияти билан яқиндан танишиш имконияти учун миннатдорлик изҳор қилди. У мамлакатда қонун устуворлиги, адлия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ижобий ўзгариш ва ислоҳотларни алоҳида қайд этди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ABA президенти Р.Карлсоннинг Бош прокуратура, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Судьялар олий кенгаши, Адвокатлар палатаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Тошкент давлат юридик университети раҳбарияти билан учрашувлари ташкил этилди.

Маълумот учун: ABA АҚШнинг йирик ва нуфузли жамоат ташкилоти ҳисобланади. 400 мингдан зиёд амалиёт ўтаётган юристлар, судьялар, давлат прокурорлари, адвокатлари, нотариуслари, илмий доира ва бошқа юридик касб вакиллари ассоциация аъзолари ҳисобланади.

ABA юристларни ўзини-ўзи тартибга солиш ташкилоти бўлиб, шу билан бир қаторда адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслардан фойдаланиш, юридик кадрлар малакасини ошириш, юристлар учун ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш, адвокатлик амалиётида ягона мезонларни тасдиқлаш каби муҳим давлат функцияларини бажаради. 

АҚШда юридик таълимни мувофиқлаштиришда ABAга бошқарув роли юклатилган. Чунки, ассоциация олий юридик таълим муассасаларини мажбурий аккредитациядан ўтказади, юридик таълим мезонларини тасдиқлайди ва унга асосий талабларни ўрнатади.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алокалар булими